Шундай бўлишига қарамасдан марказий деҳқон бозори ва бошқа бозорларда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари пасайиш ўрнига ошиб бораётганлигини кўриш мумкин. Айниқса, картошка, пиёз, сабзи каби маҳсулотларнинг нархи юқорилигича қолмоқда. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими П.Бобожонов бозорларни танқид қилди.
Таъкидландики, аслида жойларда деҳқон ва фермерлар ушбу маҳсулотларни 2-3 баравар арзон нархларда, яъни картошканинг килограммини 300-400 сўмдан, сабзини 200-250 сўмдан, пиёзни 150-200 сўмдан сотмоқдалар.
Вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари мўл, нархларининг арзон бўлишини таъминлаш мақсадида кўплаб лойиҳалар ўзлаштирилмоқда. Жорий йилнинг ўзида қиймати 200 миллиард сўмдан ортиқ 745 та лойиҳа ишлаб чиқилди. 112 миллиард сўмлик 595 та лойиҳа амалга оширилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида кўплаб қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил қилинмоқда. Интенсив боғлар яратиляпти. Шу мақсадлар учун тижорат банклари томонидан 30 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди.
Томорқа эгаларига ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришлари учун имтиёзли кредитлар бериляпти. Бундан ташқари маҳсулотлар нархларини арзонлаштириш учун туманларда агрофирмалар ташкил этилиб, уларга 15 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шунингдек, йиғилишда бозорларда ҳақиқий деҳқон ва фермерларнинг камлиги, деҳқон-фермер билан бозор ўртасидаги муносабат бузилганлиги, бозорларда "олибсотарлар" кўпайиб бораётганлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари шаҳарларда йил бўйи доимий фаолият кўрсатувчи савдо дўконига эга бўлган бирорта ҳам фермер хўжалиги йўқлиги, кўп қаватли уйларнинг олдида шу мақсад учун ер майдонлари ажратилган бўлсада, тўлиқ қурилиб фаолият кўрсатмаётганлиги, улар ўрнига мутлақо бошқа маҳсулотлар билан савдо қилувчи тижорат дўконлари ишлаб турганлиги қайд этилди.
Кўпчилик бозорлар антисанитария ҳолатида. Уларда сифатсиз маҳсулотларни сотишдек кўримсиз ҳоллар барҳам топмаяпти.
Йиғилишда деҳқон бозорлари фаолиятини тартибга солиш, санитария ҳолатини яхшилаш, маҳсулотлар сифатини, нархларини назорат қилиб бориш масалаларига бевосита масъул бўлган бир қатор идоралар, хусусан солиқ, ДСЭНМ, стандарт ва ветеринария органларининг кейинги пайтда бозор билан боғлиқ вазифаларини етарли даражада бажармаётганликлари кўрсатиб ўтилди.
Урганч, Питнак шаҳарлари марказий деҳқон бозорларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нарх-навони тартибга солиш, санитария ҳолатини яхшилаш, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят штаби таркиби тасдиқланди.
О.Ражабов telegraf.u