Шайх Нажмиддин Кубаро (1145-1221)
Шайх шаҳид бўлаётган пайтда ёв қўлидан байроғини тортиб олди ва шу даражада маҳкам ушладики, ҳатто ўн кишилашиб ҳам байроқни Шайх қўлидан ола билмагач, ахийри байроқни кесишди.

Нақл қилурларки, бир тужжор сайр этиб юрарди, шунчаки, қизиқувчанлик юзасидан Ҳазрат Нажмиддин Кубаро (Кубро) хонақосига кирди. Ҳазратда кавий ҳолат эрди, назарлари тушган он тужжор валоят (авлнёлик) даражасига етди. Ҳазрат унга иршод (ижозат) хати бериб, ўз юртингга бориб, элни Тангри таоло йўлига бошлагайсен, деб тайинлади. Нақл этурларки, бир кун хонақоҳда Қуръони каримдаги «Каҳф» (18-сура) сураси шарҳ этиларди. Суҳбатда Нажмиддин Кубаронинг шогирди шайх Саъдиддин Хамавий ҳам бор эди. Шайх Саъдиддин кўнглидан, ҳозирги замонда назари итга таъсир эта олувчи улуғлар бормикан, деган фикр ўтди.

Ҳазрат Нажмиддинга унинг бу хаёли маълум бўлди ва ҳазрат барча асҳобни эргаштириб, хонақоҳ, эшигига борди. Ногоҳ бир ит келиб, думини ликиллатиб турди. Ҳазрат Нажмиддиниинг муборак назари ул итга тушди-ю, филҳол итнинг аҳволи ўзгарди. Ва, шаҳарни тарк этиб, мозористонни макон этиб, бошини ерга суртар эрди. У қаён борса, эллик-олтмиш ит унга эргашар, ул ўтирса, бошқалари ҳам атрофдан жой олиб, олдинги оёқларини тавозе билан тутишар, товуш чиқармай, ҳурматини бажо келтирардилар. Оқибат, ул ит ўлгач, шайх уни дафн қилиб, қабри устига мақбара қуришни буюрган. Бир назари билан итга валоят даражасини бағишлаган улуғ аллома, Шарқнинг етук файласуфи, шоир, авлиё, тариқат муршиди Аҳмад ибн Умар Хевақий ал Хоразмий эди. Бу зоти шариф Шайх Нажмиддин Кубаро номи билан оламга танилган. Зеро, Нажмиддин - диннинг юлдузи, Кубаро - улуғлар (бирликда Кабир), буюклар деган маънони англатади. Ҳазрат Аҳмад ибн Умар диннинг ёрқин юлдузи бўлган Кубаро (Кубаро, Кабир) дейилишига боис шуки, Ҳазрат йигитликда ким билан илм юзасидан баҳсу мунозара қилса, албатта енгаркан.

Шу сабаб Кабир, Кубаро, яъни - буюк, деган ном олган. Шайхнинг яна бир лақаби Шайх Валийтарошдир. Юқоридаги икки ривоятдан маълум бўлдики, назари кимга тушса, ул зот валийлик даражасига етаркан. Шу боис Валийтарош номини ҳам олган. Нақл қилурларки, ҳазрат Нажмиддин тушида Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳазратларини кўрди ва менга куния (лақаб) бағишланг, деб илтимос қилди. Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом унга Абдулжанноб номини бердилар. Тушдан уйғониб дунёдан ижтиноб (яъни, чекиниш, тарк этиш) кераклигини билди. Шайх Нажмиддин Кубаро 1145 йилда туғилиб, 1221 (22) йилда шаҳид бўлган.

Маълумки, бутун дунёда нақшбандия, яссавия, кубровия тариқатлари кенг тарқалган. Шайх Нажмиддин кубровия тариқатининг асосчисидир. Нақл этурларки, Нажмиддин Кубаро «Шарҳус - сунна»ни бир устоз ёнида ўқирди. Хонақоҳга нотаниш дарвиш кирди-ю, Нажмиддинда китоб ўқиш мажоли қолмади. Дарвиш чиқиб кетганидан сўнг, унинг кимлигини сўрадилар. Ул зоти муборак ҳазрат Бобо Фараж Табризий экан. Эртасига Нажмиддин устози билан Бобони зиёрат қилмоққа борди. Ҳазрат Бобо Фараж Табризий суҳбат асносида мутағаййирланиб важохатида улуғлик зоҳир бўлди ва юзлари офтобдек порлади, танидаги либос чок-чокидан сўтилди. Анча фурсатдан сўнг Ҳазрат Бобо аввалги ҳолатига келди ва либосини ечиб, Нажмиддин Куброга берди ва дедики, энди дафтар (китоб) ўқимоқни бас айла, иншоллоҳ, бутун олам сардафтари бўлғайсен! Нажмиддин Кубаро дейдики, ҳолим ўзгарди, вужудимда Ҳақдин ўзга барча нарса йўқолди. Эртасига устоз дедики, «Шарҳус-сунна»дан бир неча варақ қолди. Шуни ўқиб тугат. Сўнг ихтиёр ўзингдадир. Нажмиддин китоб ўқимоққа бошлади.

Шунда, бирдан Ҳазрат Бобо намоён бўлиб, деди: «Кеча илмул яқинда минг манзилни забт этдинг, бугун яна илм бошига келдингми?» Шайх Нажмиддин ўқишни тарк этди. Риёзату хилватга машғул бўлди. Ладуний илм,- Аллоҳ таолло хоҳлаган бандасига бериладиган илм,- ғайб илми Нажмиддинга аён бўла бошлади. Нажмиддин айтганки: «Бу илмлар ёзулмаса, ўз-ўзидан ўлиб кетади, деб ўйладим. Шу боис Ладуний илм сирини ёза бошладим. Яна ҳазрат Бобо кўриниб, дедики, Шайтон сенга васваса этмоқда. Бу илм-сирни ошкора этма! Қўлимдаги қаламни ташладим». Шайх Нажмиддин Бағдод, Миср, Искандария ва бошқа шаҳарларда бўлиб, таълим олган. «Қомусул аълом»да ёзилишича, Шайх Исмоил ҳам Нажмиддинга сабоқ берган. Шайх Аммор Ёсир ҳам Нажмиддиннинг устозларидандир. Ҳазрат Нажмиддин Шайх Рўзбехони Кабир Мисрийдан таълим олган ва Шайх Рўзбехон қизига уйланган. Шайх Нажмиддиннинг икки ўғли бўлгани ҳақида хабар мавжуд. Шайх Нажмиддин Кубаро ўнлаб асарлар муаллифи. Жумладан, унинг «Фи одоби соликин» («Соликлар одоби ҳақида»), «Рисолатул ҳоиф ул-ҳоим ан лавмат ил-лоим» («Қўрқувчи оворалар ва маломат этувчи маломатийлар ҳақида»), «Фавотеҳ-ул-жамол» («Гўзалликни эгаллаш»), «Рубоийлар» китоблари машҳур.

Мўғул босқинчилари Хоразмга киришларидан олдинроқ, Шайх Нажмиддин ўзининг олтмишдан ортиқ муридини йиғиб: «Сизлар Хоразмни тарк айлаб, ўз юртларингизга жўнанг. Машриқдан оташ келмоқда, Мағриб қўйиши муқаррардур. Бу азим фитнадурки, бунга ўхшаши ҳали бўлмаган», деди. Асҳобларидан баъзилари дедиларки, не бўлғайки, Шайх дуо қилсалар, зора бу балою офат мўъминлар бошидин даф бўлса. Шайх деди: «Бу қазою кадардир, анинг дафъи дуо била бўлмас». Асҳоб деди: «Не бўлғайки, Шайх бизга ҳамроҳлик қилиб Хуросон сори борсалар, токи биз мулозаматда давом этсак». Шайх: «Менга рухсат йўқ. Мен жангда шаҳид бўлурмен!», деб жавоб берди. Асҳобнинг бир қисми Хоразмни тарк этди. Хоразмшоҳ мўғул босқинчиларидан қўрқиб қочди. Шайх хоразмликларни душманга қарши жангга бошлади. Шайх шаҳид бўлаётган пайтда ёв қўлидан байроғини тортиб олди ва шу даражада маҳкам ушладики, ҳатто ўн кишилашиб ҳам байроқни Шайх қўлидан ола билмагач, ахийри байроқни кесишди. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг қуйидаги байтлари ўша ҳолатга ишорадур: «Биз қўлга соғар олувчи улуғларданмиз, биз муфлис (паст назарли)лардан эмасмизки, ориқ эчкини қўлга олсак. Бир қўлимизда иймон майи тўла соғар, иккинчисида эса кофир байроғини тутгаймиз». Урганч ҳалокатини Ибн Асир қуйидагича тасвирлайди: «Мўғуллар тўғонни очиб юбордилар, бутун шаҳарни сув босди, ҳамма иморатлар бузилди... Шаҳарда яшовчилардан ҳеч ким омон қолмади».

Ҳазрат Нажмиддин Кубаронинг мурид-шогирдлари кўп бўлган. Аммо улардан нечаси жаҳонда ягона ва замонда муқтадо (раҳбар) ва фарзона (доно) эдилар: Шайх Мажиддин Бағдодий, Шайх Саъдиддин Ҳамавий, Бобо Камол Жандий, Шайх Разиддин Али Лоло, Шайх Сайфиддин Бохарзий (Шайхул олам), Шайх Нажмиддин Розий, Шайх Жамолиддин Гелий, Мавлоно Валад... Мавлоло Баҳоуддин Валад Жалолиддин Румийнинг отасидир (А. Навоий). Кубравия тариқати ҳам Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдаги таълимот асосида шаклланган. Комил инсонни тарбиялаш бу тариқатнинг асосий вазифаси бўлган. Шайх Нажмиддии Кубаронинг ҳаёти катта сабоқ, улкан мактабдир.

Тариқат пирларининг тарбияси боис ўтмиш аждодларимиз хуш хислат, улуғ фазилат эгаси эди. Араб сайёҳи ибн Ватута «Сафарнома» китобида шундай ёзган: «Мен дунёни кезиб, бундай мардлардан кўра эзгу ниятли ва эзгу хулқли кишиларни кўрмадим. Шероз ва Исфаҳон аҳолиси гарчи ўзларини жавонмардларга ўхшатсаларда, аммо Хоразм ва Мовароуннаҳр жавонмардлари мусофирларни сийлаш ва меҳмондорчиликда улардан баланд турадилар. Уларни Ироқда шотлар, Хуросонда сарбадорлар, Мағриб (Андалусия)да сукра дейдилар. Уларга тобеъ жойларда адолат расми ривожланган».

Садриддин Салим Бухорий. "Буюк хоразмийлар".

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР