У раҳбарлик қилган маҳкама зиммасига Хоразмни бошқариш ҳам юкланган. 1077-йилда Маликшоҳ Ануштегин Гарчоини Хоразмга ноиб этиб тайинлайди ва Хоразмда Ануштегинлар сулоласи ҳукмронлиги бошланади. Ануштегинлар туркийлар сулоласидан бўлиб, ўша пайтда, Осиёда ҳукмронлик қилган уч буюк сулола: Ануштегинлар, Салжуқийлар ва Ғазнавийлар бир негиздан келиб чиққан. 1097-йилда Ануштегин вафот этгач, Хоразм ноиби этиб Екинжи ибн Қорачар тайинланади. Бироқ у ўша йили ноибликдан четлатилиб, унинг ўрнига Ануштегиннинг ўғли Қутбиддин Муҳаммад (1097-1127 йй.) қўйилади. Гарчи, у "Хоразмшоҳ" унвонини тиклаб, шу ном билан улуғланса ҳам Салжуқийларнинг садоқатли ноиби бўлиб қолди. Қайта тикланган хорамшоҳ мансабига сазовор бўлган Ануштегин набираси Отсиз Хоразм мустақиллиги йўлида астойдил ҳаракат қилган.
Хоразмшоҳ Отсиз (1127-1156 йй.) салжуқ султони Санжарга қарши муваффақиятли кураш олиб борган. У муғомбир дипломат ва қатъий саркарда бўлиб, мустақил ташқи сиёсат юритади. Чунончи, у ўз ҳукмдори Санжарнинг рухсатисиз қипчоқлар ва туркманларга қарши уруш бошлайди. 12-асрнинг бошида Ўрта Осиёни шарқ томондан янги истилочилар - қорахитойлар босиб оладилар. Султон Санжар ўзининг яқин қариндоши бўлган самарқандлик қорахонийлар хони Маҳмудга ёрдамга келади. Қорахитойларга қарши Самарқанд яқинида бўлиб ўтган жанг Санжарнинг тўла мағлубияти билан якунланади. Хоразмшоҳ Отсиз Санжарнинг мағлубиятидан усталик билан фойдаланиб 1141 йили Марвни ишғол этади, 1142 йили эса Нишопурга яқинлашади.
1156 йили Отсиз вафот этади ва унинг ўғли Эларслон (1156-1172 йй.) хоразмийлар давлатини мустаҳкамлашни давом эттириб, Дихистонни теварак-атрофдаги ерларга қўшиб олади. Эларслон ўзига ворис этиб ўғли Султоншоҳ Маҳмудни (1172-1193) тайинлайди, бироқ тўнғич ўғли Такаш укаси ҳокимятини тан олмай, унга қарши кураш бошлайди. Натижада тожу-тахт учун кураш бошланади, бу кураш 21 йил давом етиб, унда Такаш ғолиб келади. Унинг ўғли Текеш (1172-1200 йй.) 1187 йили Нишопурни, 1192 йили эса Марвни босиб олади. 1194 йили ғарбий салжуқлар султонини қақшатқич мағлубиятга учратиб, Эроннинг бутун шарқий қисмини эгаллаб олади. 1195 йили Текеш аббосий халифа қўшинини тор-мор қилиб, Ироқга бостириб киради. Ўз мамлакати ҳудудларини икки карра кенгайтирган ва қудратли давлат барпо этган хоразмшоҳ Текешни Хоразмнинг энг истеъдодли ҳукмдори деб эътироф этиш мумкин.
Унинг сиёсати камчиликларидан бири қипчоқ ҳарбий аристократиясига кўрсатилган ҳомийлик бўлган. Қипчоқлар Текеш рафиқаси хайриоҳлигидан фойдаланиб давлат ишларига кўпроқ таъсир кўрсатишга интилган. Туркий "қўмондонлар"нинг давлат ишларига ўзбошимча аралашуви кейинчалик Текеш ўғли Муҳаммад замонида Хоразм давлатининг парчаланишига сабаб бўлган. Аловуддин Муҳаммад (1200-1220) даврида мамлакат ҳудуди янада кенгади.
1210-йилда Мовароуннаҳрни Қорахитойлардан тортиб олади. Унинг даврида мамлакат қанчалик гуллаб-яшнамасин, мамлакат ич-ичидан емирилиб борган. Хатто, султон саройида ҳам ички низолар авж олиб, уларнинг бошида Туркону Хотун ва қипчоқлар турган. Султон саройидаги бундай низолардан фойдаланган мўғуллар 1219-1221-йилларда мамлакатнинг асосий қисмини босиб оладилар. Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди (1220-1231 йй.) 11 йил давомида Ҳиндистон, Эрон ва Озарбайжон ҳудудларида мўғулларга қарши мардонавор кураш олиб боради.
1231-йил августда Жалолиддин Мангуберди Озарбайжонда ҳалок бўлгач, 154-йил ҳукмронлик қилган Ануштегинлар сулоласининг ҳукмронлик даври тугайди.
Ануштегинлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳлар (1077-1231-йиллар): 1. Ануштегин Гарчои 1077-1097 йй. 2. Екинжи ибн Қорачар 1097-й. 3. Қутбиддин Муҳаммад 1097-1127 йй. 4. Отсиз 1127-1156 йй. 5. Эларслон 1156-1172 йй. 6. Султоншоҳ Маҳмуд 1172-й. 7. Такаш 1172-1200 йй. 8. Аловуддин Муҳаммад 1200-1220 йй. 9. Жалолиддин Мангуберди 1220-1231 йй.