Урганч пахта-ёғ заводининг қайта тикланиши
1889-1919 йилларда хонлик аҳолисини пахта ёғи, совун, кунжара, шелуха билан таъминлаб ортиқчасини чет элларга экспорт қилиб турган Урганч пахта-ёғ заводи ва бошқа корхоналарни қайтадан ишга тушириш кечиктириб бўлмас вазифа эди.

Бундай мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазифани амалга ошириш учун албатта илғор технология ва мутахассислар етишмасди. Тан олмасликнинг иложи йўқки, илмий техника соҳасида анча илгарилаб кетган европаликлар даставвал Фарғона водийси ва Хоразм воҳаси корхоналарида тозаланган пахта маҳсулотлари ва ундан олинадиган иккиламчи хом ашёни сув текинга сотиб олиб катта фойда кўраётган эдилар.

Европаликлар пахта маҳсулоти толасидан ҳар хил материаллар тўқиганлар, тикув калавалари, арқонлар, балиқ тутиш тўрлари, резина қувурлари, автомобиль саноатида фойдаланиш учун махсус матолар, кинотасмалар, лаклар, олий навли қоғозлар тайёрлаганлар. Шунингдек, жун ва ипакдан мато тайёрлашда ҳам пахта толаси аралаштирилган. Пахтанинг чигитидан истеъмол ёғи олиниб консерва саноатида, маргарин ёғи, майонез тайёрлашда ишлатиларди. Пахта ёғи олингандан кейин қолган чигитдан саноат ёғи ёки алифлар, улардан глицерин, стеорин ва бошқа маҳсулотлар - хўжалик ва атир совунлари ишланарди. Чигитни қайта ишлашдан қолган чиқиндилари –кунжара ва шелухалар қишлоқ хўжалигида чорва моллари учун тўйимли озуқа сифатида фойдаланиларди. Хулоса қилиб айтганда, пахта толаси, чигит, поя новдаси ва япроқларидан 150 турдан кўпроқ ҳар хил моддалар олинарди. Техника экинлари орасида пахтага нисбатан кўп маҳсулот олинадиган экин тури йўқ.

Пахта ва пахта маҳсулотларининг беқиёс даражада сермаҳсул, сердаромад соҳа эканлигини яхши билган шўролар ҳукумати тўхтаб қолган пахта тозалаш ва ёғ-мой заводларини миллийлаштириш, пахта плантацияларини кўпайтириш, деҳқон хўжаликларига кредит бериш, товар айрибошлаш чораларини кўришга киришдилар. Қуйида келтирилган тарихий ҳужжат фикримизни тасдиқлайди.

Туркистон Республикаси пахта комитетининг 1921 йиллар Хоразм Республикасидан пахта хом ашёси олиш

Ш А Р Т Н О М А С И

Хоразм Республикасида пахта етиштириладиган майдон 10000 десятина қилиб белгилансин.

1. Хоразм Республикаси Туркистон Республикасига 10000 десятина майдонда етиштириладиган пахта хом ашёсининг ҳаммасини бериш мажбуриятини ўз устига олади.

2. Хоразм Республикаси Туркистон Республикасига ҳар бир десятинадан 50 пуд пахта ҳисобида, жами 500 минг пуд пахта хом ашёси топшириш мажбуриятини олади.

3. Туркистон Республикаси ҳар бир 50 пуд пахта хом ашёсига қуйидаги товарлар билан ҳисоблашади:

1. Кетмон - 2 дона
2. Пахта толасидан тўқилган матолар (мануфактура) 90 аршин
3.Тикувчилик йипи (нох) - 6 ўрам
4.Лампа ёғи (керосин) - 40 фунт
5. Гугурт - 80 қутича
6. Туз - 60 фунт
7. Ғилдирак мойи - 6 фунт
8. Майда тери - 3 дона
9. Пахта уруғлик чигити - 5-7 пуд

Эслатма: Пахта уруғлик чигити меъёри пахта комитети ва Хоразм Республикаси вакиллари иштирокида уруғлик чигитнинг сифатига қараб белгиланади.

4.Туркистон Республикаси экиш даври учун 10000 десятина экиладиган майдон ҳисобидан қуйидаги биринчи бўнакини ажратади:

1. Пул маблағи - 200 минг рубл (тилло пул)
2. Пахта толасидан тўқилган матолар - 90 аршин
3. Керосин - 2500 пуд
4 .Тикувчилик ипи - 10 минг ўрам

5. Туркистон Республикаси кейинги бўнакларни бартер пахта ниҳолларига ишлов бериш ва пахта ҳосилини йиғиш даврида беради. Бериладиган бўнакларнинг жами миқдори қабул қилинадиган 500 минг пуд пахта қийматининг бешдан икки қисмидан ошмаслиги керак.

6. Хоразм Республикаси томонидан топшириладиган пахта учун бериладиган товарлар ва пул маблағлари Туркистон Республикаси томонидан белгиланган жойга келтирилади.

7. Топшириладиган барча пахта хом ашёси пахта комитети белгилаган пахта қабул қилиш масканига Хоразм Республикаси томонидан келишилган муддатда келтирилади.

8. Хоразм Республикаси билан пахта комитети ўртасидаги тўлиқ ҳисоб-китоб пахта тайёрлаш мавсуми тугагандан кейин амалга оширилади.

Пахта комитети раиси: Муравьев
Ҳосилотлик бўлими мудири: Глушанов
Тошкент шаҳри, 3 март 1921 й.

Хоразм Халқ Республикаси ушбу шартлар асосида Туркистон Республикасига пахта хом ашёси етказиб бера бошлади. (ЎзМА.фонд 3.оп.1.10 - бет)

Бахтга қарши 1921 йил декабр ойига келиб пул синиб (девальвация), қадрсизланиб қолган. Бозорда буғдойнинг нархи пахта нархидан бир неча маротаба ошиб кетган. Меҳнаткаш пахтакор деҳқоннинг яшаш шароити оғирлашган. Унинг ширкат хўжаликларига бўлган ишончи сусайган.

Шунга қарамасдан пахтакор деҳқонлар ўзлари етиштирган ҳосилни ҳукуматга қарз ёки сув текинга сотишга мажбур эдилар. Бу даврда ширкат хўжаликларидан сотиб олинган пахта ҳосилини омбор ва пахта пунктларида сақлаш амримаҳол эди. Вазиятни ҳисобга олиб пахта пунктлари ва завод омборлари атрофларида милиция бўлимлари, “Қизил таёқлар” посбонлари қўйилди.

Сурункали давом этган фуқаролар уруши ва миллий озодлик ҳаракатлари халқ хўжалигини батамом издан чиқарди. Шўролар ҳукумати “Ер деҳқонларники, завод ва фабрикалар ишчиларники” деган шиор эълон этилганидан сўнг бинойидек ишлаб турган корхоналар, савдо-сотиқ ва бошқалар издан чиқди. Мамлакатда алғов-далғов, парокандалик, камбағалчилик, қахатчилик бошланди. Россиядан буғдой келиши, ўз навбатида Туркистондан пахта толаси ва ёғ-мой маҳсулотлари бориши кескин камайди.

Мамлакат иқтисодини жар ёқасига олиб келган Марказий ҳукумат янги иқтисодий сиёсат (НЭП) ни ўйлаб топди. Яъни завод ва фабрикалар, савдо-сотиқ аввалги эгаларига қайтарилди. Лекин бундай ғайри оддий сиёсат узоқ давом этмади.

Бунинг объектив ва субъектив сабаблари шундан иборат эдики, Хоразмда таъсис этилган муваққат ҳукумат ХХСР аъзолари собиқ бойлар ва марказдан юборилган, маҳаллий шароитни мутлақо билмайдиган большевиклардан иборат эди.

Оддий халқ, айниқса, оз сонли корхоналарнинг хўжайинлари эса кимга ишонишни билмасдилар. Шу тариқа 1919 йил декабрдан 1923 йил 15 январгача воҳадаги пахта тозалаш ва ёғ-мой заводлари ишдан тўхтаган, тўғрироғи, уларнинг аксарияти талон-торож этилган эди.

Муваққат ҳукумат нима қилиб бўлса ҳам чигит экиш, хом ашё етиштириш ва заводларни ишга тушириш чора-тадбирларини кўрди.

1922 йил декабр ойида Хива шаҳрида ХХСР Давлат план комиссиясининг (раиси А.Черданцев) йиғилишида Янги Урганчдаги собиқ Крафт, Мануйлов заводини миллийлаштириб ишга тушириш, раҳбар ва ходимлар иш ҳақини белгилаш ҳамда республикадаги бошқа заводларни Урганч пахта-ёғ заводи тажрибаси асосида юритиш масаласи махсус кўриб чиқилди. План комиссияси тасдиқлаган 19-сонли баённомада қуйидаги иш жадвали ва ойлик маошлари қатъий белгиланди.

Бошқарувчи -12,5 рубл (тилло пул ҳисобида)
Таржимон -11,5 рубл
Ҳисобчи -11,7 рубл
Инженер -11,4 рубл
Кучер -11,7 рубл
Машинист -11,5 рубл
Унинг ёрдамчиси -11,4 рубл
Жувозчи(ёғчи –2 киши) -18 рубл
Омборчи 2 киши -15 рубл

Шунингдек Гурлан, Манғит, Хонқа заводлари бошқарувчиларининг ҳар бирига 19 рублдан, прессловчи ва жинчиларга 8 сўм 50 тийин, ишчиларга 7 рубл 50 тийиндан ҳақ тўланадиган бўлди.

1923 йилнинг апрел ойида барча заводларда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди ва уларга маҳаллий аҳолидан, ички ишлар бўлимидан “Қизил таёқ” посбонлар қўйилди.

Хоразмда 1924 йилнинг 22 июлида пахта тозалаш саноати корхоналарини тиклаш ва уларни миллийлаштириш охирига етказилди. Яъни барча мулкдор шахсларга қарашли пахта заводлари давлат ихтиёрига олиб берилди. Урганч пахта – ёғ заводининг биринчи раҳбари этиб собиқ ишчи коммунист Черезов тайинланди.

Табиийки, унинг раҳбарлик салоҳияти етарлича эмас, ҳисобчи, ҳатто ўрта махсус маълумотли мутахассислар ҳам йўқ. Черезов вазиятни тўғри англаб фахрий ишчи-хизматчиларга таяниб ишга жиддий киришди. Бир томондан ремонт ишлари давом эттирилди, иккинчи томондан мавсумга қараб пахта қабул қилиш жадвали тузилиб қуйидагича белгиланди:

1 чорак - октябр-ноябр-декабр ойлари
2 чорак - январ-феврал-март ойлари
3 чорак - апрел-май-июн-июл ойлари
4 чорак - август ва сентябр ойлари

Урганч пахта-ёғ заводи хўжалик фаолиятининг биринчи йилларида меҳнатга ҳақ тўлаш 17 разрядда тасдиқланган тариф сеткаси бўйича белгиланган. Энг юқори ҳақ тўлаш – биринчи разряд ҳисобланган. Кўп тармоқли ушбу корхона таркибида қуйидаги ишлаб чиқариш завод цех ва бўлимлари бўлган.

1. Пахта тозалаш заводи
2. Мой-жувоз заводи
3. Рафинация (ёғни оқлаш) ва совун пишириш цехларидан ташкил топган.

Заводни пахта билан таъминлаш Хива, Урганч, Қўшкўпир туманларидаги пахта сотиб олиш пунктлари орқали ва деҳқонлардан тўғридан-тўғри сотиб олиш орқали таъминланарди. Пахта чигити эса Гурлан, Хонқа, Тошҳовуз ва Хўжайли туманларидан олинар эди. Пахта катта қанор халталарга тўлғазиб ёки ён-атрофи хода билан ўралган четан араваларга юклаб заводга келтириларди.

Урганч ёғ заводида 1924 йилда жами 4 та жин, Грачева системасида ишлайдиган винтли пресс ва қуввати 32 от кучига тенг бўлган “Гористи” двигатели мавжуд бўлган. Заводнинг 1924 йилда 1913 йилги қувватининг 50 фоизидан фойдаланилган, холос.

1924 йил давомида қуввати 125 н.р. бўлган буғ машинаси, сиғимлиги 1500 пуд бўлган 2 та ёғни оқлаш (рафинацияланган) қозони ва сиғимлиги 1800 пуд бўлган 1925 йилнинг охирида 2 та совунни пишириш қозони, 2 та совунни механик усулда ва қўлда кесадиган асбоб-ускуналар ишга туширилган. Ушбу қозонларда ёқилғи сифатида шелухадан фойдаланилган.

Заводда ўлчов тарози бўлмаган, маҳсулотлар тахминий ҳисобланган. Фақат 1924 йилга келиб алоҳида бухгалтерия ташкил қилинган. Заводда бу даврда 2 маркада рафинацияланган ёғ, 2 турдаги (маркада) хўжалик совуни ва пахта толаси, шунингдек, ишлаб чиқариш чиқиндиси ҳисобланган шелуха ва кунжара плиталари ишлаб чиқарилган. Кунжарани ўлчаб сотишда бир дона кунжара плитаси чойхонада ўлчаб келиб ўртача оғирлиги чиқарилиб реализация қилинган. Ёғни сотишда ўлчаб берилмаган тахминий идишларда (бидон, бочкаларга) солиб аниқланган. Натижада бу маҳсулотларни сотишда ноаниқликлар, кам ёки ортиқча бўлишига йўл қўйилган.

Технологик ускуналарнинг тузилишини яхши тушунадиган малакали мутахассислар бўлмаганлиги учун ҳам ускуналарни таъмирлаш ёки янгисини қуриб ишга тушириш ўзига хос байрам ҳисобланган.

Заводда ҳисобот ишларидаги ходимлар тез-тез алмаштирилган. 1924 йилнинг 1 июлидан 1925 йилнинг июлигача 5 нафар бош ҳисобчи алмаштирилган. Баъзан завод бош ҳисобчисиз қолган вақтлари ҳам бўлган.

Ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш қўл меҳнати билан боғлиқ бўлган. Ҳар бир 6-7 кг. товар қўл билан ташилиб гидропрессга солинар, пресс қилингандан сўнг қўлда кесилиб кунжара олинар ва шу тартибда ёғ олишга жуда кўп вақт талаб қилинарди. Қора ёғни тозалаш учун брезент ёки сукно материали ишлатилган. 1925 йилда 12 дона линтер ўрнатилиб линтер цехи ишга туширилди. Корхонада техника хавфсизлиги жуда оғир аҳволда, цехларда иш шароитлари кўримсиз, механизмлар тасмалар ёрдамида ҳаракатга келтирилган. Цехларда табиий ёруғлик етишмасди, иш жойлари ифлос, совуқ бўлган. Тайёрлов цехида аспирация бўлмаган. Шундай шароитларда ишлаб чиқаришни ташкил қилиб 1924-1925 йилларда заводда йилига 524 тонна ўсимлиик ёғи ва 90 тонна хўжалик совуни ишлаб чиқаришга эришилган.

1927-1929 йилларда янгидан 4 та гидропресс ва ёғни ўлчайдиган тарози қурилиб фойдаланишга топширилган.

1929 йилда исроф бўладиган ёғ ҳажмини камайтириш ва ундан чиқадиган чиқинди кунжарани кесадиган ускуна ўрнатилди. Шунингдек, линтер цехида ўрнатилган линтерлар сони 20 тага етказилган. Бундан ташқари қуввати 250 от кучига эга бўлган “Компаунд” машинаси, иситиш майдони 151 кв.м бўлган буғ қозони, 10 атмосфера босимида ишлайдиган ускуналар ўрнатилиб иссиқлик манбаи цехи кенгайтирилган.

Амалга оширилган тадбирлар, янги дастгоҳларнинг ўрнатилиши ва Санкт-Петербургдаги Путилов заводи жамоаси оталиғида Урганч пахта тозалаш ва ёғ-мой заводи Хоразмда энг самарали корхона деб тан олинди ва унга “Красний Октябр” номи берилди.

Корхона жамоаси 1928 йилда 4326 тонна, 1929 йилда 20175 тонна, 1930 йилда 23175 тонна ва 1932 йилда 30704 тонна пахта чигитини қайта ишлаган. Шундан 1928 йилда 794 тонна, 1929 йилда 3597 тонна, 1930 йилда 3820 тонна ва 1931 йилда 5038 тонна қора мой ишлаб чиқарилган. Заводда 1928 йилда 204 тонна, 1929 йилда 600 тонна, 1930 йилда 590 тонна ва 1931 йилда 964 тонна хўжалик совуни ишлаб чиқарилган. Технологик жараёнлар такомиллашиб борган сари чигитни қайта ишлаш пайтида маҳсулот олиш ҳажми ошган ва табиий нобудгарчилик даражаси кескин камайган.

Завод ҳудудлари ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сақлаш, от-арава, машиналар тирбанд бўлиб кетганлиги сабабли уни иккига ажратиш, яъни янгидан пахта тозалаш заводи қуриш ёки уни бошқа жойга кўчириш кун тартибида кўндаланг бўлиб турарди.

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР