Катқалъа қишлоғида кишиларга қўйилган лақаблар
Қишлоқ кишиларига қўйилган лақаблар ҳам бир-биридан қизиқ ва ачинарли. Бирини эшитиб ичагингиз узулганча куласиз, бирини тинглаб инсон зотига ҳам шунча тавқи лаънат тақиш инсофданми? -деб ачинасиз.

Пиёнлар. Хон замонида унинг солиқ йиғувчилари эларо айланиб Ҳайитбой ота Полвон ўғлининг кенг кунгурадор иморати олдига келиб қоладилар. Иморат дарвозаси берк, яқин атрофда эса одам кўринмайди. Боғда беданаларнинг бит-билдиғи қулоқни жаранглатади. Ўрта супада бир мўйсафид чол беданаларнинг чарх уриб сайрашига шу даража маҳлиё бўлганки, – у ташқи оламдан буткул узилиб қолгандай эди, гўё.

Солиқ ундирувчилардан бири ноилож девор ошиб, мўйсафид қошига бориб, уни аста туртади. Шунда Ҳайитбой ота Полвон ўғли ўрнидан даст кўтарилиб, йигитга таъзим бажо айлайди ва ҳамма йигитларни ичкарига – дастурхонга таклиф этади.

Йигит бобога юзланиб:

–Бизларнинг қичқирганимизни эшитмадингиз, ёки мастмисиз,- дейди.

Катқалъалик беданавоз Ҳайитбой отанинг кайфдорлиги, қатор тизилган қафаслардаги беданаларнинг бир – бирларига гал бермай жаранг сайрашини солиқ йиғувчилар бориб хонга ҳикоя қилиб берадилар. Хон Ҳайитбой отани беданалари билан Хивага олдиришга амр этади. Чунки ўзга элатдан ҳам бир беданавоз келган экан, хон улар иккаласининг бедана сайратишини эшитмоқчи бўлади.

Меҳмон беданавоз беданасини катта чинни хум ичига солиб, устидан метал қопқоқ билан бостириб қўяди.

Ҳайитбой ота бунга рози бўлмайди.

– Бедана жонли жонивор, уни хум ичида эмас, дарахт шохларида сайратиш керак. Баҳс халол ва адолатли бўлсин.

Хон ҳам Ҳайитбой отанинг таклифини маъқул топади. Беданалар очиқ жой дарахт шохларида бит билдиқ ота бошлайдилар. Баҳс беллашувда Ҳайитбой отанинг беданалари мастона сайраб биринчи ўринни эгаллайди. Беданалар сасига Ҳайитбой ота маст одамдай чайқалиб ўтиришини кўриб, хон унга қараб,− Болтапиён шароб лаззатидан маст бўлганидай сиз беданалар мастона овозидан пиён бўлиб қолдингиз – ку, – дейди ва унга бошдан оёқ сарпо совға қилиб, беданаларни яна кўпайтиришни буюради. Шу–шу Ҳайитбой отанинг исми шарифига “пиён” сўзи қўшиб айтиладиган бўлган ва бу улар авлодига бир умрлик лақаб бўлиб қолган.

Жақайлар. Бу қавмга лақаб қайдан ва қачон қўйилгани унчалик аниқ эмас, аммо шу қавм кишиларида ақли донолик, жўрабошилик ҳислатлари борлигини англаб олиш унчалик қийин эмас. Улар айрим йиғин, маслаҳатларда ҳал этилаётган масалага бир гап билан шундай ойдинлик киритиб қўядиларки, улар фикри узукка қош қўйгандай ярашиб тушади. Шундай пайтларда кексалар сенинг авлодингни беҳуда «жақай» деб атамаганлар дея севинадилар.

Поякилар. Лақабни қишлоқнинг узоқ йиллар қишлоқ совети раиси бўлиб ишлаган Бейжон ота Худойберганов орттириб олган эди. Бейжон 1896 йилда Кат хокимлигида батрак оиласида туғилган. Хиванинг катта бойларидан бири Полвон қоридан қарзини тўлаш учун отаси уни 13 ёшида 350 тангага уч йилга ишлаш учун хоннинг саиси (отбоқар) Абдусатторга бериб юборади. Бейжон Худойберган ўғлида на кечаси на кундузи тиним бор. Кундузи от боқса, кечаси бойнинг чақалоғи ҳам унинг елкасида эди. Қандай бўлди-ю чақалоқ билан юз тубан ерга қулади. Бой ҳам шу ерда экан, қамчи билан Бейжонни савалай кетди. Қамчи зарбидан бир кун бехуш ётган Бейжон аранг хушига келгач қочди. Қочганда ҳам тинмай, Катқалъага қараб қочди. Ўғлининг елкасида мамоталоқ қамчи изларини кўрган ота Абдусатторни ер уриб қарғади. Эчкига жон қассобга мой қайғи. Отбоқар уни қараб зир чопади, қул ҳам кетди, пул ҳам кетди.

Бола ўлса ўлгандиров хеч бўлмаса боланг қочиб кетди деб пулни ундириб олай деб, – армон қиларди Абдусаттор саис ва болани излаб йўлга тушди. Қараса, Бейжон жўралари билан ўйинни гуллатиб юрибди.

– Ўғлинг учун тўлаган пулларимни чиқар буёққа,-дағдаға қилди бой.
Ноилож қолган ота ўғлини иккинчи бор яна Хивага 350 танга ҳисобига Искандар бой хизматига олти йилга йўллади. Шу ерда поякиликни ўрганиб олди.
– Чилим келтир Бейжон!.
– Бейжон пойимни обкел!.
– Бейжон пой оке!.

У бўлди, бу бўлди ўсмир ёшинда, Бейжон пайаки бўлди.

Бейжон дўппини бошдан олиб ўйлаб қараса ҳаммасидан бўш қолаётир. Қурумсоқларига камроқ, саҳийроқларига тезроқ чилим элтади. Бангилар маромидан ошганда эса Бейжон иш бошлайди. Чилим остига оқ сақич ёпиштириб, бангилар тангаларини устига босиброқ қўяди, шу йўсинда насибасини териб юрди.

Ўғирликнинг умри ўн кун экан – ҳийлани бойнинг катта ўғли сезиб қолади.

– Бу не амал, – сўрайди Бейжондан. Жилдир жуп, оғзинг гуп. Хафтада тушса беш танга, ёриси санга ёриси манга.

Хивада қизил инқилоб алангаланиб йигит она қишлоқ Катқалъага қайтади. Қишлоқда ташкил топган ўнликлар, ерни биргаликда ишлаш ширкати “қўшчи уюшмаси”да ишлай бошлади. 1925 йилда қишлоқ советлари ташкил қилингач шаҳар кўрган йигит, катта йиғинларда қатнашган деб Бейжонни қишлоқ совети раиси қилиб сайлайдилар. Пояки лақаби ўтмишнинг қора кунларидан унинг авлодларига бир умр мерос бўлиб қолди.

Пойаки лақаби пойим (ҳаққим)ни келтир маъносида айтилган.

Ўлилар. Шўро даврида одамлар қандай азоб-уқубат, тавқи лаънатларга қолмаган дейсиз.

Тошсоқа тўғонининг авж қурилиш палласи. Қадим Хоразмнинг каттадан-кичиги шу ерда жам. Катқалъа қишлоғи кишиларига ҳам маълум майдонни лойқадан тозалаш норма қилиб белгилаб берилган. – Эрта тонгда муз ўйиб, сувга тушиб совуққотиб юрамизми? Яхшиси ҳозир чекимиздаги лойқани тозалаб, эрталаб ухлаймиз, –маслаҳат солди Матсафо ота Раҳимов йигитларга. Улар ҳам маслаҳатга рози бўлишади.

Улар ўлчаб берилган майдонни лойқадан тозалаб келиб овқатланиб тунги ором уйқусига ётганларида нақ ярим оқшом эди. Эрталабки шўро текшируви бошланади. Кўрпа остида уч йигит мириқиб ухлаб ётарди.

–Ётган бу на ўлилар?, -ўшқиради текширувчи қишлоқ миробига қараб. Текширувчининг шу бир оғиз ҳақорати Матсафо Раҳимов авлодига бир умрлик лақаб бўлиб қолади.

Чўқиндиқлар. Хиваи шаҳри азимда Исломхўжа рус тузем мактаби қурдиргач, у вилоятнинг ҳамма туманларидан илм толибларини ўқишга таклиф қилади. Шу таклифга биноан катқалъалик Қурбонбой ҳам рус тузем мактабига юборилади.

Йиллар ўтиши билан Хива хонлиги емирилиб, иш юритиш шўро фаоллари қўлига ўтади. 1922 йилда Россия Федерацияси билан Хоразм халқ Республикаси ўртасида тузилган ўзаро шартномага кўра Хоразмнинг ҳамма қишлоқлари каби Катқалъага ҳам рус мутахассислари қуйилиб кела бошлайди. Улар муаллимлар, ҳисобчилар, врач, ветврачлар, агрономлар, механизатор ҳайдовчилар, таъмирчилар, муҳандислар эдилар.

Қишлоқда рус тилини биладиган биргина Қурбонбой бор. У ҳамма рус мутахассислари билан ўз оғайниларидай муомала қилиб кетаверар эди. Баъзан эса уларнинг йиғилиш, зиёфат, базмларида ҳам иштирок этарди.

Бу пайтда оддий халқ рус миллатига мансуб эркак, аёлларнинг нима мақсадда келганлигини унчалар яхши тушунмас, эски диндорларнинг «руслар кофир» дея ўргатган ақидаларидан қутила олмаган эдилар. Шу боис қишлоқда бўлиб ўтган ўтиришмада диндорлардан бири руслар кўкраги, боши, елкаларига чўқиниш одатларига шаъма қилиб Қурбонбойга дейди.

– Ўтир, сен мусулмон эмас, чўқиндиқсан.

Шу-шу Қурбонбой рус тилини билгани шарофатидан «чўқиндиқ» лақабига эга бўлади.

Йўлдош солдат. Йигитларнинг аскарлик хизматини ўтаб келиши қишлоқдагилар учун ҳамиша байрам. Узоқ кўришмаган ота-она, қариндош уруғлар билан дийдор кўришадилар, тўй тантана бошланади. Бугун Ибодулла отанинг ўғли Йўлдош ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтаб қайтган, шу боис ҳамма тўй, ҳашамда эди. Колхоз раиси Раимберган Қурёзовга ҳазил мутойиба, аския керак. Шундай пайтларда раис ниятида қани, яна бир зиёфат уна қолса эди, деган мақсад яширин бўларди. Раис гап бошлади,–Абдураҳмоннинг қўчқори сориникини қочирибди.

Бу гапга тўйбоши Ибодулла ота ийиб кетди.

– Абдураҳмоннинг қўчқори бизни қўйнинг қўчқори. Агар бизнинг қўчқорни сориникига юборганда бир каллада уникини бўкиртирар эди.
– Қўчқорни қўчқорга юбормаган ҳам номард, –деди Хударган сори.
– Қочган қўчқорни сўйғоли, –илмоқли гап ташлади раис.
– Мен рози.
– Мен ҳам рози.

Қўл олишилиб шарт тасдиқланди.

Тўй охирида раис яна деди –Йўлдошбой армияда шофёр бўлган экан. Гаражга юборинг, иш бераман.

Эртасига эрталаб Йўлдош гаражда ҳозир–у нозир бўлди.

– Йўлдошни чақиринг, – деди раис қоровул Жўмми отага. Жўмми ота эса ҳайрон. Устахонада темирчи икки Йўлдош бор уларни қайси бирини чақирсам экан? У ўйлана–ўйлана йўлга чиқди, шу онда Йўлдош шофёр машинада учраб қолди.
– Тўхта болам , тўхта
– Ҳа Жўмми ота, – эшагингизни машинамга ортиб кетайми, – дейди шофёр ҳазиллашиб…
– Буни эмас, Жўмми ота, кечаги Йўлдошни. Жўмми ота яна раисга юзланди..
– Ёшулли қайси Йўлдошни чақирай?
– Солдат Йўлдошни.

Йўлдош Ибодуллаев шу куни эски “газик” машинасининг эгаси бўлди ва лақаби “Солдат” қолди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР