Катқалъа инқилоб алангасида
Шўро ҳукумати баҳорги селдан кейин тупроқ юзини ёриб чиққан қўзиқорин мисол кундан–кунга янги сарҳадларга ёйиларди. Қўҳна Туркистон аллақачон шўро тизимига ўтган, инқилобчиларнинг сон-саноқсиз отлиқ, пиёда қўшинлари Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги атрофларида изғиб юрарди. Улар ҳам инқилоб қизил қўшин кучларига дош беролмади. Йигирманчи йилларга келиб инқилобчилар учун узоқ Хоразмга ҳам йўл очилди.

Россия Николай давридаёқ Амударёнинг ўнг соҳилидаги Тўрткўл шаҳрини Новоалександровск деб номлаб, флотилия тузиб олган эди. Ўзбекистонда қизил инқилоб амалга оширилгач, у ерда Амударё инқилобий бўлими қарор топди. Жунаидхон ҳужуми баҳона бўлди–ю, 1920 йилнинг қаҳратон қишида Амударё бўлимининг Б.Н.Шайдаков командирлик қилаётган отлиқ кавалерия полки музли дарёни кечиб ўтиб Хоразм ҳудуди ерларига ёпирилди. Жунаидхон Россия чор ҳукуматининг Урал казаклари отлиқ полки, маҳаллий қуролли тўдалар ҳам қизил инқилоб қуролли кучлари олдида ожиз қолди. Жунаидхон тўдаларини маҳв этгач Хивага икки томондан сараланган шўро қуролли кучлари ҳужум бошлади. Хива таслим бўлгач, Шовот беклиги, Кат, Моноқ ҳокимликлари ҳам барҳам топди.

Ҳаётнинг бу ёғида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тузум қандай бўлади? Бу саволга ҳам Шўро олдиндан жавобни нақд этиб қўйганди. Шовот беклиги, Кат, Моноқ ҳокимликлари ўрнида Кат уъезди пайдо бўлди ва Катқалъа уъезд маркази қилиб белгиланди. Б.Н.Шайдаков отлиқ кавалерия қисмлари Жунаидхон қисмларини буткул маҳв этиш учун Тахта районининг Бадиркент қишлоғига йўл олдилар. Қўҳна ва қадим Хоразм «шўро инқилоби даврига» қадам қўйди.

«Аширдом»

1920 йилнинг қорли, қировли қиш палласида танти Жайхун дарёни кечиб ўтган Шайдаков, Шербаковлар қўшини сафида катқалъалик Ашир Юсупов исмли йигит ҳам бор эди. Қўшин қишлоқ марказига етганда ундан сўрадилар.

– Ашир биз билан кетасанми,ёки қишлоғингда қоласанми?

У отлиқ полк бошлиғига юзланиб деди:

– Россия навкарлигига чақирилиб рус тупроғини босқилаганим, сизлар билан хизмат қилаётганимни жамласам ҳаммаси йигирма йилдан ошибди. Етар шунча сарсонлик саргардонликларим, қишлоғимда қоламан.

―Ихтиёринг.

Унинг қўлига шўро ҳукуматига садоқатли киши эканлиги ҳақида ёрлиқ – ишонч хат ёзиб берганларидан кейин қизил қўшин Туркманистоннинг Бадиркент шаҳри сари шошилди. Чунки қизил шўро қўшини учун Хива хонидан ҳам Бадиркентда макон тутган Жунаидхон хавфлироқ эди.

Қизил қўшин ўз йўлида давом этсин, гапни «Аширдом» ҳаётидан давом эттирайлик.

Ашир Юсупов 1890 йиллар охирида оқ подшоҳ амр фармонига асосан навкарликка чақирилиб, у қўшин сафида рус тилини, чавандозликни муқим ўрганиб олди. Миқтилигига яраша чаққонлик, эпчиллиги ҳам бор эди унинг. Шундай қилиб, у ўз она қишлоғи Катқалъада шўро инқилоб ислоҳотларини олиб боришга бутун борлиғи билан киришиб кетди. Катқалъа маълум муддат уъезд маркази ҳисобланиб, уни «Аширдом» ўз вакил мулозимлари билан бошқарарди – улар Олланазар хирс Рўзимов, Собир саллоҳ ва яна икки киши бор эди.

Ёшлигидан ҳақталаб, бунинг устига шунча йиллар айролиқ ва ўзга ўлкаларда вақтини ўтказган йигит дастлабки кунларданоқ янги тартибларни қаттиқ қўллик билан ўтказа борди. Энг аввало аҳолининг тинч тотувлиги, ҳар ким ўзига биркитилган участкада эмин–эркин яшаши, ўз ишини бажаришига халал бермасликни у қаттиқ талаб қилар эди. Шундай кунларнинг бирида қалъа ташқарисида яшаётган бир деҳқоннинг ҳовлисидан сўқимга боқаётган ҳўкизи ўғирлаб кетилгани ҳақида совуқ хабар тарқалади.

«Аширдом» дарғазаб бўлди. У бутун уъезд фаолларини оёққа турғазади.

– Топасизлар. Ҳўкиз осмонга учган бўлса оёғидан, ерга кирган бўлса қулоғидан тортасизлар. Бир фуқаронинг моли ўғирланади–ю, уни топтириб ўғриларни жазога дастгир эта олмасам уъезд раҳбари бўлиб нега ўтирибман?

Жаҳду жадал-ла қидиришлар бошланди. Орадан икки кун ўтди. Уъезд раҳбарининг қаҳр–ғазаби янада қайнаб тошган эди. Ва ниҳоят ўғрилар ҳам узоқда эмас, қўл узатса етгудай ерда, шу элатда яшайдиган Тўммон ўғри билан Дўстжон қочар лақабли олдинлари ҳам оғизлари ҳаром луқмадан шира олган ғаламислар экан. Улар ўз қаро қилмишларини бош эгиб тан олдилар.

– Ҳўкиз ўғрилари бозор куни халқнинг кўзи олдида отишга ҳукм этилади. Халққа эълон қил, – буюрди, у ўз жарчисига. Жарчи ҳукмни қалъанинг баланд жойидан уч бора эълон қилгач, сўнг эл оралай кетди. Чоршанба, бозор куни. Бугун қалъада одамлар ҳар қачонгидан ҳам гавжум эди. Улар қалъа четида ер қазиётган икки бандаи мўминга ҳайратланиб боқар эдилар.

–Бўлди, иймонларингни ўқинглар, – эълон қилди жарчи. Орадан ҳеч вақт ўтмай қарсиллаб ўқ овози эшитилди. Мол ўғрилари шу тариқа халқ кўзи олдида жазоларини олдилар.

«Аширдом» ўзидан нималар талаб қилинишини қалб–қалбидан ҳис этарди.

– Авом тинч, осойишта яшаб ўз ўрнида маҳкам бўлмаса, ҳаёт занжири ўз–ўзидан чувалашиб кетади. Бунинг учун эса ҳамиша раҳбар айбдор.

У топшириқни ўйлаб ҳар бир одамнинг куч–қудрат, иродасига қараб берар, ижросини эса қаттиқ талаб этарди. У уъездни халқ томонидан сайлаб қўйилган беш вакил билан ҳамкорликда бошқарар эди.

– Инсонга бош фақат папоқ кийиш учун эмас, ўйлаб чигал жумбоқларга ечим топиш учун ҳам берилган. Ўйлаб иш қилмоқ керак. – дер эди у атрофидагиларга.

Йигирманчи йиллар иккинчи ярмидан уъездлар тугатилиб, улар ўрнида районлар ташкил топди. Бу пайтда Аширдом Юсупов анча кексайиб қолган эди. Вазифасидан бўшаб, уй – рўзғор ишлари билан шуғуллана бошлади.

1925 йил адоғида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган съезддан кейин, “дом”лар ўрнида район, қишлоқ советлари тузилди. Шу съезд қарорига кўра бир бутун бўлиб турган Катқалъа қишлоғи Олтинқалъа, Кўраклар, Бешмерган, Оқ масжид қишлоқларига парчаланиб кетди. Бу қишлоқ советларининг айримлари ўз муҳри, маъмурий бошқарув биносига эга бўлди.

Шўро тузуми ташкил топганига беш йилдан ошиқ вақт ўтаётган бўлса ҳам ҳали синфий қарама–қаршилик кескин турар эди. Арвик, Чиғатойқалъа қишлоқларида ин қурган Қаландаркўр, Қангли қишлоғида Бакидевона, Ижтимоият қишлоғида Қўшим босма, Жалли бармоқ қуролли тўдалари шўро фаоллари, янги тузумга интилган ёшларни йўлдан супуриб ташлашни ўз олдларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Улар баъзан беш–олти, баъзан эса тўрт – беш кишидан таркиб топган тўда бўлиб, бир–бирлари билан уюшмас, ўз билганларича ҳаракат қилар эдилар. Чиғатойқалъа қишлоғида муаллим Шербобо Абдуллаевни, шўро вакили Бибижамол Идрисовани, Арвик қишлоғида Бекжон Матниёзов, Ижтимоият қишлоқ совети котиби Бойжон Юсуповни, Бўйрачи қишлоғида уч нафар комсомол аъзосини улар ваҳшийларча ўлдириб кетишди.

Тарканлар тўдаси кўпдан буён биринчи ижроқўм раиси Абдулла Абдураҳмонов изига тушган эдилар, нега–ки А.Абдураҳмонов йигирманчи йиллар ўрталарида Оқ масжид қишлоғида «Ёш бирлик» ташкилотини тузиб янги шўро мактаблари ташкил этишда жонкуярлик қилиб келмоқда эди. Навқирон қалб эгаси А.Абдураҳмоновнинг туман ижроия қўмитаси раиси қилиб сайланиши шўрога қарши кучларнинг жазавасини яна бир карра ошириб юборди. 1930 йил ёз фаслида ғанимлар унинг ўрнига қайин отаси Роман бобони отиб кетдилар.

Зиддиятлар кескинлашгандан кескинлашиб борар эди. Ҳамишагидай кимнинг кучи, қуроли кўп бўлса омад унга кулиб боқади. Шўронинг зўр бериб қилган ташвиқот тарғиботларига кўра кураш ва меҳнат майдонига навқирон кучларни тортқилаб келарди.

Бу инқилобий ўзгаришлардан Катқалъа ҳам четда қолмаганди.

– Давр олға бос!. Янги ҳукумат шиори шундан иборат эди.

Қишлоқда янги ҳаёт сари талпиниш бошланди. Авваллари бир–бирларидан мутлақо бехабар эллар бирлашишга киришди. Дастлаб ўнликлар, қўшчи союзи, ерни биргаликда ишлаш ширкатлари иш бошлади. 1922 йил 29 июнь куни иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Хоразм халқ Республикаси билан РСФСР ўртасида иқтисодий битим тузилди, яна бир йилдан кейин Рус-Хоразм давлат пахта ширкати қарор топди. Яккахўжалик бўлиб пахта етиштираётган оилалар топширган ҳосили учун «Пахта союз» ширкатидан меҳнат ҳақларини бемаҳтал олиб турдилар, Россиядан далани ишлаш асбоб анжомлари, барча соҳаларнинг етакчи мутахассислари ишга кела бошлади. Хоразм деҳқони оғир қўл меҳнатини механизациялаш, колхозлаштириш остонасига етиб келди.

Шўро ҳукумати келажак авлод иқбол истиқболини ҳам унутмаганди, у меҳнаткашлар фарзандларининг эски мактабларда таълим–тарбия олаётгани билан мутлақо муросага кела олмасди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР