Кўпчилик тадқиқотчилар 86 фикрига кўра, Авесто Ўрта Осиёда, хусусан Хоразмда мил. ав. 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган. Авестодаги халқнинг дастлабки ватани Сирдарё, Амударё этаклари ва Зарафшон водийси бўлган. Авесто узоқ вақт мобайнида шаклланган. Унда келтирилган маълумотларнинг энг қадимий қисмлари мил. ав. 2-минг йиллик охири - 1-минг йиллик бошига оид бўлиб, оғзаки тарзда авлоддан-авлодга ўтиб келган. Кейинги асрларда Авесто таркибига турли диний урф-одатлар баёни, ахлоқий, ҳуқуқий қонун-қоидалар ва ҳакозалар қўшилиб борган. Авестони Зардушт диний асар сифатида бир тизимга солган.
Дастлабки ёзма нусхаси эса 12 минг мол терисига битилган деб ривоят қилинади. Александр (Македониялик Искандар) Эронни забт этганда, бу нусха куйдириб юборилган. Аршакийлардан Вологес I даври (51-78)да қайта китоб қилинган, лекин у сақланмаган. Сосонийлар даври (3-7-аср)да яхлит китоб ҳолига келтирилган.
Авесто 21 наск (қисм)дан иборат бўлган. Авесто ҳажми катта китоб бўлганлиги сабабли диндорлар кундалик фаолиятида фойдаланиш учун унинг ихчамлаштирилган шакли - "Кичик Авесто" (Хурдак Авесто) яратилган. Араблар Эронни фатҳ этгач (7-аср) зардуштий руҳонийларининг бир қисми Ҳиндистонга кўчиб ўтган. Уларнинг авлодлари (парслар) Бомбай шаҳрида ўз жамоаларида ҳозиргача Авестонинг асл нусхасини сақлаб келади. Франсуз тадқиқотчиси Анкетил Дюперрон зардуштийлар жамоасида яшаб, Авесто тилини ва ёзувини урганиб, уни таржима қилиб нашр этган (1771). Авестонинг бу нусхаси 27 жилддан иборат бўлиб, асарнинг еттидан бир қисмидир. У Ясна, Висперед, Вендидад, Гатлар ва Яштлар номи билан юритиладиган китобларни ўз ичига олади. Авестода баён этилган ғояларга кўра, олам икки асоснинг, икки ибтидонинг, яъни ёруғлик билан зулматнинг, яхшилик билан ёмонликнинг тухтовсиз курашидан иборат.
Яхшилик ва эзгулик худоси Аҳурамазда ер, ўсимлик ва бошқа ҳамма табиий бойликларни яратган. Ёмонлик ва ёвузлик тимсоли Анхрамайну Аҳурамаздага қарши тўхтовсиз курашади, аммо уни енгишга ожизлик қилади. Бу кураш абадий давом этади. Яхшиликни ифодаловчи кучлар осмонда, ёмонликни ифодаловчи кучлар ер остида жойлашган, ер сатҳи эса кураш майдонидир. Ҳаётдаги турфа ўзгаришлар қайси кучнинг ғалаба қилишига боғлиқ. Инсон ҳам тана ва руҳнинг, ахлоқ эса яхши ва ёмон хулқнинг ўзаро курашидан иборат.
Чексиз, абадий фазо ва вақт ҳам икки қарама-қарши қисмдан: яхшилик ва Аҳурамазда ҳукмрон бўлган абадий ёруғлик билан ёмонлик ва Анҳрамайну ҳукмрон бўлган абадий зулматдан ташкил топади. Авесто таълимотига кўра, биринчи инсон Говамард (ҳўкиз-одам; форсча Қаюмарс) бўлиб, ундан барча кишилар тарқалган. Биринчи шоҳ Йима даври олтин давр ҳисобланган, чунки унда ўлим бўлмаган, Аҳурамазда доимий баҳор яратган. Кишилар бекаму куст, бахтиёр яшаган. 900 йил утгач шоҳ Йима ғурурга берилиб, ман этилган сигир гўштини ейди ва ёвузлик рамзи Анҳрамайну ҳукмидаги кучлар бош кўтаради.
Оламни музлик қоплайди. Йима Аҳурамазда амри билан одамлар ва ҳайвонларни совуқдан сақлаб қолиш учун қўрғон (вар) қуриб, унга ҳар бир жонзотдан бир жуфтини жойлаштирган. Инсоният тарихининг илк олтин даври тугагач, Ҳайр билан Шарр (яхшилик ва ёмонлик) ўртасидаги кураш даври бўлган иккинчи давр бошланган. Учинчи даврда Аҳурамазда ғалаба қилиб, эзгулик салтанати барқарор бўлади, ўлганлар тирилади. Авестонинг ахлоқий-фалсафий моҳияти "езгу фикр", "езгу сўз" ва "езгу амал" 87 каби муқаддас учлик (ахлоқий триада)да ўз ифодасини топади.
Зардуштийларнинг ибодат олдидан айтиладиган нияти, сўзлари шу 3 ибора билан бошланади. Авесто ўзбек, умуман Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон халқларининг қадимий даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятларини ўрганишда муҳим ва ягона манба.
«Авесто» тўрт қисмдан иборат:
Ясна («Диний маросимлар»),
Яшт (маъно жиҳатдан Яснага яқин),
Виспарад («Барча илоҳлар ҳақидаги китоб»),
Вендидад («Ёвуз руҳларга қарши қонунлар мажмуаси»).