20-йилларда Хоразмда хотин-қизлар ҳаёти
Хива халқ инқилобининг ғалабасидан кейин Хоразм хотин- қизлари ҳаётида ҳам анча ўзгаришлар юз бера бошлади. 1920 йилдан бошлаб кўп хотинликка қарши қонун эълон қилинди ва биринчи болалар боғчаси ишга туширилди. 1921 йилдан бошлаб қизлар учун никоҳ ёши 16, йигитлар учун 17 қилиб белгиланган. 1920-1922 йиллар давомида Хива, Урганч каби шаҳарларда вужудга келган ташкилотларда ўтказилган йиғилишлар, қурултойлар, конференцияларда Хоразм меҳнаткашларининг хуқуқлари хақида фикрлар юритилди.

1920 йилнинг биринчи ярмида эндиги шаклланаётган ёшлар уюшмаси олдида хотин-қизлар уюшмаси ташкил қилинди. 1921 йилнинг июнь ойида Хоразм жумҳурияти хотин-қизларининг биринчи кенгаши чақирилди. Кенгашда маҳаллий хотин-қизларнинг вазифалари ҳақида фикр юритилди ва шарқ хотин-қизларининг Бутунроссия съездига вакиллар сайланди, Съездга Раҳима Бобожонова, Дуржон Бикчурина, Онабибн Сафоева, Дуржон Отажонова, Капиловалар сайландилар. 1921 йил 5 июнда ёшлар уюшмасининг ташаббуси билан саводсизликни тугатиш мактаби очилди ва унга 65 нафар хотин-қиз жалб қилинди. Бу эса дўстлик, янги ҳаёт тўғрисидаги ғояларнинг тантана қилиши бўлди ва хотин-қизларнинг советлар замонида қурилишга янада яқинроқ келишига шароит ҳозирлади. Маҳаллий хотин-қизлар янги ҳаёт қурилиши ўзларидан катта жасорат, ақл-идрок, душманга қарши қўлга қурол олиб курашиш, илғор ташкилотчи ва меҳрибон тарбиячи бўлиш каби хислатларни талаб қилаётганини тушуна бошлади. 1921 йилда Хива шаҳридаги турли курсларда таълим олаётган Шарифа Абдурасулова, Комила Дўшаева (1905 йилдан Янги Урганчдаги жадид мактаби ўқитувчиси), Марям Агиева, Фозила Абдураҳмонова, Гулзайнаб Маннопова, Ойша Назарова, Ҳаёт Сайдошова, Дуржон Бикчурина, Дилафрўз Ҳуснитдинова каби илғор хотин-қизлар партия ва совет давлати томонидан илгари сурилган талабларга жавоб бериб, биринчилар қаторида янги ҳаёт сари келдилар. Уларнинг тинмай-чарчамай қилган мёҳнати ва ташкилотчилиги натижасида 1922-1923 йиллар Хивадаги биринчи Иштирокиюн макшбига Марям Паноева, Ёқут Давлатова, Қурбонбика Осқорова, Сарвара Нодирова, Хадича Нодирова, Гулжума Хабибуллина, Муҳлико Ҳакимова, Рухия Ҳасанова, Сарвара Губайдуллина, Гавҳар Губайдуллина, Мағруба Ёқубова каби илғор хотин-қизлар жалб қилинди. Б. Идрисова, Инна Якинина, Чучина каби фаолларнинг кундалик фаолияти, жасорати Хива шаҳридаги халқ дорилфунунига ва қизлар мактабига ўнлаб маҳаллий хотин-қизларни жалб қилишга йўл очиб берди.

Хоразмлик хотин-қизлар ҳаракати уларнинг ўз ташкилотларига эга бўлиш талабини кун тартибига қўя бошлади. Хоразм партия ташкилоти Марказий Комитетининг хотин-қизлар бўлими мудири С. Т. Любимовага , «Хоразм хотин-қизларини озод килиш ишларининг бориши тўғрисида» — йўллаган ҳисоботида Хоразмда хотин-қизлар уюшмаси 1923 йил 12 сентябрда ташкил қилинганлиги, 1924 йил 1 январгача 5 марта коллегия мажлиси, 4 марта умумий мажлис ўтказилиб, жами 22 масала қаралганлиги, хотин-қизлар уюшмаси томонидан «Қизил казарма ҳафталиги «ташкил қилиниб, унда турли миллат хотин-қизларидан 38 киши иштирок қилиб, ҳарбийларнинг кийимларини тикиш ишларини бажарганлиги қайд қилинган. Хоразмлик хотин-қизлар армияга фақат кийимлар тикиш ва уларни ямаш билан ёрдам бериб қолмасдан, бор имкониятлардан фойдаланиб ёрдам берганлар, зарур жойда қўлларига қурол олиб жанг қилдилар. Шу сабабдан ҳам армия тузилган кунга 5 йил тўлиши муносабати билан хоразмлик хотин-қизлардан катта группаси мукофотланган эди.

Хоразмда Хонимлар уюшмасининг биринчи мажлиси 1923 йил 13 октябрда чақирилиб, бу тўғрида Иқтисодий советга ёзилган бир хатда шундай дейилган эди: «Ушбунинг билан билдириладир 13 октябрда, шанба куни соат – 4:00 да «Хонимлар уюшмаси»нинг биринчи мажлиси бўлади. Шунинг учун хонимлар уюшмасига рўйхатлари берилган ҳам берилмаган хотин-қизлар мажлисга келишга ҳақлидилар. Шунга биноан маҳкамангиздаги хотин-қизларнинг келишлари керак. Мажлис шўронинг биносида, қизлар мактабидадир. Хотин-қизлар уюшмасининг раисаси». Имзо.

Хотин-қизлар уюшмаси ва унинг иш фаолияти янгича ҳаёт қуриш учун кураш кучайган бир шароитда ташкил қилинганлиги туфайли, ҳар бир хотин-қиз ўз фаолиятини шу даврдаги сиёсий ҳаёт билан қонуний равишда боғлашга мажбур эди. Асосий вазифа эса ўлканинг барча меҳнаткаш хотин-қизларини янгича қурилишга жалб қилишдан иборат бўлиб турарди. Шунинг учун ҳам, даставвал, Хоразмда биринчи бор халқаро хотин-қизлар куни 8-Март байрамини кенг нишонлаб, мазлумаларга янги ҳаётнинг мазмунини тушунтирмоқ керак эди. Хоразм жумҳуриятининг 1923 йил 20 октябрдаги янгидан қабул қилган Конституциясида, Совет ҳокимияти хотин-қизлар эркаклар билан тамоман тенг ҳуқуқни эгаллашлари керак, деб ҳисоблайди, дейилган эди. 1923 йил 4 ноябрда ХКП МК қошида хотин-қизлар уюшмаси коллегияси ташкил қилинди.

Хоразмда халқаро хотин-қизлар куни 8 Мартга қизгин тайёргарлик кетаётган бир даврда «Инқилобга» қарши кучлар бош кўтариб халқ ҳокимиятига қарши кураш бошлар экан, хотин қизлар ташкилоти учун ҳам бу катта синов бўлди. Хивани қамал қилган кучларга қарши кураш барча илғор хотин-қизларни оёққа турғазди. Ана шу кескин кураш йилларида меҳнаткаш хотин-қизлар орасидан етишиб чиққан Онабиби Сафоева, Норжан Абдусаломова, Марям Исҳокова (Туйғу) Анвара Бобожонова, Қутли Сейнтжонова, Турсун Ирмонова, Марям Дивонова, Онажон Беригина, Фотима Бекмуҳамадова, Шарифажон Аҳмаджонова, каби ўнлаб хотин-қизлар янгича қурилишда ташкилотчилик қилдилар.

Бу ҳаракатларда ғолиб чиққан хоразмлик хотин-қизлар 1924 иил 8 мартни катта байрам сифатида нишонлаб шу байрам муносабати билан шу йили 10 мартда тикувчилик бирлашмасининг биринчи сон «Март артели»ни тантанали равишда ташкил қилдилар. 1924 йил 8 Мартнинг Хоразмда байрам сифатида кенг нишонланиши хотин-қизларнинг катта куч бўлиб майдонга чиқишини янада тезлаштирди. Хоразм ўлкасида тезда «Март учқуни», «Умид Ёлқини», «Мазлумалар озодлиги», “Озодахонлар”, “Эрк қизи”, нмлари билан деворий газеталар чиқариш йўлга қўйилиб қолоқликка қарши хужум ва мехнаткаш хотин-қизларни совет ташкилотларига жалб қилиш учун кураш қизитиб юборилди.

1925 йилда Хивада хотин-қизлар клуби ташкил қилиниб улар орасида оммавии-сиесий ишларнинг янада кучайтирилишига катта имконият яратилган бўлса, шу йили никоҳ ва у билан боғлиқ ишларда қози судлари ҳудудларининг чегараланиш масаласининг муҳокама қилиниши хонлар замонида ҳаёт кечирган, энди ўзининг тамоман озодлиги учун кураш бошлаган хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириб юборди. Кураш қизгин тус олганликдан руҳонийлар ва баъзи кишилар фаоллар жонига қасд қилиш даражасига бориб етдилар Уз озодлиги, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлиги тўғрисида катта оммавии сиесий ишлар олиб бораётган мухбирларга, қарши ҳаракатлар қила бошладилар. Аммо хоразмлик хотин-қизларни энди бошлаган йўлидан ҳеч қандай куч кайтара олмасди. Ўлканинг хотин-қизлари «Мухбира», «Гўзал», «Хива гўзали», «Аёл» каби имзолар билан рўзномаларга мақолалар йўллаб ўз хуқуқларини ҳимоя қила бошладилар.

Хоразм вилояти ташкил қилиниши билан маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари хотин-қизлар ҳаётига ҳам эътиборсиз бўлмадилар. 1925 йил бошларидан халқаро хотин қизлар байрами 8 Мартга тайёргарлик ҳақида кўрсатма берилди. Хива шаҳрида 15 хотин-қиздан вакиллар мажлиси тузилди. Улардан 5 киши ўзбек, 10 киши татар ва руслардан иборат эди. 1925 иил Урганч шаҳрида ҳам хотин-қизлар бўлими тузилиб, унинг фаоллари 25 кишидан иборат эди. Фаолларнинг 9 нафари ўзбек, 12 нафари татар, 3 нафари қозоқ, 1 таси рус хотин-қизлари эдилар. Хотин-қизлар орасидан етишиб чиққан фаоллар ташаббуси ва ташкилотчилигида Хива шаҳрида хотин-қизлар клуби ташкил қилинди. Хотин-қизлар орасига шиорлар тарқатилди, хотин-қизлар мажлислари ўтказилди ва 7 март куни хотин-қизлар байрамининг аҳамияти тўғрисида мажлисда маъруза қилинди. Шу байрам куни хотин-қизлар кунига бағишланган мажлисдан кейин намойиш қилинган пьесани 500 га яқин хотин-қизлар томоша қилдилар.

1925 йил март байрами муносабати билан ўтказилган намойишда ҳам хотин-қизлар иштирок қилдилар. Биродарлар қабристонида ҳам митинг ўтказилди. Шу куни хотин-ҳизлар учун алоҳида кино ташкил қилинди. Хива хотин-қизлари Остона қабристонига бориб «Шарк куни»ни ўтказдилар. Шу юқорида айтилганлардан хулоса чиқариб, хотин-қизларнинг фаолияти ҳақида шундай деб ёзган эдилар: «Узбек хотин-қизлари ижтимоий ишлар билан қизиқмоқдаларки, буни хотин-қизларнинг мажлисларга иштирокидан, фаоллик кўрсатаётганларидан, ўқимоқ учун интилишларидан, маҳаллий хотин-қизларнинг ўқиш учун аризалар ёзаётганларидан кўрса бўлади». Хива шаҳридаги хотин-қизлар клубида мажлислар ташкил қилина бошлади, суҳбатлар ўтказилди, овоз чиқариб ўқишлар ташкил қилинди, тўгараклар ишлари йўлга қўйилди. Хива хотин-қизлар клубига 53 нафар хотин-қиз аъзо бўлиб, улардан 20 нафари ўзбек, 28 нафари татар, 3 нафари рус ва 2 нафари қозоқ қизлари эдилар.

Клуб қошида хотин-қизлар учун консультация ташкил қилинди. Хотин-қизлар орасида 27 комиссия ишлаб, 25 масалани муҳокама қилдилар. Шу йили ўқишга юборишни илтимос қилиб 56 ариза тушди. Улардан кўпчилиги маҳаллий хотин-қизлардан эди. Албатта хотин-қизлар озодлиги масаласи кун тартибига қўйилган даврда ҳам бу масала осонлик билан бормади. Эрларидан калтак еб жароҳатланган хотинлардан 36 нафари касалхонага тушди. 37 нафари ажралиш тўгрисидаги иш билан судга юборилди, 7 нафари милидияга юборилди ва 2 нафари жиноят қидирув маҳкамасига топширилди.

Хива ва Урганч шаҳарларида хотин-қизлар ўртасида ишлаш масаласи анча кенгроқ равишда олиб борилди Хива ва Урганч шаҳарлари хотин-қиздари ўртасида ишлашнинг бир ва уч ойлик дастурлари вужудга келди. 1925 йил октябрь-декабрь ойлари учун Хива шаҳар хотин-қизлар ва ёшлар клубининг иш дастурида тубандаги масалалар бўлиб, улар шу давр учун энг зарур вазифалардан эдилар: Хотин-қизларни клублар аъзолигига жалб қилиш, клубда раҳбарлик ишларига маданий онг-билим бўлимидан, ташвиқот ва тарғибот бўлимидан, хотин-қизлар бўлимидан, касаба уюшмасидан, қўшчи уюшмасидан ва бошда ташкилотлардан аъзолар сайлаш, клубда драматик ва хор тўгараклари уюштириш, қишлоқ хўжалиги тўгараги тузиш, овоз чиқариб ўқишни ташкил қилиш ва хотин-қизлар билан суҳбатлар уюштириш, ҳаваскорлар тўгараги ва жонли рўзнома кунлари ўтказиш, ишчи мухбирлари тўгараги ташкил қилиш ва бошҳалар.

Клуб ишлари шу даражада фаоллашдики, бу ердаги тўгаракларга аъзо бўлиб ёзилган хотин-қизлар бу жойни ўзларининг тарбия берувчи уйи деб атадилар. Хива шаҳридаги хотин-қизлар клубига ҳар ой давомида 800 киши келарди. Шулардан қироатхонага 500 киши қатнашди. Удардан 200 нафари хотин-қиз, 600 нафари ёшлар. Клубга келаётганларнинг 50 фоиздан ортигини ўзбек хотин-қизлари ва ёшлари ташкил қилди. Урганч шаҳрида ташкил қилинган хотин-қизлар клуби ҳам ўз ишини фаоллаштириб, спектакллар намойиш қила бошлади.

Хоразмда 1920-1925 йиллар хотин-қизларни янги ҳаётга жалб қилишда дастлабки қадамлар қўйилиб, асосий ишлар ҳали шаҳарларда бажарилаётган эди. Хотин-қизлар ҳали диний ташкилотларнинг, хотин ўз эрининг тўла ҳукмронлигидан чиқиб мустақил равишда сиёсатга кира олмаган эдилар. Анъанавий сиёсатни давом қилқираётган оқсоқоллар, қози судлари, девонлар ҳали ўз ҳукмронлигини сақлаб келаётган эдилар, анъаналар давом қилди.

Хива шаҳридаги хотин-қизлар клубида жами 4 киши штат бўйича хизмат қилиб улар орасида биттаси ўзбек, 2 нафари татар, биттаси рус миллатидан эди холос. 1925 йил 15 июлда Хива шаҳрида хотин-қизлар билим юртининг очилиши катта тарихий воқеа бўлди. Қизлар педагогика техникумига Зайнаб Камолова мудир, Хадича Валишова ўқитувчи, Зайнаб Потиева, Хадича Азимова, Гулсума Аббосова ҳўжалик ишлари мудири, Қурбоной Отажонова ошпаз бўлиб иш бошладилар.

Педтехникумнинг очилиши хотин-қизлар ҳаракатида катта роль ўйнади. Чунки бу ўқув юртининг ташкилотчилари ўзларининг асосий ишлари билан бир қаторда катта жамоат ишларини ҳам олиб бордилар. Зайнаб Камолова Хива шаҳар суд комиссиясида, Хадича Валишова рўзнома тўгарагида, Зайнаб Потиева адабиёт ва драматик тўгаракда, Ҳамида Азимова клуб, қироатхона комиссиясида ташкилотчилик қилдилар.

Хотин-қизлар ўзининг дастлабки иши, фаолиятини калта минора қошидаги Али маҳрамнинг жойида бошлаб, кейинчалик 13 хоналик Нурмирот маҳрамнинг уйига кўчдилар. Техникум очилишининг тарихий аҳамияти ҳақида вилоят маориф ва хотин-қизлар бўлимида маърузалар қилинди, «Инқилоб қуёши» рўзномасида ахборотлар берилди.

Хотин-қизлар техникумида «Мазлумалар озодлиги» хогин-қизлар клуби қошида «Эркин хотин-қизлар» деворий газеталари чиқа бошлади.

1926 йил Урганч шаҳридаги ташкилотлар 75 хотин-қизни, Хива шаҳри 28 хотин-қизни пахта теримига сафарбар қилди. Шу даврда Урганч шаҳридаги совун заводида 7 нафар хотин-қиз пиллакашлик заводида, 5 нафар хотин-қиз хизмат қилдилар.

1926 йилги сайловолди йиғилишларида Хива шаҳаридангина 1200 хотин-қиз иштирок қилиб, 80 нафар вакил сайланди. Хотин-қизлар турмушини яхшилаш, талоқ ишларини назорат қилиш ва юридик ишлар бўйича комиссиялар тузилди. Хотин-қизларни касаба уюшмаси ишларига, қўшчи уюшмаси ишларига жалб қилиш кучайди.

Халқ орасида ўтказилган ташвиқот-тарғибот ишларида Хива шаҳридан 288 хотин-қиз иштирок қилди. Улар олдида шаҳар советининг ва халҳ маорифи бўлимининг ишлари бўйича маърузалар қилинди. Конференцияга 150 аёл иштирок қилди.

Хотин-ҳизлар орасида ўтказилган, ташвиқот-тарғибот ишлари натижасида маҳаллий аёллар ўзларининг ёш болалари билан хотин-қизлар консультациясига келишлари кўпайди. Хоразм вилоятида 1926 йилда 500 дан ортиқ хотин-қиз артелларда, деҳқончиликда ишлаб, шулардан 302 нафари ўзбек, 180 нафари татар, 18 нафари рус хотин-қизлари эдилар.

Хива шаҳридаги артелда 172 нафар хотин-қизлар хизмат қилдилар. Икки интернатда 51 нафар қиз тарбияланаётган эди. Учта хотин-қизлар мактаби ишлаб, 65 киши таълим-тарбия олаётгам эди. Шу билан Хива, Урганч, Гурлан шаҳарларида хотин-қизларнинг саводсизлигини битириш мактаблари ташкил қилиниб, унга 48 киши жалб қилинди. Хотин-қизлар педагогика техникумида 40 талаба бўлиб, ўзбеклар 34 нафар, татарлар 5 нафар, биттаси рус миллати вакиллари эди.

Хива шаҳридаги клуб қошида ташкил қилинган кечки курсга 12 нафар хотин-қизлар ёзилдилар. Хотин-қизлар педагогика техникуми талабалари орасида 13 ёшдан 29 ёшгача бўлган хотин-қизлар бўлиб, улар ўзбек, татар ва қозоқ халқларининг вакиллари эдилар. Педагогика техникуми талабалари орасида Амина Абдурасулова, Муслима Диванова, Салима Қўшоева, Ёқутжон Оллоёрова, Авазжон Отажонова, Онабиби Оллоёрова, Саодат Муродова, Онажон Жуманиёзова, Бикажон Давлатова, Пошша Қурбонова, Қурбонжон Қориева, Фотима Жуманиёзова, Онабиби Диванова ва бошқалар бор эдилар.

Хива шаҳридаги хотии-қизлар клубининг аъзолари Шодмон Ёқубова, Туйғу Исҳоқова, Бибихон Ортиқова, Марям Соколова, Газиза Габидовалар катта ташкилотчилик ишларини олиб бордилар.

Урганч шаҳридаги хотин-қизлар шўъбасида хотин-қизлардан Шарифа Аҳмаджонова, Ойша Бикчурина, Саодат Қурбониёзова, Амина Нодирова, Марям Диванова, Тўли Ботирова, Хожар Шокирова, Ҳадича Оллоқулова ўз даврининг илғор кишилари эдилар. Аммо бу даврда хотин-қизлар ҳаётида фожиали воқеалар кўп бўлди. 1925 йил октябрдан 1926 йил 1 январгача уч ой давомида 50 ўғил, 41 қиз туғилган бўлса, шу давр ичида 26 ўғил, 35 қиз вафот қилди. Шу даврда 32 никоҳ ва 12 талоқ ҳисобга олинди. 1926 йил январь охирида 25 ўғил ва 26 қиз дунёга келди. 5 ўғил ва 7 нафар қиз вафот қилди. 26 никоҳ ва 4 талоқ ҳисобга олинди.

Илғор хотнн-қизлар фаҳат Хива ва Урганч шаҳаридагина эмас, марказдан узоқроқ жойлашган районларда ҳам шакллана бошладилар. Гурлан районининг ижтимоий ташкилотларида 11 нафар хотин-қиз хизмат қилди.

Гурлан уезди ёшлари орасидан етишиб чиққан фаоллардан Салима Осқорова, Жумагул Сафошова, Жумагул Раҳматуллаева, Дурдипошша Каримова, Қурбонбика Рўзматова, Гулжон Ниёзова, Бозорбика Урозматова, Норжон Давлатова алоҳида намунали хизмат қилдилар.

Хоразм вилоят партия қўмитасига аъзо ва номзод бўлиб сайланган Саодат Ёқубова, А. Юсупова, Матмуродова, И. Ҳабибовалар ҳам шу даврда ташкилотчилик қилдилар. Хоразм вилояти қишлоқ шўроларига сайланган аъзолари орасида 64 нафар, ёшлар уюшмасида 225 нафар хотин-қизлар ҳисобда турардилар. 20-йилларда хотин-қизлар партия, ёшлар, касаба уюшмаси ва қўшни уюшмаси каби ташкилотларнинг қайси бирининг аъзоси бўлишидан қатъий назар, янги замон мактабларининг қайси бирида ўқишидан ҳам қатъий назар анъаналардан «воз кечган» ҳисобланар эдилар. Шунинг учун ҳам хотинларнинг эрлари, қизларнинг ота-оналари, қариндош-туғишганлари, руҳонийлар, хотин-қизларни тамоман очишнинг баъзи усулларига қарши чиқдилар. Илгари тарбия соҳасида дин ҳам ўзига хос бир ҳаракат усули бўлган бўлса, 20-йилларга келиб динни тамоман «рад қилиш», унинг имкониятларидан фойдаланмаслик кўп фожиаларга йўл очди. Бундай фожиаларнинг сабабларини таълим-тарбия усулларидан ахтармасдан «реакцион» руҳонийлардан, «меҳнатсиз» хўжаликлардан, «ёт унсурлардан», «эски қолоқлардан» изланди.

Тарихий тараққиёт хоразмлик хотин-қизларнинг меҳнатда қобилиятли эканликларини кўрсатди. Аммо хотин-қиз хизматчилар, ишчилар ҳалиям европалик хотин-қизлар ҳисобига кўпроқ ўстирилди. Касаба уюшмасида европаликлардан 64 хотин-қиз бўлса, маҳаллий хотин-қизлардан жами 19 нафар эди.

Шу даврнинг ўзига хос хусусиятларидан шуларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керак: хотин-қизлардан баъзилари болалар тарбиясида анча ўзгаришлар қилдилар. Биринчи болалар боғчалари, интернатлар, болалар уйлари вужудга келди. Катталарнинг ота-онасиз болаларга ғамхўрлиги ошди.

Хоразм хотин-қизларининг озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилиши совет ташкилотларининг асосий вазифасига айланган бир шароитда бу ҳаракатнинг катта натижаларга олиб келиши табиийдир. Вақтли матбуот ва театрлар ҳам, ўлканинг илғор кишилари ва ёшлар ташкилоти ҳам, билим юртлари ва совет мактаблари ҳам, қизил чойхоналар ва деворий рўзномалар ҳам хотин-қизларни янги давр ишига жалб қилишни асосий вази фалардан деб билиб, шу ишда катта хизмат қилдилар. Қизлар таълим-тарбия техникумлари, қизлар мактаби, қизлар пионер гуруҳи, қизлар драматик труппаси, қизлар клуби ва бурчаги, қизлар тўгараги кабилар 20-йилларнинг бошларида ўлка хотин-қизлари қўлга киритган катта ўзгаршлардан эди.

1926 йил Хоразмнинг районлаштирилиши, шу йили халқ хўжалиги ишларига раҳбарлик қилиб келаётган девонлар ўз вазифасидан олиниб, бу ишларга совет ташкилотларининг бевосита раҳбарлик қила бошлаши, қози ва эски оқсоқолларнинг қўлидан муҳрларнинг олиниши, янги шўроларнинг сайланиши каби воқеалар хотин-қизларни фойдали меҳнатга жалб қилиш учун қулай шароитнинг вужудга келишини билдирарди. 1927 йил бутун Ўзбекистонда бошланган «Ҳужум» компанияси билан хоразмлик хотин-қизларни янги давр қурилишига оммавий равишда жалб қилишнинг янги даври бошланиб, хотин-қизлар халқ ҳўжалигининг барча соҳаларида катта куч билан шакллана бошладилар.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР