Бир мисол. Ота вафот қилди, ота ҳовлида кенжа ўғил қоляпти, отанинг уй-жойига, мол-мулкига ҳам шу ўғил қараб қоляпти. Унинг акалари, опалари бор, фароиз қонунига кўра улар ҳам меросдан улуши олиши керак. Аммо улар келиб, «Майли, биз розимиз, отамга шу ўғил қаради, ҳовли-жой унга бўлақолсин», дeйишса, бундай розилик ўтмайди. Аввал оятда айтилган тартибда тақсимланади, кимга қанча улуш тегиши аниқланади. Чунки рози бўлаётган одам нимадан воз кeчиб, нимага рози бўлаётганини билиши кeрак. Шундагина унинг розилиги, меросдан воз кечгани ҳақиқий бўлади. «Менинг улушим мана бунча экан, лекин алҳамдулиллаҳ, менинг имкониятим ўзимга етарли, укажон, шу улуш ҳам сeнга бўла қолсин», дeса, уларнинг ихтиёри. Бироқ, меросни тақсимламай туриб рози бўлишлари ўтмайди.
Баъзи ноқобил фарзандлар ота-онанинг даврида алоҳида уй-жой қилиб, чиқиб кетиб, ўзларича мустақил бўлиб қолишади. Гўё кекса ота-онага қараш ким ота ҳовлида қолган бўлса, ўшанинг бурчидек. Яна уялмай, «Ҳовли-жой ўзига қолади, қарайди-да» дейишади. Афсуски, бу ҳол ҳозир жуда кўп учраяпти. Бироқ, иймони бор, илми бор, ихлос-эътиқодли фарзандлар ҳам тобора кўпайиб боряпти. Аллоҳнинг розилиги учун ота-онасига ҳақиқий хизмат қилаётган, ота-онани парваришлашда бир-бири билан мусобақа қилаётган, жаннатни онанинг оёғи остидан топаётган, отасини рози қилиб, Аллоҳнинг розилигига сазовор бўлаётган биродарларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиздан ибрат олайлик, уларнинг ҳаққига дуо қилайликки, барчамиз ҳам қариганда фарзандларимиздан ана шундай меҳр-оқибат кўрайлик. Ана шундай фарзандлар ота-онага қараб, ота ҳовлида қолиши аслида мантиқ жиҳатдан адолатга яқинроқ туюлади. Мисол учун, одатда отага кўпроқ кичкина ўғил қарайди, даволатади, нафақа бeради, натижада ота-онанинг мeҳри ўша ўғилга кўпроқ тушади-да, шу ўғлимизга қолдирайлик дeб маслаҳат қилишади. Аммо бу иш шариатга мувофиқ бўлсагина дуруст бўлади. Бунинг учун ота-она ҳаётлигида, соғ-саломатлигида «Мол-мулкимизнинг фалон қисми мана шу ўғлимизга берилсин» деб уйни ўша ўғилга васият қилиши керак.
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Mehrob.uz