Хива хонлигида ер-сув солиғи
Тўланадиган солиқнинг миқдори ернинг сифатига ва ер эгасининг ижтимоий-сиёсий мавқеига қараб белгиланган.

Маълумки, Хива хонлиги типик феодал давлат бўлиб аҳолининг 95 фоизи қишлоқ хўжалиги билан машғул бўлган. Экиладиган ер майдонларининг аксарияти хон ва беклар мачит ва мадрасалар, катта ер эгаларининг мулки ҳисобланади. Экин майдонлари асосан 3 турга бўлинган.

Тўланадиган солиқнинг миқдори ернинг сифатига ва ер эгасининг ижтимоий-сиёсий мавқеига қараб белгиланган.

XIX асрнинг биринчи ва иккинчи чорагига алоқадор ҳужжатлар нафақат Журён ёки Гўжа қишлоғи, балки бутун хонликнинг архиви Санкт-Петербург шаҳридаги Салтиков-Шедрин номли халқ кутубхонаси фондларида сақланмоқда. Улар 1873 йил ёз ойларида рус аскарлари Хиванинг забт этган чоғда атайлаб олиб кетилган ва 1940 йилгача ҳеч кимга кўрсатилмай сақланган. Шарқшунос олимлар В.В.Бартольд, П.П.Иванов, М.Йўлдошев, Я.Ғуломов, А.Болтаев, А.Абдурасулов ва бошқалар ушбу архив ҳужжатларининг бир қисмини ўрганиб чиқдилар. Лекин бу ерда сақланаётган қўлёзма китоблар, тошбосма асарлар ва XIX аср ўрталарига доир ҳужжатларнинг 3 минг жилдлигини ҳисобга олсак, ҳозиргача эълон қилинган китоблар 10 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Ушбу қўлёзма ҳужжатларни китоб ва вақтли матбуот асарларини варақлаб Журён, Гўжа, Индавак, Хистиён, Арвук, Жиндиён каби қишлоқларда яшаган ота-боболаримизнинг XIX аср ўрталарида ва XX аср бошларида ер, сув мулки, солиқ ёки навкар бериш каби ижтимоий муносабатларни бироз бўлсада аниқлашга ёрдам беради.

Масалан: 1843-1867 йилларга доир тарихий ҳужжатларда Журён қишлоғи ўз атрофидаги барча мачитқўмлар орасида энг салмоқлиси ҳисобланган ва йилига 109 тилло солиқ тўлаган, 36 навкар, 133 қазувчи берган, хўжалик-хонадонлар сони 70 дан ортиқ бўлган.

Маълум бўладики, қишлоқдаги Ашир, Шўрқалъа, Жўжиқлар ва Оёқ Журён элатлари ҳам ягона Журён номи билан аталган. Тўланадиган солиқлар миқдори бўйича Гўжа иккинчи, Арвук учинчи ва Хистиён қишлоқлари тўртинчи ўринларни эгаллаган. Келиб чиқиши араб ёки форслардан бўлган хўжалар, хон амалдорлари, эшонлар ҳамда етим-есирлар ер солиғидан озод этилганлар. 1843-1867 йилларда Журён аҳолиси 234 хонадонда истиқомат қилганлар. Ҳар бир оилада ўртача 10 жондан яшаган деб ҳисобласак қишлоқда тахминан 2300-2400 киши яшаган. 25 оила хон томонидан турли солиқ ва тўловлардан озод этилган.

“Солиқ тўлаш тартиби” – деб ёзади XX аср бошларида воҳага келган агроном О.Шкапский “Амударё очерклари” китобининг 105-бетида, “фойдаланаётган ернинг миқдоридан қатъий назар уч тоифага бўлинади. Масалан: 10 таноб ва ундан зиёд аъло ерли хўжаликлар, 5-10 таноб авсот (ўрта) ерли ва 1-5 таноб адно – шўрхок ёмон ерли деҳқонларга ажратилган.

50-100 танобдан зиёд ерлилар солиқлардан бутунлай озод этилганлар. Улар учун солиқ ижрочидан ундириб олинаверган. Академик М. Йўлдошевнинг “Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши” номли монографиясида кўрсатилишича (Т. “Фан”,1959 йил, 64-бет), 1870 йилда Хоразм қишлоқларида 23 011 хонадон бўлган ва улар ҳар йили 40 993 тилло пул ер солиғи тўлаб келганлар. Деҳқончиликда қуллар меҳнатидан кенг фойдаланилган. Масалан: Ҳижрий 1266 йилда (1849-1850) Қизил Тақир қишлоғида ишлатилган қуллар деҳқончилигидан 6 минг ботмон (ҳар ботмон – 20кг. тенг) дон олинган. Ҳаммаси бўлиб ўша жойда 18 310 ботмон ғалла йиғиб олинган. Демак, етиштирилган ҳосилнинг учдан бир қисми қул меҳнатини эксплуатация қилиш эвазига олингандир.

Тошкент Шарқ қўлёзмалари институтининг 33-фондида сақланаётган бир вақфномада Хива яқинидаги Индавак қишлоғида мачитларга қарашли 15, Садирхос қишлоғида 17 таноб аъло ер бўлганлиги ва улар қуллар ҳамда художуйлар томонидан кўмак (ҳашар) йўли билан ишлаб ҳосил олинаётганлиги қайд этилади. Ўша жойдаги икки элатнинг солиқ дафтарларини чоғиштириб кўрилганда қуйидаги манзара намоён бўлади.

Жиндиён қишлоғида 1843 йилда яхши ерли 22 хонадон бўлиб 37 тилло солиқ тўлаганлар. 1867 йилга келиб Жиндиёнда яхши ерлилар 3 оила бўлиб 23 тилло, Индавакда эса яхши ерлилар 14-га тушиб қолганлар ва 38 тилло солиқ тўлаганлар.

Кўриниб турибдики, солиқ ундирувчилар ерларнинг ёмонлашувини инобатга олмаганлар, натижада йиғилган солиқ миқдори 23 йил давомида камайтирилмаган. XIX аср ўрталарида Хива хонлигида қуйидаги солиқлар расм бўлган:

1. Бегор – ишлаб бериш солиғи. “ҳашар”
2. Қазув – 12 кунлик мажбурий хизмат.
3. Олгут – бир йўла олинадиган солиқ.
4. Солғут солиғи
5. Милтиқ солиғи – қурол солиғи
6. Улоқ тутув – от-улоқ сайил пули.
7. Қўнолға-қўноқ солғути (меҳмон)
8. Сўйсун солиғи – жонлиғ сўйиб ош бериш
9. Чопар пули – хабар солиғи (почта)
10. Тарози пули – таг-жой солиғи
11. Миробона – мироб солиғи
12. Дарбозабон пули – бозорга кириш пули
13. Отланув пули – Шикор ёки сафар пули
14. Ипак пули – 40/1 қисм закот
15. Мир туман – ҳоқим тўра солиғи
16. Шиговул пули – йўл пули
17. Қоровул пули – соқчилик ҳақи
18. Пул солиғи – ҳазиначи пули
19. Қурубон пули – тўқай пули
20. Мушрибона – ҳосил назоратчиси ҳақи
21. Афанак пули – ерни бўш қолдиргани жаримаси
22. Чувик пули – (аниқлаб бўмади)
23. Оломон пули – жарима
24. Тутун пули – ёнғин ҳавфсизлиги

Хонликнинг барча аҳолиси каби журёнликлар ҳам юқорида кўрсатилган солиқларни тўлашга мажбур эдилар.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР