«Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
Хоразм вилоят Ёшлар марказида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳисобланмиш «Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик-танловда партиянинг аёллар масалалари бўйича раис ўринбосарлари, Халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашидаги аёл депутатлар, бошланғич партия ташкилотлардаги фаол хотин-қизлар, 50 нафардан ортиқ тадбиркор ва фермер аёллар, партиянинг масъул ходимлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлардан Хоразм вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси, Вилоят касаба уюшмаси бирлашмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад - мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенгроқ тарғиб қилиш, иқтисодиётимизни юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларимизни рағбатлантириш. Шу билан бирга, тадбир жараёнида ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётида улар иштирокидаги хусусий сектор улуши ва аҳамиятини ошириш, жамиятда хотин-қизлар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, касбий маҳорат ва билим даражасини юксалтириш учун зарурий шарт-шароит яратишдан иборат.

Дастлаб, кўрик-танловда иштирок этаётган аёллар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкиллаштирилди. Танлов жараёнида эса иштирокчиларнинг замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратилганлиги, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқарилаётганлиги, аҳолига хизмат кўрсатиш қай даражада йўлга қўйилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Кўрик-танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб деб топилган хотин-қизлар ЎзЛиДеП Хоразм вилоят Кенгашининг дипломи, турли хил номинациялар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган соҳибалар танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Нодира Романова