Хоразмнинг IX-XV асрлар шаҳарларининг ўрганилиши тарихи
IX-XV асрлар Хоразм савдо шаҳарлари тўғрисидаги араб-форс, европа ва эски ўзбек тилидаги манбалар маълумотлари умумий ҳолатда савдо шаҳарларининг хўжалик ҳаёти, мавқеи тўғрисида атрофлича маълумотлар бера олмайди.

Хоразмнинг қадимий тарихи, савдо шаҳарлари тўғрисида XIX аср рус географлари, тарихчилари, элчилари, ҳарбий топографлари, этнограф ва сайёҳлари томонидан чоп қилинган кўпгина асарлар ва мақолалардан ҳам маълумотлар топишимиз мумкин. Хоразмга бу даврда биринчи илмий экспедициялар юборилган. Йўллар, мустаҳкамланган қалъа ва қўрғонлар, иқтисодиёт тўғрисидаги маълумотлар тўплаш билан бир қаторда, улар воҳанинг қадимги тарихини ҳам ўрганганлар. Натижада Хоразмнинг ўрта асрлар шаҳар маданияти масалалари тўғрисидаги бир қанча илмий асарлар, ҳисоботлар пайдо бўлди. Бу даврга Хива воҳаси тавсифлари ҳам тааллуқли бўлиб, улар кўпроқ илмий хусусиятга эга бўлган.

XIX аср манбаларига рус географ, этнограф, тарихчи, рассом, ҳарбий топограф ва сайёҳлари асарлари мансуб бўлиб, улар жумласига: А.В.Бутаков, Г.Базинер, Г.И.Данилевский, В.В.Григорьев, Н.И.Веселовский, В.В.Бартольд, В.Г.Тизенгаузен, А.Л.Кун, А.Н.Самойлович, М.И.Иванин, В.В.Вельяминов-Зернов, М.Н.Галкин, Н.В.Ханыков, А.И.Левшин, П.И.Небольсин, Н.С.Никитин, А.В.Каульбарс ва шу каби бир қанча олимлар асарларини киритиш мумкин.

Булар орасида, айниқса, В.В.Григорьев, Н.И.Веселовский, В.В.Бартольд ва В.Г.Тизенгаузен асарлари Хоразмнинг X-XV асрлардаги савдо шаҳарлари тўғрисидаги ўрта асрлар манбаларидаги маълумотларни келтирилганлигидан ва ўрганишдан ташқари, уларни танқидий ўрганиш борасидаги илк уринишлар бўлганлиги билан ҳам қимматлидир.

Европанинг бошқа мамлакатлари олимлари ичида ҳам баъзилари ўз асарларида Хоразм савдо шаҳарлари, уларнинг жойлашган ўрни, иқтисодий аҳволи ва бошқа мамлакатлар савдо шаҳарлари орасида эгаллаган мавқеи тўғрисида маълумотлар келтириш билан бирга, ўз фикрларини ҳам билдиришга ҳаракат қилганлар. Масалан, инглиз саёҳатчиси Г.Лансделл эсдаликларида Хоразм ёдгорликларига бағишланган бўлим ҳам мавжуд. Аммо шуни қайд қилиш лозимки, Лансделл Хоразм ёдгорликларининг тўлиқ тафсилотини келтириб ўта олмаган. Яна бир муаллиф – Г.Ле Стрэнж, ўзининг мусулмон дунёсининг шарқида жойлашган давлатлардаги ёдгорликларга бағишланган асарида Хоразм шаҳарларини ҳам тасвирлаб ўтади. Г.Ле Стрэнж томонидан тузилган картада, ўрта асрлар муаллифлари маълумотлари асосида Журжон (Урганч), Кат, Миздаҳқон, Ҳазорасп, Хива шаҳарлари ва бир қанча карвонсаройлар ҳамда манзилгоҳлар кўрсатиб ўтилган эди.

XIX аср машҳур голланд шарқшуноси де Гуе ҳам Хоразм савдо шаҳарларини ўрганиб, улар ҳақида бир қанча асарлар ёзиб қолдирган. Машҳур бошқирд тарихчи олими ва сиёсий арбоби Аҳмад Закий Валидий Тўғоннинг асарлари ҳам кейинги вақтларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Аҳмад Зақий Валидий Тўғон ҳам X-XV асрлар Хоразм савдо шаҳарлари тўғрисида қимматли маълумотлар берадики, бу борада ҳатто В.В.Бартольд ва М.Томашекларнинг топонимик номларни ўқиш борасидаги бир қанча хатоларини кўрсатиб ўтган. У мазкур мавзу тадқиқотчиларига Бартольд, Томашек ва бошқа европалик олимлар асарларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланишни уқтиради. Хусусан, Бартольд эслатиб ўтган Нузвар шаҳри номини Хадравар, Нуфузравар, Буран, Варан, Раван, Буруздум, Саворон Бирзум ёки Бурзун каби ўқиш мумкинки, аммо Нузвар деб ўқилса хато бўлишини кўрсатиб ўтади. Хуллас, Аҳмад Закий Валидий Тўғон асарлари янада чуқур ўрганилишини талаб этадики, улар ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Юқорида кўрсатиб ўтилган, XIX аср ва XX аср бошлари рус ва бошқа европалик олимларнинг тадқиқотлари Хоразмнинг X-XV асрлардаги савдо шаҳарларини ўрганиш борасидаги ўзига хос янги босқич бўлганлиги ва бу хусусдаги билимларимизни бойитувчи янгидан-янги маълумотлар тўпланганлиги билан ажралиб туради. Аммо бу тадқиқотлар тўғрисида ҳам шуни қайд қилиб ўтишимиз лозимки, улар ўрта асрлар манбалари билан Хоразм савдо шаҳарлари ва уларнинг жаҳон савдосида тутган ўрни муаммосини ҳал этишимизда фақат дастлабки уриниш бўлганини кўриш мумкин, холос. Юқоридагилардан шу нарса аниқ бўладики, мазкур мавзуга оид манбалар ва тадқиқотлар қанчалик кўп бўлишидан қатъий назар, булар ушбу мавзуни атрофлича ўрганишимиз учун ҳануз етарли даражада эмас. Уни муайянлаштириш учун бошқа соҳаларга (археология, этнография, лингвистика, топонимика, архитектура, нумизматика) оид янгидан-янги маълумотларга, айниқса, булардан археологик тадқиқотлар натижаларига мурожаат қилиш орқалигина эришиш мумкинлиги маълум бўлиб қолди.

Хоразмнинг X-XV асрлар савдо шаҳарларини археологик тадқиқотлар ёрдамида батафсил ўрганиш ХХ асрнинг 20-30-йилларида бошланганлигини қайд қилиш керак. Хоразм савдо шаҳарларини археологик жиҳатдан ўрганиш даврини 1928-1929 йиллардан бошланганлигини таъкидлаш лозим. 1928-1929 йилларда хоразмшоҳларнинг ўрта асрлардаги пойтахти Урганч (Кўҳна Урганч) атрофида ва ҳозирги Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли шаҳри яқинидаги Кофирқалъа (Гаурқалъа) харобалари ўрнидаги ўрта асрлар йирик савдо маркази Миздаҳқонда А.Ю.Якубовский экспедицияси иш олиб борган. А.Ю.Якубовский Урганч ва Миздаҳқон шаҳарлари топографиясини биринчи марта илмий асосда яратган ҳамда бу хусусда маълумотлар берган эди. У тарихий манбалар ва археологик тадқиқот натижаларини умумлаштириб, мазкур шаҳарлар тарихини ўрганди. Аммо муаллиф томонидан кўпгина масалалар муаммолигича қолдирилди. 1934 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида яна бир ўрта аср савдо шаҳри – Замаҳшар шаҳрининг ҳаробаларида М.В.Воеводский экспедицияси иш олиб борди. 1936-1937 йилларда Жанубий Қорақалпоғистон ҳудудидаги Гулдурсун ва Норинжон ўрта аср шаҳарлари харобаларида Я.Ғ.Ғуломов экспедицияси фаолият кўрсатган эди. Юқоридаги савдо шаҳарларида 1928-1929, 1934 ва 1936-1937 йилларда ўтказилган археологик тадқиқотлар ялпи Хоразм тарихи билан бир қаторда, унинг савдо шаҳарларини ўрганишнинг ҳам биринчи даври ҳисобланиб, мавзумизнинг эшигини очиб берди. X-XV асрлар савдо шаҳарларини ўрганишнинг иккинчи даври, машҳур археолог ва этнограф С.П.Толстов бошчилигида 1937 йилда тузилган Хоразм археологик-этнографик экспедицияси фаолияти билан узвий боғлиқ бўлиб, бу экспедиция 40 йилдан ортиқроқ вақт давомида жуда кўп ўрта асрлар ёдгорликларини: шаҳарлар, манзилгоҳлар, карвонсаройлар ва шу каби ёдгорликларни аниқлади ҳамда илмий ўрганди. Бу археологик экспедициянинг ўзига хос хусусияти шундаки, у комплекс методда иш олиб борди. Яъни тарихий ёдгорликларни ўрганиш ишига археолог ва этнографлардан ташқари, географлар, геоморфолог, антрополог, тупроқшунос, зоолог, биолог, тилшунослар ва ершунослар ҳам таклиф қилиндики, бу, ўз навбатида, мазкур ёдгорликларни ҳар тарафлама мукаммал, илмий тадқиқ қилиш имконини берди. Натижада жуда кўпгина ёдгорликлар ўрта аср манбаларида кўрсатилган савдо шаҳарлари билан солиштириб аниқланди. Ўрта аср манбаларида кўрсатиб ўтилган шаҳарлардан ташқари, манбаларда эслатилмаган ёки манбалардаги қайси шаҳарга тўғри келиши аниқланмаган X-XV асрларга оид ёдгорликлари ҳам топиб ўрганилди. Айниқса, археологик тадқиқотларда авиациядан фойдаланиш жуда катта аҳамиятга эга бўлдики, айрим қисмларини ердан туриб мутлақо кузатиб бўлмайдиган ёки қийинлик билан кузатиладиган шаҳар ва қишлоқларнинг жойлашишини аниқлаш имконияти туғилди; ердан туриб мутлақо кўриб бўлмайдиган янги объектларни ҳам топиш мумкин бўлди. Шу ўринда баъзи йирик савдо марказларида олиб борилган тадқиқот ишлари солномасини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Хоразмнинг бутун ривожланган ўрта аср давомида, яъни X-XV асрлардаги энг йирик савдо маркази бўлган Урганчда (Кўҳна Урганчда) археологик тадқиқот ишлари, юқорида айтиб ўтганимиздек, 1928-1929 йилларда бошланган эди. Аммо унда бу шаҳар тарихининг кўпгина қирраларини очиб бериш имкони бўлмаган эди. 1952 йилда Урганчда мукаммал археологик тадқиқотлар натижасида у муфассал ўрганилди ва ўрта аср манбаларидаги маълумотлар тўла тасдиқланди. Йирик савдо марказларидан бири Шемахақалъада археологик тадқиқотлар 1947 йилда бошланди. 1948 йилда шаҳар Н.Н.Вактурская томонидан ўрганилди. Археологик тадқиқотлар натижасида жуда кўпгина ҳунармандчилик маҳсулотлари топилдики, у шаҳарнинг ўрта асрларда йирик савдо-ҳунармандчилик маркази бўлганлигини кўрсатади. Аммо Шемахақалъанинг ўрта аср манбаларидаги қайси шаҳарга тўғри келиши ҳали узил-кесил аниқланмаган.

X-XV асрлар савдо шаҳарларини ўрганишнинг учинчи даври 1958 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон филиали археология бўлимининг ташкил топиши билан узвий боғлиқдир. Бўлим олимлари Хоразм археология-этнография экспедициясидан мустақил археологик тадқиқотлар ўтказа бошлади. Бу илмий муассаса томонидан 1958-1988 йиллар давомида жуда кўплаган археологик экспедициялар амалга оширилди. 1958-1961 йиллар давомида Хоразм археология-этнография экспедицияси томонидан Шаҳрлик, Пулжой, Буғрохон, Мунчоқли, Замаҳшар, Тупроққалъа, Ёрбакирқалъа ва Ҳазорасп каби савдо шаҳарлари ҳам ўрганиб чиқилди. Булар натижалари X-XV асрлар савдо марказлари тўғрисидаги қарашларимизни янгидан-янги маълумотлар билан бойитди. 1962, 1964-1965 ва 1966 йилларда Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон бўлимининг В.Н.Ягодин раҳбарлигидаги гуруҳи томонидан яна бир йирик савдо маркази Миздаҳқонда археологик қазув ишлари олиб борилди. Бу тадқиқотлар натижалари ўрта асрлар манбаларида эслатиб ўтилган маълумотларни тўла тасдиқлади. Яъни, Миздаҳқон X-XV асрлар давомида Хоразмнинг энг йирик, баъзида Урганчдан кейинги йирик савдо маркази бўлганлиги илмий жиҳатдан тасдиқланди. 1963, 1968-1971 йиллар давомида Қорақалпоғистон археологлари Ю.П.Манылов раҳбарлигида тадқиқотларни давом эттириб, ўнг қирғоқ Амударё бўйлаб археологиқ ишлар олиб бориб, Кат, Абу Муслимқалъа, Жанпикқалъа ёдгорликларини ўрганиб чиқдилар. Бу археологик тадқиқотлар натижасида аниқланган энг муҳим нарса шу бўлдики, Ибн Баттута таъкидлаган, ўнг қирғоқ Хоразмда Бухорога қадар Қиёт (Кат)дан бошқа шаҳар йўқ деган маълумоти унчалик ҳақиқатга тўғри келмайди. Археологик тадқиқотлар самараси ўлароқ ўнг қирғоқ Хоразм савдо шаҳарларидан топилган жуда бой материаллар айниқса, кўплаган Олтин Ўрда тангалари шуни кўрсатадики, мўғул босқинидан кейин ҳам ўнг қирғоқ Хоразм савдо шаҳарлари аста-секин бўлса-да, ўз қаддини тиклаб олганлар. Аммо, улардан ҳеч қайсиси X-XIII асрлардаги даражасига ета олмаган. 1973, 1978-1981, 1981-1983, 1985-1987 йилларда Жанпиққалъада, 1980, 1985, 1986-1987 йилларда Миздаҳқонда, 1963, 1965 йилларда Шаҳрликда, 1973-1974 йилларда Ваянган (Ардахушмисан)да олиб борилган археологик тадқиқотлар Хоразм савдо шаҳарларининг топографияси, хўжалик ҳаётини аниқлаш билан бирга, уларнинг олиб борган савдо алоқаларининг йўналишларини ҳамда муайян бир ўлкадан (масалан, Эрондан, Волгабўйидан ва ҳоказо) қандай маҳсулотлар келтирилганлигини ёки Хоразмдан шу ўлкаларга қандай моллар чиқарилганлигини тўлиқ бўлмасада, аниқлаш имконини берди. Юқорида кўрсатиб ўтилган савдо шаҳарларидан ташқари, X-XV асрларда Хоразм савдо шаҳарлари қаторига кирган бошқа савдо шаҳарларида ҳам археологик тадқиқот ишлари ўтказилган. Хоразмнинг XIII-XIV асрларда умум Евроосиё савдосида тутган ўрни, шу даврлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи, Олтин Ўрда давлати иқтсодий-маданий ҳаётида тутган ўрни мавзусини ёритишда айниқса қорақалпоқ археологи ва тарихчи олими М.Ш.Қдырниёзовнинг хизматлари катта. У бу мавзуга оид кўплаган монография ва мақолалар муаллифидир. У яна Хоразмнинг Хоразмнинг XIII-XIV асрларда Буюк Ипак йўли савдосида тутган ўрни анча салмоқли бўлганлигини ёзма манбалар ва археологик тадқиқотлар ёрдамида исботлаб берди.

Савдо шаҳарлари тарихини, уларнинг хўжалик ҳаётини ўрганишда яна карвон йўлларини, уларнинг йўналишини ўрганиш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. 1930-йиллардан тортиб то 90-йилларгача бўлган давр ичида Хоразм савдо шаҳарларининг қўшни ва узоқ ўлкалар билан олиб борган савдо муносабатларини аниқлаш имконини берувчи бир қанча карвон йўллари археологик жиҳатдан тадқиқ қилинди. Шундай карвон йўлларидан бири Хоразм савдо шаҳарларини кўчманчилар ва Шарқий Европа билан боғловчи йўл бўлиб, у Устюрт платоси устидан ўтган. Ҳали XIX асрдаги рус географлари, элчилари ва сайёҳлари Устюртдан ўтишда жуда кўп минора, карвонсарой ва сардобалар ҳаробаларига дуч келганлар ва улар бу ёдгорликларни тасвирлашга, ўрганишга ҳаракат қилганлар. Аммо фақат 1946 йилда бу ерларни археологик жиҳатдан ўрганишга киришган Хоразм археология-этнография экспедицияси ҳодимларигина бу харобаларнинг карвонсаройлар бўлганлиги, бу чўзилиб кетган харобалар тизими эса улар орқали карвон йўли ўтганлигини тўлиқ аниқлаб, исботладилар. Бу карвон йўлидаги Булоқ, Қусбулоқ, Беловли, Чурук ва Учқудуқ карвонсаройлари С.П.Толстов томонидан X-XI асрларга тааллуқли эканлиги таъқидланди. 1950 йилда бу ерда Хоразм археология-этнография экспедицияси ходимлари қайта археологик тадқиқотлар ўтказиши натижасида улар XI-XIII асрларга хос деб белгиланди. 1964 йилда бу ерда археологик тадқиқот олиб борган қорақалпоқ археологи Е.Бижанов бу карвонсаройлар хоразмшоҳлар даврида қурилиб, улардан жуда кенг миқёсда XIII-XIV асрларда фойдаланганликларини аниқлади. Кейинчалик, 1971-1975 йилларда Устюртни В.Н.Ягодин раҳбарлигидаги Ўзбекистон ФА Қорақалпоқ филиали, археология бўлимлари ходимлари системали ўрганишга киришди. Аммо бу карвон йўлидаги карвонсаройларни 1975-1978 йилларда Ю.П.Манылов раҳбарлигида қорақалпоқ археологлари атрофлича ўрганиб чиқдилар. Айнан шу гуруҳ томонидан бу ерда ишлар 1981 йилда ҳам давом эттирилди. Натижада Хоразм савдо шаҳарларининг Шарқий Европа билан савдо муносабатлари тўғрисидаги маълумотларни тўлдирувчи жуда бой материаллар тўпланди. Бу карвонсаройлар XIV аср ўртасида қурилиб, XV аср охиригача хизмат этгани аниқланди.

Хоразм савдо шаҳарларининг Мовароуннаҳр, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари билан олиб борган савдо йўлларида ҳам археологик тадқиқотлар ўтказилиб, бу мавзуни ёритишга ёрдам берувчи жуда бой материаллар тўпланди. Хоразмни Марв ва Хуросон билан боғловчи йўлнинг шимолий тармоғи 1949-1953 йилларда С.П.Толстов томонидан ўрганиб чиқилди. 1960, 1966 йилларда эса у К.Адиков ва М.Е.Массон томонидан ҳам текширилди. Бу йўлнинг Эрон билан боғловчи жанубий тармоғи эса 1961 йилда Е.Атагаррыев ва Х.Юсупов, 1970, 1972 йилларда Х.Юсупов томонидан ўрганилди. Қорақум орқали ўтган бу савдо йўлини яна 1980 йилда Д.Дурдыев ҳам текширган эди. Бу йўллардан ташқари Амударёнинг чап қирғоғи бўйлаб ўтган карвон йўли ҳам мавжуд бўлиб, бу йўлни биринчи марта 1939 йилда С.А.Ершов ва С.П.Толстовлар тадқиқ қилган бўлсалар, М.Е.Массон бу ерда 1954 ва 1966 йиллар археологик тадқиқотлар ўтказди. 1972-1975 йилларда эса бу йўлда ХАЭЭ маршрут ва турғун археологик тадқиқотлар олиб борди. Натижада бу йўл X-XV асрлардаги энг қулай ва серқатнов йўл бўлганлиги аниқланди. Бундан ташқари, юқоридаги археологик тадқиқотлар Хоразм савдо шаҳарларининг Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи ва унинг кичик-кичик тармоқлари орқали олиб борган савдо муносабатларининг қай даражада бўлганлигини ва қандай маҳсулотлар чиқарилган ёки келтирилганлигини аниқловчи бой материаллар тўплаш имконини берди. Хуллас, юқорида кўрсатиб ўтган тадқиқотларнинг муҳимлигини эътироф этиш билан бирга, шуни қайд қилиш керакки, уларда муаллифлар ўз олдиларига Хоразмнинг X-XV асрлар савдо марказларининг ўрта Шарқ ва Европа мамлакатлари, кўчманчилар дунёси билан савдо муносабатларини изчил ва мунтазам равишда умумлаштириш вазифасини қўймайдилар. Бунинг устига мазкур асар ва тадқиқотларда Хоразм савдо марказлари тўғрисидаги қарашлари фақат археологик ёки фақат топонимик, географик йўсинда таҳлил қилинади.