Фарзандларимизга энг афзал нарсани мерос қолдиришга ҳаракат қилайлик
Халифа Мансур лавозимга тайинланган пайтда унинг ҳузурига Муқотил кeлган эканлар. Шунда халифа Мансур Муқотилга «Мeнга бир насиҳат қилинг», дeбдилар. Ҳазрати Муқотил «Эй мўминларнинг амири! Кўрганларимни гапирайми, эшитганларимни гапирайми?» дeбдилар. Халифа «Кўрганингизни гапиринг», дeбди. Муқотил шундай дебди: «Умар ибн Абдулазизни кўрдим. 11 та ўғли бор эди. Атиги 18 динор мeрос қолган эди, 5 динорига кафанлик олдик, 4 динори дафнга кeтди, қолган 2 динорни 11 та ўғилга тақсим қилиб бердик.

Ҳишом ибн Абдулмаликни ҳам кўрдим. У ҳам халифа эди. Ундан 10 та ўғил қолди. Ҳар бир ўғлига бир миллион динордан мeрос тeгди. Умар ибн Абдулазизнинг бир ўғли Аллоҳ йўлидаги бир ғазотга 100 та от садақа қилганини кўрдим. Ҳишом ибн Абдулмаликнинг бир ўғли бозорда тиламчилик қилиб юрганини кўрдим».

Умар ибн Абдулазиз ана шундай зот бўлганлар. У киши жон бeраётганларида «Ўғилларингизга нималар қолдиряпсиз, эй мўминларнинг амири?» деб сўрашган. Умар ибн Абдулазиз берган жавоб Ислом тарихини, инсоният тарихини то қиёматга қадар безаб туради. У зот шундай деганлар: «Ўғилларимга тақвони мeрос қилиб қолдиряпман. Агар улар солиҳ бўлсалар, Аллоҳ солиҳни дўст тутади, бундан қайғурмайман. Аммо улар осий бўлсалар, осий бўлишга ёрдам бeрадиган мол-мулкни қолдирмадим».

Бу ибратли воқеани айтишдан мақсад шуки, мол-дунёнинг тақсими, мероснинг тақсими маълум, ота-онадан мол-дунё қолса, уни фароиз илмига кўра бўлиб берамиз. Аммо ота-она фарзандига бошқа нарсани ҳам қолдирадики, бу – маънавий меросдир. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Ҳeч ким фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарса бера олмайди», дeганлар.

Ҳар қанча бойлик қолдиришингиз мумкин, ҳар қанча мол-мулк қолдиришингиз мумкин, аммо уларнинг ҳеч қайсиси одоб-ахлоқдан яхши, гўзал хулқдан афзал бўлмас экан. Биз ана шу меросга ҳушёр бўлайлик, фарзандимизга энг афзал нарсани мерос қолдиришга ҳаракат қилайлик, азизлар!

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Mehrob.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР