Чингизхоннинг хос котиблари томонидан битилиб, искандармонанд юришлар таърифу тавсиф қилинган китобларнинг бари Шахобиддин Ан Насавийнинг «Жалолиддин Мангуберди ҳаётининг тасвири» асари олдида хира тортади. Бинобарин, ёғий хос котибларининг ўзлари ҳам, ўрни келганда, ноиложликдан Жалолиддин Мангубердининг мардлиги ва жасорати ҳақида ҳайрат билан ёзишади:
Чингизхон дарёдан оти билан сакраб ўтган Жалолиддинга қараб айтган «Ота ўғли мана шундай бўлиши керак» деган гап ҳам аслида мўғулларга хизмат қилган муаррих томонидан тарихга муҳрланган.
Кейинги давр тарихчилари эса Жалолиддин Магубердини мўғул бочқинчилари зулмидан ярим жаҳонни сақлаб қолган халоскор сифатида эътироф этишади. Ахир у бутун 11 йил давомида босқинчиларни ўт ҳалқаси орасида сақлаб, уларнинг бутун куч-қудратини ўзига қаратди. Охир-оқибат Чингизхон Искандардан ҳам ўзиб кетиш орзусидан воз кечиб, армон билан вафот этди. У Ватан мудофааси учун жонини тиккан мардларнинг шону-шавкати ўзининг шону-шавкатидан кўп устун эканлигини ўлими олдидан англаб етди.
1221 йилнинг бошида Жалолиддиннинг хоразмлик жангчилар ва қўшни ҳалқлар аскарларидан иборат қўшини мўғуллар устидан қозонган беқиёс ғалабалар душманни беҳад саросимага солганлиги тарихий асарларда аниқ равшан ифода этилган. Мўғуллар истилосига қарши жуда кўп саркардалар ва давлат арбоблари курашишган. Уларнинг номлари ҳам ўз даврининг фидокорлари сифатида тарихдан жой олган. Аммо, кўхна тарих бу борада биринчи навбатда Жалолиддин Мангубердини ўз хотирасида авайлаб асрайди. У фақат босқинчиларга қарши фидоий курашчигина эмас, балки турли ҳалқлар устига мўру малахдай ёприлган балою қазоларга ўзини тутиб, мўғулларнинг додини бера олган ягона лашкарбоши ҳамда давлат раҳнамоси сифатида мангулик мулкидан ўрин эгаллаган. У душман устидан узил-кесил ғалабага эришиб, давлатни қайта тиклаш орзуси ушалишига жуда яқин келди. Аммо, бунга ғанимнинг куч-қудрати эмас, ўзининг итифоқчилари ҳамда яқинлари саналган кўплаб ҳукмдор ва лашкарбошчиларнинг мунофиқликлари ва хиёнаткорликлари йўл қўймади. Энг қалтис вазиятларда улар ўзларининг арзимас манфаатларини кўзлаб, қўшинлари билан хоразмшоҳни тарк этдилар. У эса ёниб кулга айланган ва кулдан қайта туғилиб, олов тарата бошлаган Қақнус каби ўзини кўрсатаверди.
Жалолиддин Мангуберди чархи кажрафторнинг терс амалларини пучга чиқаришга муваффақ бўлди. Яъни Чингизхоннинг бор шону-шавкати, қудрати асрлар ўтиб унинг тилларда, дилларда достон бўлган довруғи соясига айланди.
Улуғ муаррихлар тарих ҳақиқатларини битишда ҳар қандай тарафкашлик ҳамда миллий эҳтирос сингари тўғри йўлдан оздирувчи ҳато ва қусурлардан ҳоли бўлишган. Шу сабабли уларнинг асарлари иштибоҳга ўрин қолдирмайди.
Аммо айрим таниқли олимлар, ҳам уларнинг тарихни ўрганишдаги катта хизматларига тан берган ҳолда, айтиш мумкинки ўзларига яқин минтақалар билан боғлиқ воқеалар тафсилотларини баён этишда ва шарҳлашда ноҳолисликкача бориб етишган. Улар битган асарларнинг бир қатор жойларида Жалолиддин Мангубердининг ҳаракатларига нисбатан муаллифнинг норозилик аломатлари яққол сезилиб туради. Бу эса хоразмшоҳнинг бошқа ҳудудлардаги жасорати ва ҳиммати ҳақидаги ўзлари мароқ билан битган воқеалар ҳақидаги ҳикояларга боғланмай қолади. Бу ҳақда «Ануштагин - хоразмшоҳлар давлати(1097-1231)» асарини ўзбекчага таржима қилган таниқли олимларимиз Ашраф Аҳмедов ҳамда Маҳкам Махмудовлар жуда ўринли ва мақсадга мувофиқ муносабат билдиришган.
Шу ўринда халқ қаҳрамони тўғрисида яратилган бадиий асарлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Бу борада ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермаслик, ноҳолислик ҳамда бирёқламалик ҳолатлари учрайди. Жумладан ўзбек китобхонларининг бир нечта авлоди ўқиган ва ўрганган Василий Яннинг «Чингизхон» романи ҳақида шундай фикр билдириш мумкин. Унда Жалолиддин Мангубердинингг шахсини, авлодларини, умуман олганда миллий қиёфасини аниқ-равшан тасаввур қилолмаслик ҳолати кўзга ташланади. Узуқ-юлуқ воқеалар давомида унинг сиймоси тўлақонли акс этмасдан қолган. Жалолиддин Мангубердининг Синд дарёсини кечиб ўтгандан сўнгги ҳаёти ва жасорати ҳақида муаллиф сукут сақлашни афзал билган.
Буни тушунса бўлади. Чунки «Чингизхон» романи ўтган асрнинг даҳшатли 30- йиллари охирларида яратилган. Шу сабабли ёзувчи «халқлар отасининг» қахру ғазабига учрашдан чўчиган. Умрининг сўнгида ҳам товба тазарру қилмаган, аммо бу дунёдан беҳад армон билан кетган Чингизхонни ўзи яширин ихлос қўйган шу «отага» ибрат қилиб кўрсатишга интилган бўлса не ажаб.? В.Ян шу даврда Жалолиддин Мангубердини асарнинг асосий қаҳрамони қилиб кўрсата билмасди. Бинобарин, асарини унинг номи билан атай олмасди. Балки буни унинг ўзи истамагандир ҳам. Ҳар холда «Чингизхон» асари бугунги ўқувчини ҳеч бир жиҳатдан қаноатлантирмай қолган дейиш мумкин.
Бу ҳол олимларимиз ва адибларимиз қадимий ва ундан кейинги манбалар асосида Жалолиддин Мангуберди ҳаётини қайта ўрганиб, воқеа ходисаларни ҳолис ва чуқур тахлил қилиб, янги давр нуқтаи назаридан муносабатлар билдириб, янги асарлар яратишлари лозимигини тақозо этади.
Жалолиддин Магубердининг шахсий котиби Шахобиддин Ан Насавий шундай ёзади «У шерларнинг шери ва отлиқ йигитлар ичида энг довюраги эди. У юмшоқ эди, жаҳли чиқмас эди, сўкинмасди ҳам, у жиддий эди, ҳеч қачон кулмасди, фақат жилмаярди ва камгап эди. У адолатни севарди, бироқ у дуч келган суронли йиллар унинг устидан ғалаба қилди ва унинг феълини ўзгартирди. У фуқароларнинг ҳаётини осонлаштиришни ёқтирарди, лекин таназзул пайтида бошқаргани учун жабр қилишгача борди».
Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.