Хиванинг табаррук номини дунёнинг барча бурчакларида чоп этилган қомусий луғатларда, хариталарда, глобусларда, тарихий ва жўғрофий рисолаларда учратиш мумкин.
Хўш, Хива шаҳрининг бунчалик маълум ва машхур бўлиб кетишига сабаб нимада?
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, кадимий шаҳарларнинг бунёд бўлиши турли хил афсона ва ривоятлар билан боғликдир. Хива шаҳри ҳақида биз билган афсона ва ривоятлар қадимий Бобил, Рим, Ҳазорасп, Рум (Истамбул) шаҳарлари ҳақидаги афсоналар Сулаймон, Довуд пайғамбар, учар отлар, муқаддас олов ёки табаррук қудуқ ҳақидаги ривоятлар билан боғлиқ. Улар “Таврот” (Инжил), “Қуръони Карим” ёки “Авесто” каби муқаддас китобларда ҳам тилга олинган. Ушбу афсона ва ривоятлар кўпчиликка маълум бўлгани учун ҳам бизнинг галдаги суҳбатимиз Хива шаҳри номининг келиб чиқиши ва унинг Ер юзига тарқалиши хусусида боради.
Маълумки, сўнгги минг йиллар давомида Хивага ташриф буюрган ёки уни сиртдан тадқиқ этган араб, форс, хитой, уйғур, рус, венгер, немис олим ва сайёҳлари: Ибн Хавкал, Ёкут, Ибн Батута, М. Қошғарий, В.Ҳ. Вамбери, С.П. Толстов кабилар бу ҳақда фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирганлар. Шунинг учун хам тарихий манбаларда шаҳарнинг номи “Қалъаи Рам-Рамул”, “Қалъаи Сардоба” ёхуд “Хевақ қалъаси” эртакнамо шаҳар деб юритилади.
Масалан, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ҳ.Сулаймонов номидаги қўлёзмалар институтида сақланаётган “Дили ғаройиб”номли китобда қуйидаги сўзлар битилган, “Хевак- Хиванинг қадимий номи Рамул, Муни бино қилғон Сом билан Нуғким, отасининг кемасига ўхшатиб солғон ва кеманинг андозасига баробар ва холло Хевақға нисбат берурлар”.
Жахон халқлари тарихида шаҳарларнинг пайдо бўлиши ёки йўқ бўлиб кетиши хусусида бир- бирига ўхшаш афсона ва ривоятлар кўп. Масалан, Рим шаҳрининг номи ҳам Рам-Рамул афсонаси билан боғлиқ. Амударёнинг ҳозирги номи кўҳна Амул (Чоржўй) шаҳридан олинганлги маълум. Амул ва Рамулларнинг оға-ини бўлганлиги ҳақидаги афсонага қулоқ тутсак. Хива ва Рим шаҳарларининг аввалги исмлари Рам ва Рамул эканлигига ажабланмасак ҳам бўлаверади. Негаки, шаҳарлар бир-биридан қанчалик узоқ масофада жойлашган бўлмасин, уларнинг пайдо бўлиши бир даврга тўғри келиши мумкин: Афсона ва тарихнинг бунчалик яқинлиги халқлар ўртасида савдо ва маданий алоқалар нақадар қадимий эканлигидан дарак беради.
Ер куррасининг турли бурчакларида “Хе-бе”, “Хевак”, Нуку-Хива, Хитойда “Хи-бо" деган орол, шимолий Осетиядаги “Хиаву” ариғи, Эронда Хивакобод қишлоғи борлиги маълум.
Хива топонимининг этимологияси тўғрисида турли манбаларда турлича фикрлар баён қилинади. Баъзи олимлар Хива қалъасининг номи “Хевақ” қудуғи номи билан боғлиқ, “Хей-вах” эса мамнуният, қониқиш, хитоб белгиси деган фикрни билдирадилар. Яна бировлар уни “Хевак” холи, қуруқ, бўш ёки ғовак жой деган маънони билдиради, деб тахмин қиладилар. Шарқшунос И.Берёзин Хева топонимини “Ҳайва” ва “Хави” сўзлари билан боғлайди ва қуруқ, бўшлиқ қўрғон деб изоҳлайди.
Профессор З. Дўсимовнинг фикрича, Хева топонимига изоҳни қадимги Хоразмийлар тилидан излаш керак. Хоразм тили билан қариндош деб ҳисобланаётган осетин тилида кўпгина хоразмча сўзлар сақланган. Муаллиф осетин олими А.Д. Цигаев Хиаув қишлоқ сўзини мисол тариқасида келтиради ва “Пирнўхос”, “Дархос”, “Садрхос” топонимлари Осетияда ҳам учрайди. “Хевақ сўзидаги” “ақ” кичиклик маъносини билдирувчи қўшимчадир. Қалъажиқ, кичик калъа, Индавак, Питнак каби Хевак ҳам кичик қалъа маъносини билдириши эҳтимолдан холи эмас,- деб ёзади. (“Жой исмлари” Т.. 1977, 141-бет ). Дарҳакиқат, сўнгги йилларда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ер юзининг 25 нуқтасида “Хи” ёки “Хе” ўзаги билан бошланувчи жой, дарё, орол, шаҳарча, тоғ ва сув манбаларининг номлари қайд этилган. “Хив”, Хива, Хиуа, нику -Хива, Хила Хибингорк каби ўнлаб номлар Тинч океан ҳавзаларидан то АҚШгача бўлган худудларга тарқалгани бунга мисолдир. Ушбу географик ва тарихий номларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, “Хи”, “Хе”, “Ха” сўз ясалиш асоси ўзакдан 12 тасининг маъноси сув, 6 ҳолатда тоғ-тош, тепалик 4 таси қалъа , қўрғон, қишлоқ ёки жой маъносини билдиради. Атиги бир ҳолатда балиқ ва яка бирида муқаддас жуфтлилик, мутаносиблик маъноларини англатади.
Қадимги Хоразмий тилидаги “Ха”, “Хи-сув”, “Канг”-дарё, анҳор, ха-ўз (сув сақлаш жойи) -ҳовуз Ха, Хи, Хой, Чу, Су, (сув) каби лингивистик жараённи босиб ўтган ва аста-секин туркийлашган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмасдир.
Шунингдек, туркий тиллардаги қия, ҳия, хив,(қоя, тепалик тоғ чўққиси) маъноларидаги сўзнинг исботи сифатида "Хив”атамасига бир неча мисол келтириш мумкин.
Доғистон республикасидаги йирик бир тоғли район маркази “Хив” дея аталади. Болтиқ денгизидаги тоғли орол “Хийуман”, Тинч океанидаги 140-ХIЮ параллелда жойлашган ороллар тизимига Хива Маркиза ороли деб аталади.
Грузин, можар, (венгер) осетин тилларида ҳам Хи-сув, қув-овул, қишлоқ, қўрғон, қалъа маъноларини англатади.
Кўриниб турибдики, Хива атамаси Ҳинд-Оврўпо тиллари оиласига мансуб хоразмийлар тили билан кўчманчи туркий халқлар тилининг қоришмасидан пайдо бўлган ва у қадимий қум тепалигида жойлашган қудуқли қўрғон, сувли маскан, одамлар яшайдиган обод қишлоқ- қалъа шаклида истеъмолга кирган. “Хева” эса арабча, форсча, талаффуз маҳсулидир.
Зеро, қалъанинг “Хева” тарзида истеъмолга кириши сиёсий- ижтимоий муҳитнинг маҳсули, тўғрироғи, XIX асрнинг сўнгги чорагидан кейин руслар томонидан киритилди. Маҳаллий халқ уни Хийво шаклида талаффуз этади.
Агар таъбир жоиз бўлса, шаҳар номининг асл маъноси Хий-во бўлиб қадимги хоразмийлар тилидаги Хи (Хий) -сув, во эса бо-бор (яъни суви бор) кудуқ, тепаликдаги кўрғон, қалъача деганидир.
Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқадиган илмий хулоса шуки, -Хийво дунёнинг энг қадимги кўрғон-қалъаларидан бири бўлиб, у “Қалъаи Рамул”, “Хевақ”, “Хива”, “Хийво” шаклида аталиб келинган ва аждодларимизнинг 2-3 минг йиллик тарихидан гувоҳлик берувчи табаррук шаҳарлардан биридир.
Унинг 1969 йилда халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан дунё халқлари моддий ва маданий мероси рўйхатига олинганлиги, ҳар йили минглаб хорижлик сайёхлар ташриф буюраётганлиги, Марказий Осиёдаги энг гўзал ва баланд ёдгорликлардан бири-бу Ислом Хўжа минораси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Тош ҳовли мажмуаси, Хивоқ қудуғи калъанинг нақадар мўъжизакор шаҳар эканлигига шубҳа қолдирмайди.
К. Нуржонов. "Хоразм мақол, матал, нақл ва ибораларнинг тарихий илдизлари"