Ўрта асрлар Хоразм ижтимоий – иқтисодий ҳаётининг хориж манбаларида акс этиши
X асрга оид бўлган бир қатор тарихий ва археологик ашёвий далиллар Хоразмнинг иқтисодий жиҳатдан тез юксалиш жараёнини бошидан кечирганлигини исботлайди. Ушбу прогрессив жараён Хоразмдаги шаҳарларнинг гуркираб ўсишида ўз аксини топди.

Араб тарихчиси Табарий араблар Хоразмни истило қилган вақтда фақат 3 шаҳар — Кат (Фир), Ҳазорасп ва Урганч бўлганлигини кўрсатиб ўтганди. Яна бир араб тарихчиси Ал-Истаҳрий тахминан 930-933 йилларда Хоразмдаги шаҳарларни санаб ўтаркан: Хоразм (Кас), Дарғон, Ҳазорасп, Хива, Хушмисан, Ардахушмисан, Сафардиз, Нузбар, Кардаронхос, Кардар, Баратегин, Мазминия, Журжония (Гурганж) каби ўн учта номни тилга олади. Ниҳоят, 985 йилда Хоразмга келган араб муаллифи ал-Мақдисий воҳа шаҳарлари сони 32 бўлганлигини ёзади. Жумладан, у Амударёнинг ўнг қирғоғидаги Кас, Гардман, Ойхон, Арзахива, Нукфаг, Кардар, Миздаҳқон, Жашира, Садвар, Зардух, Баратегин, Мадкаминия; чап қирғоғида жойлашган Журжония (Гурганж), Нузвар, Замахшар, Рузунд, Вазарманд, Васкаханкас, Рахушмисан, Мадамисан, Хива, Кардаронхос, Ҳазорасп, Жигарбанд, Жаз, Дарғон, Жит, Кичик Журжония, иккинчи Жит, Садвар, Масасан, Кардар, Андарстан каби шаҳарлар борлигини кўрсатган. Бундан ташқари, Хоразмга борадиган йўлларда Шўрахон, Хас, Нузкат, Дарсон, Жувикан, Амир, Барабсар, Вардара каби аҳоли пунктлари бўлганлиги таъкидланади.

Хоразмда шаҳарларнинг пайдо бўлиши, деҳқончилик ва ҳунармандчиликнинг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, айниқса сунъий суғориш жарёни кенгайиши унга кучли туртки берган. "Ҳазораспдан бошлаб Жайхун қирғоқларида каналлар қазилган, — деб ёзганди ал-Истаҳрий. — Улар орасида Ҳазорасп канали ҳам бўлиб, узунлиги жиҳатидан у Гавҳара каналининг ярмига тенг келади. Кейин эса Ҳазораспдан икки фарсаҳ масофада Кардаронхос канали бўлиб, у Ҳазорасп каналидан каттадир. Ундан сўнг Хива канали келади ва у Кардаронхосдан катта, ундан кемалар то Хивагача қатнаб турганлар". Демак, Истаҳрийнинг кўрсатишча, Амударёнинг чап соҳилида Ҳазорасп (Хасса канали), Кардаронхос (Қалъажиқ, Довуд қалъа канали), Хива (Полвонёп), Мадра (Ғазовот), Бува (Ёрмиш) ва Вадақ (кейинги Шоҳобод) каналлари бўлган. Бува ва Вадақ каналларининг охири қўшилиб, Журжония (Гурганж) гача етказилган. Бу каналлардан кўпларида кемалар қатнаб, улар ички савдода ўзига хос артерия ролини ўйнаган.

Шаҳарларнинг ўсиши мамлакат умумий иқтисодий тараққиётининг муҳим томонларидан бири бўлиб, янгича асосда юксала бошлаган Хоразм шаҳар цивилизациясининг атрофдаги даштлар ва узоқдаги мамлакатлар билан иқтисодий алоқалари мустаҳкамланаётгани ва кенгайиб борганидан далолат беради. Хоразмлик савдогарлар, худди қадим замонлардагидек, Туркманистон ва Ғарбий Қозоғистон ўрнида бўлган дашт кўчманчилари билан, Волга бўйи — Хазория (кейинчалик Дашти Қипчоқ) ва Булғория билан, ниҳоят, Шарқий Европадаги кенг славянлар олами билан савдо-сотиқ алоқаларини кучайтирдилар. Х асрдаёқ юқоридаги ҳудудлар билан савдо-сотиқ муносабатлари кенгайганлиги тўғрисида ва умуман хоразмликлар ҳақида Истаҳрий ёзганди: "Хоразм — ҳосилдор, озиқ-овқати ва мевалари кўп шаҳар (мадина), фақат ёнғоғи йўқ; бу ерда пахта ва жундан кўп нарсалар тайёрланади ҳамда бу нарсалар узоқ-узоқ жойларга элтилади. Аҳолисининг ажралиб турадиган хусусияти — бойлиги ва мардлик кўрсатишга интилишидир". Х аср охирида ёзилган "Ҳудуд ал-Олам" асарининг муаллифи Кат шаҳри тўғрисида қуйидагиларни ёзади: "Шаҳарнинг бойлиги катта. Бу ердан ёстиқ жилди, қавима кийим-бош, ип газлама, кигиз, қора уй, рухбин (пишлоқнинг бир тури) чиқарилади".

Ал-Мақдисий Булғордан келтирилган моллар қатори Хоразмнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳам кўрсатиб ўтган: "Хоразмда узум, майиз кўп, бодом мағизи, кунжут, йўл-йўл кийим-бошлар, гиламлар, кўрпалар, ажойиб кимхоб, "мулхам" деган чойшаб, қулф, рангли кийимлар, энг кучли одамларгина эга оладиган камонлар, алоҳида бир хил пишлоқ, зардоб, балиқ тайёрланади. У ерда кемалар ясалади, ясалганда ҳам ниҳоясига етказилади". Ал-Мақдисий келтирган рўйхатда Хоразмдан ташқарига чиқариладиган моллар ичида металл ишлаш (қулф), қуролсозлик (камон), кемасозлик саноати маҳсулотлари ҳам бўлганлигини кўрамиз. Хоразм ҳунармандчилик саноати маҳсулотларининг мамлакатдан четга чиқарилган турлари йилдан-йилга анча кўпайганлиги билан уларнинг ҳаридоргирлиги ҳам ошиб борганди.

Мўғул-татарлар истилоси арафасида Хоразмда бўлган машҳур араб сайёҳи Ёқут ал-Ҳамавий ўзининг "Муъжам ал-булдон" ("Мамлакатлар луғати") асарида шундай деб ёзганди: "Мен у ерга 616 йили (1219-1220) борган эдим. Ҳеч қаерда бундай гавжум ва яшнаган ўлкани кўрмаганман. Экинлари ёппасига парвариш қилинган, қишлоклари бир-бирига яқин қаторлашиб кетган, алоҳида ҳовли-ю-чорбоғлари кўп. Даштда ҳам қўраю қўрғонлар бор. Ўлканинг рустоқларида (деҳқончилик туманларида) парваришланмаган, нообод жойни топиш қийин. Яшил дарахтзорлар, айниқса, гужуму тут кўп, чунки улар (аҳоли) қурилиш ёғочларига муҳтож, тут барги эса ипак қуртига емдир. Унинг барча вилоятларида юрасанми, ё бозорларида юрасанми (аҳоли кўплиги жиҳатидан) — бунинг фарқ йўқ. Дунёнинг ҳеч бир ерида Хоразмдек фаровон ва аҳолиси гавжум юрт бўлмаса керак. Хоразмнинг кўпчилик аҳоли манзиллари — бозорларга, ҳаётий зарур нарсаларга мўл-кўл, расталари кўп шаҳарлардир. Бозори бўлмаган қишлоқ камдан-камдир. Буларнинг ҳаммаси умумий хавфсизликда ва тинчлик-ҳотиржамликда амалга ошмоқда».

Мўғуллар истилоси арафасидаги ва ундан кейинги Хоразмда мавжуд шаҳарларларда Шарқона хусусиятлар тўла мужассамлашганди. Ўрта аср форс тарихчиси Закариё ибн Муҳаммад ал-Казвинийнинг ёзишича: "Ҳар бир шаҳар ўртасида яна бир кичик шаҳар бўлган. Кичик шаҳарнинг ўртаси қўҳандиз деб аталган. Марказдаги кичик шаҳарларни шаҳристон ёки арабча — мадинат ус-суғро (кичик шаҳар) деб атаганлар. Унинг атрофи девор билан ўралган ва бир неча дарвозалари бўлган. Шаҳристон атрофида катта шаҳар — мадинат ул-кубро бўлиб, у ҳам девор билан ўралган ва бир неча дарвозалари бўлган. Катта шаҳар атрофларида эса узумзорлар ва мевали боғлар, уларнинг теварагида — экинзор далалар бор эди".

Хоразм шаҳарларида ҳаёт қайнаб, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ғоятда ривожланган. Ҳунармандлар ишлаб чиқарган турли хилдаги газламалар, заргарлик буюмлари, кийим-кечаклар, гилам-поёндоз, тери, жун, ёғ-мой, совун, қурол-аслаҳа, эгар-жабдуғлар, ҳўл мева, қуруқ мева, ипакликлар, жавоҳирлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда ҳаридоргир бўлган.

1219 йилда шаҳарда бўлган Ёқут Ҳамавий: "Мен Гурганж каби буюк, бой ва гўзал шаҳарни кўрмадим", — деб таҳсинлар айтганди. Закариё Қазвиний эса Гурганж ҳақида сўз юритаркан: «У Жайҳун дарёси бўйидаги жуда катта шаҳар ва аҳолиси жуда кўп. Уни жаннатдаги шаҳар ва чимилдиқдаги келинчакни қўриқлагандай, фаришталар қўриқлайди", — деб ёзган эди.

Тарихий манбаларда Хоразмнинг бошқа савдо шаҳарлари тўғрисида ҳам кўп маълумотлар сақланиб қолган. 922 йилда Хоразмда бўлган араб дипломати Ибн Фадлан «Ардахушмисан бозорлари гавжум ва аҳолиси фаровон, катта шаҳар. Ардахушмисан Кат ва Гурганж оралиғида жойлашган ҳамда Амударё бўйидаги шаҳар бўлиб, унга сув йўли орқали борилади», — деб ёзганди. "Худуд ал-Олам" асарида «Ардахушмисан савдогарларнинг тўпланиш жойи», — деб кўрсатилган. 1219 йилда Ардахушмисанда бўлган Ёқут Ҳамавий, шаҳарни Суриянинг йирик шаҳарларидан бири — Нисибин билан тенглаштиради. Аммо сайёҳ Ардахушмисан шаҳрининг муҳташамроқ, бозорларида моллари кўп, аҳолиси кўпроқ ва бадавлат эканлигини таъкидлаганди.

Истаҳрий ва Мақдисийлар Ардахушмисанни Хоразмнинг Кат (Кос) ва Гурганждан кейинги йирик шаҳри сифатида кўрсатишган. Косдан Журжониягача масофа 3 кунлик йўл, Ардахушмисангача эса 1 кунлик йўл деб кўрсатганди Истаҳрий. Хивадан Рахушмисангача (Ардахушмисан) ҳам масофа (30-40 км.) шунча бўлганлигини Мақдисий ёзиб қолдирган. Ҳамдуллоҳ Қазвиний ва Хожи Халфаларнинг маълумотларига кўра, Гурганж билан Ардахушмисан оралиғидаги масофа — 14 фарсаҳ (84-112 км.) бўлган. Ардахушмисан орқали Хивани четлаб, тўғри Ҳазорасп билан Гурганжни боғловчи йўл ҳам ўтганди. Ҳазорасп ва Ардахушмисан ўртасидаги масофа 16 фарсаҳдан иборат деб ҳисобланган. Ардахушмисан ўрнидаги ҳозирги Воянган ёдгорлигида олиб борилган археологик тадқиқотлар тарихий манбалардаги маълумотларни тўла тасдиқлаб, ўрта асрларда шаҳарнинг йирик савдо-ҳунармандчилик маркази бўлганлигини кўрсатади.

Араб олимларидан Мақдисий ва Истаҳрий асарларида Хоразм воҳаси савдо-сотиқ ва маданий марказлари орасида Хива шаҳрини катта, бой шаҳар сифатида тилга олиб ўтганлар. Хоразмшоҳлар даврида Хива ўзининг энг гуллаб-яшнаган даврини бошидан кечирган. Шу даврда Хоразм воҳасидаги асосий ташқи ва ички савдо йўлларининг Хивадан ўтганлиги шаҳарнинг тараққиётига имкон яратган. Шаҳар ва унинг атрофларини Амударё суви билан таъминлаган Хейконик (Полвонёп) каналидан кемалар қатнаб, савдогарлар ўз молларини узоқ манзилларга ташиш имкониятига эга бўлганлар.

X-XI асрларда ҳам Хоразмнинг энг йирик савдо марказлари сифатида танилган Ҳазорасп, Дарғон, Замахшар, Норинжон, Кат шаҳарларининг ривожланиши кейинги даврларда ҳам давом қилган. 1219-1220 йилларда Хоразмда бўлган Ёқут Ҳамавий «Ҳазорасп мустаҳкам қалъа, гўзал ва бозорлари, расталари кўп бўлган йирик савдо шаҳри» деб гувоҳлик берган.

Ёқут Ҳамавий Дарғонни ҳам йирик савдо маркази сифатида тилга олиб ўтади. Улкан хоразмшоҳлар давлати шаклланган даврда асосий савдо йўлларидан бирида жойлашган Дарғон қалъаси муҳим стратегик таянч шаҳарга айланган. Савдо-сотиқ мунсабатларининг ривожланишига замин тайёрловчи сиёсий барқарорликнинг таъминланиши натижасида Буюк Ипак йўлининг ҳам шимолий, ҳам жанубий тармоқлари туташган жойда турган Дарғон шаҳрининг муҳим иқтисодий тугунга айланишига шароит яратган.

Х асрдаёқ Истаҳрий ва Мақдисийлар томонидан Хоразмнинг муҳим савдо марказларидан бири сифатида эслатиб ўтилган Замахшар шаҳри хоразмшоҳлар даврида анча кенгайган. Бу ердаги бозорлар атрофида янги иморатларнинг қурилиши, ҳунармандларнинг устахоналари кўпайиши натижасида аҳолининг турмуши учун зарур ҳом-ашё ва маҳсулотлар тайёрланган. Довдон ҳавзаси бўйида жойлашган ва йирик Мадра (Ғазовот) каналидан сув олган Замахшар атрофларида деҳқончилик ҳам анча ривожланганди.

Бир вақтлар ушбу заминдан ўтган Ёқут Ҳамавий: "Унинг барча вилоятларида юрасанми, ё бозорларида юрасанми — бунинг фарқи йўқ. Ўйлайманки, Хоразм сингари бепоён ва кенг ер, шу сингари аҳолиси кўп юрт дунёда бўлмаса керак", — деган ҳайратомуз сўзларни ёзганди.

Ёқут Ҳамавий Хоразмнинг Субурна, Совкан шаҳарлари Хоразмнинг Мовароуннаҳр ва Хуросон вилоятлари билан олиб борилган савдо-сотиқ муносабатларида муҳим роль ўйнаганлиги ва обод шаҳарлар бўлганлигини таъкидлаганди.

Араб географи Ибн Руста Журжониядан 4 фарсаҳ (28 км.) жанубда Варгада (Варагдағ) қишлоғи жойлашган деб ёзганди. Археолог олимларнинг аниқлашича, Варгада IX-X асрларга келиб шаҳарга айланган ва унда ҳаёт то XIV асргача узлуксиз давом этган. Шаҳарнинг умумий майдони 20 гектардан ортиқ бўлиб, унинг қолдиқларидан турли-туман ҳунармандчилик буюмлари, сопол идишлар топилиши шаҳарнинг хоразмшоҳлар даврида йирик савдо-ҳунармандчилик маркази бўлганлигидан далолат беради. Шаҳар атрофларида кенг экинзорлар, қишлоқ ва каналлар излари, суғориш иншоотлари мавжуд бўлиб, у йирик деҳқончилик рустоғи маркази бўлганлигини ҳам кўрсатади.

Х асрдаги араб ёзма манбаларида қайд этилган Миздаҳқон, Нузкат, Нукфаг, Кардор, Баратегин, Жувакин, Шўрохон каби тараққиёти юксалган шаҳарлар билан бир қаторда сўл қирғоқ Хоразмда Даскохонхос, Рузунд, Вазарманд каби араб манбаларида тилга олинган шаҳарлар ҳам мавжуд бўлганки, ҳозиргача уларнинг аниқ ўрнини аниқлаш имконияти топилмасдан қолмоқда.

Араб сайёҳи ал-Мақдисий тилга олган Хоразмнинг Нузкат, Нукфаг, Баратегин ва Жувакин шаҳарлари тўғрисида бошқа манбаларда маълумотлар учрамасада, уларнинг мўғуллар босқини арафасида йирик савдо марказлари қаторида турганлигини тахмин қилса бўлади. Ёқут Ҳамавий XIII аср бошларида Нузкатни Гурганж яқинидаги шаҳарча сифатида тилга олганди. Археолог Я.Ғ.Ғуломов Нузкатни Жумиртов этагидаги Жумриқалъа ҳаробаси ўрнида бўлган, деган фикр билдирганди. Олим яна Жувакинни Қуюққалъа, Нукбоғ (Нукфаг)ни Эски Порсу, Баратегинни эса Қизқалъа ёдгорликлари ўрнига тўғри келиши мумкин деб ҳисоблаганди.

1333 йилда Хоразмда бўлган араб сайёҳи Ибн Баттута воҳада табиий бойликлар мўл ва савдо-сотиқ ривожланганлигини кўрган. Урганч ҳақида у: "Бу — туркларнинг катта, муҳим, чиройли ва улуғвор шаҳри бўлиб, ажойиб бозорлари, кенг кўчалари, жуда кўп иморатлари ва жозибадор, кўркам жойлари бор. Шаҳарда ҳаёт қайнайди, аҳолиси шунчалик кўпки — у мавжланиб турган денгизни эслатади. Бир куни шаҳардан отда ўтиб бораётиб, бозорга кирдим, ярмига етганимда, "шўр" деб аталадиган жуда гавжум жойдан чиқиб қолдим. Одам шунчалик тумонат эдики, мен олдинга ҳам, ортимга ҳам силжий олмадим", — деб ёзганди. Хоразмга келгунига қадар Ибн Баттута Қоҳира ва Дамашқ каби йирик шаҳарларда бўлган ҳамда йириклиги ва гавжумлиги билан Урганчни уларга қиёслаган.

Олтин Ўрда даврида қайтадан тикланган Урганч шаҳри Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғидаги Волгабўйи, Дашти Қипчоқ ва Шарқий Европа мамлакатлари билан боғловчи асосий марказ сифатида яна муҳим аҳамият касб этган. Ибн ал-Асир маълумотларига кўра, Жебе ва Субутой нуён бошлиқ мўғуллар қўшинлари юриши даврида тўхтаган Дашти Қипчоқ билан боғловчи карвон йўли Олтин Ўрда даврида яна қайтадан ишлай бошлади. Худди шу даврда Марказий Осиёни Хитой ва Ҳиндистон билан боғловчи Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи ҳам тикланганлигини ёзма манбалар билан бир қаторда археологик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.

Ибн Баттутанинг кўрсатишича, илгаридан жаҳонга донғи кетган Хоразм қовунларига талаб катта бўлиб, у қуритилган ҳолда Ҳиндистон ва Хитойгача чиқарилган.

Сўл қирғоқ Хоразмда бироз жонланиш кўзга ташланган бир вақтда унинг ўнг қирғоқ ҳудудларида ҳали ҳам тушкунлик ҳолатлари сақланиб турарди. Машҳур сайёҳ Ибн Баттута ўз хотираларида Урганчдан Катгача бўлган масофада «аҳоли яшайдиган қишлоқларни учратмаган»лиги ҳақида сўз юритади. Шу билан бир қаторда Ибн Баттутанинг фикрлари бироз шубҳа ҳам туғдиради. Илгари Бухорога олиб борувчи йўлда жуда кўплаган обод қишлоқ ва шаҳарлар бўлганлигини барча Хоразмга келган савдогар ва сайёҳлар қайд қилган. Мўғуллар босқини вақтида вайрон қилинган шаҳар ва қишлоқларнинг аксарияти XV аср бошларида ўз қаддини тиклаганлигини археологик тадқиқотлар натижалари тасдиқлаб берган. Афтидан, сайёҳ Ибн Баттута ўзи ўтган йўлда катта ва обод қишлоқларни кўрмаганлиги ҳақида фикр юритган бўлса керак.