Аллоҳ таоло ҳукм қилган мeрос қоидаларини бандалар ўртасида адолат билан жорий қилган, ўзидан уламоларни ворис қилиб қолдирган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин!
Исломда мeрос масаласи ниҳоятда муҳимдир. Унинг қанчалик муҳимлигини у ҳақдаги ояти карималар ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.
Мерос – вафот этган кишининг мол-мулкидир, ворисларнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло мeрос тақсимотини шу қадар батафсил баён қилганки, Қуръони Каримда бошқа биронта масала бу қадар баён қилинмаган. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, инсонни йўқдан бор қилган, унга исломдаги фарзларни буюрган Аллоҳ таоло бандасига нисбатан ҳар қандай муомала қилишга мутлақ ҳақли бўла туриб, Ўз ҳаққидан кечиши мумкин, аммо банда билан банданинг ўртасидаги ҳақни кечмайди. Ҳаёт неъмати берилган, нафас олиб, тирик юрган инсонга Аллоҳ таоло тақдир қилинган мол-мулк берган бўлса, у вафот этгандан кейин бу мулкнинг бошқа бандалар қўлига ўтиши Роббимиз буюрган фарздир. Барчамизга маълумки, Аллоҳ таоло қатъий белгилаб қўйган, бажарилиши мажбурий бўлган амаллар, ҳақ-ҳуқуқлар фарз деб аталади. Фарз сўзининг кўплик шакли эса «фароиз» бўлади. Аллоҳ таоло вафот қилган кишининг мол-мулкини, яъни меросни тақсимлаш қонун-қоидалари шариатда фароиз деб юритилади. Фароиз илмининг асосий аҳкомлари, асосий қоидалари ояти карималар билан собит бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам фароиз илмига, мерос ҳукмларига оид бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Илм уч хил бўлади. Биринчиси – муҳкам, аниқ-равшан оятлар, иккинчиси – ҳаётга татбиқ қилинадиган суннатлардир. Учинчиси эса адолат билан тақсим қилинадиган мeросдир».
Имом Абу Довуд ва ибн Можа ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фароиз илмини ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Мeн ҳам инсонман, бу дунёдан ўтаман. Илмлар йўқолади, фитналар пайдо бўлиб, ҳатто бир фариза ҳақида икки киши баҳс қилса, уларни ажрим қилувчи киши топилмай қолади».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фароиз илмини ўрганинглар ва уни бошқаларга ўргатинглар. Зeро, у барча илмнинг ярми бўлиб, умматим орасидан энг аввал кўтарилиб кeтадиган илмдир».
Ислом уламолари мерос илмига оид барча ояти карималар ва ҳадиси шарифларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, улар асосида фароизнинг барча аҳкомларини истинбот қилганлар, бу илмни мукаммал ҳолига келтириб, кўплаб нодир китоблар ёзиб қолдирганлар.
Аммо, минг афсуслар бўлсинки, набавий ҳадисда айтилганидек, қиёмат яқинлашган сари бу илмга амал қилиш тобора сусайиб, деярли йўқ даражага келиб қоляпти.
Аллоҳ илм ато этган, ихлос насиб қилган саноқли зотларнинг оилаларида мерос илмига тўлақонли амал қилинаётгандир, аммо умумий ҳисобда олинса, шариатимизнинг бу муҳим фарзига деярли амал қилинмайдиган бўлиб қолган. Фароиз илми ҳақида жилд-жилд китоблар жавонларимизда терилиб турибди, бу ҳукмга оид барча каттаю кичик масалалар фуқаҳоларимиз томонидан ҳал қилиб қўйилган, аммо амал йўқ ҳисобида. Ваҳоланки, кундалик ҳаётимизда бу масалага деярли ҳар куни дуч келамиз, бу илоҳий аҳкомларга амал қилинмаётгани боис деярли ҳар куни бирор муаммо, зиддиятлар келиб чиқаётганига бевосита гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ўлим ҳақ. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада кимдир туғилса, кимдир оламдан кўз юмяпти. Ҳар бир вафот этган биродаримизнинг озми-кўпми мол-мулки қоляпти, унинг қонуний ворислари, аҳлу аёли, ота-онаси, фарзандлари қоляпти. Шариатимиз дафнга оид барча ҳатти-ҳаракатлар, зарурат бўлса, сарф-харажатлар тугагач, биринчи навбатда меросни тақсимлашни буюрган. Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлган, тақдирнинг яхши-ёмонини
Аллоҳдан деб билган ҳар бир мўмин-мусулмонга фарзу вожиб бўлган амал – маййитнинг мол-мулкини меросхўрлар ўртасида фароиз илмига мувофиқ тақсим қилинишини таъминлашдир. Бу ҳукмнинг фарз қилинишидаги энг муҳим ҳикматлардан бири бир банданинг ҳаққи бошқасига ўтиб қолишининг олдини олиш, турли келишмовчилик, низоларнинг олдини олиш, луқманинг ҳалоллигини таъминлашдир.
Фароиз илми шу қадар аниқ, шу қадар кенг қамровлики, унда инсон ҳаётида рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат кўзда тутилган. Тасаввур қилишимиз мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатни мисол қилмайлик, ўша ҳолат учун мероснинг аниқ улушлари белгилаб берилган. Вафот этган эркак ёки аёл кишининг битта ўғли бўлса мерос қандай тақсим бўлади, иккита ёки ундан кўп бўлса қандай, бир қиз, бир ўғил бўлса қандай, бир ўғил, бир ўгай қиз қолса, сингил қолса, ака қолса, ота ёки она қолса қандай ва ҳоказо – мерос тақсими учун кўзда тутилмаган ҳолат йўқ. Ҳатто на қизи, на ўғли қолмаган, ҳеч кими йўқ одамнинг меросини тақсимлаш қоидалари ҳам бор, барчаси ояти карималарда келган.
Мустабид тузумдаги тазйиқлар, қатағонлар туфайли халқларимиз бугунги кунда фароиз илмидан шу қадар узоқлашиб кетганки, бу қоидаларни биладиган одамлар бармоқ билан санарли даражада камайиб кетган. Амал қиладиганлар эса ундан ҳам кам. Масалан, юқорида айтилган бир ҳолат – аёл кишидан қоладиган мeросни тақсимлаш дeярли батамом йўқолиб кетган. Ваҳоланки, онанинг тақинчоқларини, кийим-кечакларини табаррукан, ёдгорлик, хотира сифатида қизлар ўзаро бўлиб олиши бор. Аммо бу тақсим фароиз илмига, Аллоҳ таолонинг ҳукмига, Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмасига биноан бўляптими?
Мeрос масаласига оид бир неча ҳаётий мисолларни келтириб ўтсак, фароиз илмининг аҳамияти ҳақидаги тасаввуримиз бойиб, бу борадаги илмимиз, маърифатимиз, савиямиз, саводимиз ошади, иншааллоҳ.
Мeрос қоидалари поймол қилинишининг кўринишлари:
Биринчи ҳолат – маййитнинг ҳаққига қилинадиган маросимларда ундан мeрос қолган мол-мулкдан тайёрланган таомларни ейиш. Фароиз илмида вафот этган инсондан қолган мол-мулк тарика деб аталади. Дафндан сўнг биринчи навбатда тариканинг учдан бир қисми ҳисобидан маййитнинг қарзлари адо этилади. Ундан ортиғи бeрилмайди, чунки у мeросхўрларни ҳаққи бўлади. Мeросхўрнинг ҳаққини ейишга, эгаллаб, ўзлаштириб олишга, унинг меросдаги улушини ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки бу Аллоҳ таолонинг қонунидир.
Ворисларнинг ҳаққи бўлган, шариат кўрсатмасига кўра тақсимланиши фарз бўлган меросни, халқ тили билан айтганда, етимнинг ҳаққини ейишнинг энг хунук, аммо энг кенг тарқалган шакли – маййитнинг ортидан қилинадиган турли маросимлар қилиш ва бундай маросимларга бориб, у ердаги таомдан тановул қилишдир. Алҳамдулиллаҳ, мустақил бўлиб, динимизни ўрганиш ва унга амал қилиш бахтига мушарраф бўлганимизга чорак аср бўлди, аммо ҳанузгача бу иллатни батамом йўқотиб бўлмаяпти. Фатволар чиқяпти, амру маъруфларда тушунтириляпти, аммо шу «пайшанбалик»лар, «етти», «йигирма», «қирқ», «йил» ва шунга ўхшаш бидъат маросимларни қилиш керак экан дeб, вафот қилган одамнинг молини мeросга тақсимламасдан, эҳсонларга ишлатиб юбориш оммавийлашиб кeтяпти. Буларнинг барчаси илмсизлик, жоҳиллик, шариатнинг ҳукмига бепарволикдир.
Дину диёнат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, алҳамдулиллаҳ, биз етимпарвар, меҳр-оқибатли миллатмиз. Тўйга бормасак бормасмиз, аммо таъзияга етиб борамиз, гина-кудуратни унутиб, мусибатзада биродаримизга ҳамдард бўламиз, жаноза ўқиймиз, тобут кўтарамиз, вафот этган биродаримизнинг қабрига бир кафт бўлса ҳам тупроқ тортамиз, ортидан тиловатлар қилиб, дуолар қиламиз. Аммо мерос илмидан бехабарлигимиз оқибатида мисқоллаб тўплаган шунча ажру савобни бидъат амаллар билан, етимнинг ҳаққини, бировнинг ҳаққини ейиш билан ҳавога совурамиз. Эҳсон дейилса бўлди, марҳумнинг мероси тақсим қилиндими, қарзлари адо этилдими, суриштирмасдан ўша «етти», «йигирма», «қирқ»ларга бораверамиз, ошни еб, еб-ичганларимиздан, шу ёзилган дастурхондан, эҳсондан ҳосил бўлган савобларни ўтганларга бағишладик деб ўзимизча дуолар қилиб қўямиз. Азизлар! Савоб фақат шариатда бор амалдан, солиҳ амалдан, тўғри амалдан ҳосил бўлади. Нафақат одоб-ахлоққа, ҳатто ҳадиси шарифга, ояти каримага зид амаллардан савоб ҳосил бўлмайди!
Вафот этган биродаримизнинг норасида гўдаклари, балоғатга етмаган фарзандлари қолган бўлса, унинг мероси ўшаларнинг ҳаққи бўлади. Аллоҳ асрасин, агар бу эҳсонлар, бу ноз-неъматлар, қозон тўла ошлар ўша мерос ҳисобидан қилинаётган бўлса, бу еганимиз етимларнинг ҳаққини ейиш бўлиб қолмайдими?
Етимни молини ейиш Исломда энг оғир гуноҳлардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига оловни ейдилар, холос. Улар қиздирилган дўзахга кириб куяжаклар, ёнажаклар», деб қаттиқ огоҳлантирган.
Шунинг учун бир эҳсонга айтилсак, маййитга оид маросим бўлса, эҳтиёт бўлишимиз, унинг қайси мол-мулк ҳисобига қилинаётганига бир эътибор қилиб қўйишимиз кeрак экан. Агар маййитнинг молидан қилинмаётган бўлса, марҳумнинг ошна-оғайниси, жигарлари ёки ўғли савоби етиб борсин деган ниятда маросим қилиб бeраётган бўлса, Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни қабул айлсин. Аммо эри вафот қилган аёлнинг қариндош-уруғлари томонидан, кимларнингдир гап-сўзидан қўрқиб, таъна-маломатидан қутулиш учун қилинаётган бўлса-чи? Эл-юртдан қолмайин деб, қарзга ботиб қилинаётган бўлса-чи?
Демак, бу каби маросимларда етимнинг ҳаққи, меросхўрларнинг ҳаққи поймол бўлишининг олдини олишимиз, шариатнинг ҳукмини тушунтириб, бу каби оғир гуноҳ ишларга йўл қўймаслигимиз керак бўлар экан
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Mehrob.uz