Йўловчи ташувчи мазкур таксилар эса йўлкира ҳақи миқдорини ўзларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгиламоқда. Шаҳар ичида таксида юришнинг энг кам миқдордаги қиймати (1 километрдан 3 километргача бўлган масофа учун) 2500 - 3000 сўмни ташкил этмоқда. Ундан узоқроқ масофаларга бориш учун эса такси ҳайдовчиси билан келишилади. Бир сўз билан айтганда ушбу таксилар ўз фаолиятини эскириб қолган қоидаларга мувофиқ амалга оширмоқда.
Доимий назорат ўтказилаётганига қарамасдан йўловчи ташиш билан ноқонуний тарзда шуғулланаётган кимсалар фаолиятига ҳамон чек қўйилмади. Бу камчилик эса назаримизда назоратнинг номигагина ўтказилаётганлиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Туманлараро қатновчи йўналиш таксилари билан боғлиқ вазият бундан ҳам ачинарли. Бу таксичилар амалдаги қонун - қоидаларга мутлақо риоя этмаган ҳолда ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. "Урганч - Ҳазорасп" йўналиши бўйича қатновчи такси ҳайдовчилари ҳеч қандай хужжатга асосланмаган ҳолда йўл-кира олмоқда. Бундай маршрут таксиларида Урганчдан Ҳазораспга бориш учун 5-6 минг сўм тўланади. Қайтишда эса 7 - 8 минг сўм талаб қилишади. Кечки соат 18.00 дан кейин эса Ҳазораспдан Урганчга келиш учун 8-10 минг сўмдан тўлашга тўғри келади. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда "Урганч - Хива" йўналиши бўйича қатновчи таксиларда ҳам юқоридаги ҳолат кузатилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора - тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинганига мана 4 йил бўлишига қарамасдан бу соҳада тўла тартиб ўрнатишга эришилгани йўқдек кўринмоқда. Ўйлаймизки ҳолат бўйича назорат қилувчи органлар жамият олдидаги ўз ижтимоий масъулиятларини хис этган холда соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш учун кескин чора-тадбирларни кечиктирмасдан белгилайдилар.
Л.Саилхонова. telegraf.uz