Хоразм вилоятидаги халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Кун тартибига бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш масаласи киритилган эди.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади ва унинг аъзолари Қоракалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахридан тенг миқдорда - олти кишидан сайланади.

Қонунчиликка кўра, Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида ўтказилади ва мазкур депуталар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят Кенгашлари, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Қўшма мажлисида раислик қилувчи тавсияси бўйича Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича депутатлик фаолиятида катта тажрибага эга бўлган обрўли, тажрибали, ёши улуғ депутатлар ичидан ҳар туман ва шаҳардан бир вакилдан, яъни 13 кишидан иборат Оқсоқоллар Кенгаши сайланди.

Оқсоқоллар Кенгаши Хоразм вилояти ҳокими Илгизар Матёкубович Сабиров Сенат аъзолигига номзод этиб кўрсатди.

Яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун номзоднинг фамилияси, исми ва шарифи ўқиб эшитттирилди.

Яширин овоз бериш натижаларига кўра Хоразм вилоятидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига Хоразм вилояти ҳокими Илгизар Матёкубович Сабиров сайланди.

Шуҳрат Маткаримов, вилоят ҳокимлиги матбуот котиби