Нажмиддин Кубро ва Кубровийлик (видеофильм)
КУБРО, Нажмиддин Кубро (тахаллуси; асл исм-шарифи Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмий) (1145—Хива—1221) — улуғ шайх, тасаввуфнинг таниқли вакилларидан бири, кубровийлик тариқатининг асосчиси (унинг тахаллуси «диннинг улуғ юлдузи» маъносини беради).

Кубронинг каромат кўрсатиш, воқеаларни олдиндан билиш, ўткир назари билан таъсир эта олиш хислатига эга инсон бўлганлиги ҳақида ривоятлар тарқалган. Кубро ёшлигидан илмга қизиққан, қобилиятли бўлган. Ислом асослари, шариат, ҳадис ва тафсирни жуда тез ўзлаштириб олади. 16—17 ёшларида таҳсилни чуқурлаштириш мақсадида Хоразмдан чиқиб, Эрон, Миср, Шому Ироқ мамлакатларини кезади. Тариқатдан хабардор бўлишга интилиб, бир неча шайх, дарвишлар суҳбатида бўлади. Илк дафъа Мисрда шайх Рўзбихон Ваззон Мисрий (1189 й.в.э.)га мурид тушади, ундан тариқат одобини ўргавади, шайхнинг қизига уйланади. Кейинчалик Ҳамадонда шайх Аммор Ёсир (1187 й.в.э.), Дизфулда шайх Исмоил Қасрий (1193 й.в.э.) каби устозлардан сабоқ олди. 25 й.дан ортиқ умрини илм таҳсилига бағишлаган Кубро 1185 й. Хоразмга кайтиб келади. Бу ерда катта хонақоҳ қурдириб, ўз диний мактабини яратади. Кубро кишиларни эзгуликка, илмга, сахонат ва мардликка даъват этди. Унинг тарбиясини олган юзлаб одамлар ирфоний маърифатдан баҳраманд бўлдилар. Кубронинг муридлари Маждиддин Бағдодий (1209/1219 й.в.э.), Саъдиддин Ҳумавий (1252 й.в.э.), Нажмиддин Доя (1256 й. в.э.) тасаввуф тарихида ном қозонган шайхлардир.

Кубро ўз қарашларини араб тилида ёзган бир неча рисолаларида баён этган. Улардан асосийлари: «Фавоиҳ ал- жамол ва фавотиҳ ал-жалол» («Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи», «Ал-усул ал-ашара» («Ўнта усул»), «Рисола ат-туруқ» («Тариқатлар рисоласи»), «Рисолат ал-хоиф ал-ҳоим мин лавм ал-лоим» («Маломатчининг маломатидан ҳазар қилувчи ҳақида рисола») ва б. Кубронинг форс тилида ёзган «Фи одобус соликин» («Соликлар одоби ҳақида») рисоласи ҳам бор. Кубро Қуръонга мутасаввифлар нуқтаи назаридан шарҳ беришни охиригача етказа олмади, бу ишни унинг шогирдлари тугаллади. Форсча рубоийларида жавонмардлик, пок ахлоқ ғоялари ифодаланган.

Кубро мўғул босқинчиларига қарши жангда шаҳид бўлган. Қабри Кўҳна Урганчда. Кекса шайх ва донишманд инсоннинг бу жангдаги қаҳрамонлиги, жасорати авлодларга ибрат бўлиб қолди. Кубро шахси ва унинг мероси Ўзбекистонда мустақиллик туфайли ўрганила бошланди. 1995 йилда Ўзбекистонда Кубро таваллудининг 850 йиллиги нишонланди.

КУБРОВИЙЛИК — тасаввуф тариқати. 13 аср бошида Хоразмда Нажмиддин Кубро асос солган. Унинг асарларида тариқатнинг моҳияти, ўзига хос талаб ва қоидалари баён қилиб берилган. Кубронинг тасаввуфий таълимотига кўра, инсон ўз моҳияти билан кичик оламдир, у катта олам бўлган коинотдаги барча нарсаларни ва сифатларни ўзида мужассамлаштиради. Аммо илоҳий сифатлар юқори самовий доираларда бирин-кетин ўзига хос мақомларда жойлашганлигидан, ҳақиқат йўлини қидирувчилар бундай камога эришиш учун маълум риёзатли йўлларни ўтишлари зарур. Бу йўлда унга пири комил раҳнамолик қилиши керак.

Кубро камолотга эришиш асосларини қуйидаги ўнта талаб («Ўнта усул») да ифодалаб берган: тавба — барча амалларнинг боши бўлиб, Аллоҳ олдида тавба қилиш, бундан кейинги ҳаётни илоҳий эзгулик ва хайрга бағишлашга аҳд қилиш; зуҳд — тақво, парҳез, ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолликка юз тутиш, Аллоҳ ман этган ишларни қилмаслик; танаккул (танаккал) — барча ишларни қилишда Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва қудратига таяниш; қаноат — ҳаёт кечиришда оз нарса билан қаноатланиш, мўътадиллик, тубан майллардан озод бўлиш; ўзлат — танҳоликда бўлиш, хилватда руҳни поклаш; танажжуҳ (юзланиш) — бутун вужуд билан Аллоҳга юзланиб, ундан мадад сўраш, у сари қалбан интилиш; сабр — соликнинг ўз эътиқоди, ниятини сиваши. Ҳақ йўлининг азобу изтиробига чидаган кишиларгина мақсадга эришади; муроқаба (тафаккурга ғарқ бўлиш) — қалб поклангани ва тубан эҳтирослардан ҳолилигини туйиб, хотиржам бўлинганини эслаб хаёлга чўмиш, Ҳақ таоло раҳм-шафқатини кўтиб туриш; зикр — Аллоҳнинг исмини тилдан қўймаслик, калимаю дуоларни мунтазам такрорлаб туриш; ризо — Аллоҳ қудратини чуқур ҳис қилган ҳолда, ўзини буткул унинг иродасига топшириш ва бундан ҳузурланиш. Бу мақом соликни Ҳаққа, Ҳақнинг унга яқинлашганлигини билдиради.

Кубро илоҳий маърифатни суфий фақат фонийлик ҳолатида, яъни буткул ўзлигини йўқотиб идрок эта олади, деган фикрга эътироз билдиради ва Жувайд Бағдодийнинг «саҳв» (ҳушёрлик) йўлини тутиб, тафаккурий-ақлий билимга эътиборни қаратади. Бундай йўлни Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ҳам маъқуллаган.

Кубро инсон руҳий кечинмалари, нозик ҳолатларини пухта билган. Шунга мувофиқ «латоиф» («нозик таъблилик») назариясини ишлаб чиққан. Бу назарияга кўра, инсон руҳи кўзга кўринмас латиф марказлардан иборат. Бу онг ва туйғу, руҳ ва жисм орасидаги бир нарса. Уни илғаб олиш мушкул. Аммо инсон ҳаётида бу марказларнинг аҳамияти муҳим. Суфий айни шу марказларни илғаб олиши лозим. Ана шу «латоиф» инсоннинг илоҳий хислатидир. Суфий риёзатлар, машқлар давомида бу латоифни турли ҳолатларнинг ўзгариши, ранглар ва шаклларнинг алмашиниши тарзида тасаввур қилади.

Кубро назарида нуқта, доғ ва доира мурид руҳий қолатлари ўзгаришида муҳим хизмат қилади. Доира — фалак доираларининг айланиши, доғ — дунё тимсоли, нуқта — вахдатдир. Доира доимий айланишда, у доғни ҳам ўз ичига олади. Аммо бўлар марказ томон, яъни нуқта сари интилади. Нуқта моҳиятини англаш орқали Аллоҳ оламини идрок этса бўлади.

Кубровийликда ранглар муҳим роль ўйвайди, улар суфийнинг руҳий ҳолатларини, Аллоҳ томон қўйган қадамининг босқичларини билдириб туради. Зангори ранг соликнинг тавба қилиб тариқатга қадам қўйганида кўринади. Сариқ рангда соликнинг Аллоҳ ёди билан яшаши тушунилади. Қизил ранг соликнинг руҳи вужудидан ажрала бошлаганини, маърифатга яқинлашганини билдиради. Оқ ранг юракнинг покланишига ишора ва ҳақиқатни англашнинг бошланишидир. Яшил ранг ваҳийликдан нишова. У сирларнинг сирига, ғайбга ошноликни билдиради ва соликнинг асл моҳиятларга етишаетганлигини ҳам англатиши мумкин. Мазкур ранглар соликнинг Аллоҳ томон руҳий сафарини англатса, қора ранг Аллохдан халқ сари сафарини билдиради, сирлар хазинасини эғаллашни ва ҳайратга ғарқ бўлишини ифодалайди. Ҳайратдаги руҳ шариатнинг мағзи — ҳикматини бошқатдан идрок этиб, қоронғи бир доғ рангига ўралади. Ниҳоят солик руҳи яна Аллоҳ ҳузурида пайдо бўлади. У қора рангдан қутулиб, рангсизлик ҳолатига киради. Зоти кулл (барча ҳақиқатга етишиш) даражасини эгаллаган солик якранглик ҳолатида мақсадига эришади.

Нажмиддин Кубродаги ранглар ва уларнинг маънолари баъзи мутассавифлар таърифлаган рангларнинг шарҳидан фарқ қилади. Кубро етти ранг хислатини етти тушунчага мослаб тушунтирган. Унингча, оқ ранг — исломни, сариқ ранг — имонни, зангори ранг — эҳсонни, яшил ранг — итминон (ишонч)ни, кўк ранг — иқон (тўлиқ ишонч)ни, қизил ранг — ирфонни, қора ранг — ҳаяжон (ҳайрат)ни англатади. Солик руҳи ҳолатларини, қайси ранг кўз олдида намоён бўлаётганини пирига айтиб туриши керак. Пир шунга қараб, муриднинг қайси босқичда турганини билиб, унга янги вазифалар юклайди. Кейинги суфийлар ҳам Кубро сингари қора рангни ҳайрат белгиси ҳисоблаб, уни руҳнинг фанога ғарқ ҳолати рамзи сифатида таъкидлашган.

Кубровийликда тариқат аъзоларининг ягона ташқилий тизими бўлмаган. Уларни таълимотнинг руҳи ва мақсади бирлаштирган. Кубронинг шогирди Сайфиддин Бохарзий (1261 й.в.э.) Бухоро яқинидаги Соктарий қишлоғида Важмиддин Кубро номи билан аталган хонақоҳ ташқил қилган. Бу ерда Кубровийлик тариқати 18 аср охирларигача кенг тарқалган эди. Унинг аъзолари Кубро ғояларини Мовароуннаҳр шаҳарларигагина эмас, балки Эрон, Миср, Ироқ ва Афғонистонга ҳам ёйдилар.

Айниқса, Кубровийлик Ҳиндистонда чуқур илдиз отди. Кейинчалик Кубровийликнинг бир қанча мустақил шохобчалари вужудга келди. Бўлар — фирдавсия, нурия, рукния, ҳамадония, иғтишошия, заҳабия, нурбахшия.

Кубровийлик туфайли ирфоний ҳикмат ва инсоний поклик, илоҳий маърифат ғоялари бутун Шарққа тарқалди, бу тариқат исломнинг шуҳратига шуҳрат қўшди.

Нажмиддин Комилов

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР