Алоиддин Муҳаммад (1220 йил)
Алоиддин Муҳаммад кўплаб бошқа мамлакатларни куч ишлатмасдан, зўровонликсиз, вайронагарчиликларсиз, сиёсат, дипломатия йўли билан қўлга критди.

Тарихчилар хоразмшоҳлар давлатининг гуллаб яшнаши Алоиддин Муҳаммад ҳукмдорлик қилган даврга тўғри келишини таъкидлашади. Зеро, 1217 йилга келиб, бу давлат бутун Ўрта Осиёни шунингдек Форс кўрфазигача бўлган ҳудудларни бирлаштириб беқиёс қудрат касб этди. Алоиддин Муҳаммад кўплаб бошқа мамлакатларни куч ишлатмасдан, зўровонликсиз, вайронагарчиликларсиз, сиёсат, дипломатия йўли билан қўлга критди. Тарихий манбаларда хоразмшоҳ 400 яқин шаҳарни, ўз давлати таркибида бирлаштирганлиги таъкидланади.

Беҳад катта қудрат ва давлатга эга бўлган Алоиддин Муҳаммад оддий тахт устида, баҳоси 5 дирхам турадиган буҳорий қабо (оддий чопон), бошида 1 дирхамли мўйна телпак кийиб, ўзига хос ташвишлар билан ўтиргани тарихий манбаларда қайд этилган. У ўзини яратганнинг бир бандаси сифатида ҳис этиб, қаноатни касб қилган. Аммо, замона зайли, салтанатни ушлаб туриш ва сақлаб қолиш тақозоси билан жангу-жадалларга ҳам киришган. Уларда омади, қарийб 20 йил давомида кулиб боққан.

Барибир хоразмшоҳ қандайдир бир кўзга кўринмас фалокат ҳам мавжудлигини, у табора яқинлашиб келаётганлигини, ҳис этмай қолмаган. Бу фалокатга етакловчи куч эса ташқи душмандан ҳам кўпроқ, ички калтабин ғанимлар, уларнинг салтанат илдизларига болта урувчи амаллари эди. Алоиддин Муҳаммад ўзининг теран ақлу идроки, руҳият кучи билан буларни бир қадар англарди албатта. Аммо у ўзининг тақдир тақозоси олдидаги ожизлигидан қочиб қутула олмади.

У том маънода баҳодир жангчи, аламини ичига ютиб туришга ўрганмаган саркарда, оллоҳдан бошқа ҳеч кимга бўйсунишни истамаган ҳукмдор эди. Шу билан бирга, ўз онасига бир умр ҳурмат ва иззатда бўлган фарзанд сифатида ҳам ибрат кўрсатди. Аммо шу жиҳатлар айрим-айрим ҳолда, гоҳо биргаликда, тарихий вазият ва шароит тақозоси туфайли унинг тузатилмас ҳатолар қилишига ҳам сабаб бўлди ва ҳалокат жари сари етаклади.

1217 йилда у 400 минг (баъзи манбаларда 600 минг) кишилик қўшини билан, Бағдодга юриш қилди. Ҳали тарих кўрмаган таназзул хоразмшоҳлар давлати учун аслида, шу юришдан кейин бошланди. Барча жойни тўлдириб, дала даштга сиғмай кетган қўшин, Бағдод йўлида нагоҳон мисли кўрилмаган табиий офатга дуч келди. Қалин қор ва изғирин совуқ, оқибатида қўшиннинг катта қисми нобуд бўлди.

Хоразмшоҳ қаттиқ пушаймон бўлди. Шундан кейин у ўзини ўнглаб ололмади. Ҳар ҳолда хоразмшоҳлар давлати гуллаб яшнаши, ҳақида сўз юритган тарихшунослар, давлатнинг тараққиёт даврига шу юришдан сўнг якун ясайдилар.

Ибн Ал-Асир Алоиддин Муҳаммад ҳақида шундай ёзади: «У беназир инсон, диний қоидалар ва ақидаларнинг билимдони эди. У донишмадлар, олимлар ва дин намояндаларининг асарларини ўқиб ўрганрди. Уларга ҳайрихох ва мададкор бўларди. Кўп вақтини улар билан мусобаҳада ўтказарди. У чарчаш-толиқишни ва узлуксиз ҳарбий юришларни қатъият билан енгиб ўтди. Тантанаворликни ёқтирмасди. Ўз ҳузур ҳаловати йўлида тубан кетмасди. Унинг бутун фикру ҳаёли ўз шоҳлигига, ундаги барқарор тартиб интизомга ва мамлакат фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган эди. У дин намояндалигига ҳурмат кўрсатди.Улар билан учрашувга имкон излади, уларнинг дуоларини олди».

Тарихчилар хоразмшоҳнинг қудратли мамлакатни ёвуз босқинчилар томонидан босиб олинишига сабаб бўлган қатор хатоларини ҳам қайд этадилар. Уларни инкор этишнинг имкони ҳам хожати ҳам йўқ. Аммо хоразмшоҳнинг онаси билан муносабатлари ҳақидаги баъзи бирёқлама қарашларга нисбатан фикр билдириш мақсадга мувофиқ. «Ануштагин хоразмшоҳлар давлати» асарида шундай таъкидланади: «Султон Алоиддин Муҳаммад мутлақ хукмдор ҳисобланса-да, аслида ўз онаси Туркон хотуннинг тўла итоатида эди».

Ан Насавий эса Туркон хотин ҳақида шундай ёзади. «У улуғвор оқила эди, у мамлакат учун кўп ҳайрли ишлар қилди. Унинг улуғ ишлари ичидан кўрганларимизни бир-бир санайверсак сўзимиз чўзилиб кетади. У ёзма шикоятларни адолат билан кўриб чиқарди».

Шундай онани, «олам аёлларининг маликаси» дея шуҳрат топган волидаи муҳтарамани ҳурмат қилмай бўладими? Шу сабабли хоразмшоҳнинг онага муносабатини итоат эмас, ҳурмат ва эҳтиром деб тушуниш тўғрироқ бўларди. Оҳир оқибатда ҳам бу хоразмшоҳнинг фазилатларидан бири сифатида хотирада сақланиб қолса не ажаб.

Албатта она ўғлига эзгуликни ўйлаб, яхшилик тизгинини измидан чиқариб юборса, янглишиши, ҳато қилиши табиий. Аммо давлат таназуллининг асосий сабабларини она ва ўғил муносабатларидан излаш, хоразмшоҳларнинг одоб аҳлоқ, маърифат юзасидан билимлари ҳақидаги тасаввурларни анча ҳира торттириши мумкин. Тақдирнинг тақозоси ва у йўл қўйган хатолар ҳақида эса кўплаб тарихий асарларда муфассал сўз юритилади. Уларни такрорлаб ўтиришга хожат йўқ.

Хоразмшоҳнинг руҳий жиҳатдан пароканда ҳолатга тушиб қолганлиги ва душманни ўрганишда, унинг тезкорлиги ва яҳлитлигига қарши курашда, огоҳлик ва ҳушёрликни қўлдан бой берганлиги, хоразмшоҳлар давлатининг таназзулига олиб келган, сабаблардандир. Чингизхон жосуслари унинг ҳарбий имконияти ва ҳолатини ипидан игнасигача ўрганиб чиққан бир паитда, у эндигина душман куч қудратини сеза бошлади. Шу сабабли, ҳатоларни ҳатолар билан тўғрилаб бораверди. Оҳир оқибат ҳалокат ҳам унинг оқибатлари ҳам аянчли бўлди.

Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР