Аммо уларга қарши кўтарилган халқ қўзғолони ниҳоясида сафавийлар мамлакатдан қувиб чиқарилди. Хоразмликлар таклифи билан чақирилган шайбонийлар етакчиси Элбарсхон 1511 йили Хоразм ҳукмдори деб тан олинди. Элбарсхон билан бирга Дашти Қипчоқдан келган кўчманчи аҳоли ҳам Хоразмда ўтроқлашган.
Хива хонлигига Хоразм, шунингдек Манқишлоқ, Деҳистон, Узбой бўйидаги туркманлар кўчиб юрувчи ҳудудлар ва Хуросоннинг шимолий қисми кирган. Пойтахти дастлаб Вазир, кейинчалик Урганч ва Хива шаҳарлари бўлган. Элбарсхон тобе ҳудудларни ўғиллари ва қариндошларига бўлиб берган. Бу эса унинг вафотидан кейин ўзаро тахт учун курашни кучайтириб юборган. Натижада хонлар тез-тез алмашиб турган.
Ўзаро урушлардан фойдаланган Бухоро хони Абдуллохон II 1593 йили Хива хонлигини босиб олди. Кўп ўтмай хонлик яна мустақилликка эришди.
XVII аср бошларига келиб Хоразм тахти учун бўлган сулолавий курашлардан сўнг ҳокимиятни эгаллаган Араб Муҳаммадхон даврида Хива хонлигида парокандалик янада кучайган. Рус казаклари, қозоқлар ва қалмоқларнинг талончилик юришлари, Араб Муҳаммадхоннинг ўғиллари Ҳабаш ва Элбарсларнинг оталарига қарши чиқишлари ҳокимиятни кучсизлантирган. Бу кураш натижасида Араб Муҳаммадхон ҳалок бўлади. Падаркуш фарзандлар эса орадан кўп ўтмай акалари Асфандиёр томонидан тахтдан туширилиб, қатл қилинади.
Эрон шоҳи Аббос I ҳомийлигида тахтга чиққан Асфандиёрхон даврида мамлакат ҳаётидаги кескинлик сақланиб қолди. Орол бўйидаги ўзбек қўнғиротлари Асфандиёрга бўйсунмай қўйишди. Мамлакатда тарқоқлик ва зулм кучайди. Бундан фойдаланган йирик мулкдорлар Абулғозий Баҳодирхонни хон қилиб кўтаришди. Мамлакатда бир қадар барқарорлик тикланди. Маданият ва санъат ривожланди.
Хива хонлиги Эрон ва Бухоро хонлигининг тўхтовсиз ҳамлаларини қайтаришга мажбур бўлган. Элбарсхон даврида (1728- 1740) Эрон шоҳи Нодиршоҳ Хива хонлигига ҳужум қилиб, уни ўзига бўйсундирди (1740). Нодиршоҳ вафотидан сўнг (1747) хонлик яна мустақил бўлиб олди.
1804 йилдан бошлаб Хива хонлигида тахтни қўнғирот ўзбеклари сулоласи расмий равишда эгаллади. Муҳаммад Раҳимхон даврида (1806—1828) қўшни майда бекликлар, Орол атрофидаги қабилалар Хива хонлиги таркибига қўтттиб олинди. Хонлик шаҳарлари - Хива, Янги Урганч, Ҳазорасп, Хўжайли, Тошҳовуз, Гурлан, Хонқа ва бошқаларда ҳунармандчилик ривожланди, улар савдо марказларига айлантирилди.
XVI-XIX асрлар давомида Хива хонлиги ҳудудлари доимо ўзгариб турган. Дастлаб хонлик ҳудуди Ҳоразм воҳасидагина жойлашган бўлса, кейинчалик унинг чегараси жанубда Эрон ва Марвгача, шимолда Урал дарёсигача бўлган ерларга чўзилган, шарқда Бухоро амирлиги, ғарбда эса Каспий денгизи қирғоқларигача етган. Чор Россияси истилосидан кейин Амударёнинг чап қирғоғида 62237,2 кв. км. ер майдонига эга кичик вассал давлатга айланиб қолган. Аҳолисининг сони ҳам доимо ўзгариб турган. Ўртача 1 млн. киши атрофида аҳоли яшаган. Унинг кўпчилигини ўзбеклар, туркманлар, қорақалпоқлар, кам сонли форслар, араблар, руслар ва бошқалар ташкил қилган.
Хонликда давлат тили ўзбек тили бўлиб, Бухоро ва Қўқондан фарқли ўлароқ барча фармонлар, давлат ҳужжатлари фақат ўзбек тилида ёзилган.
XIX асрда Хоразм ҳудудида 1500 га яқин бошланғич мактаб ва 103 мадраса мавжуд бўлган. Хива шаҳрининг ўзида 22 та мадраса бўлган. Адабиёт, тарихнавислик, хаттотлик, мусиқа санъати, меъморлик ва маданиятнинг бошқа соҳаларида муайян ютуқлар қўлга киритилган.
Мунис, Огаҳий, Феруз, Комил Хоразмий, Камрон, Баёний, Хисравий, Муродий, Рожий, Мутриб Хонахаробий, Лаффасий сингари шоир ва адиблар ижоди ўзбек адабиёти ривожида ўзига хос ўринга эга. Танбур чизиғи нотасини яратган Комил Хоразмий “Мақоми феруз Шоҳий” асари ва “Панжгоҳ” мақоми билан ўзбек миллати санъатига катта ҳисса қўшган. Абулғозийхон “Шажарайи турк”, “Шажарайи тарокима” асарлари билан Хоразм тарихнавислик мактабига асос солган бўлса, Мунис ва Огаҳийлар “Фирдавс ул-иқбол”, “Зубдат ут-таворих”, “Ғиёс уд-давлат”, “Жоме ул-воқеоти султоний”, ”Шоҳид ул-иқбол” асарлари билан тарих соҳасини янада ривожлантирдилар. Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий”, “Хоразм тарихи” асарлари Ўзбекистон тарихини ўрганишда асосий манбалар ҳисобланади.
Хива шаҳрида сақланиб қолган қадимий меъморлик иншоотлари, асосан, хонликлар даврида қурилган. Буларга Анушахон ҳаммоми, Шерғозихон мадрасаси, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Кўхна Арк, Тошҳовли, Карвонсарой, Исломхўжа минораси, Қалъа девори, Нуриллабой саройи ва бошқалар киради.
1830-1840 йилларда Оренбург ҳарбий губернатори В.А.Перовскийнинг Хивага юриши муваффақиятсиз тугади. 1842 йили Хива хонлиги билан Россия ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида битим тузилди. Аммо 1873 йили Фон Кауфман бошчилигидаги рус қўшинлари уч томондан ҳужум қилиб, Хивани эгаллади. Хива Россиянинг вассалига айланди.
Бу оғир шароитда мамлакатни бошқарган Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) маданият ва санъат раҳнамоси сифатида тарихда қолди. Унинг ўзи ва саройда тўпланган Огаҳий, Комил, Табибий сингари шоирлар ўзбек адабиёти ривожига муносиб улуш қўшдилар. Унинг даврида Хивада босмахона ташкил этилди. Бу матбаада Алишер Навоий ва бошқа шоирларнинг девонлари, таржима асарлар чоп этилди. Муҳаммад Раҳимхонга Оренбург казак қўшинларининг генерал-лейтенанти унвони берилган эди. Россия ҳукумати ўз тўқимачилик саноатини хомашё билан таъминлаш учун Хива хонлигида пахта етиштиришни кучайтирди. 1890 йил 200 минг пуд, 1900 йил 400 минг пуд пахта олинди.
1917 йилги Октябрь тўнтаришидан сўнг Хива хонлигида сиёсий кураш авж олиб кетди. 1920 йил 2 февралида Қизил Армия ёрдамида хон тахтдан туширилди ва Хива хонлиги ҳудуди 1920 йил 26 апрелда Хоразм Шўролар Жумҳурияти деб эълон қилинди.
Элбарсхон (1511-1524)
Султон Ҳожихон (1524)
Ҳусайнқулихон (1524)
Суфёнхон (1524--1536)
Ҳасанқулихон (1536-1539)
Ақатойхон (1539-1556)
Юнусхон (1556-1557)
Дўстхон (1557-1561)
Ҳожи Муҳаммадхон (1561-1602)
Бухоро хонлиги вассали (1593-1598)
Араб Муҳаммадхон (1602- 1622)
Элбарс Султон ва Ҳабаш Султон (1622-1623)
Асфандиёрхон (1623-1642)
Бухоро хонлиги вассали (1642-1645)
Абулғози Баҳодирхон (1645-1663)
Анушахон (1663-1687)
Худойдодхон (1687-1689)
Эрнак Муҳаммадхон (1689-1694)
Жўжи Султон (1694-1696)
Валихон (1696-1698)
Шоҳниёзхон (1698-1702)
2-Араб Муҳаммадхон (1702-1704)
Сайид Алихон (1704-1706)
Мусахон (1706-1708)
Ёдгорхон (1708-1714)
Эшим Султон (1714-1715)
Шергозихон (1715 -1728)
Элбарсхон (1728-1740)
Эрон шоҳлари вассали (1740-174 7)
Тоҳирхон (1740-1741)
Нуралихон (1741-1742)
2- Абулғозихон (1742-1746)
Гойибхон (1746-1756)
Қорабойхон (1756-1757)
Темургозихон (1757-1763)
Тавкахон (1763-1764)
Шоҳ Ғозихон (1764-1767)
Абулғозихон (1767)
Нуралихон (1767-1768)
Булакайхон (1768-1769)
Жаҳонгирхон (1769-1770)
Муҳаммад Амин Инок (1770-1790)
Авазмуҳаммад Инок (1790- 1802)
Абулғозихон Ёдгорхон ўғли (1802-1804)
Элтузархон (1804-1806)
Муҳаммад Раҳимхон (1806-1825)
Оллокулихон (1825-1842)
Раҳимкулихон (1842-1846)
Муҳаммад Аминхон (1846-1855)