Хоразм вилоятида 1924-2000 йиллар оралиғида чигит экиш, ҳосил етиштириш ва унинг ўсиши ёки камайишини қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:
Пахта сердаромад ўсимлик. Унинг хом ашёсидан қайта ишлаб, тозалаб 30-40 фоиз тола, 60-70 фоиз чигит ва момиқ олинади. Чигит таркибида 20-22 фоиз мой, 45-50 фоиз кунжара, 25-30 фоиз шелуха бор. Ғўза барги, пояси ва пўстлоғидан 100, толасидан 50, чигитидан 45 фоиз маҳсулот олинади. Пахта маҳсулотларидан тўқимачилик, кимё, авиация, тиббиёт, автомобильсозлик, балиқчилик, чорвачиликда фойдаланилади.
Масалан: 3 тонна пахта толасидан 7-8 минг метр газлама, 277 кг. пахта мойи, 726 кг. кунжара, 47 кг. совун, 108 кг. момиқ, 240 кг. чигит олинади. Ҳатто ғўзанинг кулидан терини ошлашда, зарарли ҳашаротларга қарши курашишда фойдаланилади.
Лекин бу дегани, пахтага қул бўлиш, уни илоҳийлаштириш дегани эмасда. Шўровий ҳукумат Ўзбекистонни пахта етиштириш хом ашё базасига айлантириб қўйиб, 80-йиллар ўртасида “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деган даъвони ўйлаб чиқарди. 34 мингдан зиёд оддий пахтакор деҳқонлар ҳам тергов-тинтувга тортилдилар.
“Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналининг 1992 йил 8-сонида келтирилган қуйидаги факт ва рақамлар ўша даврлардаги пахта таннархини таҳлил этиб бундай деб ёзган:
“Республика колхозларида бир центнер пахта етиштиришга кетган меҳнат ҳақи ҳаражатлари 1988 йилда 35,85 сўмни, 1989 йилда 41,11 сўмни, 1990 йилда 54,72 сўмни ташкил этди, 1989 йилда эса бу кўрсаткич 1988 йилга нисбатан 14,7 фоиз ва 1990 йилда 52,6 фоиз кўп бўлди.
Шу нарсага алоҳида эътибор бериш лозимки, ўзбек пахтакори меҳнати фақат қоғоздагина улуғланди. Амалда эса, ҳақ тўлашда ижтимоий адолат принципи, адолат тарозиси бузилди”.
Воқеалар ривожи оқибатида пахтачилик соҳаси ва у билан узвий боғлиқ саноат корхоналарида салбий ҳолатлар юз бера бошлади. Буларга барҳам бериш, пахтадан олинадиган кишилар эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришда етарли имкониятларни излаш учун ишга киришилди.
Бунинг учун корхона раҳбар ва мутахассислари фақат чигитга боғланиб қолмаслик чораларини кўрдилар. Тез ўсадиган соя ўсимлиги, писта, ер ёнғоқ, бодом, ўрик данаги, қовоқ ва қовун-тарвуз уруғидан ёғ олиш технологиясини йўлга қўйдилар.
Зеро, жаҳондаги саноат корхоналарининг 50 фоизида соя дони ҳисобига маҳсулот чиқарилади. Корхона 1992 йилдан бошлаб йилига 56 минг тонна чигит, 11,3 минг тонна сояни қайта ишлаб, 8600 тонна рафинацияланган пахта ёғи, 1777 тонна соя ёғи, 6410 тонна совун, 132 алиф ишлаб чиқара бошлади. Корхона мутахассислари бу борада тажриба орттирган Қўқон ёғ-мой комбинати иш тажрибасини ўрганиб қайтдилар. Янгибозор ва Урганч туман фермерлари билан соя етказиб бериш шартномалари тузилди. Натижада корхона 3152 тонна соя, 24991 тонна пахта ёғи, 7459 тонна совун ишлаб чиқариб ялпи маҳсулот ҳажмини 4,4 млрд. сўмга етказди.
Истиқлол шарофати билан пахта яккаҳокимлигига барҳам берилди. Корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ассортименти кўпайиб, эл дастурхони турли-туман ноз-неъматлар билан тўлдирилди.
© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”