Хива хонлари ҳақида тарихий ҳангомалар
Давлат ҳукмдорлари теварагидаги ёки унга қарши бўлган гуруҳдагилар томонидан амалга ошириладиган тўнтаришлар нафақат қувғинга учраган арбоб ҳаётини, балки бутун бошли халқ ҳаётиниям издан чиқариши, миллатни ҳалокат ёқасига олиб бориши тарихда ўз исботини топган….



Ярим кунлик ҳукмдор

Давлат ҳукмдорлари теварагидаги ёки унга қарши бўлган гуруҳдагилар томонидан амалга ошириладиган тўнтаришлар нафақат қувғинга учраган арбоб ҳаётини, балки бутун бошли халқ ҳаётиниям издан чиқариши, миллатни ҳалокат ёқасига олиб бориши тарихда ўз исботини топган….

Хива хонлигида 1695 йилдаги Жўжихон ҳукмдорлиги замонидан токи Абулғозихон 5 ҳукмронлиги даври-1806 йилгача бўлган вақт ичида сарой ўйинлари шу даражада авж олдики, бу муддат оралиғида Хива хонлари тахтида 37 нафар хон ҳукм юритди. Уларнинг баъзилари 5-6 йил, айримлари 1-2 йил, бошқа бировлари эса 2-3 ой тахтда ўтирган. Масалан, бир хоннинг ҳукмронлиги базўр ярим кунга етган, холос. Ана шу боисдан 17 аср охирларидан 19 аср бошигача бўлган давр тарихда “хонлар ўйини” номи билан аталади.

Дастлаб 1557 йилда Дўстхон Бўғчахон Хивада илк бор тахтга ўтириб, Хива хонлиги ҳукмронлигини бошлади. У пойтахтни муқим Хива деб белгилаган бўлса-да, “хонлар ўйини” даврига келиб, икки, ҳатто, уч ҳокимиятчилик авж олди. Яъни расмий хон Хивада кўтарилган бўлса ҳам унга қарши Гурлан, Хазорасп бекликларида, Оролбўйида ҳам амалдаги хонга мухолиф бўлганлар ўзларини хон деб эълон қилаверганлар.

Маълумки, хон(қаон) қадимги туркий ҳукмдор, подшо маъносини англатган хон сайлаш маросими ҳақида 1846 йилда Хивага келган рус сайёҳи Г.Данилевский хотиралар ёзиб қолдирган.

Унга кўра, “хон сайлаш” маросими оддий халқдан пинҳона, кечаси бир ҳовуч сарой амалдорлари ва хоннинг қариндошлари томонидан амалга оширилган.

Табиийки, хон ўзини сайлаган амалдор ва қавмлардан миннатдор бўлиб юриши ва уларга катта моддий ва сиёсий эркинлик бериб қўйган. Уни сайлаш маросимига саноқли одамлар қатнашган ва бундай амалдорларнинг “олий кенгаш”ида шайхулислом, девонбеги, нақиб, қози, мутавалли, парвоначи кабилар бўлган. Энг аввало хон қилиб сайланадиган кишини ечинтириб, бошдан оёқ янги либос кийгизганлар. Кейин эса кийгизларга ўтирғизиб, уч марта ҳавога ирғитиб, “хон, хон, хон” деб нидо қилганлар”.

Хива хонлиги тарихида Муҳаммад Оқатайхон 47 йил, Араб Муҳаммадхон 19 йил, (1602-1621), Исфандиёр ибн Арабхон 19 (1623-1642), Абулғози 20(1643-1663), Анушахон (1663-1689), Муҳаммад Раҳимхон 1 йигирма йил, Оллоқулихон 18 (1825-1842) ва Муҳаммад Раҳимхон 2 –Феруз 47 йил (1863-1910) ҳукмронлик қилиб, тахтда энг кўп ўтирганлар.

Қолган хонлар эса.. аслзодалардан бўлгани учун хон қилиб кўтарилиб, лаёқати бўлмагани сабаб, баъзилари ўзлари истеъфо берган. Айримлари ҳатто қочиб кетган. Баъзи ҳукмдорлар эса номигагина хон бўлиб, амалда давлатни бошқалар бошқарган.

Масалан, шулар орасида Мусохон, Баҳодирхонлар қочиб кетишга мажбур бўлганлар. Боиси, саройдаги вазият шуни талаб қилар, акс ҳолда уларни ўлим кутарди. Қочган хонлардан ушланган, ўлдирилганлари ҳам бор. Мисол учун, Мусохон 1797 йилда тахтни ташлаб қочиб кетган эди. Уни Аваз Меҳтар Марвда тутиб бошини танасидан жудо этади ва Хивага олиб келади.

1740 йил тахтга ўтирган Абухайрхон исмли ҳукмдор бўлса 6 кунгина зўрға хон бўлишга чидаб берди. Кейин Эрон шоҳи нодир ёнига ктдим дея, асли ўзи қозоқ бўлгани боис даштга қараб қочади.

Арангхон Анушашоҳ ўғли даврида (1691-1695) манғитлар ва Амир Саййид Инокнинг ўғли Одина Муҳаммад бошчилигидаги Орол қўнғиротлари Хивадан ажралиб чиқадилар. Гарчи Одина Муҳаммад хон билан муросага келган бўлсада, кейинги даврларда Орол ўзбеклари тез-тез Хива хонларига қарши чиқиб турганлар. Жумладан Шерғозихон даврида (1714-1726) хон билан келишмаган Орол ўзбеклари Бухородан Мусохоннинг ўғли Шоҳ Темурни келтириб, хон қиладилар. Натижада Хива хонига қарши бўлган жангларда Вазир, Гурлан, Шоҳобод, Боғолон, Уйғур, Хонқа, Хазораспни босиб оладилар.

Шундан кейинги даврларда ўзаро ички низолар натижасида хонларнинг алмашинишлари натижасида давлат ичида ва ташқарисида урушлар бўлиб турди. Баъзан хонликнинг гоҳ-у — гоҳ бу ҳудудларида бўлган баъзи воқеалар ҳам давлат даражасига чиқиб, хонлар тақдирига таъсир қилиб турган. Жумладан, 1725 йилда Ғойибхон Баҳодир ўғли хонлик қилган пайтида Кўчак бин Муҳаммад Иноқ маст бўлиб, Гурланда бир бева хотиннинг номусига қўл чўзади. Бева хотин эса Шайх Жалил тоғи атрофларида шикорда юрган хонга арз қилади. Хон шаҳарга қайтиб келгач, Кўчакни ходимлари билан зиндонга ташлайди. Бу пайтда манғит ўзбекларидан бўлган Хўрозбек (у Абулғозий сонийни ўлдиргач Ғойибхонни хон қилиб кўтарган, амалда ўзи хон, Ғойибхон эса қўғирчоқ ҳукмдор эди. — У. Б.) Манғитнинг эгасиз ерларини обод қилиш мақсадида ариқ қаздириб юрганди. Кўчакхон воқеасини эшитгач у қалъага келиб, зиндондагиларни озод қилади. Ғойибхонни эса нолойиқ сўзлар билан сўкади. Эртаси куни Ғойибхон арқда кўринишхонага келган Хўрозбекни ўлдиртиради.

Ана шу воқеани ўз асари — “Таворихи ал Хоний”да ёзган Аҳмаджон Табибий (1871-1912) кейинги даврларда Гурланда юз берган хон кўтарилишларини ҳам қаламга олади. Маълумки, хон қилиб кўтариш учун оқ кийгиз келтирилган. Кийгизга бўлғуси хонни ўтқазган амалдорлар кийгизни тўрт бурчагидан ушлаб кўтарганларича “хон, хон” деб қичқирганлар.

Бироқ давлат пойтахти Хивада кўтарилган, кўпчилик назаридан яширинча ўтказилган бу маросимда фақатгина махсус шу вазифани бажарувчи нақиб, иноқ каби амалдорлар иштирок этишган. Аҳмаджон Табибийнинг юқоридаги асарини ўқиш орқали шунга иқрор бўламиз-ки, Гурланда ҳам хон кўтарилган кишилар тарихда бўлган. Жумладан, 1756 йилда Хивада тўрт ой хонлик қилган Қорабойхон тахтдан ағдарилиб, қозоқлар ичига юборилган. Унинг Қорақалпоқ хони бўлган Бобур исмли оғасини Қорабойхон даврида Қорақалпоқлар Гурлан ўзбекларига келтириб берганлар. Гурлан умаролари уни қатл этадилар.

Шундан кейин хонлик тахтига ўз одамини чиқариш учун Хиваликлар бир тараф, Орол, Гурлан, Урганч ва Аму соҳили халқлари иккинчи тараф бўлади. Ниҳоят ҳар иккала томон Бухоро хони Раҳимхон Ҳаким оталиқ ўғли ёнига ўз вакилларини жўнатадилар. Хон уларни яраштириб, ўртада Темурғозихонни хон этиб юборади. Ҳар иккала тараф иттифоқ бўлиб, уни Хивада хон қилиб кўтарадилар. Бироқ хон ёнидан муҳим ўрин тутувчи мансабларни тақсимлашда низо чиқиб, қўзғолон рўй беради. Темурғозихон қўзғолонни бостиргач, низо етакчилари Бухорога қочиб кетадилар. Бир йилдан кейин эса улар Хоразмга янги қўшин билан келиб Уйғур ва Гурланни босиб оладилар.

Шу тарзда яна йиллар давомида урушлар ва табийки хон алмашиш даври бўлиб туради. 1770 йилда Хивада Оқимхон хон қилиб кўтарилади. Бироқ сарой ичкарисидаги низолар натижасида бир йилдан кейин тахтдан ағдарилади. Ортиқғозихон даврида эса (1771-1771) Кўчак иноқ Ибн Муҳаммад Қорақалпоқ тўраларидан Абдулла Султонни Гурланда хон қилиб кўтаради. Хивада давлат раҳбари бўлишига қарамай Гурланда хон кўтарган муҳолифлари билан урушда енгилган Ортиқғозихон тахтдан туширилиб Бухорога юборилади. Давлат раҳбари эса Гурланда кўтарилган хон Абдуллахон бўлади. Бироқ низолар авж олади. Умаролар Оқимхонни Гурланда беш ой хон қилиб кўтарадилар. Вазир ҳокимлари эса иноққа бўйсуниб Фозилбек ва Раҳим оталиқни бир бўлак йиғин билан чақириб Вазирни топширадилар. Муҳаммад Амин иноқ эса лашкари билан Гурланни қамал қилади. Қамалдагилар ноилож ҳолда ярашадилар. Гурланда беш ой хон бўлган Оқимхон Хивада хон бўлади. Бу пайтда Гурланда Бобобек қолган эди. Ваисқули Девон ўзини иноқ деб эълон қилгач Гурланга келиб, Бобобек билан иттифоқдош бўлади. Урушлар натижасида бир йилдан кейин Оқимхон тахтдан туширилади.

Тахтга 1733 йили Қорақалпоқ тўраларидан бўлган Ёдгорхон чиқади. У тахтга мингандан кейин Бобобек Гурландан Питнакга қочиб кетади. Бу билан тахт талашишлар ва ўзаро урушлар тўхтаб қолмади. Балки яна кўп йиллар мобайнида сиёсий низолар авж олиб турди.

1769-70 йиллардаги Жаҳонгирхон даврида воҳада хонлар ўйини боис очарчилик бўлиб, баъзи уруғларда, ҳатто пойтахтда, Табибийнинг “Таворих-и-хоний” асарида ёзилиши бўйича ит ва мушуклар ҳам ейилган.Фарзандларини очликдан сақлаб қолиш учун қозоқларга қўй-молга алмашган фуқаролар ҳам бўлган.

Бунинг устига, вабо тарқалиб, аҳоли ҳар тарафга кўчиб кета бошлашган. Муниснинг ёзишича, Хивада 40 уйлик фуқаро қолган бўлиб, жума намози ўқиш учун кўпи билан 3-4 киши келган экан.

Энг эътиборлиси шундаки, 1726 йил ёзида Шерғозихон вафотидан сўнг қозоқ подшоҳи Абулхайрхоннинг инисини келтириб,хон қилиб кўтарадилар. Ўша куни жума бўлиб, эрталаб тахтга чиққан ҳукмдор пешин номозига боришда отдан йиқилиб ўлади. Яъни ёш хонни ўргатилмаган асов отга миндириб, “йиқилиши” ни махсус уюштиришади. Оннинг сариқ айғир оти олдиндан баъзи фитначи амалдорлар томонидан шунга режалаштирилган. Шу боисдан тарихчилар ярим кунлик ҳукмдорни “Сари Айғир хон” деб тарихга киритганлар.

Умуман, Хива хонлиги тахтида ўтирган хонлар сарой ўйинлари, фисқу фасодлари туфайли тахтдан қувилган, ағдарилган. Бошқача айтганда, тахтга ўтириш насиб этган ҳар уч хоннинг иккитаси ўз ажали билан ўлмай, балки тахт учун курашлар қурбони бўлди, фитначилар томонидан ўлдирилган ёки жангларда ҳалок бўлган.

Бундай сарой ўйинлари оқибатида эса барча жабру жафо халқ бошига тушиб, миллат истиқболдан, ватан тараққиётдан ортда қолиб кетган. Булар мозийнинг энг кир, қора кунларидир.

Тахтдан воз кечган хон

У неча бор қирғинбаротларда қатнашиб, ажал билан юзма-юз келди ва ҳаттоки 10 йил ҳижратда зиндонбанд қилиниб, у ердан минг машаққатлар билан қочди. Сўнгра атрофига тарафдорлар тўплаб, кейингина тожу тахтга эришди. Шундан сўнг йигирма йил давомида тахтни қўлдан бермай, давлатни ўз имконияти даражасидан келиб чиқиб бошқарди. Бироқ соғлиғи ёмонлашгач, аёвсиз курашлар билан қўлга киритган тахтидан воз кечишга қарор қилди…

Абулғози 1603 йилнинг 23 августида соҳиби тож-Араб Муҳаммадхон оиласида тўртинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Аммо ҳаёти шаҳзодаланикидек роҳату фароғатда кечмади. Дастлаб, 6 ёшида онасидан етим қолди. 13 ёшидан бошлаб, оғаинилар ўртасидаги тожу-тахт учун кечган курашлар гирдобига тушиб қолди. Ўшанда абаш ва Элбарс исмли оғалари оналари найман уруғидан бўлгани боис, уруғ оқсоқолларининг гиж-гижлашига таяниб, отасига қарши қўзғолон кўтардилар. Шунда Араб Муҳаммадхон болаларининг ғалаёнини ёшлик ҳаваси билан ҳокимиятга интилиш, деб тушуниб, Вазир шаҳрини ҳар икки ўғлига инъом қилди.

Бу инъом билан қаноатланган шаҳзодалар фақат беш йилгина тинч яшадилар. Улар 1621 йилда яна отасига қарши исён кўтаришди. Бу гал Араб Муҳаммадхоннинг бошқа икки ўғли Исфандиёр ва Абулғози отаси тарафда туриб, исёнкор ҳабаш ва Элбарсларга қарши курашди. Аммо бу жангда исёнкорларнинг қўли устун келиб, мағлубиятга учраган Исфандиёр ва Абулғози ҳар тарафга қараб қочди. Аввал Кат, сўнгра Бухородан паноҳ топган Абулғози Имомқулихон ҳузурида икки йил ҳаёт кечирди. 1623 йили маслакдош иниси Исфандиёр Эрон шоҳи Аббос 1 ёрдамида Хива тахтини эгаллагач, ота юртига келди. Ҳукмдор Абулғозини сийлаб, унга Урганч ҳокимлигини топширди.

Аммо орадан 4 йил ўтиб, хон ва ҳоким орасида келишмовчилик келиб чиққач, Абулғози олдин Туркистон, кейин Тошкент ва Бухорода ҳижратда яшашга мажбур бўлди. 1630 йили Исфандиёрхондан норози бўлган ёвмудлар уни оразмга келиб, хонга қарши курашишга чорладилар. Шу тахлит Абулғози яна элига қайтиб, Исфандиёр билан жангга кирди. Ана шундан кейин оға-инилар ўртасидаги музокаралардан сўнг пойтахт азораспда ҳукм сураётган Исфандиёр Абулғозига ива ҳокимлигини беришга қарор қилди. Бироқ хон Абулғозининг оразмда туриши ўзига зарар эканлигини, қачондир бўлмасин, тахтни тортиб олиши мумкинлигини ўйлаб, Эронга қарашли нисо шаҳрига босқинчилик қилишда айблаб, уни ҳибсга олдирди. Эрон шоҳи Сафиъ 1 га нисо босқинчисини қўлга олганлигини айтиб, Абулғозини унга топширишди.

Шу тарзда Абулғози 1630-39 йилларда Эроннинг Таборак қаъласида махсус назорат остида ҳибсда ўтирди. У ана шу тутқунлик даврида қандай хато ва камчиликларга йўл қўйганлигини англаб, келажакдаги мақсад ва ниятларини белгилаб олди. Сўнгра у қарийиб 10 йиллик тутқунликка чек қўйиб, ҳийла ишлатганича қаъладан қочди. Минг машаққатлар эвазига Орол ўзбеклари ҳузурига етиб кела олди. Оролликлар хонзода Абулғозини яхши кутиб олиб, Исфандиёр билан мухолифлиги боис, ёвмудлар билан бирлашиб, хонга қарши курашга отландилар ва натижада қўзғолончиларнинг қўли устун келиб, Абулғози 1644 йили тахтга чиқди.

Ана шу санадан сўнг Абулғозихоннинг 20 йиллик ҳукмронлик даври бошланди. Бу вақтда у давлат ичкарисида ислоҳот ўтказиш учун босқинчиликларга чек қўйиш мақадида чегарани мустаҳкамлади. Айни пайтда 1646-53 йилларда Эрон, Атров ва Журжонликлар, 1655-62 йилларда хонликка бостириб келган Урал казаклари ва Бухоро амирлиги билан урушлар олиб борди.

Шу билан бирга, у Амударё ўзанини ўзгартириб, сув бермай қўйганлиги боис харобага айланаёзган Урганч ва Вазир шаҳарларини онқанинг ғарбий томонидаги ҳозирги Урганчга ва Гурлан беклигига кўчириб, янги шаҳарларга асос солди. Энди олдинги шаҳарлар-Кўҳна Урганч ва Кўҳна Вазир, Абулғози барпо этдирган шаҳарлар Янги Урганч ҳамда Янги Вазир номи билан аталадиган бўлди. Абулғози, шунингдек ўзбек уруғларини-уйғур ва найман, қўнғирот ва қиёт, жалойир ҳамда қиёт, манғит ва нукус, қангли-қипчоқ уруғларини бирлаштириб, улар учун дарё бўйларидан ер тақсимлаб берди. Шу тахлит, хонлик ичидаги ер ва сув учун бўладиган уруғлараро низолар бартараф этилди. Айни пайтда ҳар бир уруғ ичидан обрўли бир кишини ўз ёнига олиб, уларга юқори лавозимларни топширди.

Ана шу тарзда ҳам давлатга қилинадиган босқинчиликларнинг олдини олди, ҳам хонлик ичида низоларга чек қўйиб, барқарорлик ўрнатди. Бундан унумли фойдаланиб, тарих ва табобатга қизиққани боис, тажрибаларини умумлаштириб, учта асар ёзди.

“Шажараи турк” асарида Одам Ато замонидан ўзигача бўлган даврдаги турк ва мўғул уруғларини, “Шажари Тарокима” да туркман уруғлари ҳаётини батафсил тасвирлайди. “Манофеъ ул-инсон” асарида эса Абулғозининг табиблик тажрибаси, қўллаган амаллари кенг ёритилади. Шунингдек, оразмда учрайдиган доривор гиёҳлар ва ўсимликлар, уларнинг фойдаси, қандай касалликларни даволашда уларни қай тарзда қўллаш кераклигини Абулғози табиб сифатида ўз асарида мукаммал ёритади.

Табиийки, 1616 йилдан 1644 йилгача кечган тожу-тахтлар учун курашлар, қолаверса , 10 йиллик ҳибсдаги азоблар, 20 йиллик давлат бошқарувидаги асаббузарликлар боис, у ўз соғлиғини йўқотди. Тарихда не бир ҳукмдорлар касал, ҳаттоки, ўлар ҳолатдаям тахтни топширмаган. Абулғози эса хаста хон сифатида давлат бошқарувини, халқни эмас, соғлиғини ўйлар, шу боис ўғли Ануша фойдасига 1664 йилда ўз ихтиёри билан тахтдан воз кечди. Бу Хивада ҳукмронлик қилган 57 нафар хон давридаги, эҳтимол, дунё тарихидаги ана шундай ягона ҳодиса эди.

Олтинни олмаган хон

“Қарғишга қолмайин десанг, уйимни бузма”, дея дадил гапирди хонга бева аёл. Бу гапдан сўнг хон бева аёл озор кўрмасин, қарғишга қолмайин, деб унинг уйини буздирмади. Шу тариқа қаъла девори айнан шу жойдан ўз йўналишини ўзгартириб давом этган…

Қаъла деворини қурдирган ўша хон Оллоқулихон эди. У Хива тахтига ўтирган ҳукмдорларнинг қирқ тўққизинчиси бўлиб, қўнғиротлар сулоласига мансуб отаси Муҳаммад Раҳимхоннинг вафотидан сўнг 1825 йилда бошига тож, бармоғига салтанат узугини таққан. Ўшанда Оллоқулихон энди ўттиз ёшга тўлган эди.

Бу пайтларда сарой ўйинлари тез-тез бўлиб турадиган одатий ҳол саналган. Шу боис Оллоқулихон атрофига ўзидек инсофу диёнатли кишиларни тўплади. Унинг халқ ўртасида инсофли ҳукмдор, дея довруқ таралишига сабаб, 1831 йили Хивалик савдогар Саид Ниёз Шоликорбойга насиб этган бир қор олтинни хонлик хазинасига қўшмаганида эди. Ўшанда Саид Ниёз Оренбургдан қирқ қоп маҳсулот олиб қайтиб, ичидан чиққан бир қоп олтинни нима қиларини билмай қолди. Сўнг охиратим куймасин, дея Оллоқулихоннинг ҳузурига борганди.

—Бу олтинлар қандай йўл билан топилгани номаълум. Шу боис бир қоп олтинни деб хонлик хазинасини булғамайлик,—деди хон бойга. Кейин масжид, минора солишни маслаҳат берди.

Ўзи ҳам аъёнларининг маслаҳатига кўра, Эрон ва Бухоро билан кечадиган низоли воқеаларга чек қўйди. Ҳатто, урушда асирга олинган хуросонлик форсийларга Оқдарбанд қишлоғини ажратиб бериб, уларга деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳарбий хизмат қилишлари учун шароит яратиб берди. Айни пайтда Хоразмда янги этник улус—форсийларни кўпайтирди. Чор империяси билан тўхтаб қолган дипломатик алоқаларни йўлга қўйди. Кўп йиллардан бери Хивада сақланаётган 29 нафар рус кишисини совға ва инъомлар билан озод қилиб, ватанига жўнатди. Энг ҳайратланарлиси, Оллоқулихон шарқ мусулмонларига хос нафақат араб ва форс тилларини, балки рус тилиниям ўрганиб, ёзиб гапира оладиган даражага етган эди. Русиялик савдогарлардан русча китоблар сотиб олиб ўқирди. Ҳатто, Хоразмда, Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб, замондоши Пушкин шеърларини мутоаала қилган. Ваҳоланки, кейинчалик, чоризм истилосидан сўнгги қарамлик давридаям Бухоро амирлари ва Хива хонлари руслар билан тилмоч орқали муомила қилишган.

1830 йилларда, тағин диний бидъат авж олган замонларда оврўпа тилини, мутаассиблар таъбири билан айтганда, “кофирча”ни ўрганиш, китоблар ўқиш ҳам хон учун жасорат эди. Шунингдек, Федька Грушин деган рус асирини эшик оғаси лавозимига, Андрей Ивановни эса Хивада руҳонийлик қилишига, рус асирларининг тўпланиб, улуғ рўза, пасха, троица—насронийлик диний байрамларини ўтказишига рухсат берди.

Бироқ, нима бўлганида ҳам у Хоразм ҳукмдори сифатида ўз миллий манфаатларини ўйлар эди. Шу боис 1839 йилда Хивага келган Англия элчиси Аббат ва 1841 йили воҳага ташриф буюрган чор империяси элчиси Никифировларнинг ўз давлатлари манффатини кўзловчи талабларини рад этди. Савдонигина ривожлантириш учун ўз элчиларини уларга қўшиб юборди. Булардан ташқари Оллоқулихон хонликда кўплаб каналлар қаздирди, сув йўлларини тозалатдирди. Пойтахт Хивада кўплаб масжид, мадраса, хонақоҳ барпо этдирди.

Оллоқулихоннинг бошқа амалдорларга, олтинни нафсига ишлатиб, қўша-қўша уй, хотин устига хотин олаётган бойларга ибрат сифатида 99 ҳужрадан иборат икки қаватли мадраса бунёд қилдиргани ҳам маълум. Ўз халқига нисбатан раҳм-шафқатли бўлган хон Ичан қаъладан ташқарида яшаётган фуқароларни ҳимоя этиш ниятида яна бир истеҳком—Дишон қаълани барпо этдирди. Ваҳоланки, Оллоқулихон пайтида Хивага ҳужум таҳликалари бўлган эмас. У халқи, давлати манфаати ҳимоясини ўйлаб, шундай мудоффа иншоаатини бунёд этдирган эди. Мазкур қаъла деворининг узунлиги 6250 метр бўлиб, пахса деворлар лойдан олти ҳафталик муддат ичида тикланган. Эътиборни тортадиган жиҳати, Дишон қаъла жанубидаги девор пахса аввал ичкарига кириб, кейин бурилиб, яна ўз йўналишида давом этган.

Юқорида айтганимиздек, Оллоқулихон қаъла деворини тиклаётганида, бир бева аёлнинг уйи йўналишига тўғри келганди.Беванинг, халқ қарғишидан қўрққан хон деворнинг йўналишини ўзгартиради.

Оллоқулихон касаллиги туфайли, 1842 йили, ўн саккиз йиллик ҳукмдорлигидан сўнг вафот этган. Ундан етти ўғил ва хонлик даврида барпо этдирган иншоаатлар ёдгор бўлиб қолди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР