Хивада янги масжид қад кўтарди
Юрт ободлиги, халқнинг юксак маданияти белгиларидан бири илм-маърифат ва ибодат масканларининг ободлигидир. Масжидларнинг кўркамлиги халқнинг маънавияти ва эстетик дидини ҳам кўрсатиб туради.

Масжид қуриш, уни обод қилиш намоз ўқувчилар учун қулай шароит қилиб бериш Аллоҳ улкан савобни ваъда қилган афзал амаллардандир. Инсон вафотидан кейин ҳам савоби тўхтамай ёзилиб турадиган садақаи жориялардандир. Бу борада Аллоҳ таоло “Тавба” сураси 18-оятида марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Ким бир масжид қурса (Аллоҳнинг важҳини истаб)Аллоҳ унга жаннатда унинг мислини қуриб беради», дедилар. (Саҳиҳул Бухорий).

Юртимиздаги масжидларнинг бугунги чиройи замирида жуда катта маънолар бор. Қайтадан қад растлаган яна бир муҳташам масжиднинг халқимиз хизматига топширилиши ҳақидаги хабар ҳар қандай иймону инсофли одамни беҳад шодлантиради.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоят вакили Х. Абдуллаев иштирок этди. Шунингдек, тадбирга Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ҳ. Атахонов, Вилоят Маҳалла мувофиқлаштириш кенгаши биринчи ўринбосари О.Ражабов, Вилоят Нуроний жамғармаси раиси М.Жуманиёзов ва бир қанча меҳмонлар ташриф буюрди. Вилоят бош-имом-хатиби бугунги кунда яратиб берилаётган шароитлар тўғрисида маъруза қилиб буларнинг барчаси тинчликнинг самараси экани ва бандаси шукроналик ҳисси билан яшаши кераклигини таъкидлаб, Хива туманида очилган “Мулла Абдуқодир бобо” жомеъ масжиди ҳақида сўзлаб берди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг саломларини етказди. Бу янги жомеъ масжид Хива тумани аҳолиси учун мўътабар манзилга айланишини таъкидлади. Масжид қурилишига ҳар томонлама ёрдам берган ҳомийлар ташаккурнома ва эсдалик

совғалари билан тақдирланди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари масжид очилиши муносабати билан тайёрланган ошга таклиф қилинди. Шунингдек, ҳомийлар томонидан мурувват уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди. Тадбир сўнгида эл-юрт тинчлиги ва юртимиз ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб хайрли дуоларга қўл очилди.

Зотан, масжид инсонларни маънавий покловчи муқаддас даргоҳдир. Масжид замонавий қурилиш талабларига тўлиқ жавоб беради. Имом хатибга тайёрланган хона замонавий қулайликларга эга. Масжид саҳнисида шаклдор гулзорлар яратилган. Бу муборак масканларда қилинадиган ибодату дуолар турли бало-офатлар рад бўлишига ва хайру баракага мўл бўлишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ. Муҳими ‒ масжидлар ёш авлодни маънавиятли, баркамол инсонлар бўлиб тарбия топишларида, уларни турли адашган оқимлар, зўравон тўдалар таъсирига тушиб қолишдан асрашда жуда катта ўрин тутади. Ушбу масжид ҳам ана ўшандай даргоҳлардан бири бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, янги тикланган бу масжид ҳар тарафлама мукаммал, қулай, кўркам ва ҳузурбахшлиги билан ажраб туради. Бундай улуғ ишлар ҳар қандай инсофли одамнинг кўнглига сурур, шу юртнинг фарзандиман деган ҳар бир кишига ғурур бахш этиши табиий.

М.Собиров тайёрлади zamaxshariy.uz