Инсоният тарихида 200 дан ортиқ календарлар ишлатилган. Шулардан анчаси мавзуларга киритилиб, календарларнинг вужудга келиш тарихи, тузилиши ўрганиб келинмоқда. Баъзи Халқларнинг календарларини кўкларга кўтариб, бошқа календарларга асос бўлган деб хулосалар чиқаришган. Вахоланки ер юзида яшаётган миллат, Халқлар хатто океан ортида бўлса ҳам, бир-бирлари билан алоқада бўлмаган даврларда ҳам ҳар бирлари ўзларига хос турмуш тарзларига эга бўлганлар. Табиий шароитлари, урф-одатлари, диний тасаввурларидан келиб чиқиб ҳаёт кечирганлар. “Буюк ипак йўли”нинг очилиши, Буюк географик кашфиётлардан кейинги давр цивилизациясини фалон давлатники, миллатники деб ажратиб кўрсатишга хожат йўк.
Бу воқеалардан кейин хеч қайси халқ, элат бошқа халқлардан узилиб қолган, ўз холича яшаган эмас, акс холда хеч қандай тараққиёт бўлмаган бўлар эди. Шундай бўлсада ҳар бир халқ ўз тарихини ўрганар экан, биз ҳам ўз тарихимиз, буюк алломаларимиз билан фахрлансак арзийди. Шу пайтгача бошқа календарлар тарихини ўрганиб, Қадимги Хоразм календари ҳақида деярли маълумотга ҳам эга эмас эдик. Хоразм қадимги илм-фан бешиги, “Авесто” 2700 йилча мукаддам шу заминда вужудга келган деб хулоса чиқарар эканмиз, Хоразм календари ҳам шундан узоқроқ вақтга , тарихга эга. Зардуштийлик дини пайдо бўлган экан, унинг бевосита расм-русумларини адо этиш учун вақт ҳисобини билиш керак эди, шунинг ўзи қадимги Хоразм календарига асос солган. Аммо, афсуслар бўлсинки бу календар ҳақидаги маълумотлар Хоразм халқининг буюк фарзанди Абу Райхон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобидан бошқа тарихий манбаларда сақланиб қолмаган. Турли жойдан келган боскинчилар Ўрта Осиё халқлари тарихини изсиз ўчириш, бойликларини талаш, моддий ва маданий ёдгорликларини йўқ қилиб, ўзларини устун қўйишга ҳаракат қилганлар. Шу жараёнда китоблар қаторида ёзма календарлар ҳам йўк қилиб йўқолиб кетди. Фақат ёдда сақланганларинигина Беруний тиклаш соҳасида хизмат қилди. Шунинг учун Хоразм календарини ўрганишда фақат Абу Райхон Берунийнинг “Осор ал-боқия” асарига суянамиз.
Хоразмнинг маълум бўлган қадимий календар тизими Искандар Зулқарнайндан 980 йил илгари бўлган. Хоразм давлатининг бошланишида ҳафтани ишлатмаганлар. Уларда ҳафтанинг кунлари маълум мохиятга эга деб ҳисобланган. Кунлар ҳафта ичида номларидан ташқари бош номларга ҳам эга бўлган. Масалан, хоразмликлар ойнинг ҳар бир кунига ном қўйганлар. Бир ой ичида ўн бир куннинг номланиши хоразмликларда ва сўгдийларда бир хил бўлган.
Хоразмликлар ой манзилларини ишлатганлар. Улардан астрономияга оид хукмлар чиқарганлар. Манзилларини, исмларини ёдда саклаганлар. Ой манзилларини 12 буржга тақсимлаб, буржларни ўз тилларида алохида-алохида номлаганлар. Беруний: “Хоразмликлар буржларни араблардан яхшироқ билганлар” деб қайд этади. Хоразмликлар билан сўгдийлар йил бошини белгилаш учун ортиқча кунларни кўшишда бир хил амал қилганлар. Улар қуёш йили ҳар 115 йилу 365 кундан, 116 йили эса бунга 1 ой ва 1 кун кўшилади деганлар.
Янги йил Хоразмда навсоржидан бошланган. “Бирор муддат ўтиб кетган йилнинг аввалидан ҳисобга олинадиган маълум бир муддатга тарих дейилади… Миллатларнинг тарихларни ишлатишда бир-бирларидан фарқ қилганлари каби, ойларнинг авваллари, ҳар бир ойнинг неча кун бўлиши ва бунинг сабаблари масаласида ҳам ажраладилар”,- деб ёзади Беруний.
Хоразмликлар ишлатадиган ойлар ўн иккита бўлиб, ҳар бири ўттиз кундан иборат бўлган.
Хоразмликлар исфандоражий ойининг охирига кўшиладиган ортиқча беш куннинг биринчисини ойнинг биринчи куни римжд билан атаб, қолган кунларга ҳам бирин-кетин кейинги номларини беришларини ва бешинчи кунни исфандоражий деб аташларини, ундан кейин новсоржий ойи кунни яна римжддан бошланишини А.Р. Беруний аниқлаган. Хоразмликлар охирги ойга кўшиладиган бу беш кунга алохида ном бермаганлар.
“Кейин – деб, ёзиб ўтади Беруний – Қутайба ибн Муслим ал-Бохилий хоразмликларнинг котибларини халок этиб, билимдонларини ўлдириб, китоб ва дафтарларини куйдиргани сабабли улар саводсиз қолиб, ўз эхтиёжларида ёдлаш қувватига суянадиган бўлдилар. Узоқ вақт шундай бўлгач, улар ихтилофли нарсаларни унитиб, келишиб олганларини ёдда сақлаб қолдилар”. Ҳа, ана шу ёдда сақлаб бизгача етказилган ой номлари айтиш қийин бўлмасин биз учун тарих, ўтмиш, аждодларимиз акл-заковатининг махсулидир.