Обод манзиллар таровати
Истиқлол берган имкониятлар самараси ҳаётимизнинг барча жабҳасида ўз аксини топмоқда. Тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида юксак марраларни забт этаётган халқимиз ютуқлари салмоғи тобора ошиб бораяпти.

Бу эса мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, юртдошларимиз турмуш тарзини янада яхшилашдек эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Биргина қишлоқ жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини олайлик. Ҳозир энг чекка ва олис манзилларда ҳам беқиёс ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Мустаҳкам инфратузилма, замонавий қулайликлар, муҳташам иморату иншоотлар... Буларнинг барчаси қишлоқларимизнинг шаҳарлар билан бўйлашиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида кенг, шинам ва кўркам тураржойлар қурилиши одамларимизнинг нафақат турмуш тарзи, балки тафаккурини ҳам тубдан ўзгартираётир.

Зеро, обод ва саришта уй — бахту саодат, файзу барака ошёни. Ундаги қулайликлар турмуш фаровонлиги кафолатидир. Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қишлоқларимиз қиёфасини замонавий архитектура талаблари асосида тубдан ўзгартириш ва янгилаш, илғор муҳандислик, транспорт ҳамда ижтимоий инфратузилмага эга бўлган янги уй-жой массивларини барпо этиш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган аниқ мақсадли вазифалар белгилаб берилди.

Хоразм вилоятида ҳам мазкур ҳужжат ижроси доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Хусусан, ўтган олти йил давомида воҳанинг 56 та массивида 4 минг 212 та уй-жой ҳамда ушбу ҳудудларда мактаб, гузар, бозор, савдо мажмуаси, новвойхона, минибанк сингари 122 та ижтимоий соҳа объекти, шунингдек, автомобиль йўллари, сув, газ, электр тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Кўтаринки кайфият, эртанги кунга қатъий ишонч инсонни эзгу мақсадлар сари чорловчи муҳим омиллардандир. Бугун қишлоқларга ўзгача тароват бахш этаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар эгаларининг фаровон турмуш тарзини кузатиб, бунга яна бир карра амин бўлиш мумкин. Энг муҳими, бундай шароитда вояга етаётган ўғил-қизлар нафақат соғлом, балки кенг дунёқараш ва бой тафаккур эгалари бўлиб камол топмоқдалар.

— Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароити бор, — дейди Хонқа туманидаги “Хоразм Шоҳназар қурилиш-таъмирлаш” хусусий корхонаси раҳбари Тоҳир Абдуллаев. — Намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш жараёнида бу жиҳатлар алоҳида эътиборга олинаяпти. Деворларнинг пишиқ ғиштдан тикланиши эса хонадонларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Қолаверса, эшик ҳамда дераза ромлари, томёпқичлар, сантехника жиҳозлари, қўйингки, барча-барчаси замонавий, кўркам ва мустаҳкам. Меҳмонхона, болалар хонаси, ётоқхона, ошхона, ювиниш хоналари пухта меъморий ечим асосида барпо этилган. Қисқача айтганда, бу уйлар аҳоли диди ҳамда талабига жуда мос. Мазкур иморатлар ўз эгаларига узоқ йиллар хизмат қилади. Ҳозир уларни белгиланган муддатларда, сифатли тарзда қуриб, фойдаланишга топшириш учун биз, пудратчи ташкилотлар жамоалари барча имкониятни ишга солаяпмиз.

Дарҳақиқат, бино тиклаш — машаққатли ва узоқ давом этадиган жараён. Бунда сифатли қурилиш ашёлари, малакали мутахассислар, зарур техника воситаларисиз кутилган самарага эришиб бўлмайди. Янги массивлардаги улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ва жадаллаштиришда мустаҳкам моддий-техника базаси ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Чунончи, айни кунда воҳада намунавий лойиҳалар асосида тураржойлар барпо этиш юмушларига 107 та пудратчи қурилиш ташкилоти жалб қилинган. Уларга солиқлардан имтиёзлар тақдим қилинганлиги, қурилиш материаллари маҳаллий корхоналар томонидан қисқа муддатда ва арзон нархларда етказиб берилаётганлиги ютуқлар асоси бўлаяпти. Пировардида бундай шинам ва кўркам уйларда яшаш истагидаги юртдошларимиз сони тобора ортиб, қурилиш ишлари кўлами янада кенгаймоқда. Жумладан, жорий йилда ҳам вилоятнинг 22 та массивида 865 та ана шундай иморат қуриш жараёни якунланаётган бўлиб, ҳозирги кунгача 140 миллиард сўмлик иш бажарилди.

— Шифокорлар оиласимиз, — дейди хонадон бошлиғи Отабек Саидов. — Икки нафар фарзандимиз бор. Анчадан бери барча қулайликларга эга уй-жойда яшашни орзу қилардик. Шу сабабли Урганч туманининг Юқори Жирмиз қишлоғида барпо этилган тураржойлардан бирини харид қилдик. 15 йил муддатга имтиёзли кредит берилиши эса катта кўмак бўлди. Ҳозир массивимизда мактаб, боғча, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо дўконлари, равон йўллар қурилаяпти. Хўш, бир пайтлар бундай имкониятлар бормиди? Иморатлар пахсадан, гуваладан тикланиб, усти ҳар йили лойсувоқ қилинарди. Ҳозиргидек кўзни қамаштирувчи томёпқичлар қаёқда эди дейсиз?! Бутун маҳаллада шиферли ёки тунука томли уйлар бармоқ билан санарли бўларди. Шукрки, энди ҳавас қилса арзигулик шароитларда яшаяпмиз. Бу биз сингари ёш оилалар учун чинакам ғамхўрлик намунасидир.

“Ободлик кўнгилдан бошланади”, дейишади. Кўнгилдан кўчган яратувчанлик ҳисси эса хонадонлар, қишлоғу маҳаллалар кўркига кўрк қўшади. Зеро, Ватан — обод манзиллари билан файзу тароватлидир. Бугун жойларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар соҳибларининг фаровон турмуши мисолида бунга такрор ва такрор ишонч ҳосил қилишимиз муқаррар.

Ойбек РАҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.