Отажон Худойшукуров
Отажон Худойшукуров (1944. 4.10 — Тўрткўл — 1994.22.12) — хонанда; Ўзбекистон (1977) ва Қорақалпоғистон (1970) халқ артисти. Ашула айтишни амакиси хонанда Й. Оллошукуровдан ўрганган, кейинги устозлари К.Отаниёзов, Назир қори, Ж.Бекчонов ва бошқалар. 1963 йилдан Қорақалпоқ давлат филармониясида яккахон хонанда.

Репертуаридан мумтоз ашулалар («Феруз I—II», «Хоразм Сегоҳи», «Бозургоний», «Қўшчинор», «Гулузорим», «Курд Эшвойи», «Самарқанд ушшоғи», «Тошкент Ироғи» ва б.), Хоразм достон нома (қўшиқ)лари («Нажаб ўғлон» достонидан «Кимни севар ёрисан», «Баҳром ва Гуландом»дан «Айрилиқ», «Авазхон»дан «Қаландарим»), композитор ва бастакорлар асарлари («Кўзларинг сенинг», «Ўзбекистоним», «Раъно бўлайин деб», «Соғиниб келдим» ва б.), шунингдек, туркман, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз халқ қўшиқлари ўрин олган. О. Худойшукуров созанда (торчи) ва ўзи айтадиган («Мужгонларинг», «Оламда бир», «Биринчи муҳаббатим» каби 300 дан ортиқ) қўшиқларнинг бастакори сифатида ҳам танилган. О. Худойшукуров жозибали, чиройли тембрли, кенг, барча пардаларда равон ва жарангдор овоз соҳиби. Унинг қўшиқларидаги эҳтирос, шижоат ва жўшқинлик, мазмуний теранлик каби хислатлар тингловчилар қалбидан чуқур жой олган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1974). 1999 йилдан Отажон Худойшукуров номида ёш хонандаларнинг Республика танлови ўтказилмоқда. Элликқалъа ва Тўрткўлдаги кўча, хиёбон ва боғларга ҳофиз номи берилган.

Бу саҳифага ўтиб ўз истеъдоди билан халк хурматини қозонган Хоразм санъатининг буюк хофизи Отажон Худойшукуров қушиқларини тинглашингиз мумкин.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР