Президентимиз Шавкат Мирзиёев Нукусда бунёд этилган ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби фаолияти билан танишди
Мамлакатимизнинг бошқа шаҳарлари қатори Нукус шаҳри қиёфаси ҳам йилдан-йилга гўзаллашиб, замонавий турар жойлар, истироҳат боғлари, спорт мажмуалари бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукусда янги қурилган Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби фаолияти билан танишди.

Спортнинг эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика, дзюдо, таэквондо, бокс, қиличбозлик, бадиий гимнастика сингари 11 тури билан шуғулланиш имконияти яратилган янги спорт мажмуасини бунёд этиш учун 15 миллиард сўмликка яқин қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган 7 спорт зали, ётоқхона, ошхона, машғулотлар учун сунъий қопламали спорт майдончаларида 700 дан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ушбу спорт комплекси юқорида қайд этилган спорт турлари бўйича Қорақалпоғистон терма жамоалари ўқув-йиғин машғулотлари ўтказадиган базага айлантирилади. Ушбу мажмуа ўқув-йиғин машғулотлари учун яратилган имкониятлари бўйича мамлакатимизда ягона ҳисобланади.

Президентимиз мажмуада машғулотларда иштирок этаётган ёш спортчилар билан мулоқот қилди.

Авваламбор шундай замонавий спорт иншооти билан сизларни табриклайман, деди Президентимиз. Бу масканда спорт билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган. Энди шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак натижаларга эришиш керак.

Давлатимиз раҳбари мажмуада Қорақалпоғистон спорт мураббийларининг малакасини ошириш марказини ташкил этиш, машғулотларни самарали ўтказиш юзасидан топшириқлар берди.

Шу ерда Президентимиз номидан оғир атлетика бўйича нуфузли турнирлар совриндори Рустам Жангабоевга уй, дзюдочи Элёр Машариповга “Malibu” автомобили, қиличбозлик бўйича халқаро турнирлар совриндори Зайнаб Дайибековага “Nexia” машинаси берилди. Машғулотларга қатнашаётган бошқа ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Зиёдулла Жонибеков, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА