Катқалъа қишлоғи ҳаётига доир ҳақиқатга яқин ривоят ва афсоналар
ОҚ МАСЖИД. Ҳозирги Шовот –Урганч асфальт йўлининг икки томони аввал ғуж–ғуж аҳоли истиқомат қилаётган жойлар эди. Эл уламолари қайлардандир оҳак топиб келиб элат марказидаги масжидни суваб оқладилару элат номи Оқ масжид бўлиб қолди. У ҳозирги Қиёт қишлоғи кунчиқар буржидан тортиб, токи Юсуф Ҳамадоний қўйимгоҳ саждагоҳигача давом этар эди. 1926 йилда Собир Ғафурий Иброҳим оқсоқолнинг кўпқатли кунгирадор уйида бошланғич шўро мактаби ташкил этди–ки, у қишлоқ номи билан боғланиб, Оқ мактаб деб атала бошланди.

Катқалъа қишлоқдаги элат, маҳаллаларининг тарихи ва номланиши.

КАТҚАЛЪА – номидан аёнки, бу қишлоқ маркази бўлиб, аҳоли аввал асосан Анушахон даврида иккинчи бор бунёд этилган катта пахса девор билан ўраб олинган шаҳарча ичида истиқомат қилишган.

Давр, замонлар ўтди. Ғир атрофини катта пахса девор билан ўраб олинган қалъа – шаҳарча ичида яшаб оила тебратиш мушкуллашади. Шундан кейин аҳоли бирин – кетин шаҳарни ташлаб чиқиб, деҳқончилик қилишга қулай жойлардан ўзларига макон тута бошлаганлар.

1963 йил ёзида аҳоли қалъани буткул тарк этган. Шундан буён қалъа ичи бўм-бўш ётади.

ОЛТИНҚАЛЪА. Ривоят қилишларича ёзнинг иссиқ саратон кунларининг бирида эрта субҳидам пари қиз ариқнинг тиниқ зилол сувида чўмилишга чиқади. Йўлдан ўтиб бораётган йўловчи йигитнинг ногаҳон нигоҳи қизга тушиб қолади ва у қизнинг кийим кечакларини яширади, ўзига қаллиқ бўлишни сўрайди. Пари қиз дейди:

– Хўш, ғўч йигит. Мен сизга қаллиқ бўламан, аммо бир шартим бор.
– Қандай шарт экан?
– Сиз менинг нозик, яланғоч халол баданимга харом нигоҳингиз билан кўз югуртирмайсиз.
– Хўп бўлади. Кийимларингни ҳам қайтариб ўз жойига қўяман.

Томирларида қони жўш уриб турган йигит бир нозанин жуссасига иштиёқманд навқирон ўт олов қалб эгаси эмасми, ногаҳон пари қизнинг нав-ниҳол жуссасига нигоҳ югуртиради. Шу заҳотиёқ пари қизнинг йигит нигоҳи қадалган бир оёғи, белининг бир қисми кемтилиб ўрим-ўрим сунбул сочи тўкилади ва пари қиз қушга айланиб самога парвоз қилиб учиб кетади.

Йилларни қувлаб йиллар ўтади. Пари қиз ўзга юрт подшоҳи билан турмуш қуриб тўқлидай ўғил кўради. Ўғил ўсиб униб вояга етади.

Пари қиз ўзи учиб келган макон масканни унутмаганди. Подшоҳи аълам билан маслаҳатлашиб, йигитни беҳад олтин, кумушлар билан ўзи учиб кетган масканга қайтаради. Йигит келиб, олтиндан қалъа бунёд этади. Элат номи шу – шу Олтинқалъа. У шўро ҳукумати илк фаолияти даврида ўз муҳрига эга қишлоқ бўлиб ҳам турган. Олтинқалъа Буюк ипак йўли устида жойлашиб Нукус, Хива, Қўнғирот билан боғлагани учун тез ривожланади.

КЎРАКЛАР. Бу элат тарихини бизга 81 баҳорга қадам қўйган Ҳайитмамат ота Собиров шундай таъриф қилиб берди:

– Шўро инқилоби амал олган дастлабки йилларда аҳоли Амриқо навли уруғлик чигит экиб, «Пахтасоюз» ширкатига ҳосил топшириб кун кечирар эди. Бир йили бобом Бобожон ва дадам шу нав уруғлик чигит эккан эдилар. Шу йили куз барвақт келиб, совуқ эрта тушган, пахта очилмай ширдон кўрак ҳолида қолган. Шундан буён элат номи Кўраклар деб аталади. Кўраклар қишлоғи XX асрнинг эллигинчи йиллари ўрталарига қадар мавжуд бўлиб, ҳозирги Ҳунарманд, Идалиқалъа маҳалла элати ҳам унинг қаромоғида эди.

БОТИРЛАР. Хонлик даври ва ўтган асрнинг қирқинчи йилларигача айрим миллатчи ёвмут қабилаларининг туманимиз қишлоқ элатларига босқинчиликлари давом этиб турган. Улар халқнинг йилқи, мол қўйлари, бойликлари, сулув қиз –келинларини зўравонлик билан олдларига солиб ҳайдаб кетишаверган. Қаршилик кўрсатганларни отиб ўлдирганлар.

Элатнинг мард йигитларидан икки нафари милтиқ сотиб олиб, уларга қарши чиқади. Миллатчи ёвмутлар тўдаси яна кўриниши билан милтиқдан ўқ отадилар. Ёвмутлар бу элатнинг ботири, марди бор экан деб орқаларига қайтиб кетадилар ва қайтиб бу элатни ораламайдилар. Шундан буён элат Ботирлар элати деб аталиб келинади.

БЕКЛАР. Бу элатда асосан қишлоқнинг бой, бадавлат кишилари кўпроқ истиқомат қилганлар. Отажонбек, Тангриберганбеклар шу элатнинг етакчи вакилларидан эдилар.

ТЎҚМОҚЛИ ЭЛАТИ. Элат Ёрмиш каналининг ўнг томонида бўлиб, – эл оқсоқолининг қўлида ҳамиша тўқмоқли йўғон хассаси бўлган. Қаҳр ғазаби қайнаб-тошган пайтларда у тўқмоғи билан ерни қаттиқ тўққиллатиб қўяр экан. Улардан сал кунчиқар тарафда сўзма хўжалар яшаб истиқомат қилганлар.

Қадимда Тўқмоқли ерлари қўшни Янгибозор туманининг Бўзқалъа элатигача чўзилиб ётган.

ХЎЖАЛАР элати қишлоқнинг кунчиқар чети бўлиб, бу ерда асосан дини исломга ниҳоят меҳрли ших Шарафиддин бобо авлодлари яшаганлар. Уларнинг яна бир етук вакили Оллаёр охун эди. Кунда беш вақт намоз, ўз рўза қарзини ҳеч янглишмаган бу уламо ҳақида қишлоқда ҳозир ҳам бир–биридан илиқ хотиралар оғизма–оғиз ўтиб юради.

* * *

Қишлоқ ҳаётига доир ҳақиқатга яқин ривоят, афсоналар ҳам анчагина.

Маълумки, инсон ризқ–насибаси она тупроқни ишлаш, эъзозлашдан унади. Ақлли инсон бир қарич ерини бировга бермайди. Хонлик даврида Катқалъанинг орқа тараф чегарасида Бўзқалъа, Ширинқўнғирот қишлоқлари аҳолиси ўртасида ер талашиб, келишмовчилик келиб чиқади. Улар ҳозирги катта заҳкашнинг қибла тарафидаги ерларни бизнинг ота-боболаримизнинг ерлари деб даво қилишади. Келишмовчилик, жанжал хон девони қозикалонгача бориб етади.

– Шу арзимас масалага ҳам хонлик девонини аралаштириб ўтирсизларми. Боринглар, ўзларингиз келишиб ҳал қилинглар. Бир ойдан кейин келиб натижасини аён қиласизлар, –шарт қўяди девонбоши.

Ерни ўзиники қилиш ҳақида икки томон ҳам қаттиқ ўйланади.

– Қандай қилсак ер ўзимизники бўлади, –асосий жумбоқ шу эди.

Катқалъаликлар шумлик қилиб муҳлатнинг охирги куни қишлоқлар чегарасига яқин жойдан одам бўйи чуқур қазиб, унинг ичкарисига одам киргизиб устини бостириб ташлайдилар. Ер ҳақидаги тортишув, баҳслашувлар анча давом қилиб, улар яна бир ечимга келолмайдилар. Шунда бир мўйсафид оқсоқол ўрнидан туриб дейди: – Яхшилар, бу ҳақда келинглар ернинг ўзидан сўраб кўрамиз, –деб таклиф киритади.

Қўшнилар ҳам бу фикрга рози–ризолик билдиришади. Қибла томонга қараб сўрайдилар:

– Ер кимники?

Ер тагидан садо чиқади: –Ер Катлиларники.

Кунчиқар, кун ботар томонларга ҳам юзланиб шу саволни такрорлайдилар, яна ўша жавоб эшитилади. Орқа тараф қўшни Бўзқалъа, Ширинқўнғирот қишлоқларга қараб ҳам шу савол такрорланади. Ердан сас садо чиқмайди. Шундай қилиб ер Катқалъа ҳудудида қолади. Катқалъа қишлоғи ўзга қўшна қишлоқлардан ўзининг уч ҳислати билан ажралиб туради.

Биринчидан, халқ Катқалъа сарҳадини бобокалонимиз Анушахон иккинчи бора очтириб экинзор, боғ–роғларга айлантиргани боис бу ерни ниҳоят табаррук тупроқ билиб бандаликни бажо этган авлод аждодларини шу тупроққа топширишни фарзу қарз, шараф биладилар. Қишлоқда жами ўн олти саждагоҳ қўйимгоҳ борлиги бунинг яққол исботидир.

Иккинчидан, қишлоқнинг аксарият кўпчилик майдони унумдор сўғо тупроқдан иборат. Экин, нав–ниҳол замин бағрига илдиз отиб олдими, завол билмай ўсиб унаверади. Жамоа хўжалик, аҳоли томорқа ерларининг ниҳоят унумдорлиги ҳам тупроқ саховатлилигидандир. Қишлоқда замин бағридан ковлаб олинган тупроқ ҳеч қачон ковлаб олинган жойига сиққан эмас. У қаймоқдай кўпириб олтиндай товланиб кўпчиб тураверади. Бу ҳам унумдорликдан нишонадир.

Учинчидан, ҳамюртимиз жойи жаннатдан жой олган бўлсин Комилжон Давлатов бундан бир неча йиллар аввал қишлоқнинг Тўқмоқли элатида пишиқ ғишт ишлаб чиқариш ғояси билан майдонга чиққан эди. Бу ғоя ўша вақтда «Хорезмсовхозводстрой» трести бошлиғи Йўлдош Худойберганов ҳамда район партия қўмитасининг биринчи секретари Раҳим Тоҳировларга ҳам ниҳоят маъқул тушган эди. Улар тупроқ таркибини Бутун иттифоқ лабораториясигача тавсия этиб, охир оқибат пишиқ ғишт ишлаб чиқариш заводи барпо этилди. Гигант корхонанинг узоқ ўлкаларга ҳозир ҳам ғишт етказиб бераётганини ҳисобга олсак, Катқалъа шаънига узукка қош қўйгандай ярашиб тушади. Она заминимиз кўзларимизга тўтиё табаррук тупроқ, шундай эмасми?! Ота–боболар ҳам Катқалъа ерларига беҳуда панжа урмаганлар. Унинг тупроғи гулдор ғишт бўлиб қанчадан–қанча бинолар масжид, мадраса бунёд этилган, қулинг ўргилсин жаранг чинни идишлар хон ва амирлар саройларига файзу тароват бахш қилган экан.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР