Тарихий тараққиёт давомида савдо-сотиқ муносабатлари ривожига ёки инқирозига сиёсий жараёнлар катта таъсир ўтказган. Хусусан, X-XV асрларда Марказий Осиёда рўй берган сиёсий жараёнлар таъсирида марказлашган давлатларнинг вужудга келиши (сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳ ануштагинийлар, Амир Темур ва темурийлар давлати), уларнинг нафақат Марказий Осиёни, балки Эрон, Озарбайжон ва Яқин Шарқнинг баъзи мамлакатларини ўз таркибига қўшиб олиши натижасида улкан ҳудудда сиёсий барқарорлик ўрнатилди. Ушбу холат ўз навбатида ички ва ташқи савдо-сотиқнинг ривожланишига олиб келди. XIII аср бошларида рўй берган мўғул-татарлар босқини оқибатида Хоразмда, айниқса унинг Чиғатой улуси таркибига кирувчи қисмида узоқ вақт иқтисодий ҳаёт ҳамда савдо-сотиқ муносабатлари инқирозга дуч келди. Хуллас, сиёсий жараёнлар нафақат савдо муносабатлари тараққиёти, балки, шаҳарларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва ҳалокатига ҳам таъсир қилди.
Хоразмда савдо-сотиқ марказларининг вужудга келиши ва тараққиёти ҳам сиёсий жараёнлардан четда қолмади. Улар ўрта асрда Хоразмда барпо этилган шаҳарларнинг шаклланишига таъсир кўрсатди. Натижада воҳадаги янги шаҳарлар вужудга келиши бир неча асосда рўй берганди:
- давлат чегарасидаги мустаҳкам мудофаа қалъалари атрофида;
- сунъий суғориш тизимининг ривожланиши асосида улар яқинида ҳамда дарё бўйи воҳаларида;
- қалъаларнинг атрофидаги қишлоқлар билан қўшилиши асосида;
- қулай кечувлар ёки ўтиш жойларида;
- карвон йўллари устида ва алоқа бекатлари, карвонсаройлар атрофида.
Ўрта асрларга оид тарихий ва археологик маълумотларни таҳлил қилган ҳолда Хоразмда савдо-сотиқ билан боғлиқ урбанизациянинг учта ҳудуди мавжуд бўлганлигини кўриш мумкин:
- аҳоли жуда қадимдан яшаб келган Марказий Амударё бўйи ҳудуди;
- VII-IX асрларда шаҳарлар пайдо бўлган ва XII-XIII аср бошларида жуда гуллаб яшнаган Қуйи Амударё ҳудуди;
- воҳанинг шимолий-ғарбий ва ғарбий чеккалари - Шимолий Давдон ва Дарёлик оралиғида мавжуд бўлган шаҳарлар турли даврларда барпо этилган бўлиб, уларнинг гуллаб яшнаган вақти XIII аср охири XIV асрга тўғри келади.
Манбалардаги маълумотлар ва археологик тадқиқот натижалари Хоразмнинг X-XV асрларда Марказий Осиёнинг узвий бўлаги сифатида ички ва ташқи савдосида тутган ўрнини бир қадар ойдинлаштириш имконини беради. Ибн Фадлан, ал-Мақдисий, ал-Истаҳрий, Ибн Руста каби араб олимлари Хоразмнинг Маворауннаҳрнинг ташқи савдосида жуда катта роль ўйнагани, айниқса Шарқий Европа, Волгабўйи ва Сибирь халқлари билан транзит савдода асосий боғловчи халқа сифатида беқиёс катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаганлар.
Муҳаммад Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” китобида араблар истилоси ва ундан олдинги даврларда Сўғдиёнанинг ички савдосида Хоразм тангалари асосий роль ўйнаганлигини ёзганди. IX-X асрларда мавжуд бўлган Варахша, Пойкент ва Қумсовган каби Сўғд шаҳарларидан топилган ашёлар орасида Хоразмда майда айирбошлов учун зарб қилинган тангалар маҳаллий тангаларидан кейинги иккинчи ўринда турган.
Хоразмнинг Маворауннаҳр билан олиб борган савдо муносабатлари асосан учта қуруқлик ва Амударё орқали ўтган битта сув савдо йўли орқали амалга оширилган. Ушбу карвон йўлларининг деярлик барчаси Бухоро орқали ўтган бўлиб, савдо-сотиқ алоқаларини кенгайтиришда мазкур шаҳарнинг аҳамияти жуда катта бўлган.
Кўчманчилар билан муносабатлар айниқса X-XV асрларда жуда ҳам кенгайиб, ўша даврга оид ёзма манбаларда ўз аксини топган. “Хоразмликларнинг мамлакатида олтин ва кумуш конлари йўқ, қимматбаҳо тошлар тўғрисида эса сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Улар бойликнинг катта қисмини турклар билан савдодан ва мол боқиб кўпайтиришдан топадилар”,- деб ёзганди араб сайёҳи ал-Истаҳрий.
“Ўрта Осиё ҳаётида кўчманчилар билан бўладиган савдо Шарқий Европа билан олиб бориладиган савдо муносабатларидан кам бўлмаган”,- деб ёзганди академик А.Ю.Якубовский. Мазкур илмий муаммони жиддий ўрганишга эътибор қаратган академик В.В.Бартольд ҳам: “Хоразм ўз бойликларини ислом даврида янада тараққий қилган кўчманчилар билан савдо алоқалари орқалигина орттирган. Бу савдо-сотиқ муносабатлари асосан Хоразмнинг шимолида жамланган эди”,- деб кўрсатганди.
Хоразм пойтахт шаҳарлари - Кат билан Гурганж деярли барча манбаларда ғузлар Туркистонига кирувчи дарвоза сифатида эслатилади. Улар билан бир қаторда кўчманчилар дунёси билан бўлган савдода Кат, Гурганж, Миздаҳқон, Мадминия (Буғрохон) ва Гит (Пулжой) каби савдо шаҳарлари ҳам муҳим роль ўйнаган. Кўҳна Урганч, Хива, Миздаҳқон, Шаҳарлик, Жанпиқ ва Пил қалъа ёдгорликларидан кўчманчиларга хос ромбисимон темир ўқ учлари, сўроқ белгиси шаклидаги аёллар сирғалари ҳамда камон ипини тортишга мўлжалланган узук шаклидаги суякдан ясалган буюмларнинг топилиши ўтроқ деҳқончлик ва ҳунармандчилик ҳудудлари билан чорвадорларнинг азалий олди-сотди муносабатлари мавжуд бўлганлигини археологик жиҳатдан тасдиқлайди.
Хоразмнинг Сирдарёнинг қуйи ҳавзаси ва Оролбўйи кўчманчилари билан савдо-сотиқ алоқалари асосан учта йўл орқали амалга оширилган. Биринчи йўл - воҳанинг марказий шаҳарларидан бошланиб, Орол денгизи яқинидан шимоли-шарқ томондаги Янгикент ва Жанд шаҳарларига олиб борган. Иккинчи йўл - Бельтов қирлари жанубидан ўтиб, Сарлитомқальага етиб борган. Араб-форс манбаларида Замжон ёки “Боб-ат-турк” (“Турклар дарвозаси”) работидан бошланади, деб кўрсатилган учинчи карвон йўли шарқий Европага қараб кетган. Устюрт қирлари орқали ўтиб, бижанаклар, қипчоқлар, ўғузлар яшайдиган ҳудудларга қараб кетган бу йўл Хоразмдан мол олиб кетаётган ва ташиб келаётган савдогарлар учун жуда серқатнов ҳисобланган.
X асрдан бошлаб Хоразм савдогарлари Яқин ва Ўрта Шарқ, Эрон, Ироқ мамлакатларига кўплаб қатнай бошладилар. Икки ўртадаги иқтисодий муносабатлар, асосан Буюк Ипак йўлининг асосий–жанубий тармоғи, шунингдек, Жанубий Туркманистон орқали ўтувчи кичик савдо йўллари орқали амалга ошириларди. Хоразмлик савдогарлар айрим шаҳарларда доимий равишда тижорат ишлари билан шуғулланардилар. Ал-Истаҳрий “Хуросонда биронта катта шаҳар йўқки, унда кўплаб Хоразм аҳолиси яшамасин“, - деб таъкидласа, унинг замондоши бўлган ал-Мақдисий “Нисо шаҳридаги ер мулкларнинг катта қисми хоразмлик савдогарлар қўлида бўлган”,- деб кўрсатган.
Хоразмнинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан савдо-сотиқ алоқаларида айрим моллар муҳим ўрин эгаллаган. Хусусан, Ибн Ҳавқал халифаликнинг ғарбий вилоятларида Хоразмдан келтирилган қоракўл терилар жуда харидоргир бўлган деб қайд қилганди. Хоразмда яшаган адабиётшунос Муҳаммад ас-Саолибий эса: “Хоразмга хос нарсалардан у ерда боранж номи билан юритиладиган қовундир... У қовунларнинг энг ширини ва яхшисидир... Агар яхши сақланиб етиб келса (халифалик ҳудудларига), бир донаси етти юз дирҳам турар экан”, - деб ёзганди.
X-XV асрларда Хоразм Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари, Ҳиндистон ва Хитойни Шарқий Европа, Русь ҳамда кўчманчилар дунёси билан боғловчи транзит савдо ҳалқаси сифатида муҳим роль ўйнаган. Ал-Мақдисий ўз асарларида Хоразмнинг ўзидан чиқарилган маҳсулотлар (узум, кунжут, гилам, ажойиб кимҳоб кўрпалар, “мулҳам” деган чойшаб, қулф, камон, пишлоқ, зардоб, балиқ, қовун, қовун қоқи ва бошқалар) қатори Булғордан олиб келиниб, Шарқ мамлакатларига сотилган маҳсулотлар (соболь, кулранг олмахон, тулки, сувсар, қундуз мўйналари, мум, камон ўқи, оқ терак пўстлоғи, балиқ елими ва тиши, анбар, кимухт (ошланган от териси), асал лочин, қилич, совут, славян ва турк қуллари ва бошқалар) рўйхатини келтириб ўтади.
Ўрта асрларда Эрондан Хоразмга машҳур “казерун” матолари, “миной” типидаги кошин, сопол ва люстравий идишлар, атир упа, гилам, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари; Озарбайжон, Арманистон ва Гуржистондан буғдой, хом ипак, жун, момиқ, от ва хачирлар, кашенил бўёғи, металл буюмлар; Мисрдан машҳур “добикс” матоси, шиша буюмлар, тақинчоқлар, маржонлар, шакарқамиш, ҳурмолар; Сурия ва Фаластиндан зайтун ёғи, майиз, ипак маҳсулотлари, совун, ёнғоқ, машҳур “дамашқ” пўлатидан ясалган қурол-яроғлар, қоғоз каби маҳсулотлар келтирилган.
Хоразмшоҳ-ануштагинийлар давлати арбобларининг ғамҳўрлиги боис Ироқ давлати билан савдо-сотиқ муносабатлари анчагина юксалди. Шу даврда саройда хизмат қилган машҳур шоир Рашидиддин Ватвот ўзининг Ироқдаги Хоразм ноибига ёзган мактубида Усмон ибн Исмоил Хоразмий исмли савдогарга ғамхўрлик қилишни илтимос қилган экан. 1333 йилда Ўрта Осиёга келган араб сайёҳи Ибн Баттута ўз “Саёҳатнома”сида Хоразмда ироқий шиша идишларнинг машҳур бўлганлиги ва Бағдодлик савдогарларни учратганини ёзган. ХIV-ХV асрларда Хоразмда мавжуд бўлган Шемаҳақалъа, Миздаҳқон, Замахшар, Урганч, Ёрбакиркалъа, Шаҳарлик каби шаҳарларда ўтказилган археологик тадқиқотлар вақтида Эрон кулолчилигига хос “миной” типидаги сопол идишлар, миср шиша буюмлари, қурол-яроғлар қолдиқлари топилган.
Х-ХV асрларда Хоразмнинг Ҳиндистон ва Хитой билан иқтисодий алоқалари ҳам жуда ривожланган эди. Ибн Баттута Хоразм қовунлари ва қовун қоқиси Ҳиндистон ва Хитойнинг энг чекка шаҳарларигача олиб бориб сотилади, деб эслатиб ўтган эди. Ҳиндистонга йилқи, қалайи, мис, кумуш пуллар чиқарилган ва у ердан эса - зеб-зийнат буюмлари, зираворлар, фил суяги ва олтиндан ясалган буюмлар, пахтадан тўқилган ниҳоятда нафис матолар келтирилган. Археологлар Урганчдан ҳинд тангалари, Миздаҳқондан, Шаҳарлик ва Устюртдаги қўрғонлардан денгиз каураси чиғаноқидан ясалган маржонлар каби буюмлар топишга муваффақ бўлганлар.
Хоразмдан Хитойга ҳам асосан сувсар, тулки, қундуз мўйналари, кийим-кечак товарлари олиб бориб сотилган. Хитойдан эса машҳур “кобальт” ва “селадон” типидаги чинни идишлар келтирилган. Хитой билан бўлган алоқалар таъсирида Хоразмдаги уйларни “канн” усулида иситиш тажрибаси қўллана бошлаганидан ҳам кўришимиз мумкин эди. Хитой чинни идишлари намуналари Хоразмнинг қўҳна шаҳарлари ва Талайхон ота карвонсаройидан топилган. 1987 йилда Миздаҳқондан X асрда Хитойда ҳукмронлик қилган Сун сулоласи тангаси ва XIII- XIV асрларга хос селодон идишлар ҳамда 1993 йилда - Хитой ойналари топилди.
Х аср араб географи ал-Мақдисий ва XIV аср форс олими Ҳамдаллоҳ Қазвиний асарларида Хоразмни Эрон орқали Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи бўйлаб Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари билан боғловчи савдо йўллари ҳақида маълумотлар учрайди. ХIХ асрда Эрон элчиси Ризоқулихон Қазвиний ёзиб қолдирган маълумотларга таянган ҳолда Хивага борадиган карвон йўлларидан ўтган. Эрон ва Хоразм оралиғидаги карвон йўллари ҳақидаги маълумотларни ХХ асрнинг 20-йилларида танқидий ўрганган академик В.В.Бартольддан кейин, 1949-1953 йиларда Хоразмни Марв ва Хуросон билан боғловчи йўлнинг шимолий тармоғини академик С.П.Толстов текшириб чиққанди.
Кейинги йилларда ҳам Хоразм воҳаси атрофидаги карвон йўлларини ўрганишга эътибор сусаймади. Бу катта ва оғир ишни бажаришга туркман олимлари Қ.Адиқов ва М.Е Массон (1960, 1966), Е.Атагарриев ва Ҳ.Юсупов (1961, 1970, 1972), Д.Дурдиев (1980) улкан хисса қўшдилар. Натижада Хоразмдан чиққан ва Қорақум саҳроси орқали ўтган машаққатли йўлни босиб келаётган карвонларнинг Копеттоғ ва Хуросон тоғлари ён бағирларидаги яйловлар ва зилол сувларга етганлиги, жанубий туркман қабилалари билан олди-сотди ишларини амалга оширгандан кейин эса Буюк Ипак йўлининг Эрондан ўтган жанубий тармоғи орқали ҳаракат қилаётган катта оқимга қўшилганлиги археологик тадқиқотлар асосида аниқланди.
Х-ХV асрларда Каспий денгизи шимолида жойлашган Хазар ва Булғор давлатлари Хоразмнинг иқтисодий алоқаларида катта ўрин тутган. Араб олимлари Ибн Ҳавқал ва ал-Масъудийларнинг таъкидлашича, хоразмликлар Хазар давлатининг сиёсий ҳаётида жуда катта таъсирга эга бўлганлар ҳамда хонликдаги шаҳарларда хоразмлик савдогарлар учун алоҳида имтиёзлар берилган ва зарур шароитлар яратилган.
Хоразмнинг Волгабўйи, Шарқий Европа ва Русь билан савдосида Булғор давлати ҳам катта ўрин тутган. Булғориядан Шарқда ниҳоятда қадрланган мўйналар, катта миқдорда терилар, тери ошлашда ишлатиладиган пўстлоқ, қорамол, асал, мум ва ниҳоят, славян ва турк қуллари келтирилган. Ал-Берунийнинг маълумотларига қараганда булғорлар Хоразмга Шимол денгиздан тутилган морж тишлари ҳам келтириб сотганлар.
Хоразмдан Хазар давлати ва Волга Булғориясига қуруқ мевалар, канакунжут мойи, ширинликлар, мушк, анбар, пахта, ип, шойи матолар, мовут, кимхоб, гилам каби маҳсулотлар, Моварауннаҳрдан келтирилган гурунч, Оролбўйи дельтасидаги Ҳолижон деган жойдан балиқ маҳсулотлари кўплаб чиқарилган. Хоразм орқали бу ҳудудларга Шарқнинг турли хил қимматбаҳо буюмлари ҳам келтирилган. Хазар ва Волга Булғорияси билан бўлган савдода Гурганж, Кат, Шемаҳақалъа, Пулжой (Гит,) Буғрохон (Мадминия), Миздаҳқон, Кардор каби шаҳарлари муҳим роль ўйнаган.
Хоразм савдогарлари Хазар ва Булғор давлатлари орқали Рус князликлари билан муносабаларни амалга оширган, аммо бу хусусдаги маълумотлар ёзма манбаларда кам сақланган. Русга келган Шарқ савдогарлари алоҳида бир ҳудуд тижоратчилари сифатида эмас, балки умумий номда - мусулмон савдогарлари деб юритилган. Улар Х-ХV асрларда Русдан Хоразмга ёки воҳа орқали Шарққа мўйна, мум, асал, смола, зиғир, зиғир тола газламалар, қуроллар, тери, бўёқлар ва металл буюмлар олиб чиқишган. Русга эса Хоразмда қуритилган мевалар, пахтадан тўқилган матолар ва кийимлар, жун ва ипак маҳсулотлари олиб борилган. IX-XII асрларда Русга айниқса кумуш тангалар кўплаб чиқарилган. Х аср араб географи Ибн Руста ва ХI аср форс тарихчиси Гардизийларнинг маълумотига кўра, руслар ва славянлар фақат зарб қилинган тангадан бошқа буюмларга маҳсулот сотиб олмаганлар.
Хазар, Булғор ва Рус давлатлари билан Хоразм савдо муносабатлари асосан Устюрт қирлари орқали ўтган иккита савдо йўли ва Россия ичкарисидан чиққан йирик ва кичик дарёлар (Волга, Ока, Урал, Мста ва бошқалар) ҳамда қуруқлик йўллари орқали амалга оширилган. Устюртдаги савдо йўллари ҳақидаги маълумотлар ўрта аср муаллифлари Ибн Фадлан, Гардизий, Ал-Бақувий, Истаҳрий, Мақдисий ва Ибн Баттута асарларида учрайди. ХХ асрда Устюртдаги карвон йўлларини ўрганиш мақсадида С.П.Толстов (1946, 1950), Е.Бижанов (1964), В.Н.Ягодин (1971-1975), Ю.П.Манылов (1975-1978 ва 1981) раҳбарлигида рус ва қорақалпоқ археологлари тадқиқот ишларини олиб бордилар.
Хоразмнинг Европадаги Византия, Испания, Италия, Германия каби мамлакатлар билан савдо муносабатлари тўғрисида ҳам маълумотлар кам сақланган. Ўрта асрлардаги араблар, қорахоний ва қорахитойлар, мўғул-татарлар босқини натижасида инқирозли вазиятни бошидан кечирган бўлишига қарамасдан хоразмлик ишбилармонлар Европа билан савдо-сотиқ муносабатлари тўхтатиб қўймаганлигини археологик тадқиқотлар тасдиқлади. Хусусан, 1988 йилда Кисловодск шаҳрининг Шарқий чеккасидаги Мокрая Балка ёдгорлигидан африғий хоразмшоҳ Шовушфаннинг кумуш драҳмаси топилди. 1997 йилда эса Шимолий Хоразмдаги Қуюққалъа ёдгорлигидан Византия императори Август Тиверий (698-705) зарб қилдирган олтин танга топиб олинди.
Х-ХV асрларда Хоразмнинг Европа билан иқтисодий алоқалари янада тараққий қилган деган хулосани чиқариш мумкин. Бу даврда Болтиқбўйи ва Скандинавия мамлакатлари ҳудудидан Марказий Осиёда зарб қилинган тангалар топилган. Ўз навбатида ХIII-ХIV асрларгача Марказий Осиёга машҳур Болтиқбўйи қаҳраболари келтирилганлигини археологик тадқиқотлар тасдиқлайди.
ХIII аср форс географи Закариё Қазвиний Германиянинг Майнц шаҳрида Самарқандда зарб қилинган тангаларнинг муомалада бўлганлиги ҳақида, савдогар Абул-Фатх Наср ибн Ҳасан Шоший Самарқанддан карвон билан Андалузга (Испаниянинг мусулмон қисмининг ХV асргача бўлган номи) бориб савдо қилганлиги ҳақида, Андалуз тангалари Ҳиндистондан Ирландиягача бўлган ҳудудда муомалада бўлганлиги тўғрисида ёзиб қолдирганлар. Мазкур савдо-сотиқ алоқлари Хоразм орқали амалга оширилган бўлиб, воҳа тижоратчилари улардан манфаатдор бўлганлар.
1340 йилда Флоренция савдо фирмасининг агенти Франческо Бальдуччи Пеголетти томонидан савдогарлар учун махсус қўлланма тузилган. Унда шундай маслаҳатлар бор: “Осиёнинг ичкарисига киришнинг ҳожати йўқ, чунки Хоразмнинг маркази Урганчдан Европа бозорлари учун барча керакли нарсаларни сотиб олиш мумкин. Ким Генуя ёки Венециядан бу жойларга ва Хитойга саёҳат қилмоқчи бўлса, ўзи билан газламалар олсин ва Урганчга келсин, Урганчда эса уларни кумушга алмаштирсин ва Хитойга борсин”.
Археолог А.М.Чиперис аниқлашича, ХIV асрда Хоразмдан Қора денгиз бўйидаги Генуя колониялари Тана ва Кафа шаҳарларига кулолчилик буюмлари олиб борилган. “Хоразмдан карвонлар чиқиб, ҳеч қандай қўрқувсиз, хотиржам ва тинч юриб Қримгача борганлар”,- деб ёзган эди Ибн Арабшох. Ўз навбатида Қора денгиз атрофидаги бой шаҳарлардан хоразмлик савдогарлар ноёб моллар ва тангалар олиб қайтишган. Хусусан, Хоразмда олиб борилган археологик тадқиқотлар вақтда Қора денгиз бўйидаги Азоқ шаҳрида зарб қилинган тангалар топилган. Устюртдаги Беловли карвонсаройидан ХIV асрга оид лотин ёзувидаги ҳужжат топилган. Аммо унинг кўп қисми ўчиб, бир неча ҳарфлари аниқланган бўлса-да, ушбу далил Ғарбий Европа савдогарларининг Хоразмга келиб-кетганликларидан хабар беради.
Ўрта асрларда “Варяглардан грекларга йўл” номли машхур савдо йўли ишлаб турган. Бу йўл нафақат Европанинг жанубий ўлкаларига, балки Руссия орқали Марказий Осиё ҳудудларигача чўзилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки таъкидлаб ўтилган Болтиқбўйи қаҳрабоси айнан шу йўл орқали Хоразмга келтирилган. Шу билан бир қаторда Европа билан Хоразмнинг азалий алоқалари Буюк Ипак йўлининг жанубий ва шимолий тармоқлари орқали озми-кўпми, узлуксиз давом эттирилган.