Хоразмда «Муоз Ибн Жабал» масжиди қад кўтарди
Масжид қуриш, уни обод қилиш, намоз ўқувчилар учун қулай шароит қилиб бериш Аллоҳ улкан савобни ваъда қилган афзал амаллардан бўлиб, инсон вафотидан кейин ҳам савоби тўхтамай ёзилиб турадиган садақаи жориялардандир.

Бу борада Аллоҳ таоло “Тавба” сураси 18-оятида марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар».

Шундай муборак кунларда Хоразм воҳаси аҳли яна бир хурсандчиликни гувоҳи бўлишди. Жорий йилнинг 11-декабрь куни Хива туманида янги “Мулла Абдуқодир бобо” номли жомеъ масжиди очилган бўлса, 15-декабрь жума куни Урганч туманида янги «Муоз ибн Жабал» масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоят вакили Х. Абдуллаев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Мовароуннаҳр нашриёти директори Абдужалил Хўжам иштирок этди. Шунингдек, тадбирга Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ҳ. Атахонов, Урганч тумани ҳокими О. Бекчанов, Вилоят Нуроний жамғармаси раиси М. Жуманиёзов ва бир қанча меҳмонлар, фахрийлар ташриф буюрди.

УМИ Хоразм вилояти вакили Х.Абдуллаев бугунги кунда яратиб берилаётган шароитлар тўғрисида сўзлаб, буларнинг барчаси тинчликнинг самараси экани ва бандаси шукроналик ҳисси билан яшаши кераклигини таъкидлаб, Урганч туманида очилган “Муоз ибн Жабал” жомеъ масжидининг эски ҳолати, бугунги кўриниши ҳақида маълумотлар берди: Масжид замонавий қурилиш талабларига тўлиқ жавоб беради. Имом хатибга тайёрланган хона замонавий қулайликларга эга. Масжид саҳнида шаклдор боғ ва гулзор яратиляпти. Бу муборак масканларда қилинадиган ибодату дуолар турли бало-офатлар рад бўлишига ва хайру баракага мўл бўлишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ. Муҳими ‒ масжидлар ёш авлодни маънавиятли, баркамол инсонлар бўлиб тарбия топишларида, уларни турли адашган оқимлар, зўравон тўдалар таъсирига тушиб қолишдан асрашда, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олишда жуда катта ўрин тутади. Ушбу масжид ҳам ана ўшандай даргоҳлардан бири бўлади.

Сўзга чиққан Мовароуннаҳр ншриёти раҳбари Абдужалил Хўжам йиғилганларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг саломларини етказди. Бу янги жомеъ масжид Урганч тумани аҳолиси учун мўътабар манзилга айланишини таъкидлади. Масжид қурилишига ҳар томонлама ёрдам берган ҳомийлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари масжид очилиши муносабати билан тайёрланган ошга таклиф қилинди. Тадбир сўнгида эл-юрт тинчлиги ва юртимиз ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб хайрли дуоларга қўл очилди.

Хулоса қилиб айтганда, янги тикланган бу масжид ҳар тарафлама мукаммал, қулай, кўркам ва ҳузурбахшлиги билан ажраб туради. Зотан, масжид инсонларни маънавий покловчи муқаддас даргоҳдир.

М.Собиров тайёрлади zamaxshariy.uz