Минг қалъали-афсонавий ўлка
Табиий ва сиёсий вазият натижасида жанубий вилоятларда Дорухон (Дарғон ота), Газар-асп (Ҳазорасп), Қалъажиқ, Хива кейинчалик Хонқа, Янги Урганч, Янги Тупроққалъа, (Шовот) Курулан (Гурлан) каби шаҳар ва қалъалар ривожланган ёки қайта тикланган.

Маълумки, тарих фани афсона ва ривоятларни инкор қилмайди, балки улар заминида яшириниб ётган ҳақиқат нишоналарини аниқлаш учун археология, этнография, геофизика, геоморфология фанларидан самарали фойдаланади. Айниқса 1873 йилда немис археологи Генрих Шлейман афсонавий Троя қалъаси харобалари остидан 5 минг йиллик улкан хазина топиб олганидан сўнг археология фан сифатида расмий тан олинди.

Хўш, минг қалъа 12 минг қўрғонли Хоразм воҳасига доир афсона ва ривоятлар қай даражада аҳамиятли, деган ҳаққоний савол туғилиши табиий. Ҳамюртимиз Берунийнинг хабар беришича, “Хоразм маданияти-қадимги маданиятлардан бўлиб, унинг илдизлари эрамиздан аввалги 1292 йилдан бошланади”. Аллома ўлка тарихини баён этар экан, “Унинг тақдири Жайҳун феъл- атворига боғлиқ эди”, деб кўрсатган.

Дарҳақиқат, воҳа археологиясини қарийб ярим аср давомида текширган С.П. Толстов бошлиқ экспедиция аъзолари буни етарли далиллар билан исботлаб бердилар. Ҳозирги Бўстон, Эллик қалъа, Тўрткўл, Беруний туманлари жанубий Хоразмдаги Ҳазорасп, Хумбузтепа, Садвар Дояхотин, Тупроққалъалар фикримизни далиллайди.

Табиий офат ва ўзаро босқинчилик урушларига қарамасдан уларнинг айримлари бизгача етиб келган. Улар, “Аёзқалъа”, “Девқалъа”, “Кўрғошинқалъа”, “Қизилқалъа”, “Қирққизқалъа”, “Қўйқирилганқалъа”, “Жонбосқалъа”, “Элликқалъа” тарзида истеъмолга кирган. Ушбу вазифани комплекс равишда ҳал этиш воҳадаги юзлаб номаълум (ёхуд ясама номли) қалъаларнинг тарихини равшанлаштиришга ёрдам беради. Тан олиш жоизки, воҳанинг қадимги қалъаларини узлуксиз тарзда изчил ўрганиш жиҳатидан Қорақалпоғистон археологлари анча илгарилаб бормоқдалар.

Жумладан Ғайраддин Хўжа Ниёзов бошчилигидаги Ўзбекистон -Австралия археологлар қўшма жамоаси 1994-2012 йилларда Тошхирмон, Оқчахон, Қозоққирилган “Ноъмалум тепалик” қалъаларини изчил ўрганиб Хоразмнинг кўҳна мудофаа қалъаларини аниқладилар. Бу юнон-грек тарихчилари ёзиб қолдирган гипотезаларнинг ҳақикат эканлигини исботлаб берди.

Маълумки, 1572-1575 йилларда Амударёнинг ўз йўналишини шимол томонга ўзгартириши ҳамда шимолий ва шарқий томонлардан қурғоқчилик, сув тақчиллиги ва феодал урушлари туфайли Хоразмнинг азалий шаҳарлари Урга, Қўҳна Урганч, Кордаранхос, Маздаҳканд, Ваянган аҳолисини жанубий вилоятларга кўчиришга мажбур бўлганлар. Натижада, - деб ёзади Хива тарихчиси Мунис, “беш қалъада очлик бошланди, шундан сўнг Хивада вабо тарқалди, шул сабабдан ўзбек ва сартлар Орол ва Бухороға тарқала бошладилар”. Мунис тилга олган мудҳиш очарчилик сиёсий бош-бошдоқлик бизнинг эрадан аввал ҳам, XIII- XVIII асрларда ҳам бир неча марта такрорланган.

Тарих фанлари номзоди М. Мадаминовнинг фикрича, Хоразмшохлар ўз мамлакатлари пойтахтини 9 марта бир шаҳардан яна бир қалъага кўчиришга мажбур бўлганлар: Урга (Урва) Маздакент, Ақчахон, Тупроққалъа, Қўйқирилган, Каат, Гурганч, Вазир, Хива шулар жумласидандир. Агарда Хоразм ҳукмдорлари мамлакат пойтахт шаҳарларини тез-тез кўчириб юрмаганларида эди шулардан бири Рим, Константинополь (Истамбул) ёки Самарқанд каби улуғ шаҳарларга ўхшаб бугунгача яшнаб турардилар.

Табиий ва сиёсий вазият натижасида жанубий вилоятларда Дорухон (Дарғон ота), Газар-асп (Ҳазорасп), Қалъажиқ, Хива кейинчалик Хонқа, Янги Урганч, Янги Тупроққалъа, (Шовот) Курулан (Гурлан) каби шаҳар ва қалъалар ривожланган ёки қайта тикланган. 1996 йил сентябрь ойида Ҳазорасп яқинидаги Хумбуз тепа ёдгорлиги очилганидан кейин унинг ёши Хивадан икки аср олдин пайдо бўлганлиги тасдиқланди.

Ҳазорасп-жаҳон халқлари цивилизацияси тарихида муайян ўрин тутган қадимий ўлка-Хоразм воҳасининг энг кўҳна қалъаларидан биридир. Унинг тарихи Шарқнинг мумтоз шаҳарлари Рим, Афина, Истамбул, Қуддус, Макка, Марв, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари каби қадимий ва ранг- барангдир.

Ўтмишда муаррихлар Ҳазораспни “Қалъаи Сулаймон” (Атуроспанд муқаддас олов шаҳри ёки минг отлар қалъаси) деб атаганлар.

Ҳазорасп қалъаси ҳақидаги машхур афсоналарнинг бири Сулаймон пайғамбар номи билан боғлиқ. Ривоят қилишларича, Сулаймон пайғамбар ўзининг “Шамол устига қурилган тахтида Хоразмга учиб келибди ва базму жамшид уюштирибди.

Зиёфат узок давом этибди. Натижада отларнинг қорни очиб исириқ гиёҳларни еб маст бўлишибди ва қанот қоқиб кишнашибди. Буни кўрган Сулаймон пайғамбар дарҳол отларни кишанлашга, пари қизларни эса шу маконда қолдириб, эрга беришга ҳамда қалъа қурдиришга амр этибди. Шу тариқа қалъанинг номи Сулаймон қурган ёхуд Ҳазорасп (Минготли) бўлиб қолган, дейишади.

Эътироф этиш жоизки, Сулаймон пайғамбар тарихий шахс. У Довуд пайғамбарнинг иккинчи ўғли эрадан аввалги 965 йилдан 928 йилгача Фаластин давлатига подшолик қилган. Ўз даврида Эрон мамлакати хукмдорлари билан савдо-сотиқ ва дипломатик муносабатлар ўрнатган, лекин унинг Хоразмга келганлиги ҳақида фанда ҳеч қандай маълумот йўқ. Тўғри, ўз даврида Хоразм Эронга қарам сатрап (вилоят) бўлган.

Масаланинг сеҳрли гиёҳ —исириқ (атурспенд) масаласига келсак, тарихий ҳақиқатга бироз ёндошиб ўтилган ҳисобланади.

Кўринадики, ота-боболаримиз қарийб 12-15 минг йиллар ертўла, чайла, тоғларнинг ғорларида, ўтлоқларда кўчманчилик қилиб яшаганлар. Аждодларимиз ўтган 100 асрлик давр жараёнида қандай ҳаёт билан машғул бўлганлар? Бу саволга муқаддас “Авесто” ва “Инжил” китоблари жавоб бера олади. “Инжил” ва “Авесто” китобларида инсониятнинг 9-10 минг йиллик тарихидан дарак берувчи афсона ва ривоятлар келтирилади. Ушбу китоблардаги ривоятларнинг айримлари икки дарё оралиғи (Месопатамия)даги Бобил (Вавилион) шаҳри (Шумер мамлакати) харобаларини қазиш чоғида топилгани ҳақ.

Қадимги хоразмликлар бизнинг эрадан аввалги 2-3 минг йилларда кўчманчилик (асосан чорвачилик) билан ҳаёт кечирганлар ва жанубий-ғарбий ўлкаларга бориб Бобил (Вавилион), Суза Шероз (Пареспол), Қуддус-Иерусалим каби буюк шаҳарлар қурилишларида бевосита қатнашганлар.

Тарих фанида бу фикр аллақачон исботланган. Хива, Ҳазорасп, Тупроққалъа таг заминининг ўрни айни Шумер қалъалари сатҳига тенг. Қолаверса “Осмон устуни” Бобил шаҳрини қуришда иштирок этган шарқлик кўчманчилар қўзғолони бунга мисол бўла олади. Яна бир далил шуки, қарийб 5 минг йил аввал ўтган шумерликлар лексиконида от деган тушунча умуман бўлмаган. Улар отни “Шарқ эшаги” деб атаганлар.

Шумерликлар тилида мавжуд бўлган 500 дан зиёд туркий ва қадимий хоразмча сўзлар ҳам юқоридаги фикрларимизни яна бир карра исботлайди.

“Авесто” китобида “Дахью”-вилоят, “Ардва”-Орол кўли, “Азата”-озод киши, “Хаома”-шароб, “Даития”-Амударё, Дукард- қайчи, Арна-канал, “Маздубаст” -Туямўйин дараси тилга олинади ва “Эронвеж” -(Хоразм) мамлакатларининг аълоси деб талқин этилади. “Авесто”да тилга олинган биринчи олов ёқилғи макони бу Хоразмдир.

С.П.Толстов, Я.Ғуломов, А.Асқаров, М.Исҳоқов каби олимлар биринчи муқаддас олов Жамшид томонидан Хоразмда ёқилганлиги ҳақидаги афсона ҳақиқатга яқин келади, деб ҳисоблайдилар.

Берунийнинг гувохдик беришича, “Жайҳун Маздубастдан Қорақум саҳроси орқали Хазор (Каспий) денгизига қараб оққан.

Демак, Ҳазорасп худудларидан кесиб ўтган Полвон канали (Хей Каник анҳорнинг аввалги номи) Жайҳуннинг бир тармоғи бўлган, унинг бўйларида даставвал Адараст-Ҳазорасп, қалъаи Рам Хева... Қалажиқ (кичик қалъа) Гаур Қалъа, Шоҳсанам Урга, Гаур қанд (Кўҳна Урганч) каби антик қалъалар бунёд этилган. Аксарият олимлар ушбу қалъа қўрғонларнинг энг ёши улуғи Қатьали қир ундан кейин эса Хива шаҳри қурилган, деб ҳисоблар эдилар. Хоразм археологлари ушбу фикрга тузатиш киритишди.

1996-2006 йилларда Ҳазорасп, Хумбузтепа, “Шарофат қалъа” ёдгорликлари остида олиб борилган археологик қазишмаларда қалъа Хивадан 200 йил олдин бунёд этилганини тасдиқловчи мис ва кумуш тангалар, темир учли камон ўқи, хум ва бошқа идишлар топилди. Эндиликда бундай машақкатли ишни Урганч Давлат университети ўқитувчилари Қурбонбой Собиров, Комилжон Абдураимов рахбарлигида талаба ёшлар бажармоқдачар. Доцент К.Абдураимов Ҳазораспнинг улкан деворлари оралиғидаги 12 бурж белгиларни тахдил этиб Қалъа осмон жисмлари ҳаракатини ҳисоблаш, фасллар алмашуви ҳамда тенг кунлик, энг узун кун ва узун тун каби табиат ҳодисаларини ўрганиш мақсадида барпо этилган мослама деган хулосага келди ва бу билан археастраномия фани ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Ҳазорасп буюк ипак йўли чорраҳаларида жойлашган, куҳна Хоразм элининг беназир истеҳком қалқони ҳисобланган, шунинг учун бўлса керакки, дунёнинг атоқли олимлари Абдураззоқ Самарқандий, Рашиддин Ватвот, Саъдий Шерозий, Антоний Жинкенсон, Ҳерман Вамбери ва бошқалар қалъа ҳақида ўзларининг юрак сўзларини ёзиб қолдирганлар.

Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Бухоро қуввати исломи дин аст,
Ҳазорасп қалъаи хўб жойи маҳкам,
Хива Фирдавсил раббил оламин аст.

Яъни Самарқанд ер юзининг гўзал шаҳри, Бухоро ислом динининг қуввати, Хива бахт иқболи кулган қалъа, Ҳазорасп эса метиндек мустаҳкам истехкомдир. “Уни ҳеч ким забт этолмайди”,- деб ёзган эди шарқнинг буюк шоирларидан бири. Бу қалъада жаҳоннинг буюк алломалари Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Ал-Беруний, Рашиддин Ватвот, Саккокий, Ҳазораспий, Умирий, Хаёлий каби шоир ва олимлар яшаб ижод этганлар ёки меҳмон бўлганлар. Суҳбатли давралар қуриб мунозаралар ўтказганлар. Ҳазорасп минг йиллар давомида Хоразмшохдар давлати ва Хива хонларининг ҳарбий мудофаа қўрғони, 214-276, 1623-1643 йилларда пойтахт, савдо-сотиқ растаси, элчиларни кутиб оладиган қароргоҳи бўлган. Машойихлар қалъани ҳақли равишда Хоразмнинг “Олтин дарвозаси” деб таърифу тавсиф қиладилар. Унинг географик жиҳатдан қулай минтақада жойлашганлиги боис 1558 йилда Москва -Астрахан- Гурганж орқали бу ерга ташриф буюрган Буюк Британия элчиси А.Жинкенсоннинг ўз қироличасига ва подшо Иван Грознийга жиғали телпак, пўстин ва дур-гавҳарлар билан нақшланган Ҳазорасп ханжарини совға тариқасида Москва ва Лондонга олиб борганини бутун дунё билади. 1863 йил май ойида Хоразмга дарвеш қиёфасида кириб келган венгер олими Ҳ. Вамберининг қуйидаги сўзлари Ҳазораспнинг шуҳратини бутун дунёга ёйгани ҳақиқат: “Хива ниҳоятда бой ва гўзал мамлакат, бу воҳада пахта, шоли етиштирилади. Бўён деб аталадиган ёввойи ўтдан юқори сифатли қизил бўёқ, ипак ва пахтадан қоғоз тайёрлаш мумкин. Мевалари шундай яхшики, унга тенг келадиган меваларни Эрон, Туркиядагина эмас, балки Европанинг ўзидан ҳам топа олмайсиз. Айниқса Ҳазорасп олмалари, нок ва анорларининг тенги йўқ.

Унинг қовунлари Пекингача маълум. Айтишларича Туркия султони ҳам вақти- вақти билан Урганч қовунларини истаб қолар экан. Бу қовунлар Россияда ҳам юқори баҳода сотилади. Бир карвон қишки қовунга бир карвон шакар алмаштирилади. Урта Осиё пахтасининг келажаги катта. Туркистон пахтаси, Ҳинд, Эрон, Миср пахтасидан яхши ва машҳур. Америка пахтасидан қолишмайди. Ҳазорасп пилласидан олинадиган ипак бутун Хива хонлигида энг қимматли мато ҳисобланади”.

(Қаранг: Г.Вамбери “Путешествие по Средней Азии” СПБ, 1868 г стр. 126). 1996 йилдан буён қалъа атрофларида археологик текширувлар ўтказилмоқда. Хумбуз тепа ва Шарофат деб номланган қалъалардан эрамиздан 1500 йил аввалги чорвадор, овчилар анжомлари, хумлар, сопол идишлар топилди. Дарҳақиқат, қалъанинг 5 метрлик ҳайбатли деворлари унинг девсифат аждодларимиз томонидан бунёд этилганлигига шубҳа қолдирмайди. Ушбу сирли ва салобатли қалъа деворлари ўз тадқиқотчиларини кутиб ётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Туман халқаро “Олтин мерос” жамғармаси раҳбари Ш.Қаландарова ташаббуси билан қалъа атрофларидан кавлаб топилган ноёб осори атиқаларнинг бир қисми Хоразм Маъмун академиясига тақдим этилди. “Ҳазорасп” номли илмий-оммабоп рангли журнал чоп этилди, ҳужжатли телефильм яратилди. Жамланган ашёвий далиллар шуни кўрсатадики, қалъанинг ёши Самарқанд ёки Истамбул (Туркия) шаҳарлари ёши билан тенг дейиш мумкин. Ҳамма гап қалъа тарихини кўз-кўз қиладиган расмона ўлкашунослик музейи ташкил этиш, монография чиқариш, хулосаларни халқаро ЮНЕСКО ташкилотига такдим этиш ва нуфузли илмий муассасалар билан ҳамкорликда изчил давом эттиришда қолган. Негаки, Хоразм воҳасининг кескин контенентал об-ҳаво шароити, феноменал тарихий - жумбоқли геологияси, Амударёнинг ўзига хос феъл- атвори (характери) ҳали тўла ўрганилган, деб бўлмайди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР