Хоразм шаҳарлари тарихига оид ўрта асрлар ёзма манбалари маълумотлари
Савдо муносабатларининг тараққиёти Хоразмни Буюк Ипак йўлининг Марказий тармоқлари кесишган марказлардан бирига айланишига, турли соҳаларга ихтисослашган айниқса, савдо муносабатлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган савдо марказларининг вужудга келишига олиб келган.

Бутун Шарқ шаҳарлари иерархик тузилишидаги муайян шаҳарларнинг тутган ўрни, кўп ҳолларда, унинг ижтимоий - иқтисодий имконияти ва карвон йўллари билан алоқаси, савдо муносабатларига қандай тортилганлиги билан белгиланган. Хуллас, айнан шу сабабларга кўра, Хоразм савдо марказлари тўғрисидаги турли–туман маълумотлар IX асрдаёқ пайдо бўла бошлаган эди. Шаҳарларнинг тараққий қилишда савдонинг аҳамиятини шарқ географлари, тарихчи ва сайёҳлари ҳам тушуниб етганларки Хоразм шаҳарлари тавсифномасида, албатта, бозорлар, карвонсаройлар, атрофидан қандай карвон йўллари ўтганлиги ҳақида қайд қилиб ўтганлар.

Хоразм савдо марказларининг иқтисодий аҳволини, Шарқу – Ғарб савдосида тутган ўрнини ёритувчи манбалар ҳақида сўз юритишдан олдин уларни бир неча даврларга бўлган ҳолда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Хусусан,

1. IX-XIII аср бошлари (мўғул истилосигача) араб-форс манбалари.
2. XIII-XVI асрлар араб-форс ва европа манбалари.
3. XVI-XVIII асрлар форс ва эски ўзбек тилидаги манбалар.
4. XIX аср рус сайёҳлари ва тадқиқотчилари маълумотлари.

Ўз асарларини араб тилида ёзган тарихчи ва географлар асарлари жумласига Ибн Рустанинг «Китоб ал-алоқ ан-нафиса» Ал-Яъқубийнинг («Китоб ал-булдон» (“Мамлакатлар ҳақида китоб”), Абубакр ал-Балазурийнинг “Китоб футуҳ ал-булдон” (Мамлакатларнинг забт этилиши ҳақида китоб), Ибн Хордабехнинг “Китоб масалик ул-мамолик” (“Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб”), Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук”(“Пайғамбарлар, подшолар тарихи”), Ибн Фадланнинг ”Рисола”, Абу Райхон Берунийнинг “Осор ул-боқия ал-қурун ҳолия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) ва “Геодезия” асари. Ал-Истахрийнинг “Китоб масолик ул-мамолик” (“Мамлакатларга бориладиган йўллар ҳақида китоб”), Ал-Мукаддасий (Макдисий)нинг “Аҳсан-ат-тақосим фи маърифат ал-аколим” (“Иклимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма”), Ибн Ҳавкалнинг “Китоб ул-масолик ва-л-мамалик” (“Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб”), асарлари кирадики, бу асарлар Хоразм савдо марказлари ҳақида маълумот берувчи биринчи даражали ва тенги йўқ манбалар ҳисобланади. Булар ичида Истахрий ва Муқаддасий асарлари айниқса ажралиб туради. Чунки улар асарларида Хоразм савдо марказларининг тавсифи, Хоразм иқтисодий географияси, шаҳарлар ва қишлоқларнинг савдо муносабатлари, бозорлари ва карвон-саройларига катта эътибор берилган.

Араб тилидаги манбалар қаторига яна Ас-Саолибийнинг “Латоиф ул-маориф” (“Ажойиб маълумотлар”), Ибн ал-Асирнинг “Ал-Комил фит-тарих” (“Мукаммал тарих”), ас-Самъонийнинг “Китоб ал-арсоб” (“Машҳур кишилар ҳақида китоб”), Ёқут ал-Ҳамавийнинг “Муътам ал-булдон” (“Мамлакатлар рўйхати”) асарлари кириб, уларда Хоразмнинг XI-XIII асрлардаги савдо муносабатлари тўғрисида бир талай маълумотлар мавжудлигини таъкидлаш керак. Улар ичида Ёқут Ҳамавийнинг асари қимматли фактик маълумотларга бойлиги билан бошқа географик асарлардан ажралиб туради. Энг муҳими унинг асари бошқа манбаларга нисбатан чалкашликлардан бироз ҳоли бўлиб ундаги кўпгина маълумотлар аниқ берилган. IХ-XIII асрлар форс тилида ёзилган манбалар устида тўхталадиган бўлса, улар ичида энг қимматлиси ва муҳимлари – номаълум муаллиф томонидан ёзилган. «Ҳудуд ал-олам» асари, Маҳмуд Гардизийнинг “Зайн ул-ахбор” (“Тарихлар безаги”) асари, ҳамда Абулфазл Байҳакийнинг “Тарихи Масъудий” асарлари ҳисобланади. Бу асарларда Хоразм савдо марказларига таъриф бериб ўтилиши билан бирга, Хоразмнинг қўшни ўлкалар ва кўчманчи аҳоли билан бўладиган савдо-сотиқ муносабатлари ҳамда шу алоқалар амалга оширилган карвон йўллари тўғрисида қимматли маълумотлар мавжуд.

Умуман, IX-XIII асрлар манбаларининг деярли барчасида Хоразм нафақат Мовароуннаҳр балки бутун Мусулмон Шарқининг энг тараққий қилган, шаҳарлари кўп, деҳқончилик чорвачилик, ҳунармандчилик гуллаб-яшнаган, ва, бу билан боғлиқ равишда савдо муносабатлари жуда ривожланган ҳудудлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилади. Аммо, бу иқтисодий ва маданий юксалиш мўғул боқини муносабати билан бироз тўхтаб қолган. Бир оз вақтгача Хоразм шаҳарлари вайрона ичида қолди. Лекин шуни таъкидлаш керакки, мўғул босқини ҳам жуда қадимдан шаклланиб, ривожланиб келаётган Хоразм шаҳар маданияти тарққиётини бутунлай тўхтатиб қўя олмади.

Хоразм воҳаси меҳнаткашларининг яратувчанлик меҳнати тез орада, иқтисод ва маданият билан бир қаторда, Хоразм савдо марказларининг, айниқса унинг Олтин Ўрда давлати таркибига кирган қисми (мўғул босқинидан сўнг Хорзм Олтин Ўрдага кирувчи Шимолий Хоразм ва Чиғатой улусига кирувчи Жанубий Хоразмга бўлинган эди) шаҳарларнинг ўз қаддини тиклаб олишга олиб келди.

Кейинги ўрта асрлар муаллифларининг асарларида Хоразм савдо шаҳарлари, айниқса, Урганч яна ўз даврининг энг йирик савдо марказлари сифатида, Хоразм (кўпроқ Шимолий Хоразм) шу даврнинг энг бой ва иқтисодий мавқеи баланд ҳудудлардан бири сифатида тилга олинади. Аммо, мўғул истилосидан кейин то Хива хони Абулғозийгача ёзилган ёзма манбалар жуда камлиги ва борларида ҳам ушбу муаммо бир тарафлама ёритилганлиги яққол кўзга ташланади. Шу билан бирга бу манбаларда баъзи қарама-қарши олимлар ўртасида Хоразмнинг XV асргача бўлган даврда савдо шаҳарларининг мавқеи, ҳолати тўғрисида муайян маълумотлар олишни қийинлаштиради.

Мўғул босқинидан кейинги Хоразм тўғрисида энди Европа манбаларида ҳам маълумотлар мавжуд XIII-XIV асрлар давомида турли сабабларга кўра Хоразмда бўлган европалик сайёҳлар Плано Карпини (1246 йилда келган), ака-ука Пололар (1260 йилда келган), итальян савдогари Франческо Бальдуччи Пеголетти (1340 йилда келган) асарларида Хоразм шаҳарлари, айниқса, Урганч тўғрисида қимматли маълумотлар мавжуд.

1333 йилда Хоразмга марказлашган араб сайёҳи Ибн Баттута келган. Унинг “Туҳфат ан-нуззар фи ғаройиб ал-амсар ва ажойиб ал-афсар” (“Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар томошаси ҳақида туҳфа”) асарида Хоразм савдо шаҳарлари тўғрисида баъзи маълумотлар учрайди.

XIV аср охири – XV аср тарихчилари ичида Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ал-мақдур фи ахбори Темур” (“Темур саргузаштларида тақдир мўъжизалари”) асари иқтисод, савдо-сотиқ ва шаҳарнинг бошқа кўпгина жиҳатларини ёритувчи маълумотларга эгалиги билан ажралиб туради. Муаллиф Хоразмнинг XIV асрнинг иккинчи ярмида иқтисодий жиҳатдан ривожланган ҳудудлардан бири бўлганлигини кўрсатиб ўтиш билан бирга, Темур юришларидан сўнг Шимолий Хоразм иқтисодиётининг тушкунликка тушганлигини ҳам қайд қилиб ўтган.

Юқоридаги Европа ва араб манбаларининг барчасида Хоразм савдо шаҳарларининг, айниқса Урганчнинг ўша даврда ривожланган энг йирик ва бой шаҳарлардан бўлганлиги таъкидланган. Шу билан бирга улардаги маълумотлар шуниси билан характерли ва қимматлики муаллифларнинг барчаси ҳам ўз даврида Хоразмда бўлганлар ва ўз кўрган–билганларини ёзганлар. XIII-XV асрлар Хоразм савдо шаҳарлари тўғрисида маълумот берувчи иккинчи тур манбалар мавжудки, улар кўпроқ иккинчи бир одамдан эшитган ёки ўрта аср бошқа манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзилган.

Бундай манбалар ичида алоҳида қимматга эга бўлганларидан машҳур форс географи Ҳамдуллоҳ Муставфийи Қазвинийнинг «Нузҳат-ул-қулуб» («Қалблар ороми») асари, Шаҳоббинддин ал-Умарийнинг «Китоб масалик ал-абсар ва мамолик ал-амсар» («Турли мамлакатлар давлатлари бўйлаб ўтган йўллар») асари, ал-Бакувийнинг (XIV-XV асрлар) «Китоб талхис ал-асар ва ажойиб ал-малик ал-қаҳҳор» («Буюк подшонинг мўъжизалари ва ёдгорликлари ҳақидаги китобнинг қисқартмаси») номли асарларидир. Чунки Ҳамдуллоҳ Қазвиний асарида Хоразмнинг XIV асрдаги географик ҳолати, хусусан йирик шаҳарлари, иқтисодиёти ҳақида маълумотлар келтириш билан бирга, Хоразмни Эрон билан боғловчи карвон йўллари ва улардаги манзиллар, масовалар тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд. Ал-Умарий ва ал-Бакувий асарларида эса кўпроқ Хоразмда шаҳарлар, бозорлар, ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари, нарх-наво, пул муносабатлари умуман, шаҳарлар хўжалик ҳаёти тўғрисида фикр юритилади.

Шунингдек, Шайх ал-Бирзалий, ан-Нувийрий, Ибн Халдун каби араб-форс ва темурийлар даврининг Низомиддин Шомий, Шарофиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Ҳофизи Абрў, Хондамир каби муаллифлар асарларида ҳам XIV-XV асарлар Хоразм савдо шаҳарлари ва уларнинг хўжалик ҳаёти ҳақида маълумотлар учрайди. Аммо юқоридаги асарлар каби бу асарларда ҳам жиддий хатолар мавжуд бўлиб, улардан ҳам эҳтиёткорлик билан фойдаланиш лозимлигини таъкидлаш керак. Хоразм савдо шаҳарларининг географик ҳолати тўғрисида XIV-XV асрларда тузилган Европа хариталари ҳам маълумот беради. 1367 йилда ака-укалар Франциско ва Доменико Пициганилар харитасида Урганч, 1375 йилги Каталон атласида Урганч, Миздаҳқон, Хива, XV аср Венеция космографи Фра-Мауронинг 1459 йилги харитасида эса Урганч шаҳарлари кўрсатиб ўтилган. Бу хариталар бошқа манбалар маълумотларини тўлдириб, бу шаҳарларнинг ўрнини тўғри белгилашга ёрдам беради.

Мўғуллар ва темурийлар даври Хоразм шаҳарлари тўғрисида Хива хони Абулғозихоннинг XVII асрда ёзилган «Шажарайи турк» асарида ҳам маълумотлар мавжуд бўлиб, унда Миздаҳқон, Хива, Ҳазорасп, Вазир, Бўлдумсоз, Тирсак ва Қумкенд каби шаҳарлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Шу билан бирга XVI аср инглиз сайёҳи Антони Женкинсон ва XVII аср муаллифи Маҳмуд ибн Валининг машҳур географик асари – «Баҳр ул-асрор фи маноқиб ул-аҳёр» («Олийжаноб кишиларнинг шон-шавкати ҳақида сирлар денгизи») асарларида. XV аср Хоразм хўжалик ҳаёти ва шаҳарлари тасвирланган. Булар иккаласида ҳам XV асрга келиб, Хоразм ҳаётининг бир оз юқорига кетганлиги таъкидланади.

Хуллас, IX-XV асрлар Хоразм савдо шаҳарлари тўғрисида кўпгина араб-форс, европа ва эски ўзбек тилидаги манбаларда маълумотлар мавжуд бўлса-да, аммо умумий ҳолатда улар савдо шаҳарларининг хўжалик ҳаёти, мавқеи тўғрисида атрофлича маълумотлар бера олмайди.