Завод қурилиши тез суръатда битказилди ва маҳаллий қурилиш хом ашёларидан: пишган ғишт, ганж, оҳак ва майдаланган тошдан фойдаланилди. Қурилиш ишларида рус ва немис усталари билан бир қаторда маҳаллий усталар: ўзбек, қорақалпоқ, татар миллати вакиллари ва бошқалар қатнашдилар. Қурилиш бир ярим йил давом этди ва 1889 йилнинг декабр ойида битказилиб ишга туширилди.
Корхона учун зарур дастгоҳ, жин жиҳозлари АҚШнинг Нью-Йорк денгиз портидан Атлантика океани, Ўрта Ер ва Қора денгизлардан ўтиб Одессага олиб келинган. Сўнгра темир йўллар орқали Каспий денгизи оша Закаспий темир йўлидан Чоржўйгача, ундан Амударё бўйлаб кемаларда Чолиш пристанига туширилган. Кейин от ва туя араваларида Янги Урганчга келтириб ўрнатилган. Барча йўл харажатлари олтин пул ҳисобига 370 минг рублга тушган.
Урганч пахта тозалаш ва ёғ-мой ишлаб чиқариш заводи нафақат воҳада, балки бутун Ўрта Осиёда иш бошлаган илк завод ва фабрикалардан бири эди. Шундан сўнг ўтган асрларда юзлаб саноат корхоналари қурилган бўлсада, айнан Урганч пахта тозалаш ва ёғ-мой ишлаб чиқариш заводи тажриба (эталон) мактаби бўлганди.
Кези келганда воҳада чигит экиш ва ундан олинадиган маҳсулотларни қандай усуллар билан ишлаб чиқарилишини эслатиб ўтиш фойдадан ҳоли эмас. Бу ёшлар учун ўтган авлод-аждодлар тарихини билиш, меҳнатни қадрлаш ва келажакда илмий-техника билимларини эгаллаш, олға томон интилишга ёрдам бериши аниқ.
Гапнинг индаллосини айтганда, аввал хорижда ҳам пахтани қўлда териш, чувиш, чигитини тозалаш ва ундан ёғ-мой олиш усули Хоразмдагидан деярлик фарқ этмаган. Тан олиш зарурки, тадбиркор ва ишбилармон америкаликлар бу соҳада ҳам инқилобий ўзгаришларни ясаб ташаббускор бўлишган. Тарихий адабиётларнинг гувоҳлик беришича, илм-фанга қизиққан америкалик қишлоқ ўқитувчиси Эли Уитней қизи билан балиқ овига отланади. Улар велосипедда кетаётганида қармоқнинг учи қизнинг кўйлагига илиниб, унинг бир толасини юлиб олади.
Бу воқеа пахта толасини чигитдан ажратишдаги мавжуд қийинчиликлардан хабардор бўлган билимдон ўқитувчини қўл усулига нисбатан меҳнат унумдорлигини оширувчи техника яратишига сабаб бўлади. У ўз режасини амалга ошириш учун тинимсиз изланади. Ниҳоят, 1793 йилда катта шов-шувга сабаб бўлган пахта толасини чигитдан ажратувчи биринчи машина яратади.
Эли Уитней бу машинани ўз ихтиросининг сабабчиси бўлган қизининг исми билан “Жин” деб атади. Кейинчалик америкалик механик Хожин Холмс “Жин” машинасини янада такомиллаштирди, яъни унинг илмоқли барабани ўрнига аррали вал қўллаб, “Аррали жин” машинасини яратади. Кейинчалик “Аррали жин”ларнинг “Коттон жин”, “Прессо-Континенталь”, “Хардвич-Эттер”, “Муррей”, “Люмус” ва бошқа русумлари яратилади. Уларда аррали валнинг диаметри 254, 305, 317 мм. ни ташкил қилар эди. 1840 йили яна бир америкалик ихтирочи Маккарти соатига 28-30 кг. тола ажратувчи ғўлали “жин” яратади. Бу машина узун, ингичка толали пахтани ишлашда жуда қулай эди. Шундан кейин бу ихтиролар дунёнинг пахтачи мамлакатларига кенг тарқалди.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё хонликларининг тўла-тўкис бўйсундирилиши 1883-1900 йилларда Закаспий-Ашхобод-Чоржўй-Бухоро-Самарканд-Тошкент темир йўлининг ишга туширилиши ва унинг Оренбург-Фарғона водийси шаҳарлари билан боғланиши Европа мамлакатлари, даставвал Англия корчалонлари ғазабини келтирди. Шунинг учун ҳам Буюк Британия ўзининг Ҳиндистондаги айғоқчиларини Тошкент, Бухоро, Хивага жўнатиб турди. Шулардан бири Тошкентдаги Ўрта Осиё савдо ширкати вакили Н.Н.Кудрин, Англия фуқароси Томас Чишер ва татар тилмочи Файзираҳмон Ахабиев Хива хони Феруз қабулида бўлиб 40 йил муддати билан ташландиқ ерлардан жой ажратиб беришни сўради. Ажнабийлар фойданинг тенг ярмини хонликка қолдириш шарти билан завод қуришга шартнома тузишни таклиф этдилар. Хон мустамлака шароитида ҳаёт кечираётганлигини инобатга олиб хорижликларнинг бундай таклифларини қабул қила олмаслигини эълон этади. Ушбу воқеа марказдагиларнинг қулоғига етиб боргач, хонликда пахта-ёғ, кўн-тери, ғишт заводларининг сонини кескин ривожлантиришга туртки бўлди.
Авваллари тайёрланган пахта ҳосили қўлда чигитдан ажратилиб олинган ва толаси атанак, чархда ип (нох) калаваланиб қўл дастгоҳларида тўқимачилик усулида газлама маҳсулоти ҳосил этиларди.
Тозаланган чигит иш ҳайвонлари кучи билан ҳаракатга келтириладиган жувозларда эзилиб ёғ-мой ҳосил қилинган. Шу тариқа пахтадан чигитни ажратиб олиш, чигитдан ёғ-мой олиш усули Урганч, Хива шаҳар ва туманларида XIX асрнинг охиригача, айрим қишлоқларда XX асрнинг 30-йилларигача давом эттирилган. Ҳатто жувозлар ҳақида қўшиқлар тўқилган:
“Жийиқ”-саси гўё қўшиқ создайин,
Қанчалик кўп чигит ўтса оздайин.
Ишлаб турсанг, мудом кўнглим ёздайин,
Ҳеч тинмайинлар айланавер, жувозим.
* * *
Тўхтамасанг кўпаяр ризқ-рўзимиз,
Семиради сигир, ҳўкиз, қўзимиз.
Минг бор шукур хизматингдан розимиз,
Ҳеч тинмайинлар айланавер, жувозим.
(Ў. Давлетов, “Севинчим-дардим”, Т. “Фан”, 2013 . 212 – бет.)
Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда Хива хонлиги ва Амударё бўлимида 10 мингга яқин чарх, бир ярим мингдан зиёдроқ жувоз бўлган.
1889 йил декабрнинг сўнгги кунлари эрта тонгдан завод гудоклари баланд овоз чиқариб урганчликларни уйқудан уйғотган.
Пахта етиштиришдан келадиган даромаднинг кўплиги хусусий мулк эгаларининг соҳага бўлган қизиқишларини янада оширди. Пахта тозалаш корхоналари тарқоқ равишда бўлсада хусусий мулк сифатида ташкил топа бошлади.
1890 йилда Хонқада рус капиталисти К.М.Черников фойдани тенг бўлиш шарти асосида, Авазбой Қози Мадёров ерида пахтага дастлабки ишлов берадиган завод қуради. Кейинчалик Черников Авазбой Қози билан келиша олмай заводни Янги Урганчга кўчиради. Авазбой Қози эса ўзи мустақил завод қуради. Хонқанинг кўзга кўринган кишиларидан Нажмиддин бой Петро-Александровск шаҳридан Питрей деган ураллик устани ёллаб, электр қуввати билан ишлайдиган тегирмон ва пахта толасини чигитдан ажратувчи дастгоҳларни қурдиргани ҳам маълум. Бу кичик завод дастлаб 6 от кучига, кейинчалик 9 от кучига эга бўлган қувват таъминлагич (двигатель) билан ишлай бошлади.
1890 йили рус капиталисти Мануйилов Хонқа шаҳарчасида ер сотиб олади ва завод қурдиради. XX аср бошларида туман ҳудудида 6-та пахта тозалаш заводи бор эди. Бироқ булар жуда кичик заводлар бўлган. 1903 йилда Мануйилов ва Новопанский Урганч ва Тошҳовузда биттадан, 1904-1905 йилларда яна иккита пахта заводи қурганлар.
Воҳадаги заводларда ишловчилар сони терим мавсумида 1500 киши бўлиб, шундан 415 киши доимий малакали ишчи-хизматчилар бўлган. Шундан Урганч пахта-ёғ заводида 150 киши ишлаган ва корхонанинг ўртача йиллик соф фойдаси 350-370 минг рубл (олтин пул ҳисобидан) бўлган.
Янги Урганчдаги “Большая Ярославская мануфактура”га тегишли пахта тозалаш заводининг қуввати йилига 20-25 пуд пахта тозалашга етган, бошқа заводларники эса ундан ҳам кам, атиги 3-10 пуд пахта толаси ишлаб чиқарган. Завод ишчилари: рус, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқалар мулк эгалари тарафидан шафқатсиз эксплуатация қилинар эдилар. Улар кунига 14-16 соат ишлашга мажбур бўлишган. Меҳнат муҳофазаси, ишчилар ҳаёти ва соғлигини суғурта қилиш ва иш жойларининг санитария ҳолатини таъминлаш деган тадбирлар йўқ эди. Бундай шароитда ишлаган ишчилар орасида бахтсиз ҳодисаларда жароҳат кўриш ёки ҳалок бўлишга олиб келган воқеалар тез-тез учраб турарди. Ишчиларнинг иш ҳақи йилига 20 рублдан ошмасди. Кимда-ким норозилик билдирса уни осонгина ишдан ҳайдашарди. Масалан, 1906 йилнинг май ойида Урганч пахта тозалаш ва ёғ заводидан беш киши ишдан ҳайдалган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этадиган касаба уюшмалари ёки қонун-қоидалар бўлмаган.
Чигитдан пахта ёғи олиш дастгоҳи - Жувоз XIX аср
© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”