Шайх Нажмиддин Кубаро ҳикматлари
Аллоҳ қай кимсани дунё қуллигидан озод этган бўлса, ўша ҳақиқий ҳур, эркин инсондир.

Нафс ва маъсият (гуноҳ) ботқоғига ботганларни, исрофгарларни кўрдим, лекин ўзимдан кўра очкўзроқ, гуноҳкорроқ, исрофгарроқни учратмадим.

Билдимки, умр ва дунёдан кўра тезлик ила кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзу хаёлдан кўра йироқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқдир.

Ким махлуқ хизматида бўлса, ул хору зор, ким Холиқ хизматини қилса, ул азизу мукаррам бўлғай.


Огоҳ бўл ҳамиша, бу жаҳокдир бор-йўқ,
Ҳеч нарса йўқ унда, кемтиги зинҳор йўқ.
Йўқ десалар, бор деб уни қил исбот,
Бор десалар, айла дадил инкор «Йўқ»!

Эй гўзали қоши камон, ёй элнинг,
Орзу, умид, азобисан, ой, элнинг.
Ҳолима вой эл каби севсам гар мен,
Гар мен каби севса, ҳолига вой элнинг.

Дил шу қадар мафтуну фарзона бизим,
Тарк этмас ани дилбари жонона бизим.
Оҳ, ҳаммага ишқ майи қуюлган вақтда
Дил қонига ботқизилди паймона бизим.

Банд бўлса агар йил бўйи бир зиндонға
Оч ётса мудом тўйгунича то жонға,
Нонга битиб ибодатимни берсам,
Жирканиб ит тиш урмагай ул нонға.

Юрмак учун ҳақ йўлига етмак шарт,
Бошқасидан кўзни юмиб кетмак шарт.
Элга шифо бахш эту, оч кўзларини,
Олам ҳама - Ул... Унга назар этмак шарт.

Матназар Абдулҳаким таржималари.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР