Шамсидин Сомийнинг «Қомус-ул-аълом», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада» асарларида шунингдек «Маноқиба»да ёзилишича, Паҳлавон Маҳмуд олим, шоир, кураги ерга тегмаган паҳлавон, шу билан бирга пўстиндўз ва телпакдўз уста бўлган.
Унинг «Канзул ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар хазинаси») номли маснавий яратгани ҳақида маълумот бор. Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари машҳурдир. Шоир ўз рубоийларини форс-тожик тилида ёзган. Бу дурдоналар асрлардан асрга ўтиб, бир неча авлодни тарбиялаб, бизнинг замонгача етиб келди.
Тарихда Паҳлавон Абусаид Румий (XV аср), Паҳлавон Маҳмуд Ушшоқ (XV аср) каби алломалар номи ҳам маълумдир. Ҳар иккала Паҳлавон мусиқашунос, ҳофиз, бастакор сифатида донг таратган. Паҳлавон Маҳмуд Хоразмий эса рубоийлари билан тарихда қолган. Ҳар уччалалари ҳам майдонларда кураш тушгани учун Паҳлавон деган ном олганлар.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўзбекчага Тўхтасин Жалолов, Муинзода, Васфий, Матназар Абдулҳаким, Эргаш Очиловлар таржима қилган.
Тўхтасин Жалоловнинг ёзишича, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг Муҳаммад Раҳимхон Феруз, шунингдек Ҳасан Мурод Қори ва бошқа ҳаттотлар томонидан кўчирилган нусхалари ҳам бор экан. «Ҳазрат Паҳлавон ҳикоятлари», «Маноқиби Паҳлавон Маҳмуд» каби рисолалар аллома ҳаёти ҳақида хабар беради.
Уни Хоразмда Паҳлавон Маҳмуд, Полвонпир десалар, китобу тазкираларда Ҳазрат Паҳлавон, Маҳмуд Пирёвалий, Маҳмуд Пурёвалий деб тилга олганлар. «Оташкада» ва «Қомус-ул-аълом» да таъкидланишича, Паҳлавон Маҳмуднинг жанговарлигини, жасурлигини билдирувчи Қитоли тахаллуси ҳам бўлган. Чунончи:
Дасте намерасад чу Қитоли ба зулфи ёр,
Қувват зи по-у зўр бозу ниҳодаси.
Мазмуни: Қитоли каби қўлимиз ёр зулфига етмас, гарчи бор қувват билан ҳаракат этамиз.
«Ғиёс-ул луғот»да: «Пурёвалий - Маҳмуд Хоразмийнинг лақаби. Баъзан бу сўз мажозий маънода паҳлавонлар бошлиғи ҳисобланадиган кекса полвонга ҳам берилган», деб ёзилгандир.
Эрон олими Саид Нафисий: «Футувват - жувонмардлик гуруҳининг пешволаридан бири машҳур шоир Паҳлавон Маҳмуд Хоразмийдир», дейди.
Дарвоқе, Паҳлавон Маҳмуд пўстиндўз ва телпакдўз дедик, чунки у тариқат пирларидан эди. Ҳазрат Баҳоуддин матога гул солиш касби билан машҳур бўлган. Зеро, тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, шундан ризқ-рўзларини ўтказган. Пайғамбар алайҳис-саломнинг: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Ундан узоқлашиб ҳам кетманглар, унинг маъносига чуқур етаман деб, хато ва муболағага берилманг, уни тирикчилик воситаси қилиб, молу дунё орттиришга ҳам ўтманглар», ҳадисларига тариқат пирлари амал қилганлар.
Нақл қилинишича, Паҳлавон Маҳмуд Эрон ва Ҳиндистонда анча йиллар яшаган. Маъракаларда кураш тушган ва уни ҳеч ким енга олмаган. Паҳлавон Маҳмуд олийҳиммат, мард, сахий, ватанпарвар инсон бўлган.
«Маноқиба»даги хабарга кўра, Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистон халқи томонида туриб, Ҳиндистон душманларига қарши жангда иштирок этибди. Жанг пайти ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада, Ҳинд шоҳи Рай Ропой Чўпани ўлимдан қутқаради. Шунда шоҳ Паҳлавон Маҳмуднинг бемисл бу жасорати, мардлигини тақдирламоқчи бўлиб: «Тила тилагингни!», дебди. Паҳлавон Маҳмуд: «Эй буюк шоҳ! Бундан анча йиллар муқаддам менинг ватандошларим - хоразмийлар бу ерга асир қилиб олиб келинган. Ўшаларни озод этсангиз. Бирдан бир тилагим шу!», дебди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: «Эй ҳиммати баланд паҳлавон! Агар ярим давлатимни тилаганингда эди, уни гап-сўзсиз сенга инъом қилган бўлурдим. Агар соҳибжамол қизимни ўз никоҳингга олмоқни сўраганингда эди, сени ўзимга куёв этиб, тожу тахтимни сенга бағишлаган бўлурдим. Зеро, жасоратинг улкан мукофотга муносибдир. Майли, тилагингни бажо келтирдим. Ватандошларинг озод! Уларни Хоразмга боргунларича егулик озиқ-овқат, кийим-бош, улов билан таъминлашни ҳам буюраман!», дебди.
Паҳлавон Маҳмуд шоҳга қараб қуйидаги рубойисини ўқибди:
Ўз нафсига ким бўлса амир,улдир – мард.
Хам ўзгага бўлмаса ҳақир, улдир – мард.
Утмак сира мағлубни теппб мардлик эмас,
Тутса қўлидан забунни эр, улдур — мард.
Э. Очилов таржимаси
Шоир рубойисини эшитган шоҳ қойил бўлиб, унга сарпо ва улов инъом қилибди.
Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистондан ўз ватандошларини олиб, Хоразмга қайтган. Мўғул-тотор босқинчиларига қарши жангда шаҳид бўлган ватандошлари қабри устида шоир ўз маблағи ҳисобидан мақбара қурдирган ва у ерни обод зиёратгоҳ этган.
Паҳлавон Маҳмуд марҳум бўлгандан сўнг, қабри устига ватандошлари пуршукуҳ мақбара қурганлар. Бутун оламдан ёғилиб келаётган сайёҳлар пиримиз, улуғ шоир, мард инсон қабрини зиёрат қиладилар. Мақбара деворларига, пештоқларига шоирнинг рубоийлари дарж қилинган. Бу зиёратгоҳ Хивада Ҳазрати Паҳлавоп пир номи билан машҳур.
Кейинчалик устоз Паҳлавон Маҳмуд мақбараси атрофида Хоразм хонларидан Абдулғозихон, Шоҳниёзхон, Муҳаммад Раҳимхон I, Темурғозихон ва бошқаларни васиятларига кўра дафн қилганлар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида Қуръони карим ва Ҳадиси шариф таъсири кучли. Зеро, Шарқдаги деярли барча шоирлар бу икки улуғ манбаъдан баҳраманд бўлиб, ижод қилганлари сир эмас.
РУБОИЙЛАР
Умримпз дарахтин паст қилма, Раббий,
Борлиқ шаробидан маст қилма, Раббий.
Ўзинг карам бирла мард йигитларни
Нокасларга зери даст қилма, Раббий.
Жаҳон чеҳра - рангу рўйи ўзингсан,
Ақл, дарё - унинг суйи ўзингсан.
Гул баргида шабнамдайин ўтирма,
Бу боғчанинг рангу бўйи ўзингсан.
Тўхтасин Жалолов таржималари.
Эй дўст, қани айт, жонми керак, жон берайии
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен
Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел,
Зуноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.
Қалбингдаги шак-шубҳа, гумон кетмишдир,
Руҳ қуввати ҳам бир кун, инон, кетмишдир.
Топдим деб аниқ нишонни мағрурланма,
Топган у нишонинг бенишон кетмишдир.
Гар ҳақ дея жим тортса фиғон дўст.- чин дўст.
Қилгувчи ибодатни ниҳон-чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида жон дўст - чин дўст.
Боғману бағримда чаман -нолаларим,
Дардимни билиб бош эгди лол лолаларим.
Икки кўзим икки улуғ дарёдир,
Қолган бари дарёлар эса болаларим.
Матназар Абдулҳаким таржимаси
Садриддин Салим Бухорий. "Буюк Хоразмийлар"