Хоразм мақол, матал, нақл ва ибораларнинг тарихий илдизлари
Хоразмлик қариялар қайсидир мақтанчоқ, ҳовлиқма раҳбарни таърифламоқчи бўлишса, “Фалонкаснинг олган қалъаси йўқ” дейишади. Агарда кимдир ўзини мақтаб ҳаддидан ошаверса: “Қани биродар, сен қайси қалъани олдинг” яъни бирон кўз кўргудек ишни қойил мақом этиб бажардингми, деб дангал сўрашади.


"Хонлик-хонликнинг охири хўрлик"

Хива тарихчилари Мунис, Огаҳий ва Баёнийларнинг мамлакат тарихига доир асарларида, “Ичон қальа” тарих музейининг бўлим мудири, тарих фанлари номзоди Комилжон Худойбергановлар томонидан тузилган “Хива хонлари шажараси”да 57 кишининг хон тожини кийганлиги қайд этилади.

Бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш учун сўзни тарих битган машхур Хива хони Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” номли асарига мурожаат қилиш ўринли кўринади. Чунончи 1510 йилда Марв атрофида бўлган жангда Шайбонийхон қатл этилиб калласи Эрон шоҳига “совға” сифатида юборилади, танаси Бухороға олиб келиниб дафн этилади. Ушбу сиёсий парокандаликдан унумли фойдаланган хоразмлик Сўфий ва Мирзо Ҳизр, Дашти Қипчоқ Султони Беркани ўлдириб ўрнига унинг ўғли Элбарсхонни тахтга ўтқазадилар. 1511-1770 йиллар оралиғида Шайбонийлар авлодидан бўлган 40 нафар тўра-султонлар бир ярим, икки йилдан зиёд тахтда ўтира олмаганлар.

Бу даврни устоз Мунис “Хонлар ўйи” деб баҳолади. Ўша давр хонлари орасида Элбарсхондан бошқа ҳукмдорлардан биронтаси ибратли ишларни амалга ошира олмаган. Тўғрироғи, ўша давр хонлари гоҳ Бухоро, гоҳ Дашти Қипчокдаги шайбонийлар таъсири остида бир-бирларини ўлдириш, тахтдан қувиш, заҳарлаш каби “қондошлик” кайфияти таъсиридан чиқа олмаганлар. Кейинги хон аввалги хонларнинг бола-чақаси, уруғ-аймоғини қатл эттирган. Бу тарихда тухуммурд деб номланган.

1558 йил баҳорида Астрахан орқали Хоразмга келган инглиз савдогари Антоний Жинкенсон Гурганч ва Селлюзер (Вазир) қалъаларидаги парокандаликни ўз кўзи билан кўриб: “Келажакда бу мамлакат сувсизликдан ҳалок бўлади” деб ёзган. Ажнабий кузатувчи башорат қилганидек хонлик салкам юз йил парокандалик, бош-бошдоқлик, ака-укани, ўғиллар ота жонига қасд этиб тахтни эгаллаши сиёсий курашлар гирдобидан чиқа олмаган. 1602-1621 йилларда Хивада хонлик қилган Араб Муҳаммад ўз ўғиллари Элбарс ва Хабаш султонлар томонидан кўзлари ўйилиб ўлдирилади ва мамлакатни иккига бўлиб бири Хивада, иккинчиси Ҳазораспда ўзларини хон деб эълон қиладилар.

Хива хонлигининг 400 йиллик тарихида тахтга ўтирган хонлар орасида энг кўп даври- даврон сурган шоҳ ва шоир Муҳаммад Раҳимхон (асли-Бобожон Тўра, адабий тахаллуси Феруз) эди.

Араб Муҳаммадхон, Анушахон, Абулғозийхонлар 19-22 йил юртни идора қилганлар. Хива хонлари тарихида отдош хонлар анчагина бўлган.

Масалан, Абулгозийхон 5 марта, Асфандиёрхон ва Муҳаммад Раҳимхонлар шахси икки мартадан такрорланган. Шунинг учун ҳам тарихчилар уларнинг исмига соний сўзини (рақам) қўшиб ёзганлар.

Айрим хонларнинг тарихда яхши ном қолдириши уларнинг бунёдкорлик ишларига, халқ фаровонлиги учун қайғуришига ҳамда ташқи сиёсий муҳитга боғлиқ бўлган.

Масалан, Абулғозий Баҳодирхон (1603-1664) Тоза (янги) Урганчга асос солган, Анушахон Шовот каналини реконструкция эттирган. Ферузхон адолатли, тадбиркор, ижод аҳлига хайрихоҳ бўлган, энг муҳими урушларсиз мамлакатни бошқарган. Унгача ва ундан кейин хонлик этган шахслар қуйидагича сиёсий умр кўрганлар.

1845-1855 йиллар Муҳаммад Амин хон Оллоқулихон ўғли туркман қабилалари билан бўлган жангда (Серахс) ҳалок бўлган. Унинг ҳам боши Эронга юборилган, калласи кесилиб олинган хоннинг жасади Хивада дафн этилган.

1855 йил Абдулла хон, Қутлимурод Иноқ ўғли ярим йил хонлик қилмасдан туркманлар томонидан қатл этилган.

1855 йил Қутлимурод хон Ибодулла бей ўғли, ярим йил хонлик қилгандан кейин ўз дойиси (тоғаси) Матниёз бей томонидан қатл этилган.

1855-1864 йиллар Сайид Муҳаммад Раҳимхон ўғли ўз ажали билан ўлган. Фақат Ферузхон 47 йил хонлик қилган.

1910-1918 йиллар Асфандиёр Муҳаммад Раҳимхон ўғли ёвмуд туркманлар томонидан қатл этилган.

1918-1920 йиллар Хиванинг сўнгги хони Сайид Абдулло 1920 йил 1 февраль куни қамоққа олинган ва шу йил 12 июлда сургун қилинган. Аввало Москва сўнгра Украина қамоқхоналарида сақланган. 1934 йилда озод этилган ва Тошкент шаҳрида вафот этган, қабри номаълум.

Демак, 1511-1920 йилларда Хивада ўртача ҳисоблаганда ҳар беш-олти йилда бир марта хон алмаштирилган. Хонлардан ўн саккиз киши ўз ажали билан ўлган, 16 хон саройдаги фисқу- фасодлар туфайли тахтдан қувилган, ағдарилган ёки истеъфога чиқарилган. Бошқача қилиб айтганда, Хива тахтига ўтириш насиб этган ҳар уч хондан икки киши ўз ажали билан ўлган эмас, балки тахт учун курашлар курбони бўлган, фитначилар томонидан ўлдирилган ёки жангларда ҳалок бўлган. Ҳатто Абулғозийхоннинг иниси Сори Айгир хон эрталаб хонлик тахтига ўтирган. Тушдан сўнг сайрга чиққанда айғир отдан “йиқилиб” ўлган шунинг учун бўлса керак, Хива тарихчилари уни “Сори айғир хон” номи билан қайд этганлар.

Марказий Осиёда ўтган бошқа хонлар тарихига назар ташласак, Хива ҳамда Қўқон хонликлари ўртасида тожу тахт учун кураш кескин ва муросасиз, гоҳида пинхоний кечгани кузатилади. Масалан, 1709-йилдан 1876-йилгача Қўқон хонлари тахтига ўтирган 20 нафар кишидан нақд 12 хон қатл этилган.

Худоёрхон 3 марта тахтдан қувилган ва тўртинчи сафарда руслар томонидан қамоққа олиниб Оренбург турмасига ташланган. У турмадан қочиб Уст-юрт чўллари, Хива ҳудудлари орқали дарвеш қиёфасида Эрон, Афғонистонга ўтади ва қароқчилар томонидан таланиб хор-зорликда ўлиб кетади. Бухоро амирлигида эса Хива ва Қўқондаги каби хонлар қатл этилмаган. Бунинг сабаби шуки, Хива ва Қўқонда чўл шароитида туғилиб ўсган тажрибасиз кўчманчи аслзодалар хон бўлганлигидан деб айтилса тўғри бўлар эди. Бухорода ислом маданияти гуллаб-яшнаган ва ташқи сиёсий ишлар яхши йўлга қўйилганлигидир. Хулоса шуки, халқ мақолида айтилганидек адолатсиз, ақлсиз хонлар охир оқибатда хор-зор бўлар эканлар.

"Фалонкаснинг олган қалъаси йўқ"

Хоразмлик қариялар қайсидир мақтанчоқ, ҳовлиқма раҳбарни таърифламоқчи бўлишса, “Фалонкаснинг олган қалъаси йўқ” дейишади. Агарда кимдир ўзини мақтаб ҳаддидан ошаверса: “Қани биродар, сен қайси қалъани олдинг” яъни бирон кўз кўргудек ишни қойил мақом этиб бажардингми, деб дангал сўрашади.

Ушбу иборанинг тагида бир олам маъно-тарихий ҳақиқат ётганлиги қуйидагича изоҳланади. XVII аср охири ва XVIII аср биринчи ярмида Хива хонлигида юз берган “сиёсий ўйин”лар натижасида парокандалик юз беради. Шимолдаги карчалонлар бундан хабар топгач, хонликни қарам қилиш учун қулай вазият туғилганлигини биладилар. 1714-1717 йилларда рус подшоси Петр I Хива орқали Ҳиндистонга борадиган савдо йўлларини аниқлаш, Амударёнинг Каспий денгизига қуйиладиган ирмоғида ҳарбий истеҳком қуриш, олтин конларини излаб топиш, иложи бўлса Бухоро ва Хива хонларини Россия давлати тасарруфига ўтказиш мақсадида беш минг кишилик “экспедиция” уюштиради. Экспедиция Шерғозий хон томонидан тор-мор қилинади ва унинг бошлиғи генерал Бекович-Черкасскийнинг калласи танасидан жудо этилиб Бухоро амирига “совға” тариқасида юборилади. Бухоро амири Бековичининг калласини худди расмона ўликни кўмгандек жаноза ўқитиб қабрга жойлайди ва Россияга элчилар жўнатиб бу билан ўзининг Россияга бўлган садоқатини намойиш этмоқчи бўлади. Орадан 122 йил ўтиб 1839-1840 йил қиш ойларида Хивага бостириб келган Оренбург ҳокими генерал Перовский қўшини ҳам мағлубиятга учрайди. 438 ўрис аскарлари асир олинади. Улар Урганч шаҳри чеккасидан оқиб ўтадиган ариқни қазиб берганларидан сўнг озод этилиб Россияга жўнатилади. “Ўрис ёп” деган атама шундан қолган. Орадан яна 33 йил ўтиб 1873 йил баҳор ойларида хонликка тўрт томондан бостириб келган генерал Фон Кауфманнинг 13 минг кишилик армиясига Хиванинг жасур- довюрак лашкарбошилари Муҳаммад Мурод девонбеги, Муҳаммад Ниёз девонбеги, Раҳматулла ясовул бошчилигидаги қозоқ навкарлари Тўрағоси Содиқ Султон, Телхўжа ботирлар қарши турадилар. Замонавий қуроллар, тажрибакор зобитлар билан таъминланган рус қушинлари 1873 йил 29 май куни Хивани эгаллайдилар.

Белгилаб қўйилган таомилга кўра ёғийларнинг қалъа- қўрғонини эгаллаган қўшин бошлиқлари катта совға-саломлар, ер- сув билан тақдирланган эдилар. Алоҳида ўрнак кўрсатиб душман аскарлари калласини, бурни, қулоғини кесиб келган навкарга эса беш-ўн тилло пул инъом этилган. (Хива хонлигида ер-сув солиғи ва давлат тузилиши номли монография М.Йўлдошев, Тошкент, 1959 йил “Фан” нашриёти). Хонликда юз берган урушлар, Огаҳий ва Мунис томонидан ёзиб қолдирилган “Фирдавс ул-иқбол” номли йирик асарда хон лашкарбошилари ва оддий навкар олган мукофотлар баён этилган. Гоҳи-гоҳида қулоқка чалиниб турадиган “Фалончининг олган қалъаси йўк” ибораси узоқ ўтмишдан қолган архаик сўз хисобланаса-да ҳозир кўчма маънода мақтанчоқларга нисбатан қўлланилади.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР