Хоразмда янги темир йўл ва вокзал очилди
Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь куни Урганч - Хива поездида Хива шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хива шаҳрига темир йўл олиб келиш бўйича топшириқлар берган эди. Шу асосда Урганчдан Хивагача 30 километр «пўлат из» ётқизилиб, Хива шаҳрида вокзал барпо этилди. Шунингдек, зарур инфратузилма иншоотлари, қўриқлаш пунктлари, йўл ўтказгич ва кўприклар қурилди.

Президентимиз Хива вокзалида яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Вокзал биноси йўловчиларга қулайлик ва хавфсизлик талаблари асосида қурилган. Девор ва устунлар Хоразмнинг қадимий меъморчилик анъаналарига хос безатилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатилиши мумкин. Замонавий VIP заллар, она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилган. Туристлар учун ахборот берувчи белгилар, планшетлар қўйилган. Вокзалдаги 20 ўринли меҳмонхона юртдошларимиз ва туристларга қўшимча қулайлик яратади.

Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ вокзал қадимий Хива қалъаси яқинида қурилгани катта аҳамиятга эга. Бу шаҳарга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун кенг имконият яратади.

Урганч - Хива темир йўл йўналиши ва Хива вокзали расман очилди. Келгусида Хивагача “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.

манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти