Диний, фалсафий ва умуминсоний ҳақиқатларни ифодалаган қуръоний мавзулар ва миллий мафкура рамзларибуюк алломалар, мутафаккирлар ижодидан муҳим ўрин олган бўлиб, бу соҳада, хусусан мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндаларидан бири, Бобурнинг тили билан айтганда “кўп ва хўб ёзғон” ликда Навоийдан кейинги ўринда турадиган мутафаккир Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий мероси ҳам кенгқамровли ва ноёблиги билан қимматли ҳисобланади. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов Хиванинг 2500 йиллик тантаналаридаги табрик сўзида Хоразм заминида етишган ва авлодлар эҳтиромига сазовор бўлган буюк сиймо Огаҳий номини ҳам тилга олган эди. Албатта, бу бежиз эмас, зеро, МуҳаммадРизо Эрниёзбек ўғли Огаҳий забардаст шоир, моҳир таржимон, тарихчи, олим ва улкан давлат арбоби сифатида маълум ва машҳурдир.
Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий 1809 йилнинг 17-декабрида Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида маърифатли ва бадавлат мироб оиласида дунёга келади. Отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шоири, хоннинг бош мироби Мунис Авазбий ўғли Хоразмий қўлида тарбия топади.
1829 йилда Муниснинг 51ёшида вафот этиши, ёш шоир учун катта йўқотиш бўлди. Огаҳий 20 ёшида Хива хони Оллоқулихон томонидан мироблик вазифасига тайинланади. Сабру қаноати туфайли элда азиз, ишга фидоийлик, ватан равнақи учун жонини фидо этишга бел боғлаган Огаҳийнинг мироблик даври (1829-1857) Хоразмда кўпгина янги каналлар қазилиб, сув иншоотлари қурилгани, воҳанинг суғориш истиқболлари борасидаги муаммоларнинг оқилона ҳал бўлиши унинг номи билан боғлиқдир. Улуғ шоир отдан йиқилиб оёғи жиддий лат егач, миробликдан истеъфога чиққади ва назм, тарих битиш, таржимонлик билан машғул бўлади. У 1874 йилнинг декабр ойида олтмиш беш ёшида вафот этади ва ўзи туғилган Қиёт қишлоғидаги “Мавлон бобо” қабристонига, амакиси Мунис қабрига ёнма-ён дафн қилинади.
Огаҳийнинг умр йўли саккиз нафар хон ҳукмронлик қилган даврларда кечади. У 8 хил бошқарув муҳитида ҳам ўзи танлаган саодатли йўлдан оғишмай яшаган, ишлаган ва ижод қилган. У давр Хива хонлигини Муҳаммадраҳимхон I, Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон II, Сайидабдуллохон, Қутлуғмуродхон, Сайидмуҳаммадхон ва Муҳаммадраҳим- хон II Феруз идора қилган давр эди.
Огаҳий амакиси Мунис бошлаган “Фирдавс ул-иқбол” номли катта тарихий асарни давом эттириб, ўттиз ёшида уни 1825 йил Оллоқулихоннинг Хива тахтига ўтириш йили воқеалари баёни билан якунлайди. Муаррихнинг Оллоқулихон ҳукмронлик қилган давр (1825-1843) тўғрисидаги “Риёз уд-давла”(1844 йилда ёзилган), Раҳимқулихон салтанати даври (1843-1846) га бағишланган “Зубдатут-таворих” (1846-йилда якунланган), Муҳаммадаминхон ҳукмронлиги даври (1846-1855)га бағишланган.
“Жомеъул-воқеоти султоний”(1856 йил ёзилган), Сайид Муҳаммадхон ҳукмронлик даври (1856-1865) тўғрисидаги “Гулшани давлат” (1865 йил ёзилган), Муҳаммад Раҳимхон соний- Феруз салтанати воқеалари хусусида маълумот берувчи “Шоҳид ул-иқбол” (1873 йил воқеалари баёнида узилиб қолган) деб номланган асарларида, Хоразмнинг 1813 йилдан то 1873 йилгача олтмиш йиллик тарихи, диний вазият, воҳада юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, шаҳар қурилиши ва суғориш ишлари, касбу ҳунар ва бошқа кўплаб воқеалар йилма–йил, ойма –ой изчиллик билан баён этилади.
Огаҳий бу асарларида ўзи шахсан таниган ёки ҳар бири ҳақида ишончли маълумотлар тўплаган неча юзлаб тарихий шахслар ва воқеа –ҳодисалар ҳақида сўз очар экан, уларнинг ҳар бирига таърифлар беради, хулқ атвори, фазилатлари, нуқсонлари зикрида моҳирлик билан Қуръон оятлари ва ҳадислардан иқтибослар келтириб, уларнинг қиёфасини яққол гавдалантиради. Огаҳий ўз шеърларида киши руҳий бойликка маърифат орқали эришмоғи мумкинлиги ҳақида уқтириб, нодонлик-жоҳилликка қарши жамиятни илм-маърифатга чақиради:
Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамгаким,
Кимда ул бўлса, ики олам бўлур обод анго.
Касби илм этмай киши гар қолса маҳзи жаҳл ила,
Ики олам обрўйи бўлғуси барбод анго.
Ушбу байтларда Огаҳий таълим-тарбияга жамият ҳаётидаги энг аҳамиятли масала тарзида қараб, инсон илм-маърифат билан азиз бўлиши ва мутолаа учун тинмай саъй-ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлайди.
Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислардан истифода қилиб, машҳур кишиларни шундай таърифлаган. Жумладан: “Балдаи Урганждинким маскани маълуфидин келтуруб дор ус-салтанатайи Хевақ масжиди жомиъининг мударрислиғиға мансуб этиб амр қилди. То ул азиз ҳар кун каломи раббоний тиловатидин сўнг бу илми шариф қавоидининг таълимиға иштиғол кўргузиб, ҳусни адойи махориждин туллобни баҳраманд этгай, ва андоғким қудувватул афозил ва жомиъул фазойил, мақсадул қурро, афзал ул урафо Шаҳобуддин ҳожи Муҳаммад қориким, илми тажвид ва қавоиди қироатда қойим мақоми имоми Осим ва нойибманоб ҳазрати Нофеъ роҳимаҳумаллоҳ эрди. Оз фурсатда ул илми шарифни ул зотни қошида ниҳоят камолға еткурди ва тамомат ҳуруфни ҳусни адо била ўз махорижидин чиқорурда қурройи сабъаға ангушти таҳайюр тишлатти…”
“Фирдавс ул-иқбол” асаридан келтирилган ушбу парчада зикри келган Шаҳобуддин Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Хевақий ўз замонасининг етук уламоларидан, қориларидан бўлган. Ибни Асир ўзининг “Комил фит тарих” асарида у кишининг Хивадаги 15 та мадрасада талабаларга дарс берганини айтиб, қилган хизматлари ҳақида маълумотлар бериб ўтган. Шахобуддин Хевақий ҳақида маълумотлар жудаям кам бўлиб, унинг шахсияти, мавқеи, хизматлари ва ижоди борасида илмий тадқиқотлар олиб бориш долзарб ва муҳим аҳамиятга эгадир. У кишининг қабри ҳозир Урганч туманидаги “Шаҳобуддин бобо” қабристонида жойлашган.
Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратгани ва бутун коинотни, еру осмонларни унга бўйсундириб қўйгани ҳақида кўплаб оятлар нозил қилган. Шунинг учун дунёдаги жамики нарса инсон эҳтиёжи учун хизмат қилади. Чунки, инсон махлуқотлар ичида энг азиз ва мукаррам зотдир.Огаҳий ўз ижодида бу мавзуга алоҳида эътибор билан қарайди:
Ўн ақл, тўққиз сипеҳру1, саккиз жаннат,
Ғам етти мунир, ахтару2 ҳам олти жиҳат.
Ғам беш ҳису, тўрт унсуру уч мавлид,
Ғам икки жаҳон бир санга айлар хизмат.
Огаҳийнинг тарихий асарлари ўзбек тарихнавислик фани тараққиётига катта ҳисса қўшди. Улар Ўрта Осиё тарихининг ажралмас таркибий қисми бўлиб, Хоразм тарихини, Хива тарихини тадқиқ этиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Муаррихнинг асарлари тарихни севишга, қадрлашга, эъзозлашга даъват этади. Чунки тарихсиз келажак йўқ!
СОБИРОВ МАҲМУДЖОН
Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси
Урганч тумани Ғойиб ота масжиди имом-хатиби zamaxshariy.uz
1Сипеҳр- фалак, осмон, дунё.
2Ахтар- юлдуз, сайёра.