Хоразмшоҳлар ва Қорахитойлар ўртасидаги муносабатлар
Эларслон отаси даврида Хоразмнинг бўйсундирилган кўчманчи туркман ва қипчоқ қабилалари ёрдамида Мовароуннаҳрнинг ички ишларига ҳам тез-тез аралаша бошлади. 1158 йилда у катта қўшин билан Мовароуннаҳрга бостириб кирди. Бу вақтда қорахитойларга вассал бўлган қорахонийлар кўчманчи қарлуқ қабилалари билан жанг олиб боришаётган эди.

Эларслон қарлуқларга Бухоро ва Самарқанд учун олиб борган жангларда ёрдам берди. Лекин қорахитойлар қўшинлари ёрдамга этиб келиши билан Эларслон Хоразмга қайтишга мажбур бўлди. У бир неча марта Хуросонга юриш қилган бўлса-да, муваффақиятга эриша олмади.

1171-1172 йилларда қорахитойларнинг катта қўшини Хоразмшоҳнинг ўлпонини ўз вақтида тўламаётганлигини баҳона қилиб Хоразм устига юриш қилди.

Эларслоннинг буйруғи билан Сирдарёдаги катта тўғон бузиб ташланди ва катта майдон сувга бостирилади. Бу қорахонийлар қўшини юришини қийинлаштирди ва Хоразмнинг пойтахти Гурганч (Урганч) ни талон-тарож қилишдан сақлаб қолди. Лекин қорахонийларнинг бу босқини даврида Эларслон вафот этди. Ундан кейин Хоразм тахтини унинг кичик ўғли Султоншоҳ эгаллайди. Эларслоннинг катта ўғли Алоуддин Такаш қорахитойлар ёрдами билан укаси Султоншоҳдан тахтни тортиб олишга эришди. Султоншоҳ Хуросонга қочишга мажбур бўлди. Шундан сўнг Алоуддин Такаш (1172-1201) Хоразмда маҳкам ўрнашиб, қорахитойларга ваъда берган ўлпонни тўлашдан бош тортади. Унга жавобан қорахитойлар Хоразмга яна юриш қиладилар, лекин муваффақиятсизликка учраб, Султоншоҳ ихтиёрига бир кичик қўшин қолдириб ўзлари орқага қайтадилар. Султоншоҳ эса қўшин билан Марв шаҳрини, Серахс ва Тусни эгаллади. Қорахитойларнинг муваффақиятсиз юришларидан кейин, Такаш ўз давлатини янада мустаҳкамлади. Мовароуннаҳрга, Хуросонга бир неча бор ҳарбий юришлар уюштирди. У Мовароуннаҳрни эгаллай олмаган бўлса-да, лекин Хуросонни бир неча туманларини босиб олди. Лекин Хоразшоҳ Такашнинг Хуросонда кучли ва хавфли рақиби бор эди. Бу тобора кучайиб бораётган ғурийлар давлати эди. Ғур вилояти ҳозирги Афғонистондаги Герируд дарёси бўйида, Ҳиротдан Балхгача, Қобулдан ғазнагача чўзилган вилоят бўлиб, бу ерда асосан форсий қабилалар яшаган. Сўнгги Салжуқийлар даврида Ғур вилояти ўз мустақиллигини анча мустаҳкамлади. 1150-1151 йилларда ғурийлар ҳокими Алоуддин ғазнавий сулосаси султони Баҳромшоҳ устидан ғалаба қозониб, Ғазна шаҳрини вайрон қилган эди. Ғазнавийларга сўнгги зарбани 1186-1187 йилларда ғурийлар ҳокими ғиёсиддин Муҳаммад берди. Шундан сўнг ғурийлар ҳозирги Афғонистонни ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларини ҳам маълум вақт эгаллаб турдилар. Хуросонда Салжуқийларнинг кучсизланганидан фойдаланиб, ғурийлар султони ғиёсиддин Муҳаммад 1175 йилда Ҳиротни эгаллади ва Хуросоннинг марказий ҳудудларига ҳужумлар уюштириб турди. Қорахитойларнинг вассали ҳисобланган Хоразмшоҳ Такаш эса Хоразмни қорахитойлар қўлидан қутқариш учун катта куч сарфлашга мажбур бўлди. Фақат XII асрнинг 80-йилларида у Хуросонни баъзи бир ҳудудларини қўлга киритди. 1187 йилда у Нишопурни, 1192 йилда Рай шаҳрини, 1193 йилда Марв шаҳрини эгаллади. Бағдод халифаси Наср (1180-1225) ва ғарбий Салжуқийлар султони Туғрул II ўртасидаги низодан фойдаланиб, Такаш қўшинлари 1194-йилнинг март ойида Туғрул II га қарши уруш очди ва уни енгиб Ҳамадон шаҳрини эгаллади. Туғрул II эса жангда ўлдирилди.

Хоразмшоҳнинг тобора кучайиб бораётганидан хавфсираган Халифа Наср қўшинлари Такашга қарши чиқдилар. 1196 йилнинг июл ойида хоразмликлар халифа қўшинларини енгдилар. Шу тариқа Эроннинг катта қисми Хоразмшоҳлар қўлига ўтди ва давлати, ҳудуди бирданига икки баравар кенгайди. Хоразм давлати энди Бағдод халифасига тегишли жойлар ва ғурийлар билан чегарадош бўлиб қолди. 1200 йилда Такаш вафот этди ва шундан кейин Ироқда халқ қўзғолони кўтарилди. Бу ердаги Хоразм қўшинларининг катта қисми қириб ташланди, қолганлари Хуросонгача келишга мажбур бўлди. Хоразмшоҳлар ичида Такаш энг талантли лашкарбоши ва ҳукмдор эди. У жуда оғир вазиятда Олд Осиё ва Ўрта Осиёнинг катта қисмини бирлаштириб қудратли давлат тузишга муваффақ бўлди. Лекин Такашнинг катта хатоси шунда эдики, у ўзининг хотини Турконхотун мансуб бўлган қипчоқлар қабиласига катта эркинликлар берди. Уларни доимо қўллаб қувватлади.

Турконхотуннинг давлат ишларига аралашуви Хоразмдаги ички низоларини кучайишига олиб келди. Такашнинг ўлимидан кейин Хоразм тахтига унинг ўғли Алоуддин Муҳаммад ўтирди (1200-1220). 1203-йилда Муҳаммад қорахитойларнинг ёрдами билан Хуросонни бутунлай босиб олди. Ҳиротни ва яқин атрофларини эгаллади, 1207-йилда у ўз пойтахтига қайтиб, Мовароуннаҳрни босиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлади. Шу йилнинг ўзидаёқ Муҳаммад Мовароуннаҳрга катта куч билан ҳарбий юриш бошлади. Бунинг сабаби Бухорода кўтарилган халқ қўзғолони эди. Бу қўзғолон 1206-йилда Бухоро садри (ҳокими) Муҳаммад ибн Абдулазизга қарши қаратилган эди. Бухоро садрларига хос барча ёмон хислатлар бу одамда мужассам эди. У халқдан катта солиқлар олиб уларни шафқатсизларча эзар эди. У диний раҳбар бўлишига қарамасдан айт-ишратга, овга муккасидан кетган эди. Бухорода унинг зулмига қарши халқ ҳаракатининг асосий кучлари шаҳар ҳунармандлари эди, қишлоқ аҳолиси-деҳқонлар бу ҳаракатни қўллаб-қувватлади. Бу қўзғолоннинг бошлиғи қалқон ясовчи устанинг ўғли Малик Санжар исмли шахс эди. Қўзғолончилар садр Муҳаммадни қувиб чиқардилар. У қорахитойлардан ёрдам сўради. Лекин Хоразмшоҳ Муҳаммад қорахитойлардан олдинроқ ҳаракат қилиб, Бухорони босиб олди ва шу тариқа Мовароуннаҳрни Хоразм таркибига қўшиб олиш бошланди. Қўзғолончиларнинг бошлиғи Малик Санжар Урганчга олиб кетилди. Мовароуннаҳр халқи Хоразмшоҳни қорахитойлар зулмидан қутқарувчи куч сифатида қарши олди. Муҳаммад Хоразмшоҳ Қорахитойларнинг вассали бўлган Самарқанд ҳокими (қорахонийлар сулоласидан) Усмон билан дўстона муносабат ўрнатди. Бу эса қорахитойларнинг Самарқандга юриш қилишига олиб келди ва улар шаҳарни босиб олдилар. Бу вақтда мўғул қабилаларидан бири бўлган найманлар қорахитойларнинг Еттисувдаги ерларига бостириб кирдилар. Шунинг учун қорахитойлар шошилинч равишда орқага қайтишга мажбур бўлдилар. Қорахитойларнинг қийин аҳволга тушиб қолганидан фойдаланган Хоразмшоҳ Самарқандни эгаллаб қорахитойлар устига юриш қилди ва Талас водийсида 1210-йилда қорахитойлар қўшини устидан ғалаба қозонди. Бу ғалаба туфайли Муҳаммад Хоразмшоҳнинг аҳволи анча мустаҳкамланди. Самарқанд ҳокими Усмон Хоразмшоҳнинг тўлиқ вассалига айланди ва унинг куёви бўлди. Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қорахитойлар билан биринчи жангги 1207 йили муваффақиятсиз якун топган эди. Султон 1209 йили навбатдаги ўлпон йиғиш учун келган қорахитойлар элчиси Туши олиб келган ёрлиқни намойишкорона йиртиб ташлаб, уни ўлимга маҳкум этади. 1210 йили сентабр ойида Сирдарё бўйидаги Иламиш даштида қорахитойлар билан бўлган ҳал қилувчи жангда эса қорахитойлар тўлиқ мағлубиятга учраб, уларнинг лашкарбошчиси Таянгу ўлдирилади. Мовароуннаҳр буткул Хоразмшоҳ қўлига ўтиб, ҳамма жойларда садоқатли кишилар ҳоким этиб тайинландилар. Қорахонийлар хони Усмонхон хоразмшоҳлар вассалига айланиб, Султоннинг қизи Хон-Султонга уйланади.

Қорахитойлар устидан қозонилган ғалаба мусулмонларнинг «ғайридинлар» устидан «буюк ғалабаси» деб таърифланиб, султон фармонига кўра мусулмон оламининг ҳамма ўлкаларига бу хусусда махсус хитобномалар тарқатилди. Мазкур ғалабадан ўта руҳланган Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзига «Искандари Соний (иккинчи Искандар)» ва салжуқийларнинг буюк султонига тақлид қилиб «Султон Санжар» унвонларини олади. Давлат муҳрига эса «зил Аллоҳи фил ард» (Оллоҳнинг ердаги сояси) деб «камтарона» ёздиришни буюради.