Хива пуллари
Хоразмшоҳлар даврида ва Хива хонлиги даврида ўзининг ҳақиқий қийматига эга бўлган олтин, кумуш ва мис пуллар муомалада ишлатилган. Бу пулларнинг қайси даврларда; қайси подшо, хонлар даврида зарб қилингани, қайси давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатлар қилинганлигини билиш жуда қизиқарли бўлиб ўтмиш ҳақида жуда аниқ фикрлашга ёрдам беради.

Хоразмда зарб қилинган ва муомалада ишлатиб келинган, ўзининг ҳақиқий қийматига эга бўлган пуллар эрамиздан олдинги II асрларданоқ маълум бўлиб Хива хонлигининг Россия томонидан босиб олингунгача тўлиқ ишлатиб келинди. Хива хонлигида муомалада ишлатиладиган пул 3 хил аталар эди:

1-«тилла»,—олтин пул бўлиб, икки хил шаклда ва оғирлик миқдорида бўлар эди. Биринчиси—«кичик тилла»,—деб аталар ва ўша давр пул миқдорида 1 сўм 80 тийинга тенг деб белгиланар эди, иккинчиси —«катта тилла»,—деб аталиб ўша давр пул миқдорида 3 сўм 60 тийинга тенг деб белгиланган эди;

2-«танга»,—кумушдан ишланар ва «бир танга» ўша давр пул бирлигида 30 пул бирлиги ёки 20 тийинга тенг деб белгиланар эди. Йигирма тийинликни ҳозирги даврда ҳам «бир танга»,—деб аталиши шундан қолган;

3-«пул»,—мисдан ишланар эди. У пулга ва тийинга бўлинарди. Кумушдан ишланган «танга», «оқ танга» деб, мисдан ишланган пул «қора танга» деб ҳам юритилар эди. «Қора танга» ўзининг қиймати жиҳатидан «оқ тангани» 66 фоизига тенг эди.

Шунингдек, хонликда «шойи», «аббас шойи», «ярим шойи» деб номланадиган пул бирликлари ҳам ишлатилган. Уларнинг қиймати 10 тийиндан 40 тийингача ўзгариб турган.

(Хива шаҳар Лермонтов кўча № 114, 117-уйларда яшовчи Қурёз Сарроф ва Болта Саррофларнинг эсталиклари).

Хива хонлигида зарб қилинган пулларда, тангаларда ва тиллаларда одам расми тасвирланмас, балки араб имлосида, қайси хонлик томонидан ва нечанчи йилда зарб қилингани ёзилар эди.

Хива олтинлари ва пуллари маҳаллий ва чет элдан келтирилган олтинларга бўлинар эди. Хива олтинлари ўзининг ялтироқлиги, мустаҳкамлиги, умуман сифати жиҳатидан ажралиб турарди.

Муомалада кўп ишлатиладиган кумуш пуллар металлари Қуйи Новгороддан олиб келинган. Хива хонлигида зарб қилинган олтин, кумуш, мис пуллар ва уларнинг қолиплари дунёнинг кўпгина мамлакатлари музейларида, шунингдек, Москва ва Санкт-Петербург музейларида сақланмоқда. Айниқса Хива хонлиги 1873 йилда Россия томонидан босиб олингач, уни қимматбаҳо буюмларини, биринчи навбатда олтин, кумуш пулларини талаш Россия жуғрафия жамияти вакили шарқшунос олим П.И. Лерх ва А.Л. Кун сингари кишилар раҳбарлигида «илмий» жиҳатдан ташкил қилинди. Веселовский ёрдамида Петербургдаги эрмитажда ташкил қилинган нумизматика ва бошқа фондлар Урта Осиёдан, жумладан Хива хонлигидан борган олтин, кумуш, мис, атлас ва бошқа пуллар ҳисобига бойиди. Жумладан, фақат 1883 йили Эрмитажга жўнатилган буюмлар ичида 1168 қадимий олтин-кумуш тангалар бўлиб, булар Урта Осиёнинг, жумладан Хивадаги 30 дан ортиқ йирик ҳукмдор сулолаларнинг пуллари эди.

Хива хони Муҳаммадраҳимхон II тахтни ташлаб қочиб кетгач, «рус мутахассислари» хонликдаги барча қимматбаҳо буюмларни ташиб кета бошладилар. «Ўлжалар ичида танга зарб қилинадиган қолиплар, олтин ва кумушдан ишланган, 25 хон муҳри, 200 дан ортиқ қадимий тангалар» бор эди. («Фан ва турмуш» журнали, 1991 йил, 9-сон).

Буларнинг ҳаммаси Хива хонлиги даврида зарб қилинган пулларнинг намуналаридир.

Россия ҳукумати Хива хонлигини босиб олиши биланоқ пул системасини Россия пул сестемасига ўтказишни таклиф қилди. Лекин бу таклиф амалга ошмади.

Хива хонлигида муомалада кўпинча кумушдан бўлган «танга» пуллар кўп ишлатилган. Қумуш пулларнинг олтин ва мисга нисбатан қулайлиги буни тақозо қилган. Ҳатто XIX аср охирларигача ҳар йили бир миллион сўмлик кумуш танга пуллар хивалик маҳаллий усталар томонидан зарб қилинган.

XIX аср оҳирларида дунё давлатларида кумуш қазиб чиқаришнинг кўпайиб кетганлиги унинг қийматини тушуриб қўйди. Бу даврда Хива хонлигида ҳам кумуш пул бирлиги қиймати икки баравар тушган эди. Ёки бир «танга» пул миқдори 20 тийиндан 12 тийин қийматга тушиб қолди.

Россия Хива хонлигини босиб олгандан кейин ҳам Россияда Екатерина II подшолиги давридан буён пул сифатида муомалага киргизилган қоғоз пуллар, кумуш тангалар Хива хонлиги ҳудудида узоқ вақтгача қўлланилмасдан келинди. Россиянинг пуллари Хива хонлигида жуда кам миқдорда қўлланилиши билан бирга ўз курсидан жуда кам баҳоланар эди. Уз «тилла» ва «тангаларига» ўрганган хиваликлар рус қоғоз пулларини ишлатишни ёқтирмас эдилар.

Россия қоғоз ва металл пулларининг Хива хонлигидаги маҳаллий халқ ва амалдорлар томонидан қўлланилмаслиги, писанд қилинмаслиги чор амалдорларини ғазабини келтирар эди.

Рус ҳокимлари маҳаллий халққа ўз қоғоз пулларини мажбурлаб кирита бошладилар. Улар дастлаб олтин, кумуш ва мис пулларни рус қоғоз пулларига ва рус қоғоз пулларини олтин, кумуш ва мис пулларига алмаштириб берадиган ва катта фойда орттирадиган судхўр кишиларни вужудга келтирдилар. Буни Хива хонлигида «саррофлар» деб атайдилар. «Бизнинг ота-боболаримиз ва ўзимиз ҳам ёшлигимиздан шу касб билан шуғулланганимиз сабабли ҳозиргача «сарроф» деб аташади,—дейди Қурёз сарроф ва Болта саррофлар.

«Саррофлар» катта пулга эгалик қилиб, пул муомаласидаги қийинчиликлардан фойдаланиб, Хива ва Россия савдогарларига катта таъсир кўрсатар эдилар. Хива саррофларининг ҳатти-ҳаракати савдогарларга ёқмас эди ва улар рус подшосига Хива тангаларини, тилларини бутунлай йиғиб олиб унинг ўрнига рус қоғоз пулларини тарқатишни таклиф қилган эдилар.

Ҳатто 1893 йилда Россия молия вазирлигининг ташаббуси билан рус савдогарларининг илтимоси Петербургда муҳокама қилинди ва Хива хонига танга пулларни фақат рус подшосининг рухсати билан зарб қилиш мажбурияти юклатилди.

Россиянинг қоғоз пулларини Хиванинг тилла, танга ва мис пуллари ўрнига бирданига тиқиштиришга рус подшоси жазм қила олмади. Халқнинг норозилигини тўғдириши мумкин деб қўрқди.

Россия пулларининг аста-секинлик билан бўлса ҳам Хива хонлигига кириб келишини молия вазири яхши билар эди.

XX асрнинг биринчи ўн йиллигида ҳатто рус қоғоз пуллари Хива хонлигида муомалада ишлатилаётган танга пулларга нисбатан икки баравар кўпайиб кетди.

Хива хони Муҳаммадраҳимхон II ўз умрининг охирларида Хива хонлигида муомала учун йшлатилаётган пул миқдорини етишмаётганлиги, шунингдек, мусулмон ва шарқ давлатлари подшолари номидан пул босиб чиқариб турилмаса халқ унга итоат қилмаслигини тушунтириб, илтимос қилиб зўрға танга пул босиб чиқариш имкониятига эга бўлиб қолган эди. (Т.Г. Тўхтаметов, Россия и Хива ва конце ХIХ-начале XX века, Москва, 1969, 52-53-бетлар).

Муҳаммадраҳимхон II вафотидан кейин Хивада танга пул босиб чиқариш деярли тўхтатилди ва рус подшоси пуллари муомалада ишлатиладиган бўлди. 1914 йилдан бошлаб Россия, шу жумладан рус савдогарлари Хивада зарб қилинган тангаларни олмасдан ва ишлатмасдан қўйди. (Садиқов А. С. Экономические связи Хивы с Россией, Тошкент, 1965, 132-бет). Мавжуд бўлган тилла ва кумуш пуллар халқ қўлида муомалада ишлатиб келинди.

Асфандиёрхон хонликка ўтиргач, рус подшоси ва амалдорлари Хива хонлигида бир қанча ислоҳотлар ўтказиш, жумладан Хивада муомалада бўлган ва юритилаётган барча танга ва пулларни йиғиб олиб бутунлай рус пул системасига ўтказишни ҳам таклиф қилган эдилар. Чор амалдорларининг бу таклифи ҳам бошқа ислоҳотлари сингари бажарилмади.

1918-1920 йилларда Хива хонлигида икки хонлик даври бўлди. Бу даврда Хива ҳони бўлган Саидабдуллахон «қўғирчоқ хон» эди, аслида ҳокимиятни Жунаидхон бошқарар эди. Бутун ҳарбий, сиёсий куч унинг қўлида бўлиб, ўз ҳокимлигини халққа маълум қилиш учун Жунаидхон пул ҳам бостириб чиқарди. Унинг пули атласга ишланган бўлиб, «турма қоғоз» номи билан юритилган. Қейинчалик Жунаидхон номи билан қоғоз пуллар ҳам босиб чиқарила бошланди.

1920 йил 2 февралда Хива халқ инқилоби ғалаба қозонгач Хива вақтли инқилобий комитетининг 1920 йил 11 апрелда бўлган мажлис қарорига асосан Хиванинг пул бирлиги курси белгиланди. Ушбу қарорга асосан Хиванинг қоғоз пул бирлиги курси Рус подшолари давридан ишлатиб келинаётган 1 сўм «кренка» пули 4 сўмлик Хоразмнинг умумсовет пулига ва 1 сум «туркистон бони» пули Хоразмнинг 5 сўмлик умумсовет пулига тенг деб белгиланди. (Узбекистон Марказий Давлат архиви, Р-71-фонд, 1-рўйхат, 1-дело, 5-варақ).

Хоразмда Совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки йилларда муомала учун зарур бўлган пул миқдори оғир аҳволга тушди. Фўкаролар уруши, босмачилик харакати, Россия ва Туркистон билан алоқалар қилишнинг ёмонлашуви эса бу жараённи кескинлаштирди. Хивадаги мавжуд пул босиб чиқариш машиналари ва усталари ишлари тўхтатилиб қўйилган эди.

Хоразмда Халқ Совет республикасининг ва унда молия нозирлигининг ташкил қилиниши муомала учун зарурп бўлган пул бирликларини изга туширишга имкон берди. Жумладан, Россия марказий ижроия комитети билан шартномалар қилинди ва ана шу асосда Хоразм республикасини муомала учун зарур бўлган пул билан таъминлаш мақсадида пул босиб чиқариш асбоб усканаларини ва мутахассисларини ёрдамга чақириш ва пул босиб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилди.

1920 йил апрель ойидан бошлаб Хивада янги пул бирлиги босиб чиқарила бошланди. Унинг олд томонида қишлоқ хўжалик ишчи ва деҳқонларининг иттифоқини билдирувчи ўрок, жўхори пояси, бел тасвири, герб тарзида тасвирланган эди. (Хива музей заповедниги экспонатлари).

Хоразмда босиб чиқарилаётган пуллар қоғознинг камлиги, ускуналар ва мутахассислариинг етишмаслиги сабабли етарли микдорда пул босиб, чикаришга имкон бўлмади. Ана шу сабабди Хоразмда бошқа пуллар хам кўплаб ишлатилди. Жумлалан. 1921 йил 1 январдан бошлаб РСФСРнинг 1919 йилда босиб чикарилган пул бирлиги ишлатила бошланди. Бу ўз кийматига кўра шу даврда юриб турган Россия «кронка» гули (энг кимматли)га тенг ва туркбон номиналига нисбатан 10 баравар кимматли эли. (М.К. Мамаджанов. Социально-экономические преобразования и развитие экономики Хорезмской Народной Советской республики, Тошкент, 1974, 63-бет).

Хоразм ХСРда 1920-1921 йилларда муомала учун зарур бўлган пуллар молия ишлари ёмон аҳволда эканлигини Хоразм Халқ Совет республикаси нозирлар Советининг раиси Менглихўжа Ибнияминов 1921 йил 21 майда Халқ вакилларининг II Бутунхоразм қурултойида сўзлаган маърузасида Хоразмда пул чиқариш қийин бўлаётгани пул чиқариш миқдорини ошириб юбориш пулни қадрсизланишига олиб келишини, шунинг учун давлатга тўланадиган солиқларни пул билан эмас, балки натурал асосда товарлар билан тўлаш лозимлигини, бу пулни қадрсизланишини олдини олишини тўғри кўрсатган эди. (История Хорезмской Народной Советской республики (Сборник документов), Ташкент, 1976, 95-бет).

Хоразмда 1920 йил май ойидан 1921 йил май ойигача 489 миллион 549 минг сўм Хоразм пули босиб чиқарилган ва Россиядан 225 миллион сўм қоғоз пул олинган, Жунаидхон даврида босиб чиқарилган 3 миллион сўм пул ҳам муомалада бўлиб, жами Хоразмда 717 миллиондан ортиқроқ пул мавжуд эди. Бу Хоразмда мавжуд 1миллион аҳолининг ҳар бирига ўртача 717 сўмдан тўғри келишини кўрсатади.

Республикада 1921 йилда йиғиладиган барча даромадлар харажатларни 1/40 қисмини қоплайдиган бўлиб қолган эди. Харажатларни хаммаси босиб чиқариладиган пул билан қопланаверадиган бўлса пул ўта қадрсизланар эди. 1921 йилла муомала учун зарур бўлган 9,5 миллиард сўм ўрнига 50 миллард сўм пул босиб чиқаришга тўғри келар эди.

1922 йил ва 1923 йилнинг бошларида ҳам пул муомаласи жараёнлари тартибли йўлга қўйилди деб бўлмайди. Давлат корхоналари сметасиз керагича пул олар эдилар. Солиқлар, бозор тушумлари ҳам яхши йўлга қўйилмаганлиги сабабли пул муомаласини тартибга солиб бўлмади. Хоразм пул бирлигининг киймати туша борди.

Хоразм Халк Совет республикаси молия нозири М. Дивановнинг 1923 йил март ойида ҳукуматга берган ҳисобига ва архив ҳужжатларига назар солсак кўрамизки Хоразмда 1921 йил июнидан 1922 йил июнигача яъни бир йил мобайнида қоғоздан, мисдан, атласдан 158 миллиард 854 миллион сўмлик пул босиб чиқарилган, кирим 23 миллиард сўмни, чиқим эса 168 миллиард 869 миллион сўмни ташкил қилган шунингдек, давлат фондига қимматбаҳо тошлар, олтинлар, кумушлар, қимматбахо буюмлар ва бошқа 44 миллиард сўмлик нарсалар йиғиб олинган. (История Хорезмской Народной Советской республики, (Сборник документов), Тошкент 1976, 199-бет).

Хоразм Халқ Совет республикаси тузилгандан кейин уч ярим йил давомида 100 миллиард сўмлик Хоразм пули босиб чиқарилди. Бу пуллар Хоразм республикасидан ташқарига чиқарилмади ва ўз қиммати тушиб кетганлиги тезда сезилиб қолди.

Бу даврда 1 миллиард 100 миллион РСФСР пуллари ҳам Хоразмда ишлатила бошланди. Бу пулнинг қадрсизланишини янада оширди. (М.К. Мамаджанов. Социально-эканомические преобразования и развитие экономики Хорезмской Народной Советской республики, Ташкент, 1974, 63-бет).

Хоразм Халқ Совет республикасида муомала учун зарур бўлган пулнинг тартибга солинмаганлиги, пул бирликларининг республика томонидан мустақил бошқариш имконияти бўлмагани учун четдан қадрсиз қоғоз ва бошқа пуллар оқимининг бетўхтов кириб туриши Хоразмда чиқарилган пулларнинг четда қадрсизланиши ва ишлатилмаслиги республика иқтисодий қийинчилигининг бош сабабларидан бири бўлди, халқ турмушини оғир аҳволга олиб келди ва республиканинг пул мустақиллигидан маҳрум бўлишига сабаб бўлди.

1923 йил 31 майда ва 9 июлда Хоразм Халқ Совет республикаси Марказий Ижроя комитети президиумида республика пул бирлиги курси кўриб чиқилди ва бу мажлисда узоқ мунозара ва муҳокамалардан кейин Хоразм пул бирлигини РСФСР пул бирлиги курсига айлантиришга қарор қилинди. Унда 10 сўмлик Хоразм пулининг 1 сўмлик Россия пули бирлиги билан қиймати тенг деб қабул қилинди. Пул бирликларини алмаштириш муддати 1923 йил 10 июлдан 10 августгача бир ой қилиб белгиланди. Ушбу қарорда бозорларда маҳаллий пул ўрнига Россия пул бирликларини алмаштиришда суистемолчиликка йўл қўйилмаслик учун Хоразм пулини сақлаб қолиш лозимлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борган кишиларни қаттиқ жазолаш кўрсатилган эди.

Пулларни алмаштириш Хива, Урганч, Хонқа, Ҳозорасп, Шовот, Гурлан, Тошховуз, Илонли, Хўжайли, Манғит, Қўнград симгари шаҳарлардаги ва район марказларидаги 18 кассада амалга оширилди.

Белгиланган бир ой муддатда алмаштирилмасдан қолган Хоразм пул бирликлари муомалада ўз қийматини йўқотган деб хисобланади. (Ўзбекистон Марказий Давлат архиви, Р-71-фонд, 1-рўйхат, 113-дело, 83-варақ).

1924 йил 14 февралда муомала учун зарур бўлган пуллар босиб бўлингач СССР пул бирликларини босиб чиқариш тўхтатилди. Уларнинг ўрнини қоплаш учун 1924 йилда казначейский билетлар, кумуш ва мис пуллар босиб чиқарилди.

1924 йил июнь ойига келганда СССРнинг барча ҳудудларида, шунингдек Хоразм ССРда ҳам пул бирликларини алмаштириш амалга оширилиб бўлинди. Қадрсизланган пулларнинг деярли ҳаммаси йиғиб олинди. Муомалада бўлган Хоразмнинг қоғоз пуллари 91 миллиард 600 миллион сўм миқдорида эди. (М.К. Мамаджанов. Социально экономические преобразования и развитие экономики Хорезмской Народной Советской республики, Тошкент, 1974. 119-121-бетлар).

1922-1924 йиллар давомида амалга оширилган пул ислоҳоти Хоразмда Совет ҳокимияти йилларида амалга оширилган биринчи пул ислоҳоти эди.

Олтин, кумуш, мис пуллар бундан кейин ҳам аҳолининг қўлида ишлатилиб келинди. Бу пулларни аҳолининг кўлларидан йиғиб олишда 20-йилларнинг охири ва 30-йилларнинг бошларида савдобоп ва аҳоли учун камёп товорларнинг фақат олтин ва кумиш пулларига сотиш сиёсатининг юритилиши бўлди. Натижада аҳоли қўлидаги олтин ва кумуш пулларнинг асосий қисми марказ томонидан ўзлаштирилди.

Иккинчи пул ислоҳоти 1947 йилда ва учинчиси эса 1961 йилда амалга оширилди. Бу ислоҳот ҳам муомаладаги 10 сўмлик пуллар 1 сўм қийматига эга деб қабул қилинди ва янги пул белгиларига ўтилди.

Мақсуд Маткаримов "Хоразм Республикаси" 1993

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР