Бобом Матрасул Матжонович Худойберганов (04/05/1916 – 30/11/1983)
1934 йили туман марказидаги Стрелков номли етти йиллик мактабни тамомлагач қишлоқдаги мактабида муаллимлик қилган. Шу даврда Хива педагогика техникумида сиртдан ўқиган, ундан кейин Урганч шаҳридаги муаллимлар тайёрлаш олий илмгоҳини муваффақиятли тугатгач яна она қишлоғига ишга келиб 1935 йилдан 1939 йилгача 28 - сонли А.С. Пушкин номли тўлиқсиз ўрта мактабга директорлик қилган.

1916 йилда 4 май куни Катқалъа ҳокимлигида Кўраклар қишлоғида диний уламо, элнинг мулла имоми Матжон ака ва Жамила опалар оиласида таваллуд топган тўртинчи фарзандига Матрасул деб исм берганлар.

Падари бузруквори 1918 йилда қазо қилгач отасидан қолган каттагина ер-у, сув чиқирлари, от чиқирлари, мол-мулк мерослари инқилоб бўлгандан кейин барчаси қўлдан кетиб, бир парчагина ерда деҳқончилик қилганлар.

1925 йилда Тўра Ниёзий томонидан очилган Оқ масжид мактабида қишлоқ ёшлари билан сабоқ олган.

1934 йили туман марказидаги Стрелков номли етти йиллик мактабни тамомлагач қишлоқдаги мактабида муаллимлик қилган. Шу даврда Хива педагогика техникумида сиртдан ўқиган, ундан кейин Урганч шаҳридаги муаллимлар тайёрлаш олий илмгоҳини муваффақиятли тугатгач яна она қишлоғига ишга келиб 1935 йилдан 1939 йилгача 28 - сонли А.С. Пушкин номли тўлиқсиз ўрта мактабга директорлик қилган.

1941-1942-йилларда Янгиариқдаги М. Горький мактабда ўқитувчилик ва директорлик қилган. Бемаврид, хоинларча, фашистлар Германиясининг бошлаган уруши қанча-қанча тинч оилаларнинг оромини бузди. Ким ҳам буни ҳохдарди, дейсиз. Лекин Ватан ҳимояси деган Улуғ туйғу йигитларни аллақачон фронтга томон йўл олдирганди. Жамила онанинг иккинчи ўғли ҳам фронт чизиғида қўлда қурол билан газандаларга қарши жанг олиб борди.

1942-1943 йилларда Курск остоналаридаги қонли фронт чизиғида фашизмга қарши қақшатгич жангларда иштирок этди, бир неча бор яраланди. Ҳарбий дала госпиталида узоқ вақт даволанган. Ҳарбий тиббиёт комиссияси томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилгач Она қишлоғига қайтарилган. 1943-1944 -йилларда қишлокдаги Пушкин номли 28 ТЎМга директорлик қилган. 1944 йилнинг январь ойидан туман марказидаги Стрелков номли 1-сон ўрта мактабида директорлик қила бошлаган. Вилоят халқ таълими бўлими мудири Аюповнинг 25 октябрь 1945 йил буйруғи билан Шовот туман халқ таълими бўлими мудири лавозимига тайинланган.

1948 йил март ойидан Халқ депутатлари Хоразм вилоят ижроқўми котиби, 1953 йилдан вилоят “Хоразм ҳақиқати” рўзномаси муҳаррир ўринбосари, 1959 йилдан 1980 йилгача вилоят халқ маъорифи бўлимининг мудири, 1980-1981 йилларда “Хоразм хақиқати” газетасига бош муҳаррир ўринбосари, 1981-1983 йилларда вилоятдаги ўқитувчилар малакасини ошириш институти директори лавозимларида ишлаган...

Илм-фан боғида пештоқлари баланд,
Шоҳона бир қаср қурибсиз.
Шу қасрга келдик биз, ошиғич билан.
Ўзингиз қайларда юрибсиз, устоз.

Жонкуяр муаллим, салоҳиётли раҳбар, қалами ўткир журналист, камтарин, жамики эзгу ҳислатларни қалбига жо айлаган, бутун умрини илм-фан йўлига бахшида айлаган улуғ инсон Матрасул оға Худойберганов эл назарига тушган азиз инсон эди.

Воҳа илм-фанини юксалишида чексиз меҳнати сингган на фақат Хоразм воҳасида, балки Ўзбекистон маорифини юксалишига бутун ҳаётини, куч ғайратини сарфлаган. Устоз ўзининг умр йўлига нигоҳ ташлар экан, ҳаётидан мамнун бўлиб, шундай дейди: “Менинг фарзандларим маориф билан бирга қўшиб санаганда ўнтадир.”! Ҳақиқатан ҳам устознинг босиб ўтган нурли излари хайрлидир.

Устоз хотирасини абадийлаштириш мақсадида тумандаги 37- умумий ўрта таълим мактабига раҳматлик Матрасул ака Худойбергановнинг номи берилган. Ҳар йили 4-май куни устознинг руҳини шод этиш ниятида, барча шогирдлари, ўғил қизлари, қариндош-уруғлари, ёру дўстлари жамланиб “Хотира кечаси”га тўпланишади. Тадбирда иштирок этган меҳмонлар устознинг ўрганса арзийдиган ҳаёт йўлини бир-бир хотирлайдилар.

Туғилсанг бахт билан камол ўшадир,
Тарк этсанг, дунёни завол ўшадир.
Охир чог тупроғинг устига келиб,
Кимдир ёд айласа, иқбол ўшадир.

Бугунги кунда авлодлар ишининг давомчиси бўлаётган, хайр-саховатга қўл чўзаётган, ўқитувчиликдек ниҳоятда маъсулиятли ва лекин шарафли касбнинг фидойисига айланган, элу юрт назарига тушган, ёш авлодни тарбиялашдек машаққатли вазифани елкасида кўтараётган азиз инсонлардир.
Эзгулик уруғини сочадиган инсоннинг барча хусусиятлари гўзал бўлар экан.

* * *

Раҳматлик Рустам оғам Худойберганов хотираларидан.

1941 йилнинг январида биз оиламиз билан Янгиариққа йўл олдик. Мени ўраб-чирмаб от аравага, зарур нарсаларнинг ёнига ўтиргизиб қўйдилар. Акам билан опам пиёда, Зафарни яхшилаб ўраб олганлар, гоҳо акам, гоҳо опам кўтаради. Янгиариққа боргач акам М. Горький мактабида директор бўлиб ишлай бошлади. 1942 йилнинг ўрик пишар кунлари фронтга чақирув хати келди.

Шовот военкоматига бориш учун яна арава топиб кўчимизни юкладик, Катқалъага қараб йўл олдик. Зафар икки ёшида, мен беш ёшдаман, кўп нарсаларни фарқлай оламан. Қишлоққа келсак Жамила онам раҳматлик бир халта нонни қотириб қоқ қилиб қўйган экан, ўғлим фронтга олиб кетади, деб. Мен халтани кўтариб-суриб юрибман, - у нима, бу кимники, ичида нимаси бор деб.

Қариндошлар тўпланиб бир от аравада ва битта эшак аравага миниб Гурланга, дарё бўйига кетдик. Тошховуздан, Моноқдан, Гурландан ва Катқалъадан борганлар шу ердан баржада Чоржавга томон кетар эканлар. Йўлда тўхтаб бир одамникида сув ичиб, ўрик ҳам еб олганимиз ёдимда. Дарё бўйига борсак одам-оломон жуда кўп, 5-6 та баржага минмоқдалар.

Акам ҳамма билан қучоқлашиб, хайрлашди ва баржага миниб кетди. Кўп вақтгача орқаларидан қараб қолдик, хайрлашув қичқириқлари, қўл силтаб хўшлашишлар Амударёда баржа кўринмай кетгунча давом этиб турди.

Дарё бўйидан уйга келгунча Жамила онам йиғлаб келди, ўғли Собиржон 1939 йил армияга кетиб, шу ёқдан тўгри фронтга кириб кетган, Матрасул ўғли ҳам бугун Улуғ жангга кетиб бормоқда. Уларга Оллохдан умр тилаб келаётган онаизорнинг аҳволини тушунса бўлади.

Орадан бироз вақт ўтиб соғ омон етиб келдик деган мазмундаги хат келди. Курск ёйи (Курский дуга) фронт чизиғига жангга ташланган бўлиб, бу фронтни Улуғ Ватан урушининг мясоробкаси дейилар экан. Биз томондан ҳам, фашистлар томонидан ҳам армия-армия жангчилар фронтда йўқ бўлиб кетишган, шундан бу жанг майдонига “гўшт қиймалагич” номи берилган дейишади.

Шундай кунларда почтачи хат келтирар, гоҳо Улли акам бўлса ўзи ўқирди, уйда бўлмаса почтачининг ўзи ўқиб берар, биз ҳаммамиз атрофларида ўтириб хатда ёзилган хабарни тинглар эдик. Ака укалардан хат келган кунларда ҳаммамизнинг диққатимиз хатда ёзилган хабарга қаратилган бўларди. Айрим сўзлари ҳалигача эсимда турибди.

“Бир ҳафта бўлди окоп ичида ётибмиз, тиззамиздан сув, ҳар икки соатдан қишлоқни ё бизникилар олишади, ё фашистлар қайтариб олишади, кунига 4-5 марта алмашинади. Баъзида сувдан чиқишга мадоримиз йўқ, мурдаларни устимизга олиб ётамиз. Бизникиларнинг “ура” садолари эшитилса уларга кўшилиб жангга кириб кетамиз. Она, пиширган нонларингизни жудаям согиндим, Худо умр бериб урушдан омон эсон уйга борсам талакда ўтириб бир ҳафта нон ейман", -деган сўзлари бор эди.

Жамила онам раҳматлик болаларим оч ҳолда, совуқда сувда қийналиб қандай кунлар кўраяпди экан деб йиғлагани йиғлаган эди.

Шу орада 1943 йилнинг баҳори ҳам келиб қолди. Март ойида узоқдан қичқириқ билан хабарчи келди,
- Жамила опа суюнчи беринг, ўғлингиз Матрасул оға келмоқда, идоранинг ёнига келди ҳозир, -деб.
Суюнчини олгани-олган, бошдаги лечакниям олиб қочди-я номард.

Боласи томон югурай деса, лечак кетяпди ичида “бойлик” билан, лечакка югурай деса урушдан боласи келаётир соғлиқ билан.
Лечак кетса кетсин тангаси билан, болагинамни бошу кўзига садақа бўлсин -шу,- деб қалъа томонга югура кетди.

Робия ва Саодат мендан олдин югуриб бораётирлар, оёғимдаги хом теридан тикилган этик сув тегиб кенгайиб кетганидан югуриш-у юришимга малол қилаётир, уни шу ерга ечдиму йўл чеккасидаги тутнинг остига қўйиб, югура кетдим.

Қалъадан сал ўтиб Ёқуб хўжа бобо қабристони яқинида от аравага суяниб келаётган экан, Робия билан Саодат акамнинг бағрига ўзларини отдилар, югуриб бораётганимизда бизларга қўл силтаб нималарнидир қичқирмоқдалар. Мен етиб борганимда Робияжон акамни ўнг қўлидан ушлаб келаётган экан, акамни қучоғига отилганимда танимга қандайдир меҳр илиқлиги югургандай бўлди.

Чап ёнига ўтиб қўлидан тутганимда сал озор чеккандек бўлди. Кейинроқ билсам чап қўлига ўқ тегиб ярадор бўлган экан. Жамила онам ва опам етиб келганида акам бизни қўлимизни юбориб, мунис онаси томонга югурди, она боласини бағрига олар экан узоқ қучоғлаб турди, сира қўйиб юборгиси келмасди, севинчидан йиғларди.
Келишда этикни қараймиз қани топилса, Робия билан юр кетдик топилмаса акам тозасини олиб беради,- деб қувонишиб бораётган қадрдонларимизга қўшилдик.
Бир пайт қарасам, ҳамма қариндош уруғлар бор, акам йўқ, уйнинг ҳамма хоналарини бирма-бир қараб чикдим, топаолмадим. Ҳа акам хатида ёзган эдиёв, шу урушдан соғ борсам талакда ўтириб тўйиб нон ейман деб, - шу ердадир-ов деб талакка аста чиқсам, акам нон еб ўтирибди, ёнида Жамила онам. Она бечора патирни қўлида бўлиб беради, акам еб бошлайди, бориб астагина ёнига ўтирдим. Жамила онамни ёнида гапиришга юрак борми дейсиз, лекин бугун мумкин, барча қатори онамизнинг ҳам кўнгилларида севинч ва қувонч. Тикилиб ҳавас қилиб ўтирганимни сезган акам кулимсираганича:

-Ейсанми?-деди.
-Ейман дедим, менга акамнинг ўзи нондан бўлиб берди. Орасига эт солинган патир экан, бу даврларда гўшт топишнинг ўзи катта гап эди. Улли акам тезда келиб, катта қўчқорни, омон келган укамнинг садақаси,- деб теридан чиқара бошлади.

Бу байрам қувончлари бир неча кунгача давом этди, қўшни овалар, қариндошлар келиб ҳабар олишар, кимдир ўғлини, яна кимдир эрини, кимдир инисини учратмадингми деб сўрашади.

Акам фронтда Айритомлик Қаррибой дойимлар билан бир сафда жанг қилган эканлар. Фронт даврларидан гап очилса, Қаррибой отанинг уларга кўп ёрдами текканлигини айтиб берарди.

1944 йилнинг баҳорида биз Шовот район марказига кўчдик, акамни 1-сонли Стрелков номли мактабга директор қилиб тайинлашгандилар.

И. Пиров «Боболарим, момоларим ворисларига…»

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР