Амударё хазинаси
Турли манбааларнинг маълумот беришича ушбу хазина 177, 182 ва 185 дона олтин ва кумиш буюмлардан иборат, баъзан уларнинг сони 200 донага етади деган манбаалар ҳам бор. Тилла тангаларга келсак, уларнинг сони барча манбааларда 1 минг 300 дона деб қайд этилган.

Ушбу иборани баъзи бир илмий-оммабоп рисолаларда, санъат асарлари ёки заргарлик санъати намуналари фото-алманахларида учратган бўлишингиз мумкин. Агарда сиз қадимий маданиятлар тарихига, археология ва нумизматикага қизиқадиган бўлсангиз, бу ибора сизга яхши таниш бўлиши керак. Европада бу ибора – «Окс хазинаси» деб юритилган, негаки Амударё юнон манбааларида «Окс» деб юритилган. Амударё соҳилларидан топилган, тилла ва кумушдан ишланган заргарлик буюмлари, идиш-товоқ, қурол безаклари, одам ва турли ҳайвонлар шаклидаги ҳайкалчалар мажмуаси ва тилла тангалардан иборат хазина тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Хоразмнинг қадимий тарихи ва ҳозирги куни бевосита Амударё билан боғлиқ. Ушбу хазина Амударёнинг юқори оқими соҳилларида топилган бўлса-да, бу мавзу бизларни қизиқтирмай қолмайди. Амударё хазинаси тўғрисидаги илмий-оммабоп адабиётларда ва интернет тармоғида жойлаштирилган маълумотларни ўрганиб чиқдик ва қуйидагиларни эътибрингизга ҳавола қиламиз.

Турли манбааларнинг маълумот беришича ушбу хазина 177, 182 ва 185 дона олтин ва кумиш буюмлардан иборат, баъзан уларнинг сони 200 донага етади деган манбаалар ҳам бор. Тилла тангаларга келсак, уларнинг сони барча манбааларда 1 минг 300 дона деб қайд этилган.

Аксарият энциклопедик луғатларда ва уларнинг электрон нусхаларида қуйидагича қисқагина маълумот берилган:

«Амударё хазинаси – 177 олтин ва кумуш буюмлари ва 1300 дона тилла тангадан иборат, э.о. 4 – 2 асрларга доир. 1877 йили Амударё сохилида (Тожикистонда) топилган».

БСЭ луғатида бу мавзу бироз кенг ёрутилган, масалан slovari.yandex.ru сайтида қуйидаги маълумот берилган:

Амударё хазинаси – э.о. 4-2 асрларга доир олтин ва кумушдан ясалган буюмлар коллекцияси. 1877 йили, ҳозирги Тожикистон (қадимий Бактрия) ҳудудида топилган. Британия музейида сақланмоқда. Хазина 1300 тилла танга (э.о. 200 й. ва ундан олдинги асрларга доир), идишлар, ҳайкалчалар, билак узуклари, тақинчоқлар, олтин пластиналар ва бошқа буюмлардан иборат. Амударё хазинасига тегишли буюмларда Ахомонийлар даврига доир санъат анъаналари ва услублари ўз ифодасини топган, ва шу қаторда юнон-бактрия маданияти, скифларнинг «ҳайвон шаклларини бериш услуби», шимолий ҳудудларнинг қўчманчи халқлари ва шу жумладан Ўрта Осиё халқларининг услублари намоён этилган.Лит.: Dalton O. M., The treasure of the Oxus, 3 ed., L., 1964.В. Н. Сарианиди.

Айрим сайтларда бу хазинанинг қандай топилгани ва қаердан келиб чиқиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилган. Бундан 130 йил олдин Ҳиндистон бозорлари ва антиквар буюмлар сотиладиган дўконларда ғайриоддий, бу ерларда учрамайдиган тилла буюмлар пайдо бўлган. Айтишларича, бу буюмларни учта бухоролик савдогар (Вази ад-Дин, Ғулом Муҳаммад ва Шукур Али), олиб келиб Равалпинди ва Пешовар (ҳозирги Покистон) бозорларида сотиб кетишган экан.

Ундан олдин, жуда ажабтовур, «1001 кеча» эртакларига хос воқеалар содир бўлган. Савдогарларнинг айтишича, бу хазинани улар оддий деҳқонлардан сотиб олишган экан. Амударёнинг юқори оқимида, Кафирнигон ва Вахш дарёлари Амударёга қўшилган жойларда, шимолий соҳилда бир эски қалъа ҳаробалари бор экан. Шу харобаларни гоҳ дарё сувлари босиб гоҳида яна қайтиб кетар эқан. Деҳқонлар бу хазинани ўша ердан, сув қайтган мавсумда топишган экан. Савдогарлар олтинларни сотиб олиб Пешовар томон йўл олишган.

Кабул шаҳридан Пешоварга борадиган йўлда қароқчилар қўлига тушиб барча мол-давлатларидан айрилганлар. Нима қилишларини билмай шу жойларда жойлашган Британия ҳарбийларига мурожаат қиладилар. Уларнинг арзларини капитан Ф.Бартон қабул қилади ва дарҳол қароқчиларнинг изига тушишни буюради. Қароқчилар ярим тунда, қатта ғор ичида тиллаларни талашиб турган пайтларида қўлга туширилади. Улар хазина олтинларини қайтариб беришади. Хазина ўз эгаларининг қўлига қайтади, фақат битта билак узукни капитан Бартонга миннатдорчилик тарзида ҳадя қилинади. Қолган тиллалар Пешовар ва Равалпинди бозорларида сотилади.

Хазина тўғрисида капитан Бартоннинг рапортидан ҳабар топган генерал-майор А. Кеннингем ва ноёб топилмаларга қизиқадиган дўсти Э.У.Френк бу хазина буюмларини излай бошлайдилар ва деярли барчасини йиғиб олишга эришадилар. Шу тариқа Амударё хазинаси Британия музейига жунатилади.

Хазина буюмлари археолог-олимлар томонидан бир неча бор ўрганиб чиқилган, уларнинг келиб чиқишлари, қайси даврга ва қайси маданиятга доир эканлиги аниқланган. О.Далтон томонидан “Амударё хазинаси” деб номланган каталог рўйхати тузилган. Е.В. Зеймаль, Е.Е. Кузьмина, P.M. Гиршман ва М И. Артамонов каби олимлар илмий ишларида ўз фикрларини билдирганлар. Уларнинг тахмин қилишича, бу буюмлар узоқ муддат давомида йиғилган бўлиб қайсидир диний эҳром – зиёратгоҳда, бой-бадавлат одамларнинг хайрия-эҳсонлари эвазига пайдо бўлган. Бу буюмларнинг айримлари Ахомонийлар даври ва маданиятига тегишли бўлса, бошқалари Юнон-Бактрия маданияти, Скифлар маданияти, Марказий Осиё ва Сибир халқлари маданиятига тегишли деб топилган.

Аммо илмий томондан пухта ўрганилганлигига қарамай бу хазинанинг манбаси, яъни топилган жойи расмий равишда тан олинган эмас, негаки ҳеч қандай исботловчи расмий ҳужжатлар йўқ. Шунинг учун хазинанинг асл манбаси ноаниқ ҳисобланиб, унинг ўз маданий мероси деб даъво қилувчи Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатларининг қай бирига тегишли эқанлиги аниқланмаган. Қандай бўлганда ҳам Амударё хазинаси умуминсоний қдриятга эга дунё халқлари ва шу жумладан Марказий Осиё халқларининг бебаҳо мероси хисобланади.

Айни кунларда ушбу хазина Лондондаги Британия музейида сақланмоқда. Уни томоша қилиш учун йилига 5 млн. одам, дунёнинг турли бурчакларидан келиб кетадилар.

Албатта интернет тармоғида жойлаштирилган бу маълумотлар жуда қизиқарли, аммо зебу-зийнатларнинг суратлари жуда кам берилган экан, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Биз бундай суратларни фақат википедиянинг инглиз тилидаги саҳифаларидан ва Британия музейининг сайтидан топдик. Улардан бир нечасини намойиш этамиз ва уларга илова қилинган матнларнинг таржимасини келтириб ўтамиз.

Грифон бошли тилла ҳалқа.

Тилла халқа грифон бошлари билан безатилган, унинг ишланиш услуби э.о. 5-4 асрларининг Ахомонийлар давридаги Эрон маданиятига мансуб.

Грифон – юнон номланиши бўлиб, афсонавий мавжудод, бургут тумшуқли ва қанотли, шохдор арслон шаклида. Шундай безак берилган халқа ва билак узуклар қадимий Эрон пойтахти Персеполис шаҳрининг қазилмаларидан ҳам топилган. Юнон тарихчиси Ксенофон (э.о. 430 й.) ёзишича, бундай халқалар билан эрон шоҳлари ажирим ишлари билан шуғулланидаган амалдорларни мукофотлар эканлар ва бу мукофотга сазовор бўлганларнинг мартабаси янада улуғ бўлар экан. Халқанинг нақшинкор юзасида чуқурчалар бор, бу чуқурчалар шиша ва қимматбахо тошлар билан безатилган бўлиши мумкин.

Ўлкашунос-тадқиқотчи К.Нуржоновнинг фикрига кўра “Амударё хазинаси” буюмларида қадимий “Авесто” персонажлари, илоҳийлаштирилган ҳайвонлар, от, қўй, балиқ, ит ва бошқа жониворлар шакли акс эттирилган. Ушбу халқа суратини ўзбек миллий сўмида ҳам қўришингиз мумкин.

Грифон шаклидаги нақшинкор рельеф.

Бу нақшинкор рельефда ҳам грифон сиймоси намоён этилган. Унинг юзасида ҳам бўшлик чуқурчалар бор, тахмин қилинишича улар шиша ва қимматбахо тошлар билан безатилган. Нақшнинг орқа тарафида уни маҳкамлаш учун мўлжалланган иккита игнаси бор. Аммо, бу ажабтовур безакни айнан нимани безатиб туриши ва қай мақсадда ишлатилиши аниқланган эмас.

Бу безакнинг шаклида скифларга хос бўлган «ҳайвонлар шакли бериш услуби» ҳам намоён бўлиб турибди. Бу эса қадимий Эрон маданиятига Шимолий ҳудудларда истиқомат қилувчи кўчманчи халқлар, Марказий Осиё ва Сибирь халқлари маданиятининг таъсири ўтганлигини исботлайди.

От-аравасининг модели.

От-аравасининг модели ҳам жуда ажойиб, усталик билан ишланган. Аравага тўртта от қўшилган, устида икита одам ҳайкалчаси, тикка турган аравакаш ва унинг хўжайини ўтирган ҳолатда. Аравачага моҳирлик билан безак берилган, одамларнинг уст-бош кийимларигача аниқ ишланган.

Кийимлар қадимий Эроннинг Медиана вилояти кийимларига ўхшаш деб топилган. “Авесто” китобида маъбуда Анахита тўртта от қўшилган аравани хайдаб келаётгани мадх этилган.

Шунга ўхшаш арава модели, Амударё хазинаси топилган йили, граф Литтон томонидан Ҳиндистонда сотиб олинган. У ҳам Амударё хазинасига тегишли деб тахмин қилинмоқда. Ҳозирги кунда Британия музейида сақланмоқда.

Тилла пластина.

Эркак киши сурати чизилган тилла пластина, Амударё хазинаси таркибидаги тилла пластиналардан энг каттаси. Бу пластина узунлиги 3 см.-дан 20 см.-гача келадиган 50 тилла пластиналардан бири. Унинг юзасида, ўнг қўлида бир даста таёқчалар тутиб турган одам сурати чизилган. Бу таёқчаларни бирон-бир доривор ўт, ёки диний маросимларда тутатадиган ўт деб ва суратдаги одамни қайсидир диний эҳром қоҳини деб тахмин қилинмоқда. Аммо суратдаги кишининг белида қилич осиғлик турибди, бундай калтароқ шаклдаги қиличлар скифларнинг қиличи – «акинак»га ўхшайди. Кишининг бошидаги қалпоқ ҳам скифларнинг бош кийимларига ўхшаш деб топилган. Шуларни ҳисобга олиб суратдаги одам – скиф аскари деб таҳмин қилиш мумкин экан.

Суратнинг чизиқлари унчалик аниқ эмас, айрим жойларида оддий ва қўпол ишланган. Бу суратни маҳаллий усталар, ёки уста шогирди ишлаган деб ҳулоса чиқариш мумкин. Шундай бўлса да бу сурат қадимий санъат анъаналаридан дарак берувчи бир ноёб асар ҳисобланади.

К.Н. Нуржонов

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР