Шермуҳаммад Мунис Хоразмий
XIX аср бошларида Хива хонлиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк инсонлардан бири – Шермуҳаммад ибн Авазбий мироб ўғли Мунис эди. 1778 йилда Хива шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида таваллуд топган адиб: “Мен, Мунис, Хивада яшовчи юз тоифасидан бўлган Амир Эшимбийнинг авлодидандирман”, деб ёзганди.

Унинг болалик ва ёшлик йиллари Қиёт қишлоғида ўтди ва улғайгач, Хивадаги мадрасалардан бирида таҳсил кўрди ва устози Саййид Эшонхўжадан сабоқ олди. Араб, форс, туркий халқлар адабиёти, шунингдек классик музика ҳамда тарих фанини қунт билан ўрганди. У моҳир ҳаттот бўлиб куфий, райҳоний, хатти шикаста каби хатларни яхши билган. Унинг отаси Авазбий 1800 йилда вафот этгач, хон 22 яшар Шермуҳаммадни саройга таклиф қилади, уни қазув, қачув, (сув хўжалиги) ишлари бўйича котиб, 1812 йилда амакиси Эрниёзбек мироб ўлиб, хон Мунисни мамлакатни бош мироби қилиб тайинлайди. Шеърият оламида унинг тахаллуси Мунис бўлиб, луғавий маъноси “улфат”, “ҳамдам”, “дўст” демакдир. Низомийдан тортиб, то ўзи яшаган даврга қадар ўтган сўз санъаткорларининг ижоди билан ошно бўлган шоир, ўзининг “Манга” радифли ғазалида Низомий, Хисрав Деҳлавий ижодидан нақадар лаззатланганлигини, Ҳофиз Шерозий, Лутфий асарлари орқали шеърият бўстонига қадам қўйганини, Фирдавсийнинг ижод боғида ором олганини, Анварийдан нур эмиб, Саъдий ва Жомийдан чексиз баҳраманд бўлганини, Бедилнинг ажойиб сўзларидан файз топиб, ниҳоят буюк Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулийни ўзига ҳомий билганини зўр мамнуният билан қайд қилади.

Қилса ҳосид даҳли бежо сўз аро йўқтур ғамим,
Ким бу маънида Навоий руҳи ҳомийдур манга.

Шоир Навоийни ҳомийгина эмас, балки ўзига устод (пир) деб англади:

Сўз ичра Навоий жаҳонгирдурур,
Мунисга маъони йўлида пирдурур.

Мунис тез орада эл-юрт ҳамда Хива ҳукмдори Аваз иноқ назарига тушади. 1804 йилда шоир алифбо сифатида фойдаланиш учун “Саводи таълим” китобини ёзиб тугатади. Яна шу йили ижоди намуналарини “Мунис ул-ушшоқ” (“Ошиқлар дўсти”, 1804 йилда) деган ном билан тўплаб, уни 1813 йилда 16 892 мисрадан иборат катта девонга айлантиради. Ушбу асарда шоирнинг ғазаллари, мухаммаслари, рубоийлари, мустазодлари, туюқлари, тўртлик ва махсус иккилик байтлари мавжуд бўлиб, булардан ташқари девон охирига шоирнинг 1804 йилда назм билан ёзиб тамомланган каллиграфияга оид “Саводи таълим” номли асари ҳам илова қилинган. Ушбу кичик рисолада чиройли хат ёзиш усуллари баён қилинган. Рисола икки қисмдан иборат. Асарнинг биринчи қисмида хат машқ қилишга тайёргарлик ва бу иш учун керакли асбоблар тўғрисида сўз юритилади. Иккинчи қисмида эса, хат машқи ва унинг усули ҳақида амалий йўл билан таълим берилади. Шоир ўзининг ушбу рисоласи бошида кишилик жамиятида ёзувнинг катта аҳамиятга эга эканини қайд қилиб, шундай баён қилади:

Сўз маҳзанининг нишонаси ҳам,
Маъни дурининг хазонаси ҳам,
Ҳар сўзки, кўнгулдин ўлди мавжуд,
Хат бўлмаса бўлғай эрди нобуд.

Ўттиз йилдан ортиқ ижод қилган адибнинг ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган сулолавий касб мироблик ҳақида “Орналар” номли рисоласи биз учун ниҳоятда қимматлидир. Ушбу китоб туфайли биз воҳада сувчилик касби, деҳқончилик тарихи, сув учун бўлган урушлар тарихи билан боғлиқ ижтимоий сиёсий воқеалардан хабардор бўламиз.

Хива хони Элтузархон (1804-1806) Мунисга Хоразм тарихини битишни топширди. Мунис бу асарга “Фирдавс-ул иқбол” (“Бахт боғи” ёки “Бахт-саодат боғи”) деб ном қўйди. Асар Мунис ва жияни Огаҳий қаламига мансуб бўлиб, у афсонавий ривоятдан бошланиб, 1825 йилгача Хоразмда содир бўлган тарихий воқеаларни ўз ичига олади. Мунис бу асарни ёзиб тугата олмаган, у қадим замонлардан бошлаб Муҳаммад Раҳимхон (1806-1825) ҳукмронлигининг 7-йили, яъни 1813 йилгача бўлган воқеаларни ёзиб улгирган, 1813 йилдан 1825 йилгача бўлган воқелар Огаҳий қаламига мансуб бўлиб ҳижрий 1255 ( милодий 1839) йили ёзиб тугалланган.

Асар Хива хонлиги ҳудудида яшовчи ўзбеклар, туркманлар, қозоқ ва қорақалпоқ халқлари тарихини акс эттиради. Асарни мукаммал нусхаси Мунис ва Огаҳий қўлёзмасига мансуб бўлиб 613 бет, асар Самарқанд қоғозига, қора сиёҳ билан насталиқ хатида ёзилган.

“Фирдавс ул иқбол”нинг мзкур нусхаси Россия Фанлар Академиясининг, Санкт-Петербург бўлимида КП-938 рақами билан сақланмокда, уни рус шарқшуноси А.Кун 1874 йилда топширган. Асар кейинчалик, 1856 йилда мулла Нурниёз ибн мулла Муҳаммадниёз томонидан кўчирилган. Асарга 1879 йилда Муҳаммад Ризо охунд ибн Муҳаммад Карим девон тартиб берган.

Мунис бу асарини Элтузархон даврида бошлаган, 1806 йилда у ўз асарини Шерғозихон даврига етказганда, Бухоро хони амир Ҳайдар билан бўлган урушда Элтузархон ўлади, ундан кейин у Муҳаммад Раҳим I даврида бу асарни давом қилдиради. У бу даврнинг 7 йиллик тарихини ёзиб тугатганидан кейин, бу ишни тўхтатиб, 1819 йилда у машҳур тарихчи Мирхонднинг “Равзат-ус-сафо” (“Сафо боғи”) асарини ўзбек тилига таржима қилишга киришади. Бу асарни ҳам биринчи бўлимини таржима қилиб, иккинчи бўлими устида ишлай бошлайди, лекин 1829 йилги Оллоқулихоннинг ҳарбий юриши вақтида вабо касаллигига чалиниб, Аҳал-Така воҳасида дунёдан ўтган. Жасади Хивага келтирилиб, Эски Қиёт қишлоғидаги Мавлонбобо қабристонида махсус барпо этилган мақбарага дафн қилинган.

Ўз даврида Мунис туркман шоири Зелилий (1800-1853) (Олоқулихон даврида зиндонга ташланган) ва қозоқларнинг Кичик жузи оқини (бахши шоири) Маҳамбет (1800-1846) (Оллоқулихон томонидан саройда қабул қилинган, лекин қарашлари тўғри келмагани учун Хива хонлигидан чиқиб кетган) билан ҳам фикр бўлган, уларнинг юраги қўридан отилиб чиқаётган ҳар бир нидо ёки ишқий шеърларида ватанга ва ўз халқига муҳаббат ҳисси, ўзи яшаган замонага нисбатан норозилик фикрлари олға сурилади: – ҳақсизлик, зулмга қарши норозилик, адолат, халққа муҳаббат, сахийлик, вафо, маърифатпарварлик, илм-фанга ҳомийлик, жаҳолатга қарши кураш, инсоний фазилатлар улуғланган. Масалан:

Лаънат ул шоирғаким, ҳирсу тамаъ таҳрикидин
Кўргузур ҳар сифлаю нокасга изҳори мадҳ.

Мунис Хоразмий.

Куч эмас иззатни қора ер этган
Куч эмас улуғликка кўтариб кетган.
Ҳурмат ҳам, иснод ҳам ушбу жаҳонда
Келар ҳар инсонга тутган йўлидан…

Зелилий.

Кимки туғулгандан чинакам ботир,
Ғалаба ҳамиша унга ҳамроҳ, ёр.
Дунё титратмоққа қудрати қодир,
Аҳдига ҳамиша қолар вафодор.
Бунинг акси бўлар номард, нобакор,
Ёли ва сағридан танигин фақат
Ҳақиқий тулпорни – пойи ларзонни!
Тахтидан йиқитар ҳар қандай хонни
Ғазабга минса гар бутун мамлакат!

Маҳамбет

Уч халқнинг азиз шоирлари қадим Хива шаҳрида 1827 йилда шеърият оқшомида учрашганларида “Янглиғ” радифли ғазаллари билан ўзларининг ички ҳиссиётларини қағозга туширганлар.

Дилда ишқ борки, зиё сочурман мен шам янглиғ,
Порлабон зулматга йўл очурман мен шам янглиғ...

Мунис.

Ёш сели ва ўт аро қолди бу хаста юрак,
Фурқатингда охири ўчурман мен шам янглиғ...

Зелилий.

Кундуз тундан сиёҳроқ бўлур чеҳранг кўрмасам,
Қора ғамлар бағрига кўчурман мен шам янглиғ...

Маҳамбет.

Муниснинг шеърлар тўплами (девони) ўзи ҳаёт чоғида ва ўзидан кейин ҳам хивалик ҳаттотлар томонидан бир неча бор кўчирилган. Шу билан бирга 1875 йилда Хива тошбосмахонасида “Саводи таълим” рисоласи билан бирга босилган.

Ҳозирги вақтда қабри Хива якинидаги Шайх Мавлон бобо қабристонида бўлиб, мақбараси авлодлар томонидан эъзозланиб, 1989, 1999 йилларда таъмирланди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР