Хоразм вилоятида ўзбек сўмини қалбакилаштирган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди
Хоразм вилояти божхона бошкармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Хонқа туманида қалбаки пулларни ясаш ва ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди.

Аниқланишича, фуқаро Н.Мадраҳимов ва унинг жиноий шериклари Х.Матрасулов, Ж.Отаниязов. Я.Абдуллаев, Ф.Жуманиязов ва вояга етмаган Т.Бекназаровлар (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) олдиндан жиноий тил бириктириб, уюшган ҳолда жуда кўп кийматдаги ўзбек сўмини қалбакилаштириб ясаш ва ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Н.Мадраҳимовга тегишли бўлган "Дамас" русумли автомашина холислар иштирокила кўздан кечирилганида, унда бир хил серия ва рақамли 592 дона 1000 сўмлик қалбаки купюралар, ҳар бирининг орқа ва олдига 4 донадан купюралар тасвири туширилган, аммо қирқишга улгурилмаган 25 дона А-4 форматдаги қоғозлар, 1000 сўмлик купюраларни ўрашга мўлжалланган 992 дона белбоғлар ва 10 дона пакетчалар борлигини аниқланди.

Тергов жараёнида жиноий гуруҳ жами қалбаки 1,1 млн. сўмлик купюраларни ясашган ва бир қисмини муомалага киргизишган.

Мазкур жиноят иши юзасидан 2015 йил 25 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Хонқа туманини судида ҳукм ўқилди ва жиноий гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича жазога тортилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
customs.uz