Туркон хотун ва Хоразм фожиаси
Ануштегиний Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231) нафақат Хоразм, балки Дашти Қипчоқнинг жануби, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ давлатларини бирлаштирган буюк салтанат бўлган.

Хоразмшоҳ Такиш қипчоқлар билан иттифоққа кириб, уларни ўзига оғдириш ниятида қипчоқ хони Жонкишининг қизи Туркон Хотунга уйланади. Баёт уруғидан бўлган Туркон Хотун Хоразмга турк қабилалари (уранийлар, қарлуқлар, уғроқлар, халаж қабилалари)ни олиб келади ва уларнинг қудратли ҳомийсига айланади.

Ҳижрий 596 йил 20 шаввол (1200 йил 3 август)да Гурганж аҳолиси, давлат аъёнлари ва амирлари иштирокида Хоразмшоҳлар давлати тахтига Такиш ва Туркон Хотун ўғли Қутбиддин Муҳаммад ўтирди ва у отасининг Алоуддин лақабини қабул қилди. Кейинроқ эса Санжар иккинчи номини олди.

Ан-Насавий Туркон Хотун ҳақида қуйидагича тавсиф қолдирган: «Юқорида айтиб ўтилган Туркон Хотун Байавут тоифасидан бўлиб, йемак уруғининг шохобчасидандир. Қачонки, унинг мавқеи мустаҳкамлангандан сўнг «Худованди Жаҳон», яъни бутун дунё ҳукмдори лақабини олган эди. У туркий ҳукмдорлардан Жонкишининг қизи бўлиб, Эл-Арслоннинг ўғли Такиш унга уйланади. Такиш ўлгандан сўнг давлат тепасига келган ўғли Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида онаси Туркон Хотуннинг обруси кўтарилиб, давлат ишларини ҳам бошқарган".

Ҳатго Хоразмшоҳ Муҳаммад мастлигида онаси Туркон Хотуннинг хиёнати туфайли шайх Нажмиддин Кубронинг шогирди шайх Мажидиддин Бағдодийни қатл қилиш ҳақида фармон ҳам беради. Бағдодийнинг қатл қилдирилиши дин уламоларини Муҳаммаддан ихлосини қайтарган эди. Туркон Хотуннинг бундай нодонлиги Хоразмшоҳлар давлатига сонсиз кулфатлар келтирди.

Насавийнинг гувоҳлик беришича, маккор Туркон Хотун ўғлига шу даража ўз таъсирини ўтказганки, натижада Хоразмшоҳ Муҳаммад мамлакат ичкарисидагина эмас, балки халқаро майдонда ҳам Хоразмнинг ягона ҳукмдори сифатидаги ролини бой берди. Бундан ташқари, катта қудратга эга бўлган саркардаларининг кўпчилиги қипчоқлардан бўлгани боис, ҳукмдор онасига ён беришга мажбур эди.

Ан-Насавий бундай ёзади: «Агар маликадан ва султондан бир иш ҳақида иккита кўрсатма келса, у ҳолда уларнинг санасига қарар эдилар ва барча мамлакатларда кейинги санага амал қилардилар...»

Туркон Хотун «Жаҳон ҳокими» лақабига ҳам эга эди, унинг фармонларидаги шахсий муҳри — туғрисида: «Исмат уд-дунё вад-дин Улуғ Туркон малика нисо ал-оламийн» (Дунё ва унинг покдомони, Улуғ Туркон, олам аёлларининг маликаси) деб битилган эди. У «Иътасамту биллаҳи» («Фақат Аллоҳдан ҳимоя кутаман») дейилган сўзларни бош шиор қилиб олган. У ўз шиорини ўғли шиорининг ёнига қўяр эди.

Хоразмшоҳлар давлатида мўғуллар босқини арафасида бир мамлакатда иккита пайтахт — Гурганж ва Самарқанд, иккита ҳукмдор — Туркон Хотун ва Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад бор эди.

Гурганж шаҳрида Туркон Хотуннинг қариндошларидан султоннинг туркий қўшинига тегишли нуфузли аъёнларгина (бошлиқ ўрнида) эдилар, жумладан, Хумор Ағу — ҳожиб сипоҳсолор (лашкарбоши), Бука Паҳлавон, Али Марғини ва бошқалар.

Хоразмшоҳ 1216 йилда онасининг шайхини қатл қилдирганди. Она-ўғил рақобати давлатни ич-ичидан нуратмоқда эди. Султоннинг халифа номини хутбада зикр этмаслик тўғрисидаги фармонига фақат Марв, Балх, Бухоро ва Сарахсда амал қилинар, Самарқанд, Ҳирот ва Хоразмда эса аксинча эди. Маҳаллий анъаналарнинг кучли эканлиги, Туркон Хотуннинг ва унинг таъсири остидаги хонлар ва уламоларнинг Султон Муҳаммад ҳукмронлиги даврида давлатчилиқда ўзига хос икки ҳокимиятчиликнинг юзага келишида салжуқийларнинг бош вазири машҳур Низомул-мулк (1018-1092) ишора этганидек, «Қачонки подшоҳлик иши аёллар ва гўдаклар қўлига ўтса, билгинки, подшоҳлик ўша хонадонни тарк этгай».

Хуллас, амирлар, ҳарбийлар иложи борича ўз мавқеларини қандай бўлмасин мустаҳкамлаб боришга ҳаракат қилганлар.

Хоразм пойтахтини қамал этган Чингизхон лаш-карлари турли найранглар билан шоҳнинг онаси Туркон Хотунни таслим бўлишини талаб қилишган. Урганждаги қўшин ва аҳолиси мудофаа кучига эга бўлса-да, Туркон Хотун Ватанни душманга. ташлаб қочган ўғли Муҳаммаддан кейин ваҳимага тушади.

Самарқанд таслим бўлгандан сўнг, Чингизхон Хоразмшоҳнинг қўшин тўплаб, қаршилик кўрсатишига йўл бермаслик ва ўзини қўлга тушириш мақсадида, саркардалари Жебе нўён ва Субэдей нўённи тахминан 20 минглик қўшин билан Султон кетидан жўнатди. Мўғулларнинг таъқибига учраган Хоразмшоҳ Хуросон ва Эрон орқали ўтиб Каспий денгазидаги ороллардан бирига келиб қолади. Бор-будидан мосуво бўлиб, ғам-алам остида оғир касалликка чалинган Султон Алоуддин онаси Туркон Хотуннинг мўғулларга асир тушганини эшитиб валиаҳд тайинлаш борасида бурунги фармонини бекор қилиб, Жалолиддинни тахт вориси деб эълон қилган эди.

1220 йили Хоразм мўғуллар томонидан истило қилингач, Султон Алоуддин Хазар денгизидаги Абискин оролларидан бирига қочишга мажбур бўлди. Шоҳ хотинлари ва фарзандлари хазинадаги бойликлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларини олиб шаҳарни тарк этади. Бераҳм малика эса шаҳарда қолган барча султонлар, ҳокимлар ва уларнинг ўғилларини, жами 26 кишини қатл қилдирган, яъни Амударёга чўктирган. Бундай шармандалик Туркон Хотундан кўп тарафдорларини юз ўгиртирган. У фақат ўз хизматкорлари, вазир Муҳаммад Солиҳ ҳамда йўл кўрсатувчи Умархон ҳамроҳлигида қочиб кетган.

Ношукр малика Илол шаҳри Мозандаронга етгач, йўлбошловчини ҳам қатл қилдиради. Чингиз лашкарлари Туркон Хотун изидан бориб, Илол шаҳрини қамал қилиб, кўп ўтмай уни ҳам босиб олади. Малика Хоразмшоҳнинг бутун ҳарами, болалари билан асирга тушади. Мўғуллар шоҳ болаларини ўлдириб, ҳарам аёлларини хотин қилиб оладилар, Туркон Хотун эса Чингизхон қароргоҳига жўнатилади. Туркон Хотуннинг асирликдаги аҳволи жуда аянчли эди, у Чингизхоннинг дастурхонида қолган сарқити билан овқатланарди. Бир пайтлар ҳар қандай фармойиши дарҳол бажарилган маликаи жаҳон Туркон Хотун 1233 йили хору зорликда вафот этади.

Севара САБУРОВА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР