Марказлашган мўғуллар давлатининг ташкил топиши. XII аср бошида Хоразм давлатидаги ижтимоий-сиёсий вазият
XI-XII асрларда мўғуллар ижтимоий, иқтисодий ва маданий хаётда қолоқ хисобланар эди. Уларда хали уруғ-аймоқчилик муносабатлари кучли бўлиб, асосан чорвачилик, овчилик ва ўзаро товар айирбошлаш, савдо-сотиқ билан шуғулланиб келишган.

XII аср охири XIII аcр бошларида мўғул уруғ бошлиқлари орасида ички курашлар авж олди. Бу курашларда Темучин исмли баходир ғолиб чиқиб, 1204-1205 йилларда кўчманчи чорвадор уруғларни сиёсий жихатдан бирлаштиришга муваффақ бўлди. 1206 йилда у Онон дарёсининг юқори қисмида қурултой чақирди. Бу қурултойда Темучинга Чингизхон унвони берилди, яъни кучли, қаттиқ, шиддатли денгиздек хон маъносини билдирган.

Ана шу тариқа Темучин кўп сонли жангари кабилалар салтанатининг кучли хукмдорига айланди. Бу салтанат қудратининг ўзагини Чингизхон юргизган қаттиққўл ва хуқуқий жихатдан асосланган, марказлашган сиёсат ташкил этди. Диний ва ижтимоий фаолиятнинг барча сохаларини ўз ичига олган бу хуқуқий сиёсат 1206 йилдаги қурултойда қабул қилинган "Ясо" қонунида асослаб берилган эди. Тақидлаш жоизки, "Ясо" кўп йиллик хаёт тажрибаси, қабила ва уруғларнинг урфу-одати, анъанаси, ўзини оқлаган удумлар асосида тузилган эди. Минтақа тарихида дастлаб хуқуқий хужжат бўлганлиги боис "Ясо" мохиятига бир оз тўхталмоқ лозим. Унда:

- хоннинг вазифалари ва хуқуқлари белгиланган.

Хаттоки улуғ хон ўз бурчини тўлиқ бажармаса, уни хокимиятдан четлаштириш фикри ҳам акс эттирилган;

- қўшинни ташкил этиш тамойиллари ёритилган. (ўн, юз, минг, туман...) тизими узоқ асрлар давомида қатор мамлакатларда қўлланилган. Ўзига хос ҳолат шундаки, қўшинга давлатнинг ҳеч қандай маблағ харажати кўзда тутилмаган бўлиб, ҳар қайси жангчи ўз овқати, қуроли, зарур буюм ва анжомлари учун ўзи қайғуриши керак бўлган. Яъни яшаш ва кураш мезони олинадиган ўлжага боғлиқ қилиб қўйилган, хаётий зарурат даражасига кўтарилган эди. Жанг услуби оддий, ёппасига, бирварақайига хужумга ўтишга асосланган бўлиб, қўрқоқлик, сотқинлик қаттиқ жазога тортилар эди;

- жазо чоралари акс эттирилган. Сувни ёки сутни атайлаб тўқиб юбориш дашт шароитида қечирилмас жиноят сифатида қораланар эди. Ўғрилик, очиқ талон-тарожлик разил одат саналар, ўғирланган мол тўққиз баробар миқдорида ўндириб олинарди;

- аёллар хуқуқлари таъқидланган. Хусусан, уруш шароитида авлодлар келажагини таъминлаш сифатида бахоланган аёлларнинг ўз ерига хиёнати қонун томонидан кечирилган.

"Ясо" қоидаларини хамма бажариши шарт эмасди. Мамлакат олдидаги буюк хизматлари учун шахсан Чингизхон мархаматига эришиб "тархон" унвонига эга амалдорлар уни хатто 9 марта бузишлари мумкин бўлган. Биринчи қурултойдаёк бир неча киши ана шундай унвонга эга бўлиши бу давлатнинг нақадар табақаланганлигини кўрсатади.

"Ясо"нинг эълон қилиниши Чингизхоннинг мутлоқ хукмдорлигини, ўта қаттиқ интизомли ва кучли харбийлашган мамлакатнинг юзага келганлигини исботлайди. Иқир-чиқирларигача мукаммал ишлаб чиқилган ва харакатга келтирилган бу улкан "машина" ўзга давлатлар учун жиддий хавф эди.

Чингизхон қўшинлари турли қисмга бўлинган эди. Ўн жангчига бир бошлиқ-ўнбоши, юзбоши, мингбоши ва туманбошилар қўйилган. Давлат унвонлари ва мансаблар-улуғ, ўрта ва кичик хокимлар доругалар, олий ва қуйи хокимлардан иборат бўлган. Чингизхон давлатининг пойтахти Қорақурум эди. Ёзув ва ўқишдан бехабар бўлган хон бу борадаги давлат ишларида уйғурлар ва савдогарлар хизматидан кенг фойдаланар эди.

Чингизхон 1207 йилда ўз мамлакатининг шимолий ерларини, 1207-1208 йилларда Енисой дарёси хавзасини, 1211-1215 йилларда Хитойни эгаллади. Айниқса Син сулоласининг қулатилиши ва унинг натижасида эришилган бехисоб харбий ўлжа ва бойлик, замонавий жанг асбоблари ва ускуналар Чингизхон қўшинини янги юришларга илхомлантирди. Муғуллар давлати қисқа муддат ичида Ўрта Осиёдаги Хоразмшохлар давлатига чегарадош мамлакатга айланди.

Хоразмшохлар давлатининг хукмдори Аловуддин Мухаммад узоқ йиллар давомида қўшни давлатлар устига муваффақиятли харбий юришларни амалга ошириб, Озарбайжон, Эрон, Қурдистон, Ироқ ерларини қўлга киритган, салкам 400 минг кишилик қўшинга эга эди. Ғалабалар унинг шухратпараст қалбида катта ишонч, ғурур ва шу билан бирга баландпарвоз хисларни уйғотганди. Ўзини "худонинг ердаги сояси", "иккинчи Искандар" деб атаб юрган Мухаммад хам Хитойга кўз тикканди.

Боз устига Мухаммаднинг сиёсий мавқеи пасайиб борар, ўлкадаги ижтимоий аҳвол эса нотинч эди. Шох бир қатор заифликларга эга бўлганки, бу муваффакиятлар даврида унча сезилмас, аммо жиддий харбий шароитда реал хавф касб этарди. Хусусан, Мухаммад қипчоқлардан бўлган қатор лашкарбошиларга ишонмас, тахтга кўз тиккан онаси Туркон хотин ва унинг саройига тиқиштирилган қариндошлари билан чиқишмас, дин пешволарини ўз харакатлари туфайли қаттиқ ранжитган эди. Халқ қўзғолонларини (1210 й Самарқанд қўзғолони) шафқастизлик билан бостиргани, солиқлар зулми, турмуш даражасининг пастлиги уни оддий ҳалқдан жуда узоқлаштирганди.

Шундай сиёсий шароитда Чингизхон ва Хоразмшох давлатлари ўртасида элчилик муносабатлари ўрнатилди. 1216 йил Чингизхон хузурига Хоразмшох ўз элчиларини оборади. Ўзаро тотувлик ва дўстлик қарор топиб, икки давлат худудларда совдогарларнинг эркин қатновига хохиш билдирилди. Сўнг, 1218 йили Хоразмшох янги элчиларни юборади. Бунга жавобан Чингизхон Махмуд Яловоч бошчилигида Хоразмшох давлатига элчи юборади. Аммо мўносабатлар борган сари кескинлашиб бормоқда эди.

1218 йил Чингизхон Хоразмга навбатдаги 500 туя хамда 450 савдогарлардан иборат савдо карвонини жўнатади. Бироқ Утрор ноиби Иналхоннинг фармонига кўра, карвон таланади. Савдогарлар қириб ташланади.

Чингизхон бу вокеадан нихоятда даргазаб бўлсада, ғазабини босиб, Ибн Куфрож Буғрони икки ишончли мулозим кузатувчилар билан бирга Хоразмшох хузурига элчи қилиб юборади. Чингизхон айбдорни жазолаш, Иналхонни унга топширишни талаб қилади. Хоразмшох Чингизхоннинг талабига жавобан элчини ўлдиришни ва икки мулозимни соқол-мойловини қириб шармандали қилиб қайтариб юборишни буюради. Бу воқеалар икки давлат ўртасида харбий тўқнашув мукаррар эканлигини кўрсатади.

Хоразм мамлакатининг харбий қудрати, географик холати давлат бошқарувидаги қарама-қаршилик ва заифликларини обдон ўрганган Чингизхон ижтимоий-сиёсий вазият уруш учун нихоятда қулай эканини тушунади хамда 1218 йили чақирилган навбатдаги Қурултойда харбий харакатлар тактикасини ишлаб чиқади.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР