Қосим ибн ал-Ҳусайн тўғрисида машҳур араб географи ва сайёҳи Ёқут ал-Ҳамавий (1179-1229) ўзининг “Мўъжам ал-удабъ” (“Адиблар қомуси”) номли асарида кўпроқ маълумот беради.
Хоразмда бўлган вақтида уникида бўлганлиги, суҳбатлашгани тўғрисида ёзиб қолдирган. Ал-Қосим ибн ал-Ҳусайн шоир бўлиши билан бирга олим ҳам бўлган. У тил адабиёт, фалсафа, фиқҳ, ҳадис каби фанларга оид кўпгина асарлар ёзган. Ёқут ал-Ҳамавий ўзининг юқорида эслатилган китобида шоир асарларининг рўйхатини берган. Бу рўйхатда ал-Қосим ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Хоразмий Замаҳшарийнинг ва бошқа шоир, олимларнинг асарларига ёзган шарҳлари ҳамда айрим китоблари мавжудлигини таъкидлаган.
Маҳмуд аз-Замаҳшарийнинг “Ал-Муфассал” асарига ёзилган уч жилдлик “Шарҳ ал-Муфассал ли -аз-Замаҳшарий”, шунингдек, “Ас-Сабика”, “Ёлеби”, “Ат-Тажмир” (“Бирлаштириш”) асарларига шарҳ ёзган. Абу Аъло ал-Марийнинг “Сакт уз-Заид” асарига бағишлаб ёзган шарҳи, “Ат-Таъдик” (“Тушунтириш”), Ал-Ҳаририйнинг “Мақомат-лар”ига бағишланган шарҳ “Китоб ас-сир фи-л-иъраб”, “Китоб шарҳ ал-абнийа”, “Грамматик шакллар ўзгармаслигини шарҳловчи китоб”, “Китоб аз-заваайла ва-л хабайа” (“Пучмоқлар ва махфий нарсалар ҳақида китоб”), “Китоб-ал муҳассил ли-л мухсила” (“Ўрганиладиган нарсанинг ҳосиласи ҳақидаги китоб”, “Китоб ужала-сафар фи-ш-шиър” (“Шеъриятга шошилинч сафар”), “Китоб бадоиъ- ал –милх”, (“Нодир фасоҳатли иборалар китоби” ва бошқа бир қанча асарлар яратган.
Шу нарса ҳарактерлики, Ёқутнинг таъкидлашича, шоир муҳтожликда ҳаёт кечирса ҳам Хоразмшоҳнинг амалдорларидан бири Аш-Шиҳаб ал-Хуфий мансаб ва ўн динор ваъда қилиб унинг ёнида шеър ўқиб ўтиришга даъват қилганида буни рад қилади. Бу эса шоирнинг халқпарварлигини кўрсатади.
Ал-Қосим ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Хоразмий 1221 йилда мўғуллар Гурганч шаҳрини вайрон қилганларида кўпчилик ватанпарварлар қатори қатл қилинади. Шоир, адиб Қосим ибн ал-Ҳусайн Ёқут сўзлари билан айтганда: – “У ўз даврнинг ягонаси, ўша аср кишиларининг пешвоси, илмул маоний ва услуб эгаси, шарқу-ғарбнинг фахри” бўлган.
© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун академияси нашриёти, 2009.